بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ لِلَّهِ رب العالمين، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ محمد الأمين وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ اَمَّا بَعْدُ
АЗИЗ УМРНИНГ ҚАДРИГА ЕТАЙЛИК!
Муҳтарам азизлар! Маълумки, дунё ҳаёти – ҳар бир инсонга берилган ўткинчи синов муддатидир. Ундаги ҳар бир кун, соат, дақиқа ва ҳатто сония инсон учун кўп фойда келтирадиган ғанимат бир фурсатдир.
Динимиз манбаларида инсон умрининг қадри баландлигига ишоралар жуда кўп. Хусусан, ояти карималарда инсоннинг болалик, ёшлик, қарилик даврларини тасвирланиб, бу даврлар тезда ўтиб кетиши баён қилинади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
وَاضْرِبْ لَهُمْ مَثَلَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا كَمَاءٍ أَنْزَلْنَاهُ مِنَ السَّمَاءِ فَاخْتَلَطَ بِهِ نَبَاتُ الْأَرْضِ
فَأَصْبَحَ هَشِيمًا تَذْرُوهُ الرِّيَاحُ وَكَانَ اللَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ مُقْتَدِرًا
яъни: “(Эй, Муҳаммад! Одамларга) дунё ҳаёти мисолини келтиринг. (У) худди бир сув кабидирки, Биз уни осмондан ёғдиргач, (баҳорда) у сабабли ер ўсимликлари (бир-бирига) аралашиб (қалинлашиб) кетур, сўнгра (кузда) шамоллар учириб кетадиган хашакка айланиб қолур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир зотдир” (Каҳф сураси 45-оят).
Ушбу ояти каримада инсон умрининг баҳори – ёшлик даври ва кузи – кексалик айёми экани ҳақида мисол келтирилмоқда.
Инсон ҳаётидаги асосий ғоя – имон-эътиқод билан солиҳ ҳаёт кечириш, ўзгаларга имкон борича наф келтириш ва яхши из қолдиришдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا
яъни: “У (Аллоҳ), сизларнинг қай бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир” (Мулк сураси 2-оят).
Ушбу ояти каримада ўлим билан ҳаёт одамлардан қайси бири чиройлироқ амал қилишини имтиҳон қилиш учун яратилгани баён қилинмоқда. Демак, инсон умри бекорга берилмайди, уни беҳуда ишлар билан зое қилиш мумкин эмас. Балки умр – хайрли амаллар, фойдали ишлар, элу юртга манфаат келтирадиган ҳамда охират учун захира бўладиган буюк ишларни амалга ошириш учун берилган қимматли фурсатдир.
Бўш вақтни ғанимат билиш ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам машҳур ҳадиси шарифларида шундай деганлар:
نِعْمَتانِ مغبونٌ فيهمَا كثيرٌ منَ النَّاسِ: الصِّحَّةُ والفَراغُ
(رواه الإمام البخاري عن ابن عباس رضي الله عنهما)
яъни: “Икки (буюк) неъмат борки, кўп одамлар улардан ғафлатда қоладилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва бўш вақтдир” (Имом Бухоий ривоятлари).
Яна бир ҳадиси шарифда бундай марҳамат қилинган:
اغْتَنِمْ خَمْسًا قَبْلَ خَمْسٍ: شَبَابَكَ قَبْلَ هَرَمِكَ، وَصِحَّتَكَ قَبْلَ سَقَمِكَ، وَغِنَاكَ قَبْلَ فَقْرِكَ، وَفَرَاغَكَ قَبْلَ شُغْلِكَ،
وَحَيَاتَكَ قَبْلَ مَوْتِكَ
(رَوَاهُ الإمام الْحَاكِمُ عَنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنهما)
яъни: “Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат билинг: кексалигингиздан олдин ёшлигингизни, касаллигингиздан олдин саломатлигингизни, камбағаллигингиздан олдин бойлигингизни, машғуллигингиздан олдин бўшлигингизни, ўлимингиздан олдин ҳаётингизни” (Имом Ҳоким ривоятлари).
Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Соғлиги ва бўш вақтини Аллоҳ таолога ибодат қилиш учун фойдаланган киши нақадар бахтлидир! Аммо соғлиги ва бўш вақтини Аллоҳ таолога гуноҳ қилиш учун сарфлаган одам нақадар зиёнкордир!”.
Киши фойдали ишлар билан машғул бўлиб, бефойда ишлардан ўзини тийиши унинг диёнати гўзал эканига далолат қилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
مِنْ حُسْنِ إِسْلاَمِ الْمَرْءِ: تَرْكُهُ مَا لَا يَعْنِيْهِ
(رواه الإمام الترمذي عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Кишининг намунали мусулмон бўлиши – фойдасиз нарсаларни тарк қилиши билан бўлади” (Имом Темизий ривоятлари).
Бу ҳадиси шарифни Ҳамза Киноний раҳимаҳуллоҳ шарҳлаб бундай деганлар: “Бу ҳадисга амал қилиш – Исломнинг учдан бирига амал қилиш ҳисобланади” (“Танвийрул ҳаволик” китоби).
Машҳур тобеинлардан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ вақтни қадрига етиш ҳақида қуйидаги ибораларни айтганлар:
"يَا ابْنَ آدَمْ، إنَّمَا أَنْتَ أَيَّامٌ، كُلَّمَا ذَهَبَ يَوْمٌ ذَهَبَ بَعْضُكَ"
яъни: “Эй одам боласи! Сен маълум кунлардан иборатсан. Қачон бир кунинг ўтса, бир бўлагинг кетди деганидир”.
Азизлар! Умримиз чекланган экан, ўтаётган ҳар бир онимизнинг қадрига етсак, вақт ҳамиша бизнинг фойдамизга ишлайди.
Қиёмат куни ҳар бир шахс Аллоҳ таолонинг ҳузурида ўтказган вақти ҳақида сўралади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида марҳамат қилганлар:
لاَ تَزُولُ قَدَمَا عَبْدٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ أَرْبَعِ خِصَالٍ: عَنْ عُمْرِهِ: فِيْمَ أَفْنَاهُ؟ وَعَنْ شَبَابِهِ: فِيْمَ أَبْلاَهُ؟ وَعَنْ مَالِهِ: مِنْ أَيْنَ اِكْتَسَبَهُ؟ وَفِيْمَ أَنْفَقَهُ؟ وَعَنْ عِلْمِه: مَاذَا عَمِلَ فِيْهِ؟
(رواه الإمام الترمذي عن معاذ بن جبل رضي الله عنه)
яъни: “Қиёмат кунида банда тўрт нарсадан сўралмагунча, унинг қадами жойидан жилмайди: умрини нимага сарфлагани, йигитлик даврини қандай ўтказгани, молини қаердан топиб, қаерга сарфлагани ва олган илмига қандай амал қилгани” (Имом Темизий ривоятлари).
Демак, инсон умрининг ҳар бир давридан умумий равишда, ёшлик давридан эса ўзига хос шаклда сўралади.
Бугунги кунда баъзи каттаю-кичикнинг вақти, умри бекорга исроф бўлаётган майдон – ижтимоий тармоқлардир. Баъзи ёшу катта телеграм, фейсбук, инстаграм, ютуб ва тик-ток каби ижтимоий тармоқларда кунига соатлаб вақтларини сарфламоқда. Яхшиликка, хайрли мақсадлар, билим олиш ё билим тарқатиш йўлида фойдаланаётганларга офарин деймиз, лекин аксарият вақтда кўнгилочар ўйинлар, бемаъни расм ва видеоларни кўриб, умрини шамолга совурадиганлар ўз оёғига болта урган кишидан фарқи йўқ. Гуноҳни пулга сотиб олган бўлади, холос. Чунки бекорга сарф бўлган вақтдан муҳим ишларга сарфланганда эди, қанчалик фойда бўларди. Ҳатто кечаси билан бедор бўлиб, ўйин ўйнаб чиқадиганлар шуни ўрнига ухлаб дам олгани фойдалироқ бўлади. Ундан кўра ҳар бир ёш ўзининг олдига катта мақсадлар қўйиб, дунё-охирати учун фойдали илм ўрганиши, бирор касбни пухта эгаллаши, тил ўрганиши ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам яхшироқдир.
Умрни бекорга совуришнинг яна бир кўриниши, баъзи ёшлар ўртасидаги чойхона (гап)ларнинг ҳаддан ташқари кўплигидир. Ҳатто баъзиларнинг ҳар куни чойхонаси бор. Бу, ҳар куни катта эҳтимол билан 2-3 соат вақт бекорга сарф бўлади, дегани. Ўзаро суҳбатда фойдали мавзулар кўтарилса, яхшиликка тарғиб, ёмонликдан қайтариш бўлса, майли. Лекин аксар ҳолатда бекорчи ва ғийбат гаплар бўладиган чойхоналар қалбни қорайтиришдан бошқасига ярамайди. Умр –исроф, пул – исроф, вақт – исроф! Агар улфатлар ҳар куни шунча вақтни фарзанд тарбиясига ажратса, қанчалик яхши натижа берган бўларди?! Эртага ўзимизни айбимиз билан фарзандлар ноқобил бўлиб чиқса, айбни ўзгалардан излаб юрамиз, Аллоҳ сақласин!
Муҳтарам азизлар! Вақтимиз етарли бўлган пайтда китобхонликни йўлга қўйиш жуда фойдалидир. Ўзимиз бу ишда ўрнак бўлиб, фарзандларимизни қизиқтирайлик. Фарзандларимизнинг бўш вақтларини китоб ўқиш, илм-маърифат ҳосил қилиш каби фойдали ишлар билан машғул қилиш – биз, ота-оналар, зиммамизда эканини доимо ёдда тутишимиз керак!
Ўтган улуғларимизнинг ҳаётларидаги баъзи мисоллар билан танишсак, мақсадга мувофиқ бўлади:
Шафиқ ибн Иброҳим Ал-Балхий айтадилар: “Биз Абдуллоҳ Ибн Муборакка: “Нима учун намоз ўқиб бўлганимиздан сўнг биз билан бирга ўтирмайсиз?” – деб сўрадик. У киши: “Саҳобалар ва тобеинлар билан бирга ўтиришга кетаман”, – дедилар. Биз: “Саҳобалар ва тобеинлар қаерда экан?” – деб, ҳайрон бўлиб яна сўрадик. Шунда у зот: “Китоб ўқийман, шунда улар ҳақида, қилган ишлари ҳақида билиб оламан”, – деб жавоб бердилар”.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар:
"مَا نَدِمْتُ عَلَى شَيْءٍ نَدَمِي عَلَى يَوْمٍ غَرَبَتْ فِيْهِ شَمْسُهُ، نَقَصَ فِيْهِ أَجَلِيْ، وَلَمْ يَزْدَدْ فِيْهِ عَمَلِيْ"
яъни: “Қуёш ботиб, куним ўтиб, менга берилган муҳлат қисқариб, унда амалим зиёда бўлмаганига ачинганим каби бирор нарсага ачинмадим”.
Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Кеча ва кундуз сенинг жисмингда ўз ишини кўрсатяпти. Демак, сен ҳам уларни ғанимат билиб, фойдаланиб қол”.
– Муҳаддис, фақиҳ Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ қисқа умрлари (40 йил) давомида 500 та китоб ёзганлар.
– Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу бир кунда 12 000 (ўн икки минг) марта, Холид ибн Марвон эса 100 000 (юз минг) марта тасбеҳ айтар эдилар.
– Ҳиндистон диёрида яшаган ҳазрат Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ қисқа умрлари давомида 1 500 (бир ярим минг) китоб ёзадилар. Шунингдек, ўзларидан кейин кўпгина муршид ва валий даражасига эришган шогирдлар ҳам қолдирганлар. Ана баракали, узоқ ва сермазмун умр!
Ислом уламоларидан бири фақат нонни ивитиб ер эди. Сабаби сўралса, “шундай қилсам, камроқ вақт сарфлайман”, деганлар.
Мусулмон бўлмасада ўрнак олишимиз мумкин бўлган дунёга таниқли бир миллиардер доим беш-олтита бир хил кўйлак, бир хил шим олар экан. Нега, деб сўралса, “кийим танлашга вақтим кетмасин”, дер экан. Яна бири эса ҳеч боғичли пойабзал олмас экан, нега, дейилса, “ипини ўтказишга вақтим кетмасин”, деб жавоб бераркан. Аслида биз, мусулмонлар, вақтнинг қадрига етишга ҳақлироқмиз, чунки динимиз умрни фойдали ишларга сарфлашга қаттиқ тарғиб қилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар биримиз вақтдан унумли фойдаланиб, умримизни ибодатлар, ҳалол касб-кор, илм-маърифат, зикру тасбиҳ, савобли ишлар ва ватанимиз равнақи учун сарфлашимиз керак бўлади.
Муҳтарам азизлар! Ҳозирги кунда айрим кимсалар баъзи заиф ҳадисларда келган “жавроб” иборасини “пайпоқ” деб таржима қилиб, таҳоратда пайпоққа масҳ тортиш мумкин дея одамларни чалғитмоқдалар. Аслида ҳадиси шарифда зикр қилинган жавроб бошқа ва яқин пайтларда пайдо бўлган пайпоқ бошқа эканини англаш учун ортиқча ақл ёки билим керак эмас.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида жорий бўлган жавробга берилган таърифларнинг ҳаммасини ўрганиб, хулоса қилинса, жавроб – жундан ёки пахтадан тўқилган қалин матодан бўлган, оёқни иссиқ тутиш учун кийиладиган ёки оёққа ўраладиган, энг камида ости теридан бўлган нарса экани маълум бўлади.
Мўътабар фиқҳий манба “Иноя шарҳул Ҳидоя” китобида шундай дейилади:
“Жавробга масҳ тортишнинг ҳукми уч хил кўринишда бўлади:
- Агар у қалин жавроб бўлиб, остига тери қўйилган бўлса, масҳ тортиш жоиз. Бунга уламоларимиз иттифоқ қилганлар.
- Теридан бўлмаган юпқа жавроб бўлса, масҳ тортиб бўлмайди. Бунга ҳам барчалари иттифоқ қилганлар.
- Теридан бўлмаган, лекин қалин жавроб бўлса, Имом Аъзам наздида масҳ тортиш дуруст эмас”.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, барча фақиҳлар ва мужтаҳидлар сув сизиб ўтадиган, оёқда ўзини тутиб тура олмайдиган, яъни боғичсиз тушиб кетадиган, юқорида айтилган 6 км масофагача кийиб юрилса, йиртилиб кетадиган пайпоқлар ва пойабзалга масҳ тортиш жоиз эмаслигига иттифоқ қилганлар. Агар кимдир ҳозирги юпқа пайпоқларга масҳ тортаётган бўлса, Имом Абу Ҳанифа ва у зотнинг икки шогирдлари ҳамда Имом Молик, Имом Шофеий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мазҳабларига кўра унинг таҳорати дуруст бўлмайди.
Аллоҳ таоло умримизга файзу барака берсин! Вақтимизни доимо дунё ва охиратимиз, динимиз ва халқимиз учун фойдали ишлар билан ўтказишни насиб айласин! Омин!
Ҳурматли имом-домла! Келаси жума маърузаси “Илмли ёшлар – юрт келажаги” ҳақида бўлади, иншааллоҳ.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
ФИТР САДАҚАСИ НИМА УЧУН БЕРИЛАДИ?
Фитр садақаси – рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақа. У Рамазон ойида беҳуда гап-сўзлар, қилинган хато ва камчиликларни ювиш ҳамда камбағал, мискинлар, етим ва бечораларнинг очликларини кетказиш мақсадида жорий қилинган.
Имом Вакиъ ибн Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Фитр садақаси – саҳв саждасига ўхшайди. Намознинг вожиб амали тарк бўлганда, саҳв саждаси билан намоз тўғрилангандек, фитр садақаси ҳам рўзанинг камчиликларини тўлдиради”.
Ҳанафий мазҳабида фитр садақаси вожиб амал ҳисобланади.
ҚАЧОН БЕРИЛИШИ КЕРАК?
Фитр садақасини рамазон ҳайити куни тонг отгандан яъни бомдод намозининг вақти киргандан бошлаб ҳайит намозига чиқишдан олдинги вақтга қадар бериш вожиб. Рамазон ойи бошланиши билан берилса ҳам бўлади.
Аммо ҳайит намозидан кейинга қолдирмаслик керак. Агарда киши фитр садақасини ҳайит намозигача бера олмаса, намоздан кейин беради, лекин савоби рамазон ойида берганчалик бўлмайди, аммо бериши шарт. Яъни уни беролмай қолган киши зиммасида фитр садақасини бериш вожиб бўлиб қолаверади.
КИМЛАР БЕРИШИ КЕРАК?
Хур, нисоб миқдоридаги мулкка эга бўлган (фитр садақасининг нисобида молнинг ўсувчи бўлиши эътиборга олинмайди) мусулмон эркак ва аёлнинг зиммасига фитр садақасини бериш вожиб бўлади. Нисоб миқдоридаги мулкка эга киши балоғатга етмаган болалари номидан фитр садақасини бериши вожиб.
Киши аёли ва балоғатга етган фарзандлари учун фитр садақасини бериши вожиб эмас, балки уларнинг ўзлари бериши мақсадга мувофиқ саналади. Аммо балоғатга етган фарзандлари ва аёли учун улар айтишмаса ҳам, фитр садақасини берса, улар зиммасидан фитр садақаси соқит бўлади.
Ҳайит кечаси туғилган чақалоқ учун ҳам отаси фитр садақа бериши вожиб бўлади. Ҳомила ва ҳайит кунидан олдин вафот этганлар учун эса вожиб бўлмайди.
КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?
Фитр садақаси мусулмон камбағал-мискинларга берилади. “Фатавои Ҳиндия” китобида келтирилишича, фитрни беришда энг афзали, аввало, (камбағал) ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнгра уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнгра уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари сўнг юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар, касбдошлар, кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақли ҳисобланади.
КИМЛАРГА БЕРИЛМАЙДИ?
Фитр садақаси нисоб миқдорича моли бўлган бой кишига, ўзининг ота-онаси, бобо-момосига, ўзининг ўғил-қизларига ва уларнинг фарзандларига, эр-хотин бир-бирига бериш мумкин эмас.
Шунингдек, ғайридинга, фосиққа, гуноҳ ва маъсиятга, шунингдек мусулмонларга зарар келтирадиган ҳар қандай ишларга сарфлайдиган кимсаларга берилмайди.
Фитр садақасини муҳтожларнинг қўлларига қийматини бериш жоиз. Бу пуллар масжид қурилиши, умумий хайрия ишлари учун берилиши мумкин эмас.
РЎЗА ТУТМАГАНЛАР ҲАМ ФИТР САДАҚАСИНИ БЕРАДИМИ?
Бирор узр сабабли рўза тута олмаганлар ҳам ўзлари ёки улар номидан нафақа бериши керак бўлган одам фитр садақасини бериши керак.
ФИТР САДАҚАСИ ҚАНЧА МИҚДОРДА БЕРИЛАДИ?
Фитр садақасининг миқдори қуйидагича белгиланди:
2 кг буғдой ёки унинг қиймати – 10 000 (ўн минг) сўм;
2 кг буғдой уни ёки унинг қиймати – 12 000 (ўн икки минг) сўм;
4 кг арпа ёки унинг қиймати – 20 000 (йигирма минг) сўм;
2 кг майиз ёки унинг қиймати – 110 000 (бир юз ўн минг) сўм;
4 кг хурмо ёки унинг қиймати – 200 000 (икки юз минг) сўм деб белгиланди.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя.
Эслатма! Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб, ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.
Даврон НУРМУҲАММАД