www.muslimuz

www.muslimuz

Қозоғистон сафари асносида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари бугунги жума намозини Нур-Султон шаҳрида бир неча ўн минглаб жамоат тўпланган “Ҳазрати Султон” жоме масжидида адо этиш учун ташриф буюрдилар. Жума намози аввалида Қозоғистон бош муфтийси Наврўзбай ҳожи мавъиза қилиб, сўнг сўзни Муфтий Нуриддин домла ҳазратларига берди

Муфтий ҳазратлари қардош халқ мўмин-мусулмонларига Қуръони каримнинг Нисо сурасидаги: “Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир” мазмунидаги ояти каримани айтиб, уни тафсир қилиб бердилар.

Шунингдек, инсонлар бир-бирига дўст-қардош бўлиши лозимлиги ҳақидаги ҳадиси шарифлардан айтиб, шарҳлаб бердилар.

Маъруза давомида Муфтий ҳазратлари Қозоғистонда ўтган “Мустақил Қозоғистон ва Ислом қадриятлари” номли халқаро анжуман муваффақиятли бўлгани, нуфузли тадбир, учрашувлар, умуман яхшилик йўлидаги ҳамкорлик алоқалари қардош халқлар дўстлигига катта ҳисса қўшганини алоҳида қайд этдилар.

Икки давлат президентларининг саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқиб, жадал ривожланиб бораётганини таъкидладилар.

Жума намози давомида Муфтий ҳазратларидан дуо талабида бўлган ўн минглаб намозхонлар, хусусан турли сабаблар ила ушбу шаҳарда бўлиб турган ватандошларимиз ҳаққига жамоат билан бирга хайрли дуолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

26 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Элбошини яқинлашиб келаётган байрам - Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти куни билан табриклаб, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва янги зафарлар, биродар Қозоғистон халқига бардавом тараққиёт ва равнақ тилади.

Нурсултон Назарбоевнинг замонавий Қозоғистонни барпо этиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришдаги тарихий ўрни ва улкан шахсий ҳиссаси қайд этилди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари бугун юксак даражага кўтарилгани мамнуният билан таъкидланди.

Жорий йил бошидан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 40 фоизга ошди, икки мамлакатнинг етакчи компания ва корхоналари ўртасидаги саноат кооперацияси кенгайиб бормоқда. Бугун Туркистон шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари раҳбарлари иштирокида Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва Ҳудудлар форуми ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, маданий-гуманитар алмашинувга доир муҳим дастурларни амалга ошириш фаол давом эттирилмоқда.

Телефон мулоқоти чоғида икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди, бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
muslim.uz

Хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари “Мустақил Қозоғистон ва Ислом қадриятлари” номли халқаро анжуман доирасида Қозоғистон Республикасида сафарда бўлиб турибдилар.

Бугун, 26 ноябрь куни Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари қардош халқ уламолари билан бирга Нур-Султон шаҳридаги "Ҳазрати Султон" жоме масжидида жума намозини адо этадилар.

Маълумот учун, “Ҳазрат Султон”– Нур-Султондаги жоме масжиди, Қозоғистондаги илк йирик масжид.

Масжид қурилиши 2009 йил июнь ойида бошланган эди. 2012 йил 6 июль куни пойтахтнинг ноёб объектлари қаторига қўшилган масжид очилди.

Бино анъанавий қозоқ безакларидан фойдаланган ҳолда, анъанавий ислом услубида қурилган. У беш минг намозхонни, байрамларда эса 10 минг кишини сиғдиради. Бугун “Ҳазрат Султон” масжидининг майдони 11 гектардан ортиқ. Масжид Қозоғистондаги энг катта гумбазга эга бўлиб, гумбаз тагида баландлиги 51 метр ва диаметри 28,1 метрни ташкил қилади. Масжид бурчакларида баландлиги 77 метр бўлган 4 та минора ўрнатилган.

Тафсилотларни сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали кузатиб боринг.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

2021 йил 25 ноябрь куни Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси томонидан таъсис этилган юксак медал билан тантанали равишда тақдирландилар.

Таъкидлаш жоизки, “Мустақил Қозоғистон ва Ислом қадриятлари” номли халқаро илмий-амалий конференция юксак савияда ташкил этилгани, 200 дан зиёд иштирокчи қатнашгани, ZOOM платформаси орқали юзлаб хорижий ва маҳаллий мутахассислар кузатиб боргани, мартабали дин ва давлат арбоблари, профессор ва академиклар араб, рус, турк ва қардош тилларда маърузалар қилганлари ҳамда анжуман жараёнлари тўғридан-тўғри бутун дунёга онлайн намойиш этилгани билан яна аҳамиятли бўлди.

Халқаро конференцияда бугунги мураккаб даврда дин пешволарининг ҳамжиҳатликда фаолият юритиши муҳимлиги, шунингдек, глобал замонда уламоларнинг ўзаро ҳамкорлиги муаммоларни ечишда катта омил экани баралла айтилгани билан унинг нуфузи янада ошди.

Нотиқлар томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистон заминида Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш, масжид-мадрасаларни обод этиш ва улуғ алломалар меросига эҳтиром кўрсатиш йўлида олиб борилаётган ишлар юқори баҳоланди.

Конференцияда мана шундай ишларнинг муносиб эътирофи сифатида ҳам муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси буйруғи асосида юксак медал билан тақдирландилар.
Аллоҳ таоло Муфтий ҳазратларига ушбу медални муборак айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Страница 1 из 499

Мақолалар

Top