muslim.uz

muslim.uz

РФ Бошқирдистон муфтияти таклифига биноан ташкил этилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегациясининг Бошқирдистон республикасига махсус ташрифи 2022 йил 26 май куни Уфа шаҳридан бошланди. ЎМИ раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов раҳбарлигидаги делегация шу куни Шайхул ислом, Россия Федерацияси мусулмонларининг марказий диний идораси олий муфтийси Талъат Тожуддин ҳазратлари билан учрашув ўтказилди.

27 май куни Уфа шаҳридаги "Тўқай" номли Уфа марказий жоме масжиди мажлислар залида 100дан зиёд ватандошлар иштирокида учрашув ташкил этилди. Жуда қизиқарли ўтган давра суҳбатида иштирокчиларга диний-маърифий маълумотлар берилди, савол-жавоблар қилинди. Йиғилганлар ўз мамнуниятларини самимий изҳор этиб, шундай суҳбатларни тез-тез такрорланиб туриши мақсадга мувофиқ бўлиши, хусусан аёллар учун ҳам шундай тадбирлар жуда манфаатли бўлиши қайд этилди.
Делегацияга Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги консуллиги масъул ходими Азизбек Разаков ҳамроҳлик қилиб, зарурий ёрдам ва кўмак бермоқда.
Шу куни муфтий ўринбосари Иброҳим Иномов"Тўқай" номли Уфа марказий жоме масжидида, Тошкент вилояти бош имоми Жасур Раупов ва "Ҳазрат Умар" масжиди имом-хатиби Муҳаммадюсуф Хушвақовлар Уфа шаҳридаги "Ризо" масжидида маъруза қилиб, жума намозини ўқиб бердилар.
Куннинг иккинчи қисмида Уфа шаҳридан 60 км масофада жойлашган Чишма туманидаги "Ҳусайн Бек" зиёратгоҳида ташриф буюрилди, шу номдаги масжидда ватандошлар билан учрашув ўтказилди.

Бугун, 27 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Литва муфтийси Рамазон Ҳазрат жанобларини қабул қилдилар.
Мулоқот аввалида Муфтий ҳазратлари юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган янгиланишлар тўғрисида сўзлаб бердилар. Айниқса, хорижий диний идоралар билан ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, исломий ташкилотлар билан алоқалар мустаҳкамлангани, ҳалол сертификат бериш йўналишида ҳам ҳамкор ташкилотлар билан ишлар изчил давом этаётгани ва зиёрат туризмини тарғиб қилиш борасида ҳам самарали ишлар қилинаётгани ҳақида сўзлаб бердилар.
Рамазон Ҳазрат икки диний идора ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, диний соҳа ходимларининг тажриба алмашиш ва касб-маҳоратини оширишда ўзаро ҳамкорлик қилиш, маҳсулот ва хизматларга ҳалол сертификат бериш амалиётида яқиндан кўмаклашиш ҳамда зиёрат туризмини кенг тарғиб этиш юзасидан ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Мартабали меҳмонга ҳамроҳ бўлиб келган “Halal Control Lithuania” қўмитаси бош директори Фаррух Азимов учрашувда сўз олиб, Ўзбекистонда маҳсулот ва хизматларга ҳалол сертификат бериш ҳамда зиёрат туризм йўналишларида ҳамкорлик қилиш бўйича ўз таклифларини берди. У 2011 йилдан буён ҳалол сертификат бериш йўналишида шуғулланиб келаётгани, мақсади Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни мусулмон ва араб мамлакатларига экспорт қилинишида талаб этиладиган ҳалол сертификатлар билан таъминлаш эканини маълум қилди.
Фаррух Азимов сўзида давом этиб, “Halal Control Lithuania” компанияси бутун дунёда тан олингани, келгусида ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ҳалол сертификатлар тақдим этиш йўналишида яқиндан ёрдам беришга тайёр эканини билдирди. У сўзининг якунида зиёрат туризми йўналишида ҳам ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини маълум қилди.
Мулоқотда томонлар ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Меморандумга имзо чекдилар.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Хабар берганимиздек, Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида ўтказилаётган “Оммавий ахборот воситаларида диний масалаларни ёритиш” мавзусида минтақавий форумда Тожикистон ва Ўзбекистон диний соҳа ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Халқаро форум Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Дин, урф-одатлар, байрам ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси ҳамда “Интерньюс нетворк” ахборот агентлиги филиали билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Анжуман давомида Ўзбекистон мусулмонлари ҳузуридаги Фатво маркази директори ўринбосари Ғуломиддин домла Холбоев сўзга чиқиб, “ Исломда бағрикенглик ” мавзусида маъруза қилди. У ўз нутқида одамлари ўзаро иттифоқ, аҳл-иноқ юртда тараққиёт бўлиши ҳақида сўз юритиб, динимизда бошқа дин вакилларига муносабат ҳақида Қуръон ва суннатдан далил, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар ҳаётларидаги ибратли воқеа-ҳодисалардан мисоллар орқали мавзуни кенг ёритиб берди.

Шунингдек, форумда мутахассислар томонидан мавзу доирасидаги бир қанча маърузалар тингланиб, ушбу фикр-мулоҳазалар бўйича баҳс-мунозалар бўлиб ўтди.

Икки кун давомида анжуманда ўндан ортиқ Ўзбекистон журналистика соҳаси вакилларининг диний бағрикенгликнинг ОАВ ёрилитиши бўйича чиқишлар қилинди.

Хусусан, кеча ушбу анжуманда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров “Ўзбекистонда диний бағрикенглик” тўғрисида маъруза қилиб, кейинги йилларда юртимизда барча соҳалар қатори диний жабҳада улкан ўзгаришлар бўлаётгани ва бу ўз навбатида, барча диний конфессияларига тенг имкониятлар яратилаётганини ҳақида маъруза қилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Айни кунда Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида “Оммавий ахборот воситаларида диний масалаларни ёритиш” мавзусида минтақавий форум бўлиб ўтмоқда. Унда Тожикистон ва Ўзбекистон диний соҳа ва ОАВ ходимлари иштирок этмоқда.
Халқаро форум Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Дин, урф-одатлар, байрам ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси ҳамда “Интерньюс нетворк” ахборот агентлиги филиали билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Анжуманнинг очилиш маросимида Тожикистондаги “Интерньюс нетворк” ахборот агентлиги раҳбари Руҳшона Нажмиддинова ва Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Дин, урф-одатлар, байрам ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси раиси ўринбосари Абдураҳмон Ваҳҳобзода қатнашиб, мазкур форумнинг бугунги аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, анжуман давомида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров сўзга чиқиб, “Ўзбекистонда диний бағрикенглик” тўғрисида маъруза қилди. У ўз нутқида кейинги йилларда юртимизда барча соҳалар қатори диний жабҳада улкан ўзгаришлар бўлаётгани ва бу ўз навбатида, барча диний конфессияларига тенг имкониятлар яратилаётганини таъкидлади.
Форум давомида мутахассислар томонидан мавзу доирасида бир қанча маърузалар қилиниб, уларнинг фикр-мулоҳазалари бўйича баҳс-мунозалар бўлиб ўтди.
Икки кунлик анжуман доирасида ўндан ортиқ Ўзбекистон журналистика соҳаси вакилларининг диний бағрикенгликнинг ОАВ ёрилитиши бўйича чиқишлар қилиши кутилмоқда.

Страница 9 из 1794
Top