muslim.uz

muslim.uz

Воскресенье, 27 Сентябрь 2020 00:00

Дунё осмонида янграган тилим!

Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида сўзлаган нутқи бугун ўзбекман, ўзбекистонликман деган ҳар бир инсонни тўлқинлантиргани, ёшу кексанинг қалбини ғурур-ифтихорга тўлдиргани, шубҳасиз.
 
Ҳа, жаҳоннинг энг катта минбаридан ўзбек тилининг янграши улкан тарихий ҳодисадир!
 
Айниқса, Президент нутқидан ўрин олган Марказий Осиё минтақасининг қадимий ва бой маданий меросини асраб-авайлаб, бутун инсониятга етказиш, унинг қадр-қимматини келажак авлодларга ҳам тушунтириш борасида 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда кўҳна Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзуида халқаро форум ўтказиш таклифи муҳим аҳамият касб этади. Бинобарин, Хоразм ўлкасининг ушбу халқаро тадбир учун танланиши ҳам бежиз эмас. Хусусан, Хоразм заминининг жаҳон тамаддунида тутган ўрни ва аҳамиятини илмий-назарий жиҳатдан мукаммал ўрганиш ишларининг амалга ошишида ушбу таклиф ғоят муҳимдир.
 
Шунингдек, қўшни Афғонистондаги тинчлик ва барқарорлик масаласида Ўзбекистон йил сайин бир-биридан муҳим, улкан ишларнинг самарали амалга ошишида алоҳида жасорат ва фидоийлик кўрсатиб келмоқда. Афсуски, шунча уринишларга қарамай, қўшни Афғонистоннинг тинч-тотувлиги мудом дунё ҳамжамияти диққат марказида асосий масала бўлиб қолмоқда.
 
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида: “Бу борада “Беқарор ва вайронкор вазиятдан – тинчлик ва бунёдкорлик сари” деган тамойил асосида иш олиб бориш муҳимдир” деди ва БМТ ҳузурида афғон халқининг дарду ҳасратига малҳам бўладиган, уларни тинглайдиган ва мунтазам фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш таклифини илгари сурди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти нутқининг яна бир йўналишига кўра, Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш орқали Орол оғриқларини енгиллатиш ва бу борада БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи берилди. Айни муҳим ҳужжат қабул қилинган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш ушбу дардли муаммога нисбатан жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини янада кучайтиради.
 
Президентимиз сўзининг охирида бугунги кунда инсон ҳаёти учун муҳим масалалардан бири – қашшоқлик ва камбағалликка қарши курашиш ғоясини БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш масаласини кўтарди ҳамда ушбу оғриқли мавзуга бағишланган глобал саммит ўтказиш таклифини киритди.
 
Бугунги кунда ўта долзарб бўлган ушбу оғриқли масалага жаҳон ҳамжамияти билан биргаликда чоралар кўриш, қилинаётган ишлардан кўра яна самарадор йўлларни излаш, жаҳон тажрибасини қўллашдек тизимли чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо қилади. Бир неча юз йиллардан буён дунёнинг барча нуқталарида беаёв ҳукм сураётган қашшоқлик ва камбағаллик муаммосини шу кунга қадар ҳеч қайси давлат раҳбари бунчалик жиддий кўтармаган эди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ушбу муаммони очиқ ва дадил кўтариб чиқар экан, бошқа мамлакатларни ҳам бу масалага қатъий эътибор беришга ва унинг ечимини топиш йўлларини излашга чақирди.
 
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган қатор ташаббус ва таклифлар дунё ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда. Бу галги таклиф ва ташаббуслар ҳам шу куннинг ўзидаёқ кўпчилик томонидан маъқулланди ва амалга оширилиши ҳаётий зарурат бўлган ишлар сифатида кенг эътирофга сазовор бўлди. Албатта, ушбу ташаббус ва таклифларнинг ҳаётга татбиқ этилишида айнан БМТнинг қўллаб* қувватлаши, ҳамфикрлиги ва кўмаги жуда муҳимдир. Шунинг учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мувофиқлаштирувчи халқаро тузилма сифатидаги марказий ўрнини янада кучайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
 
Барчамизни беҳад қувонтириб, қалбимизни ғурур-ифтихорга тўлдирган ва жаҳон минбарида туриб айтилган бу эзгу таклиф ва ғоялар ўзбек тилида жаранглади! Ҳа, бу тарихий нутқ ўзбекман, ўзбекистонликман деган ҳар бир инсонни тўлқинлантирди.
 
Озода Бекмуродова,
Яшнобод тумани ҳокимининг тил бўйича маслаҳатчиси
ЎзА

Иккинчи фасл

Мусулмон бўлмаганларни қатл қилишда экстремистик жамоаларнинг иддаолари

Экстремистик жамоалар иддаосича, уларнинг сиёсийлашган ғоялари ҳамда қонун ва меъёрлар таърифидаги янглиш тор тушунчалари бўйича гўёки ислом уммати (уламолар ва бошқарув тизими) Аллоҳ таоло юборган асосдан узоқлашиб,  унинг шариатини ўзгартирган эмиш. Уларнинг фикрича, бугун бутун бошли уммат кўрларча жаҳолатга ғарқ бўлган бўлиб, бунда мусулмонлар ҳам, мусулмон бўлмаганлар ҳам барчаси баробардир. Шунинг учун ҳам экстремистик жамоалар “кимнидир кофирга чиқариш, бировнинг қонини тўкишни ҳалол дейиш” даъвосини мусулмону  ғайридинларга бирдек қўлламоқдалар.  Улар мазкур фикрлардан келиб чиқиб миллий мансубликни ҳам, жамият аъзоларини бир жамиятда тинч-тотув яшашга қаратилган уринишларини ҳам инкор қилмоқдалар. Улар ёлғоннинг яхлит тизимини ташкил қилиб унинг тақозосига кўра ҳаракат қилмоқдалар. Пировард натижада эса шаҳарлар вайрон бўлиб, ноҳақ қонлар тўкилмоқда. Табиийки, бу иш ортидан мусулмон бўлган ёки  бўлмаган барча жамиятлар глобал муаммоларга дуч келмоқдалар. Чунки бундай муаммоларга дуч келган бирор жамиятда тинчлик ва хавфсизлик кафолати бўлмайди. Жамият аъзолари орасида нафрат ва адоват ҳукм суради.

Мана шунинг учун ҳам биз, терроризм ва қирғинбарот йўлидан юрадиган, ғайридинлар билан  ҳамжиҳат бўлиб яшашни-да истамайдиган  бу каби экстремистик жамоаларнинг ёлғон ва шубҳага тўйинган ғояларини чуқур ва атрофлича текширишимиз зарур. Уларнинг фикрича, уруш ўчоғига айланган ўлкаларда сенга топширилган ҳар қандай шахснинг қони сен учун ҳалол бўлади. Ҳолбуки бу ҳалоллик даъвоси учун сабаб ва жоизлик далили керак. Биз қуйида уларнинг шубҳали далилларини таҳлил қилиб чиқамиз.

Биринчи : Жиҳод мавзусидаги янглиш фикрлар

Бугун биз дуч келаётган энг муҳим масалалардан бири Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқиш борасидаги фикрлардир. Ушбу фикрлар кўпроқ ғарб давлатларида яшаётган ғайридинларга нисбатан тажовузкорона ҳаракатлар қилишга  йўналтирилган.Чунки экстремистик жамоалар жиҳодни айни шу маънода талқин қилади. Унга кўра, мусулмонлар учун ғайридинлар томонидан хавф-хатар бўладими ёки бўлмайдими, барибир уларга қарши курашиш зарур. Табиийки, бу фикрлар уларни қатл қилиш мумкин, деган хулосага олиб келади.

Шунинг учун ҳам Ислом динида шариатга киритилган жиҳоднинг фарз бўлиш мавзулари ва сабабларини англаб етиш бугуннинг заруриятига айланди. Чунки бу мавзунинг сабаб ва аҳкомларини тушуниб етишимиз турли экстремистик жамоалар назаридаги жиҳод даъвосини тўғри талқин қилишимизни таъминлайди. 

Уламоларимиз ўзаро қон тўкилишига олиб келадиган жиҳоднинг фарз бўлиши асоси  борасида ихтилоф қилдилар. Демак,   мусулмонларга бошқалар томонидан бўладиган эҳтимолий ҳужум хавфи жиҳодга асос бўладими ёки ғайридинларни куфрда бўлишларининг ўзи унга асосми?

Ҳанафий, моликий, ҳанбалий ва шофеий мазҳаби уламоларининг кўпчилиги “жиҳод фарз бўлиши учун ғайридинлар томонидан мусулмонларга қарши жанг қилиниши керак”, дейдилар.

Аммо Ибни Ҳазм ва имом Шофеийнинг ўзлари яна бир фикрида “куфр сифатининг ўзи ҳам мусулмонлар зиммасига жиҳодни фарз қилади”, дейди.

Жумҳур (кўпчилик) уламоларнинг фикрига қарасак, исломда жиҳод ўзининг ҳимояси учун ёки амалга оширилиши аниқ бўлиб қолган душман ҳужумини қайтариш учун жорий бўлади.

 Ибни Ҳазм ва имом Шофеийнинг иккинчи фикрига кўра эса, жиҳод  бу Ислом динини бошқаларга ҳам етказиш ҳаракати бўлиб, доим ҳам амалга оширилаверади. 

Жумҳур уламоларнинг далиллари қуйидагилар:

“Аллоҳ йўлида сизлар билан уруш қилган кишилар билан уруш қилинглар. Ҳаддингиздан ошманглар. Аллоҳ ҳаддидан ошган кишиларни яхши кўрмас.” (Бақара, 190)

“Улар билан токи, фитна бўлмаслиги учун уруш қилинглар. Ва дин Аллоҳ учун бўлгунича курашинглар. Агар улар урушдан тўхтасалар, уларга нисбатан душманлик йўқдир. Аммо золимлар бундан мустаснодир”. (Бақара, 193).

Котиб Ҳанзаладан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилади: “Биз расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ғазотга чиқдик. У ерда қатл қилинган бир аёл кишини олдидан ўтиб қолдик. Уни тепасида одамлар тўпланиб олган эдилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, “бу аёл ўзаро жанг қилаётганлар билан уришмаган эди”, дедилар. Кейин бир саҳобага: “Холид ибни Валиднинг олдига бориб, Расулуллоҳ сенга ёш болалар ва чўри-қулларни ўлдирманглар  деб топшириқ бердилар, деб еткизгин”, дедилар.

Абу Довуддан келтирилган ҳадисда шундай дейилади:

“Сизлар Аллоҳнинг исми билан юриш қилинглар. Аллоҳнинг номи ва расулуллоҳнинг миллати билан! Кекса-қарияни, ёш бола ва гўдакларни, аёлларни ўлдирманглар. Уларни занжирбанд қилманглар. Ўлжаларингизни ўртага йиғинглар. Ислоҳ ва яхшилик қилинглар”.

Юқоридаги оятларда келган “ қитол ” сўзини мулоҳаза килсак ҳам бу сўз икки гуруҳ орасида содир бўладиган “қитол” яни уруш маъносини англатади. Демак оятдаги “қитал” сўзи “қотала”, “юқотилу”  феълининг ўзаги бўлиб маъноси “урушмоқ, жанг қилмоқ” деганидир. Аммо “қатл” яъни ўлдирмоқ маъносини бермайди. Чунки гоҳида томонлар ўртасида уруш бўлса-да, аммо қурбонлар бўлмаслиги мумкин.

Шунингдек мазкур ояти карималар тажовуз, келишув ва ўзаро аҳдномаларни бузиш, иймондан қайтиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги барча мусулмонларни ватанларидан чиқариб юбориш каби ғайридинлар томонидан содир этиладиган ишларни ҳам “муқотала” (томонлар ўртасидаги уруш ) тарифида баён қилмоқда. Шу билан бирга ушбу ояти карималар мусулмонларни ўзлари  билан тинч-тотув яшаётган, уларга нисбатан юқорида санаб ўтилган душманликларни қилмайдиганларга яхшилик қилиш ва алоқалар ўрнатишдан қайтармайди. Ҳолбуки, оятда айтилган куфр ибораси  уларга ҳам тегишли эди.

Ҳадиси шарифларда келган набавий кўрсатмаларни ўрганиб чиқсак ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни  мусулмонларга қарши уруш қилмаган ғайридинларни қатл қилишдан, гарчи уларда куфр сифати бўлса-да қайтардилар.  Иккинчи томоннинг таъбири бўйича мусулмонларга нисбатан тажовуз ва адоватда бўлмаган ғайридинларни  кофир бўлишининг  ўзиёқ уларга  қарши жиҳод қилишга асос бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қарши жанг қилиш ёки алоқалар ўрнатиш орасини ажратмаган бўлардилар.

Бу масалани янада аниқ тушуниш учун фараз қиламиз.  Бир аёл киши ва кекса одам ўзаро уруш тўҳтатилган майдонидан уруш бўлаётган майдонга ўтсалар ва ўзаро урушда қатнашса,  уларни ўлдириш жоиздир. Айни масала юзасидан Қаробий, жанг майдонида мусулмонларга қарши курашиб асир тушган аёлни ҳам ўлдириш жоиздир, дейдилар.

Юқорида келтирилган ояти карима, ҳадиси шарифлар ва улар асосидаги мантиқий ёндашувлар жумҳур ( биринчи фикр згалари) уламоларни сўзини қувватлайди.

(Давоми бор)

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан.

Таржимон: Тоҳир Воҳидов.

 

ЭЪТИҚОДИЙЙА (ИЙМОН-ЭЪТИҚОД КИТОБИ)

 

НАЗМ

 

Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм.

(Ҳамд баёни)

 

Ҳаққа ҳамду сано адо қилдим,

Ҳақ оти бирла ибтидо қилдим.

Ибтидо қилғулиқ неким бордур,

Қилмасанг оти бирла, абтардур.

Қодиру баркамол Тенгридур,

Қоҳиру зулжалол Тенгридур.

Ҳар неким қилса, Ул қилур бешак,

Ҳар не ким қилса, Ул билур бешак.

Мунтазир раҳматиға гумроҳлар,

Муфтахир қуллуғи била шоҳлар.

Ямону яхшиға умид Андин,

Қўрқмоқ андину навид Андин.

Жисмда ҳар нечаки қил бўлса,

Қил сену эл танида тил бўлса,

Ҳамдига зокир ўлса ул тиллар,

Деса ҳамдини ойлару йиллар,

Ул барининг каломи бир бўлғай:

Бори ўз ажзиға муқирр бўлғай.

 

НАСРИЙ БАЁН     

 

Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм.

(Беҳад меҳрибон ва бениҳоят раҳмли Аллоҳ исми билан.)

(Ҳамд баёни)

 

Аллоҳ  таъолога  ҳамду  сано  айтиб,  сўзимни  –  асаримни  Аллоҳнинг номи билан бошладим. Чунки бошлагулик нимаики хайрли – мўътабар иш  бўлса,  уни  Аллоҳнинг  исми  билан  бошламасанг,  охири  кесикдир  – давоми  йўқдир,  натижасиздир.  (Чунки,  ҳадиси  шарифда  айтилади:  «Ҳар қандай  хайрли  –  мўътабар  иш  Аллоҳнинг  исми  билан  бошланмаса,  абтардир  –  охири  кесик,  давоми  йўқдир”.)

 

(Чунки)  Қодир  –  ҳар  нарсага  кучи  етадиган,  хоҳлаган  нарсасинихоҳлаганидек  яратишга,  хоҳлаган  ишини  хоҳлаганидек  қилишга  қодир бўлган  зот  Аллоҳдир;  баркамол  –  энг  комил  сифатларга  соҳиб  зот  Аллоҳдир,  Қоҳир  –  Қаҳҳор  сифатига  соҳиб,  яъни  ҳамма  нарсага,  ҳар  бир хоҳлаган  киши  ва  нарсага  хоҳлаган  ишини  қиладиган  суратда  ғолиб  ва ҳоким  зот,  Зулжалол  –  ягона  улуғлик  эгаси  Аллоҳдир.

 

Ҳар  нимаики  қилса,  шубҳасиз,  У  қилади,  ҳар  ким  нимаики  қилса, шубҳасиз,  У  билади.  (Қиладиган  ишини  биладиган  ҳам,  билган  ишини қиладиган  ҳам  Удир!)

 

Гумроҳлар – йўлдан адашганлар, хатою гуноҳга тушганлар ҳам Унинг раҳматига  интизор,  умидвор;  шоҳлар  ҳам  Унга  бандалик,  қуллик  ва ибодат  қилиш  билан  фахрланадилар.

Яхши-ёмон инсонларнинг ҳаммасининг умиди фақат Ундандир, хавфу ражо – қўрқув ҳам, умид ҳам фақат Ундандир. (Чунки ҳар мўъмин кишига  хавфу  ражо  –  умид  билан  қўрқув  орасида  яшаш  вожибдир.  Бири  ошса ҳам,  бири  камайса  ҳам,  инсон  учун  хавфлидир,  бу  иккиси  баробар  бўлиши шарт.)

 

Инсоннинг  жисмида  неча  тук  бўлса,  улар  сенинг  ва  бошқа  барча инсонларнинг  танида  тил  бўлса,  агар  бу  тиллар  Аллоҳнинг  ҳамдига зокир  бўлиб,  Уни  зикр  қилса,  ойлару  йиллар  Унга  ҳамду  сано  айтса, барчаларининг  сўзи  бир  бўлади:  ҳаммалари    ўз  ожизлигига  иқрор  бўлади,  холос.  (Яъни,  ягона  ва  қудратли  Зотнинг  наздида  ҳамма  ўз  ажзига иқрордир.)

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи

Мирзо КЕНЖАБЕК

Шу йил 22 сентябрь куни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков видеоконференция шаклида Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Президенти Б.Хаджар билан музокара ўтказди.

Самимий мулоқот чоғида томонлар пандемия вақтида аҳолини самарали муҳофаза қилиш, касалланган кишиларни ўз вақтида даволаш мақсадида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш ва глобал пандемиядан кейин иқтисодиётни тиклаш бўйича келгусидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.

ИТБ Президенти Ўзбекистонда пандемияга қарши кураш ва макроиқтисодий барқарорликни сақлаш бўйича амалга оширилаётган самарали стратегиянинг халқаро миқёсда тан олинишини алоҳида таъкидлади.

Ўз навбатида Б.Хаджар ИТБ ихтисослашган клиникалар учун тиббиёт ускуна ва материаллар харидини молиялаштириш учун стратегик тайёргарлик ва жавоб чоралари пакети (умумий миқдори 2,3 миллиард АҚШ доллар) имкониятидан фойдаланган ҳолда коронавирус тарқалишига қарши курашиш ва аҳолига зарур ёрдам кўрсатишда Ўзбекистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Жумладан, мамлакатда ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратлари ишлаши учун марказлаштирилган кислород таъминоти тизимини сотиб олиш учун Пакет маблағлари бир қисмини қайта йўналтириш масаласи кўриб чиқилди.

Шунингдек, музокаралар давомида 2021 йилда ИТБ Бошқарувчилар Кенгашининг 46- йиллик йиғилишини Ўзбекистонда ташкил этиш ва ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу тадбир хорижий ишбилармон доиралар ва халқаро ҳамжамият эътиборини Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳот ва мамлакатнинг яхшиланаётган инвестициявий муҳитига қаратиш ва ИТБ Гуруҳи билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш имконини беради.

Мулоқотлар якунида барча муҳокама этилган йўналишлар бўйича биргаликда иш олиб боришни фаоллаштириш ва ИТБ Бошқарувчилар Кенгашининг йиллик йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишга тайёргарлик кўриш доирасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top