Рамазон-2020

Рамазонга тайёрмисиз: берувчи қўл бўлайлик

Рамазонга 10 кун қолди. Ҳар бир дақиқаси ғаниматли бўлган бу ойда Аллоҳ таоло биз бандаларга савобларимизни кўпайтириб олишимиз учун, бошқа ойларда берилмайдиган имкониятларни насиб этади. Чунки рамазон ойида қилинган битта савоб амал бошқа ойларда қилинганидан бир неча борабар кўпроқ бўлиши ҳақида уламолар таъкидлаб ўтишган.

Савобли амаллар орасида эса садақа алоҳида аҳамиятга эга. Чунки садақа гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхши. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювади. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Бақара сураси 271 оят).

Садақани эса сахий, қўли очиқ ва қалби пок инсонларгина бера олади.

Барчамизга маълумки сахийлик борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсониятга ўрнак бўлганлар. Шундай бўлсалар-да, Рамазон кириши билан саховатлари, яхшиликлари янада ортиб кетар эди. 

Ҳадиси шарифлардан бирида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил алайҳиссалом Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига тушадиган пайтларда – айниқса, зиёда бўларди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да тез эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сахий Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга яқиндир ва дўзахдан узоқдир. Бахил Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир, одамлардан узоқдир ва дўзахга яқиндир. Албатта, сахий жоҳил, бахил обиддан кўра, Аллоҳ азза ва жаллага маҳбубдир”, дедилар”. 

Саховатнинг катта-кичиги бўлмайди. Ҳар ким имкони борича, қўлидан келганича саховат кўрсатаверса, Аллоҳ таолонинг кенг даргоҳидан кўп савобга етишаверади.

Ризқнинг асосий манбаи Аллоҳнинг Ўзидир ва У Зот одамларга Ўзи хоҳлаганича ризқ бериб қўйган ва уни нафақа, хайр-эҳсон қилиб туришга буюрган. Албатта, бу иш ўлим келишидан аввал бўлиши шарт.

Саломатликда, амалларга қодирлик пайтда хайр-эҳсон қилса, ўрнига тушади. Бошига мусибат келганда ёки дард, ўлим келганда ҳамма ҳам ёлвориб, Аллоҳдан яна озгина умр беришини сўрайди, садақа қилиб, яхши кишилар қаторида бўлишни истаб қолади. Лекин унда кеч қолган бўлиши мумкин. Бахиллик қилиб, нафақа қилмай юрганлар ҳасратда қоладилар.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Мунофиқун сураси 10- оятида шундай марҳамат қилган:

“Ва бирингизга ўлим келиб: “Эй Роббим, агар менинг ўлимимни яқин муддатга орқага сурсанг, бас, садақа қилиб солиҳлардан бўлсам”, демасдан аввал Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қилинг.

Бақара сурасининг 254-оятида эса Аллоҳ таоло:

“Эй иймон келтирганлар! Сизга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан, на олди-сотди, на ошна-оғайничилик ва на шафоатчилик йўқ кун келмасдан олдин нафақа қилинг. Ва кофирлар ўшалар золимлардир”, дея бизларни садақа қилишга тарғиб этган.

Ислом дини таълимоти бўйича инсоннинг қўлидаги мол унга Аллоҳ Ўз фазлидан берган омонатдир. Шунинг учун у мазкур молни унинг ҳақиқий эгаси Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлаши керак. Аммо бахиллик қилиб, молни сарфламай тўпласа, ўзининг кўзига яхши бўлиб кўрингани билан, аслида яхшилик бўлмайди. Ким бахиллик билан тўплаган молини яхшилик деб ҳисобласа, нотўғри ўйлаган бўлади.

Сиртдан қараганда, бахиллик гўё молни муҳофаза қилади. Тарқалиб, йўқ бўлиб кетишидан асрайди. Лекин бу мол беш кунлик дунёда тўпланади, Ўлиб кетса, қолади. Қолганда ҳам, бахиллик ила тўплаганга бало-офат бўлиб қолади.

Ибн Жарир раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир киши ўз қариндошига келиб, Аллоҳ унга берган фазлдан беришни сўраса, у бахиллик қилиб бермаса, албатта, жаҳаннамдан катта илон чиқиб тили билан ялаб-ялаб бўйнига ўралур”, деганлар.

Алқисса,  ким хайр-эҳсон қилса, саховатли бўлса, Аллоҳнинг йўлида сарф-харажат килса, ўзига захира тўплаган бўлади.

Айниқса бугунги карантин ҳолатида, айрим ватандошларимиз уйларида мухтожликда кун кечираётган бир пайтда уларга кўмаклашиш, садақа ва эҳсон қилиш имконияти бор бўлган мусулмонлар учун Аллоҳнинг розилигини топиш имкониятидир. Агар бугундан садақа қилишни, ночорларга эҳсон қилишни бошласак инша Аллоҳ Рамазон ойида саҳоват ва хайрия кунлик амалларимиз орасидан жой олади. Бу эса бизни Аллоҳ таоло ҳузуридаги мукофотларга сазовар этади. Бу дунёда эса дуоларимиз мустажоб бўлиб, эзгу ниятларимизга жуда ҳам тез фурсатда эришишимизга сабаб ўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўз паноҳида асраб берувчи, саҳоватли қўллардан қилсин!

        

Саидаброр Умаров тайёрлади

 

1851 марта ўқилди

Мақолалар

Top