Жума мавъизалари

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло инсон зотини барча жонзотлардан афзал қилиб яратган. Ҳатто фаришталарини ҳам ҳазрати Одам алайҳиссаломга таъзим қилишга буюрган. Аллоҳ таоло одамзодга бутун борлиқни бўйсундириб қўйиш билан бирга, барча мавжудотларни инсон манфаатига хизмат қилдириб қўйган. Қуёш айнан инсонни иситиб, ер юзида ҳаётни таъминлаш учун нур сочса, тунда инсонлар учун ой зиё сочади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

  وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ

عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا

яъни: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси 70-оят).

Ушбу маънога Қуръони каримда қуйидагича ишора қилинади:

 أَلَمْ تَرَوْا أَنَّ اللَّهَ سَخَّرَ لَكُمْ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الأَرْضِ وَأَسْبَغَ عَلَيْكُمْ نِعَمَهُ ظَاهِرَةً وَبَاطِنَةً   

яъни: “(Эй, инсонлар!) Аллоҳ осмонлар ва Ердаги барча нарсаларни сизларга бўйин сундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (моддий ва маънавий) неъматларини комил берганини кўрмадингизми?!” (Луқмон сураси 20-оят).

Саъдий Шеърозий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Гулистон” асарида ушбу маънони қуйидагича изоҳлаганлар:

1) اَبْرُ و بَادُ و مَهُ و خُورْشِیْدُ و فَلَکْ دَرْکَارَنْدْ              تَا تُو نَانِی بَه کَفْ آرِی وَبَه غَفْلَتْ نَخُورِی

2) هَمَه اَزْ بَحْرِ تُو سَرْگَشْتَه وَفَرْمَانْ بَرْدَارْ                 شَرْطِ اِنْصَافْ نَبَاشَدْ کِه تُو فَرْمَانْ نَبَرِی

  1. Сиз бир бурда нонни топиб, ғафлатда эмаслигингиз учун булут, шамол, ой, осмону фалаклар хизматдадур;
  2. Барча Аллоҳ яратган нарсалар сиз учун хизматда ва Аллоҳнинг буёруғига итоатда. Шундай экан, Сизни итоатда бўлмаслигингиз инсофдан бўлмайди.

Аллоҳ таоло Ўз иродаси ва қудрати ила инсонни ақлли қилиб яратди. Шунинг учун ҳам динимиз ақл ривожи ва тараққиётига катта аҳамият беради. Зеро, Қуръони каримнинг жуда кўп ўринларида  инсонлар ақл юритишга, фикрлашга, назар солиш ва ибрат олишга ундалади. Ақл юритмайдиган кишилар эса, қаттиқ танқид остига олинади:

 إِنَّ شَرَّ الدَّوَآبِّ عِنْدَ اللَّهِ الصُّمُّ الْبُكْمُ الَّذِينَ لاَ يَعْقِلُونَ

яъни: “Аллоҳнинг наздида жонзотларнинг энг ёмони бу ақлни ишлатмайдиган “кар” ва “соқов”лардир”, – дейилган (Анфол сураси 22-оят). 

Фаришталарни Аллоҳ таоло фақат тоат-ибодат ва баъзи махсус вазифаларни адо этиш учунгина яратган. Шунинг учун уларда ақл бору, лекин нафсу ҳаво йўқ. Ҳайвонотда эса нафсу шаҳват бору, лекин ақл йўқ. Аммо одамзодда ақл ҳам бор, нафсу шаҳват ҳам бор. Ақл уни тўғри йўлга, савобли ишларга бошласа, фаришталардан ҳам олий мақомда бўлади. Агар инсон ақлини ишлатмаса, Роббисининг кўрсатмаси асосида ҳаёт кечирмаса, ҳайвондан ҳам тубан бўлиб кетади. Буни ҳозирги замонимизда айрим юртларнинг ғайри инсоний муносабатларни ҳам маъқуллашидан гувоҳи бўлиб турибмиз.

Муҳтарам жамоат! Ислом динига кўра барча инсонлар баробар, бир-бирларига биродардирлар. Улардан бири бошқасидан ҳеч нарсада – на бойликда, на мансабда, на чиройи, на хушбичим гавдаси билан, на жамиятда тутган ўрни билан устун бўла олади. Аллоҳ наздида инсонларнинг энг улуғи фақат Унинг ўзидан қўрқадиган тақводорларидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

 يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا

إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ 

яъни:Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир(Ҳужурот сураси 13-оят).

Шунинг учун ҳам динимизда одамларни ирқий мансублиги ва танасининг ранги бўйича бир-биридан афзал кўришни тақиқлайди. Машҳур саҳобалардан бири Абу Зарр Ал-Ғифорий разияллоҳу анҳу бир қора танли қулларидан аччиқланиб, онаси ҳам қора экани билан айблаганларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қаттиқ ғазабланганлар ва шундай деганлар:

﴿ يا أبَا ذَرٍّ أعَيَّرْتَهُ بأُمِّهِ؟! إنَّكَ امْرُؤٌ فِيكَ جَاهِلِيَّةٌ ،  إخْوَانُكُمْ خَوَلُكُمْ، جَعَلَهُمُ اللَّهُ تَحْتَ أيْدِيكُمْ، فمَن كانَ أخُوهُ تَحْتَ يَدِهِ، فَلْيُطْعِمْهُ ممَّا يَأْكُلُ، ولْيُلْبِسْهُ ممَّا يَلْبَسُ، ولَا تُكَلِّفُوهُمْ ما يَغْلِبُهُمْ، فإنْ كَلَّفْتُمُوهُمْ فأعِينُوهُمْ

яъни: “Эй Абу Зарр! Сен уни онаси билан айбладингми?! Сенда жоҳилият одати бор экан! Қулларингиз биродарларингиздир. Аллоҳ уларни қўл остиларингизда қилиб қўйди. Кимнинг биродари қўл остида экан, ўзи еган таомдан уни ҳам едирсин, кийган кийимидин кийдирсин. Уларга оғир келадиган ишларни буюрманглар. Агар оғир ишга буюрсангизлар, уларга ёрдам беринглар”, дедилар”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Дунё тарихида Исломдан бошқа ҳеч бир дин ва таълимот хизматкорини хожасига биродар деб атамаган. Ушбу ҳадиси шарифдан киши қўл остидаги ходим, ишчиларига нисбатан қандай муносабатда бўлиши кераклиги ҳақида аниқ кўрсатмалар берилган.

Муҳтарам азизлар! Маълумки, тарихда қуллар ва чўрилар бўлган. Ислом қулликка қарши курашиб, унинг олдини олиб келган умуминсоний дин ҳисобланади. Динимиз қулдорликни йўқотиш мақсадида жуда катта ва улуғ ишларни жорий қилган. Жумладан, ҳадисларда садақанинг энг афзали қул озод қилиш экани таъкидланган.

Қулдорлик ҳозирда қолмаган. Лекин афсуски, ҳозирги кунда одам савдоси билан шуғулланиб, ҳур-озод инсонларни қул қилиб сотиш ёки айрим оналикка нолойиқ аёллар ўзларининг мурғак фарзандларини сотиш ҳолатлари учраб турибди. Ваҳоланки, динимиз инсонни сотишдан, уни хўрлашдан, қул қилишдан қатъий қайтаради. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

﴿ قَالَ اَللَّهُ عز وجل: ثَلَاثَةٌ أَنَا خَصْمُهُمْ يَوْمَ اَلْقِيَامَةِ: رَجُلٌ أَعْطَى بِي ثُمَّ غَدَرَ, وَرَجُلٌ بَاعَ حُرًّا فَأَكَلَ ثَمَنَهُ وَرَجُلٌ اِسْتَأْجَرَ أَجِيرًا  فَاسْتَوْفَى مِنْهُ وَلَمْ يُعْطِهِ أَجْرَهُ (رَوَاهُ الإمَامُ مُسْلِمٌ)

яъни: “Аллоҳ таоло айтди: “Мен Қиёмат кунида уч тоифа кишига душманман: (Биринчиси:) менинг номим билан қасам ичиб, сўнг хиёнат қилган киши; (Иккинчиси) ҳур одамни сотиб, пулини еган киши; (Учинчиси:) бир инсонни ишлатиб, ҳақини бермаган кишидир” (Имом Муслим ривоятлари).

Очиқкўнгил юртдошларимизга, катта ҳаёт остонасида турган ёшларга қарата айтамизки: “Қадрингизни билинг, илм ва ҳунар ўрганинг!”. Ҳақиқатни билган, қалби уйғоқ киши нафсини жиловлай олади. Ризқ Аллоҳдан эканига  имон келтириб, ёмонларнинг ваъдасига алданмайди.

Муҳтарам азизлар! Динимизда инсоннинг жони, эътиқоди, ақли, моли ва обрўсини сақлаш муҳим ўрин тутади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда шундай дейдилар:

﴿ أَيُّهَا النَّاسُ، إِنَّ دِمَاءَكُمْ وَأَمْوَالَكُمْ وَأَعْرَاضَكُمْ عَلَيْكُمْ حَرَامٌ ﴾

яъни: “Эй, одамлар! Қонингиз, молингиз ва обрў-эътиборингиз бир-бирингизга ҳаромдир!”.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг юқоридаги муборак насиҳатларидан хабари йўқ баъзи ёшлар ижтимоий тармоқлар орқали тўғри келган кимсани ғийбат ва бўҳтон қилиб, қанчадан-қанча мусулмонларнинг обрўсини тўкиб, гўё ижтимоий тармоқлар орқали ғийбат ва бўҳтон қилишга рухсат бордек, ҳаром иш қилмоқдалар. Ваҳоланки, ғийбат ижтимоий тармоқда бўладими ёки ундан бошқа жойда бўладими, фарқи йўқ – ҳаромдир.

Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таоло инсониятни қанчалар азизу мукаррам қилиб яратган бўлса, одамизот шу қадр қимматини сақлаши, Роббиси уни нима учун яратганини мулоҳаза қилиб, Унга ибодат қилиши ҳамда ер юзини обод қилиши лозим. Бунинг учун эса, Аллоҳ таолони таниши, У Зот буюрганидек ҳаёт кечириши, ўзи учун керакли бўлган фойдали илмларни эгаллаши керак. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Эй, Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин” (Бақара сураси, 201-оят) деган ояти каримани: “Дунёдаги яхшиликдан мурод илм ва ибодат, охиратдаги яхшилик эса жаннатдир”, деб тафсир қилганлар. 

Муҳтарам азизлар! Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, юрт шаъни ва ор-номусини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш шу заминда яшаётган ҳар бир имонли, эътиқодли ва ихлосли фарзанднинг муқаддас бурчидир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тинчликни сақлаш, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда миллий армиямизнинг алоҳида ўрни бор.

Динимизда Ватанни ҳимоя қилиш ишига ўзини бахшида этиш энг улуғ савобли амаллардан эканлиги айтилган. Бу тўғрида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ҳадиси шариф ривоят қилинган:

﴿عَيْنَانِ لَا تَمَسُّهُمَا النَّارُ: عَيْنٌ بَكَتْ مِنْ خَشْيَةِ اللهِ وَعَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ فِي سَبِيلِ اللهِ﴾) رواه الإمام الترمذي).

яъни: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири  – Аллоҳнинг азобидан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси – Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиб бедор бўлган кўз” (Имом Термизий ривоятлари).

Бугун юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” сифатида нишонланади. Дарҳақиқат, Ватан – муқаддас макон. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, унинг равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш – ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир.

Муҳтарам азизлар! Сўзимиз сўнгида яна бир бор бугунги кунда долзарб бўлган соғлиқ-саломатлик мавзусига бироз тўхталмоқчимиз.

Соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари кузатишлар ва изланишлардан кейин коронавирус – COVID-19 касаллигидан сақланишнинг энг самарали воситаси вакцина олиш экани тўғрисида хулосага келдилар.

Динимиз кўрсатмаларида инсон ўз соғлиғи ҳамда жамият саломатлигини асраши лозимлиги таъкидланади. Шариатимизда инсонларга зарар етадиган ҳолатларда шариатимиз зарарни даф қилиш сабабларини қўллашга буюради. Шундай экан вакцина олиш зарурати бир неча жиҳатлар билан таъкидланади.

Биринчидан, Аллоҳ таоло ҳар бир дарднинг шифосини ҳам берган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

﴿ مَا أنْزَلَ اللهُ دَاءً إلَّا أَنْزَلَ لَهُ شِفَاءً ﴾ (أَخْرَجَهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ)

яъни: “Аллоҳ таоло ҳар бир касалликка шифосини туширгандир” (Имом Бухорий ривояти).

Иккинчидан, баъзи кишилар касал эмаслигини рўкач қилиб, вакцина олишга бепарво бўладилар, ваҳоланки шариатимизда беморликдан аввал ундан сақланишга буюрилган. Бу ҳақда уламоларимиз шундай деганлар:

الوِقَايَةُ خَيْرٌ مِنَ العِلاَجِ

яъни: “Касалликдан сақланиш уни даволашдан яхшироқдир” (“Ал-Фиқҳул исломий ва адиллатуҳу” китоби).

Демак, бемор бўлмаган кимсалар ҳам касаллик тегишининг олдини олиши ва шунга сабаб бўладиган муолажаларни қилиши динимиз талабидир.

Қолаверса, ҳозирги кунда Ҳаж ва Умра зиёрати сафарини режалаштираётган кишилардан ҳам биринчи навбатда вакцина билан эмланган бўлиши талаб қилинмоқда. Қолаверса, дунёнинг ҳар қандай давлатига бормоқчи бўлган кишидан вакцина билан эмланганлик сўралмоқда.

Хулоса шуки, ҳозирги кунда давлатимиз томонидан фуқароларимизга етказиб берилаётган вакциналарни олишимизга динимиз рухсат беради. Эмланиш шаръан жоиз, чунки бу даволанишнинг бир кўринишидир.

Аллоҳ таоло юртимизни турли ёмон кўзлардан асрасин! Ҳаммамизни оқибатимизни хайрли қилсин, халқимиз фаровонлигини бундан ҳам зиёда айласин! Омин!

2269 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top