muslim.uz

muslim.uz

Ўтган давр мобайнида Қўмитага жисмоний ва юридик шахслардан жами 861 та мурожаат келиб тушган. Шундан, 249 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси орқали, 158 таси Президент Администрацияси, Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси орқали, 66 таси турли ташкилотлардан, 388 таси бевосита фуқаролардан келиб тушган.

Мурожаат йўналишлари қуйидагича:

– диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича 521 та;

– диншунослик экспертизаси ўтказиш бўйича – 161 та;

– Ҳаж ва Умра зиёратига доир масалалар бўйича – 24 та;

– диний таълим масаласида – 26 та;

– ноисломий конфессиялар йўналишида - 30 та;

– бошқа масалаларда – 99 та.

Мурожаатлар сонининг ўсиш, пасайиш динамикасига эътибор қаратадиган бўлсак, 2020 йил январь-сентябрь ойлари давомида келиб тушган мурожаатлар сони 660 тани ташкил этган бўлса, жорий йилнинг мос даврига нисбатан ушбу кўрсаткич 861 тани ташкил этиб, 201 тага кўпайганини кўрамиз.

Жорий йилнинг 1-2-3 чораги давомида Қўмита томонидан ойига ўртача 95 та мурожаат рўйхатга олинган. Уларнинг аксарият қисми Тошкент, Андижон, Фарғона, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд вилоятларида яшовчи фуқаролардан келиб тушган.

Мурожаатларда кўтарилаётган асосий масалалар.

Қўмитага келиб тушган 861 та мурожаатнинг 521 таси Диний-маърифий ташкилотлар ва диний соҳа ходимлари билан ишлаш бўлими томонидан кўриб чиқилган. Уларда асосан диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, янги диний ташкилот қурилишига рухсат олиш масалалари кўтарилган.

Мазкур масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикасининг

2021 йил 5 июлда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги” Қонунига мувофиқ диний ташкилотлар адлия идоралари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилиши, ушбу жараённинг тартиблари ва шартлари ҳақида фуқароларга батафсил маълумот берилган.

Диншунослик экспертизаси бўлими томонидан 161 та мурожаат ўрганиб чиқилган. Уларда асосан фуқароларнинг республика ҳудудига диний мазмундаги адабиётларни олиб кириш, уларни тайёрлаш ва тарқатиш масалалари юзасидан амалдаги қонунчилик талаблари асосида тегишли жавоблар берилган.

Шунингдек, ўтган давр мобайнида Ҳаж ва Умра зиёратлари билан боғлиқ 24 та мурожаат ўрганиб чиқилган. Мурожаатчиларга белгиланган тартибда жавоблар берилган.

Қолаверса, Диний таълим олиш билан боғлиқ 26 та мурожаат ҳамда Ноисломий конфессиялар фаолияти билан боғлиқ 30 та мурожаат тегишли бўлимлар томонидан ўрганиб чиқилган ва ҳар бир мурожаат бўйича фуқароларга маълумот берилган.

Қолган турли масалалар бўйича келган 99 та мурожаат ҳам ўрганиб чиқилиб, Қўмита томонидан мурожаатчиларга асослантирилган жавоб хатлари юборилган.

 

Шу ўринда, мурожаатларнинг кўриб чиқилиш натижалари ҳақида маълумот бериб ўтсак.

Қўмитага келиб тушган 861 та мурожаатдан 615 тасига ҳуқуқий маълумот берилган, 187 таси ижобий ҳал қилинган, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги Қонуннинг 29-30 моддасига асосан, 4 таси рад этилган, 29 таси бўйича ўрганиш жараёни давом этмоқда.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх, доктор Нуриддин Итр раҳимаҳуллоҳ дедилар:

«Ҳар бир салоҳият соҳибини, хоссатан, ҳадис илмлари талабаларини компьютерни барча имкониятлари билан мукаммал тўлиқ ўрганишга чақирамиз. Компьютерда бугунги кунда ишлаб чиқилган кўплаб илмий дастурлар орқали, айниқса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганишда унинг эътибор ва таҳсинга лойиқ кўплаб жиҳатлари бор. Улардан:

1. Керакли маълумот ёки керакли ҳадисни ҳавола ва манбалар орқали топишда осонлик;

2. Кўпгина вақтни тежаш, ҳар бир тадқиқотчи, ҳар бир мусулмон киши учун вақт муҳофазаси ва бажараётгани ишини пухталиги ва сифати муҳимдир.

3. Уй-жой, маконни иқтисод қилиниши. Яъни, қулай дастурлар жой банд этмайди, масофаларни қисқартиради.

4. Турли илмлар ва маданиятлар ўртасидаги алоқаларнинг енгиллиги ва қулайлиги.

Манба: arabic.uz

«Gazeta Polska» газетасида польшалик Евродепутат Ришард Чарнецкининг "Марказий Осиё: Президент Шавкат Мирзиёев даврида Ўзбекистон ислом мероси замонавийлик билан ҳамоҳанг эканини дунёга кўрсатмоқда" номли мақоласи чоп этилди, хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Муаллифнинг таъкидлашича, Ўзбекистон пойтахти ва Марказий Осиёдаги энг йирик шаҳар бўлган Тошкент бой тарихий меросга эга. Шаҳар нафақат асосий сиёсий, балки мамлакатнинг саноат, маданий ва илмий маркази ҳамдир. Замонавий Тошкент симбиотик тарзда исломнинг бой замона меросини замонавийлик билан бирлаштиради.

Милоддан аввалги I асрга оид Тошкентнинг пайдо бўлишининг қисқача тарихи келтирилган бўлиб, шаҳар доимо, айниқса Темурийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида илм-фан ва савдо маркази бўлганлиги таъкидланади. Унинг маданий мероси айниқса катта таассурот уйғотади.

Бугунги кунда мустақил Ўзбекистоннинг пойтахти исломнинг абадий бадиий меросини ўзида акс эттиради ва бой ўрта аср маданиятига даҳлдордир. Масжидлар ёки бошқа диний объектлар ва мақбаралар бу шаҳарда марказий ўринни эгаллайди ва қизиқарли, жумладан, мамлакат ислом тарихи ҳақида тасаввур беради.

Тошкентдаги ёдгорликлар - Кўкалдош мадрасаси, Ҳазрати Имом мажмуаси, дунёдаги энг қадимий Қуръон нусхаларидан бири – Усмон Қуръони сақланаётган Мўйи муборак мадрасаси, Тилла шайх масжиди, Бароқ Хон мадрасаси, Юнус Хон мақбараси ва бошқалар юксак қадрланади.

Муаллифнинг фикрича, бу нарса уларнинг моҳиятини акс эттиради: поляклар худди христианликни сақлаб қолганидек, мусулмон дини ҳам асосий йўналтирувчи куч бўлиб, ўзбекларнинг этник ва маданий ўзига хослигининг белгиси бўлиб хизмат қилган. 2007 йилда Тошкент тўрт "Ислом маданияти пойтахтлари" дан бири сифатида танланди.

Муаллиф 2016 йилда мамлакат тараққиёти борасидаги янги сиёсатининг бир қисми сифатида Президент Шавкат Мирзиёев туризмни ривожлантиришни ўз ислоҳотларининг асосий унсури сифатида белгилаганини таъкидлайди. Натижада Тошкент ислом мероси ҳозирги кунда маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг анча кенг доирасига кириб бормоқда. Президент Фармони билан Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларидаги тарихий ва диний обидалар қайта тикланди.
Буларнинг барчаси маданий-маърифий ва диний туризмни ривожлантириш дастурининг ажралмас қисми ҳисобланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Давлат раҳбарининг ислом меросини тақдим этишга қаратилган ташаббусларидан бири Ислом цивилизацияси марказининг қурилишидир. Унда илгари Ўзбекистон ва хорижда сақланиб қолган қадимий қўлёзмалар, литографик китоблар, тарихий ҳужжатлар ва ҳужжатлар, шунингдек, дин ва таълимга оид замонавий китоб ва нашрлар, ниҳоят, 100 мингдан ортиқ қўлёзмага эга кутубхона дунёдаги энг йирик маълумотлар базаларидан бири иштирок этади.
Ўзбекистон ислом мероси замонавийлик билан ҳамоҳанг эканини 2016 йил декабр ойидан буён дунёга намоён етиб келмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мамлакатимизда барча йўналишлар қатори диний-маърифий соҳада, хусусан, дин ва эътиқод эркинлиги жабҳасида, жаҳолатга қарши маърифат билан кураш борасида жуда катта ва салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, Ўзбекистонда турли миллат ва элатлар, диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, улуғ алломаларнинг бой илмий меросини ўрганиш каби йўналишларда илгари сурилган эзгу ташаббуслар, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш, ислом динининг тинчликпарвар ва маърифатга асосланган таълимоти халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак эътироф этилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, юртимизда фуқароларнинг виждон эркинлиги соҳасидаги конституцион ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятда диний бағрикенглик ва динлараро дўстлик-ҳамкорлик ғояларини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбе­кистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши — хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликка бағишлангани ҳам мазкур масалага давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қаралишини билдиради.

Шундан келиб чиқиб, тегишли давлат органлари ва жамоат ташкилотлари томонидан фуқароларнинг Конституция билан кафолатланган виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ҳамда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 16 ди­ний конфессияга мансуб 2313 та диний ташкилот фаолият юритади. Шундан 2122 таси исломий, 174 та христиан диний ташкилоти, 8 та яҳудий, 6 та баҳоий жамоалари, 1 та кришнани англаш жамияти, 1 та буддавийлар ибодатхонаси ва 1 та Ўзбекистон Библия жамиятидир. Шунингдек, қисқа муддат ичида 54 та масжид янгидан барпо этилди, 17 та янги ноисломий диний ташкилот ўз фаолиятини бошлади.
Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Конфессиялар ишлари кенгашининг таркиби Ўзбекистонда фаолият юритаётган диний конфессиялар вакиллари ҳисобига 9 тадан 17 та аъзога кенгайди. Ушбу кенгашнинг йиғилишлари мунтазамлик касб этиб, йилига икки марта ўтказилмоқда.

Маълумки, жорий йилнинг 5 июль куни Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун конфессиялараро тотувликни таъминлаш, жамиятда турли дин ва эътиқод вакиллари ўртасида ўзаро бағрикенглик, ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Мамлакатимизда диний таълим тизими ҳам тубдан такомиллаштирилди, янгидан-янги таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунда республикамизда дунёвий ва диний илмларни пухта эгаллаган­ етук мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти, “Мир Араб” олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, 10 та ўрта махсус ислом билим юрти ҳамда православ ва протестант семинариялари фаолият олиб боряпти.

Ислом илм-фани ва маданиятининг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, энг муҳими, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш мақсадида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Сурхондарёда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Қашқадарёда Абул Муин Насафий мажмуаси ташкил этилди.

Ўзбекистоннинг зиёрат туризми борасидаги салоҳиятини кенг намоён этиш мақсадида бир қатор хорижий давлатлар билан кенг ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Жумладан, Буюк Британия, Марокаш, Венгрия, Саудия Арабистони, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Индонезия, Япония, Туркия, Миср, Рос­сия, Германия, Испания, АҚШ, Малай­зия, Ҳиндистон, Покистон сингари давлатларнинг диний соҳага масъул турдош вазирлик ва идоралари, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда таълим муассасалари билан 70 дан ортиқ ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Республикамизда турли динларга эътиқод қилувчи инсонларнинг барча ибодат ва маросимларини эмин-эркин бажариб, диний байрамларини кенг миқёсда нишонлаши учун ҳам ҳар томонлама шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Жумладан, мусулмонларнинг икки Ҳайит байрами, насронийларнинг Пасха ва Рождество, яҳудийларнинг Пейсах, Пурим ва Ханука байрамлари кенг нишонланмоқда. Ушбу саналарда конфессия етакчиларининг бир-бирларини ўзаро байрам билан табриклаши яхши анъанага айланган.

Маълумки, юртимизда ҳар йили 16 ноябрь — Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан турли диний конфес­сия вакиллари, хорижий давлат ва халқаро ташкилотлар масъуллари иштирокида халқаро конференция ўтказилади.

Мазкур сана муносабати билан турли конференция ва анжуманлар, давра суҳбати ва учрашувларни ўз ичига қамраб олган “Бағрикенглик ҳафталиги”нинг жорий этилгани, шубҳасиз, жамиятда бағрикенглик ғояларининг мустаҳкамланиши, турли миллат ва элат ҳамда диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистондаги диний эркинлик, динлараро барқарорлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида жиддий қадамлар ташлангани, бу борадаги ижобий ўзгаришлар халқаро ҳамжамият эътиборига тушди.

Халқаро диний эркинликлар соҳасидаги бир қатор экспертлар, соҳа мутахассислари мамлакатимизга ташрифи чоғида диний эркинликни таъминлаш, амалдаги нормаларни соддалаштириш, радикализмга қарши курашиш, қолаверса, маърифий ислом ғояларини илгари суриш борасидаги амалий ишларга ўзлари бевосита гувоҳ бўлмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, юртимизда минглаб маҳкумларнинг афв этилиши, фуқароларнинг турли рўйхатлардан чиқарилиши, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилиши экспертлар томонидан юқори даражадаги ислоҳотлар сифатида эътироф этилмоқда. Қолаверса, Ўзбекистон диний соҳадаги “Алоҳида ташвиш туғдирадиган давлатлар” рўйхатидан чиқарилгани ҳам бу борадаги ишларнинг ёрқин амалий ифодасидир.

Ўзбекистонда фаолият юритаётган турли конфессия вакилларининг ўзаро аҳил, иноқ ва ҳамжиҳатликда яшашлари ҳамда фаолият юритишлари, шубҳасиз, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикнинг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Содиқ ТОШБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Дин ишлари бўйича қўмита раиси

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2021 йил 12 октябрь, № 202(458)

Видеолавҳалар

Top