Мақолалар

Яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарайлик

Жамият  ундаги инсонларнинг бир-бирларини ўзаро яхшиликка чақириши билан обод бўлади. Жамият инсонларнинг ёмонликдан бир-бировини қайтариши билан тозаланиб туради. Бугунги кунда инсонларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришнинг энг қулай воситаларидан бири матбуот ва интернет орқали қилинадиган чиқишлардир.

Пайғамбаримиз ўз ҳадисларидан бирида инсонларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришни садоқат деб баҳолаганлар. Одамларни яхшиликка чақирувчи киши ўз эътиқодига, ўз билими ва илмига, ўз қариндошлари ва миллатдошларига садоқатли бўлади, содиқ инсон бўлади. Яхшиликка чақириш ўрнига ёмонликни ўргатувчи кимса хиёнаткор ҳисобланади. Ундай одам хоин бўлади. Шунинг учун, бепарволик исломда қораланади. Расулуллоҳ: “Ким бирор ёмонликни кўрса, қўли билан ўзгартирсин. Агар бунга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартиришга ҳаракат қилсин. Агар бунга ҳам кучи етмаса, қалби билан ёмон кўрсин. Энди, буниси имоннинг заифлигидир!” деганлар. У зот қалби билан ёмон кўриб, лекин индай олмаган одамнинг имонини заиф деб баҳолаганлар.

Инсонларни ёмонликдан қайтаришни пайғамбаримиз ҳужжат деб баҳолаганлар. Инсонлар бир-бировини ёмонликдан қайтарар эканлар, ўзаро ёмонлик қилишдан бир-бирини тўхтатиб қолар эканлар, бу уларнинг фойдасига ҳужжат бўлади. Акс ҳолда, гуноҳга шерик деган ҳужжат бўлади. Бировнинг гуноҳ иш қилаётганини кўриб туриб ҳам индамаслик, унга бепарво бўлиш, ёки унга қандайдир ёрдам бериш унга шериклик билан баробардир. Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш ўринлики, жамиятда тарқалган бирор ёмонликка бепарво бўлиш ўша ёмонликка ёрдам бериш ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда “ёмонликдан қайтариш”ни фойдага ёки зарарга ҳужжат деб баҳоланган.

Инсон мақсадлари йўлида доимо изланади. Бунинг учун энг зарури тинчлик ва осойишталикдир. Оиладаги ҳотиржамлик инсоннинг иш самарадорлигининг ошишига, оила мустаҳкамлигига асос бўлса, юртдаги тинчлик мамлакат тараққиётига, фаровонлигига замин яратади. Аллоҳ таоло бандаларини келишмовчиликни бартараф этишга, турли иллатлардан бир-бирларини огоҳлантириб қайтариб туришга, тинчликни сақлашга чақиради: Ҳужурот сурасининг  9 - ояти каримасида: "Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!.." , дейилган.

Бугун турли ҳудудларда кенг тарқалган сиёсий, диний экстремизм, ақидапарастлик ва бошқа ёвуз оқимларнинг минтақамизга кириб келиши ва тарқалиши тинчлик ва осойишталикка, фарзандлар келажагига катта хавф туғдиришини одамлар онгига чуқур сингдириб бориш керак ва бу жараёнда барча зиёлилар қаторида имом хатибларнинг турли тадбирлар бўлсин, матбуот ва интернет тармоғида бўлсин илмий исботланган маълумотлар асосида кенг қамровли тарғибот олиб боришлари ниҳоятда долзарбдир.  

Дарҳақиқат,  мана  шундай  хавф  туғдирадиган  оқимларга  раддия  жавобларни  ким  бера  олади?  Фарзандларимизнинг  онгига  асосли, тўғри  ғояни  ким  сингдира  олади?  Албатта,  бугун  Юртимизда  фаолият  олиб  бораётган  имомларимиз.  Улар  шу  замоннинг  дин  пешволари  ва  халқни  тўғри  йўлга  бошловчи  олимлардир.  Бу  иш  уларнинг  бугун  мамлакат  олдидаги  ва  Яратган  Холиқ  олдидаги  бурч  ва  вазифалари  ҳамдир. Зеро, бизларни бир дин, бир мазҳаб, бир Ватан жамлайди, юртимиз ва халқимиз равнақини сақлаб қолади.

Имом-хатибларимиз бугун  замон билан ҳамнафас бўлиб,  нафақат меҳробда балки, ташкилотлар, муассасалар, таълим даргоҳлари шунингдек, матбуот ва интернет сайтларида ҳам маърифий ислом тарғиботини олиб бормоқдалар. Истиқлолдан олдин матбуотда дин ҳақида бир сатр тугул дин деган сўзни ёзиш мумкин эмас эди. Фақат динни қоралаш учунгина бўлиши мумкин эди, холос. Бугун жамиятда бир иллат пайдо бўлса, ёки бирор хунук иш авж олса, амри маъруф ва наҳий мункар фарз бўлгани юзасидан албатта имкон қадар ундан одамларни қайтаришга ҳаракат қилиш зарур ва бу хислат ва ҳаракат бутун Ўзбекистон диёрида ишлаётган имом-хатиблар ва барча диний ходимларнинг бош мақсадидир.

Бугун мамлакатимизда маънавий-маърифий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва самарадорлигини ошириш, миллий ва диний қадриятларни эъзозлаш ва улардан жамият тараққиёти, ёшлар тарбияси йўлида оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда имом-хатибларнинг бу жараёндан четда туришлари асло мумкин эмас.

Имом хутбасида бир жамоани қамраб олса, ОАВ ва интернет орқали жуда катта жамоани қамраб олган бўлади. Имомни ОАВ ва интернет тармоғида кўпроқ чиқишлар қилиши бу барча учун манфаатдан бошқа нарса эмас.

Чунки, интернет ёки ғарб оламининг ОАВларида фаҳш ва бузғунчиликка, турли экстремистик оқимларнинг ғоялари тўлиб тошган пайтда, имом-хатибларнинг бу фожеалар оқибатидан халқимизни хабардор қилиб, уларни тўғри йўлга бошлаш учун қилаётган саъй-ҳаракатлари ўзининг ижобий самарасини албатта беради. Имомларимиз матбуотда мақолалари сонини кўпайтиришга эмас, балки мақолаларнинг сифати ва савиясини яхшилашга ҳаракат қилиши керак. Бир ҳадиси шарифда: “Одам боласининг уч тоифа сўзидан бошқа барча сўзлари унинг зараригадир. Улар яхшиликка чақириш, ёмонликдан қайтариш ва Аллоҳ таолонинг зикрини эслатадиган сўзлардир”, дейилади.

Бугунги кунда жамиятда бирор бир иллат тарқаладиган бўлса унга қарши барча чора – тадбирларни ишга солиб қаттиқ курашиш, хусусан, бу жараёнда матбуотда имомлар томонидан олиб бориладиган тарғиботларнинг ўрни ҳамда бундай жараёнлар омавий бўлиши лозимлигини янада чуқурроқ англаб етишимиз учун қуйидаги ҳадиси шарифни яхшилаб ўрганмоғимиз лозим бўлади. “Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан у киши Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: “Аллоҳнинг ҳадди-чегарасида турганлар ва ундан чиққанларнинг мисоли худди бир кемадан қуръа орқали жой олган кишиларга ўхшайди. Уларнинг баъзиси кеманинг юқорисидан, баъзиси пастидан жой олдилар. Пастдагилар сувга ҳожатлари тушса юқоридагиларнинг олдидан ўтар эдилар. Улар, юқоридагиларга озор бермаслигимиз учун ўз улушимиздан бир жойни тешиб олсак қандоқ бўларкин, дедилар. Агар уларни истаклари ила қўйиб қўйсалар ҳаммалари ҳалок бўлурлар. Агар уларнинг қўлларидан тутсалар улар ҳам, бошқалар ҳам ҳаммалари нажот топурлар”. Имом Бухорий ривоят қилган.

Яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтаришга динимиз катта эътибор қаратади. Чунки у ер юзидан кўтарилса, тўрт томонни жаҳолат чулғайди, ахлоқсизлик, зулм ёйилади. Шафқат, марҳамат, адолат барҳам топади. Бу амалнинг тарк этилиши оммавий ҳалокатга сабаб бўлади. Бугун ҳар биримиз бизни эзгуликка чорлаб, ёмонликдан қайтарган одамдан миннатдор бўлишимиз зарур. Абдуллоҳ ибн Масъуд айтади: “Аллоҳ таоло ҳузурида гуноҳларнинг энг каттаси бир киши бошқа бир кишига: “Аллоҳдан қўрқ ва тақво қил”, деганида, унинг: “Олдин ўзингни бил!” дейишидир”.

 

 Муҳаммад ҚОРАЕВ,

Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби

 

4672 марта ўқилди

Мақолалар

Top