Рамазон-2020

Рўза фалсафаси

Аллоҳ таолога ҳамд ва санолар, Расулимиз Муҳаммадга салавот ва саломлар бўлсин. Аммо баъд.

Дарҳақиқат, Рамазон энг улкан хайрият мавсумидир. Унда нафс сайқалланади, қалб ўз Холиқига яқинлашади. Унда жаннат эшиклари очилади. Эргашиб нажот топадиганимиз Қуръони карим Рамазонда нозил бўлди. Рўза учун бериладиган мукофотни эса Ундан ўзга ҳеч ким билмайди. Бу ибодатни Раббиси талаб қилгандек бажариб, ваъда қилинган мукофотга эришиш учун инсон тутаётган рўзасининг моҳияти ва фалсафасини англаши зарур. Келинг, унинг баъзи ҳақиқатларини қисқача ўрганишга ҳаракат қиламиз.

Инсониятни зулматлардан нур сари етаклаган, унга янги ҳаёт баҳш этган, ўзига эргашганларни бир уммат сифатида шакллантирган, адолат мезони, дунё ва охират машъали, қалблар таскини, нафслар мураббийси, зоҳир-у ботиннинг шифоси, руҳ-у баданнинг табиби, тиловати зикр ва Ҳақ таоло билан сўзлашиш воситаси бўлган боқий китоб Қуръони каримни нозил қилиш учун Аллоҳ таоло айнан Рамазони шарифни танлаган.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Рамазон ойининг илк туни бўлганда жаннат эшиклари очилади, ой мобайнида унинг бирор эшиги ёпилмайди. Дўзах эшиклари ёпилади, бутун ой давомида унинг бирор эшиги очилмайди. Жиноятчи жинлар боғланади. Осмондан бир нидо қилувчи: “Истиғфор айтувчи борми, мағфират қилинса! Тавба қилувчи борми, Аллоҳ тавбасини қабул қилса! Дуо қилувчи борми, ижобат қилинса! Сўрагувчи борми, сўрагани берилса!” деб нидо қилади. Рамазон ойининг ҳар бир тунида ифторлик пайтида Унинг Дўзахдан озод қиладиган олтмиш мингта қули бордир. Фитр (охирги куни) бўлганда Аллоҳ бутун ойда ўттиз марта олтмиш минг олтмиш мингдан озод қилган миқдоричалик қулларни озод қилади”[1].

Рамазон ойи гўзал ой. Унда Аллоҳ бандаларига Ўз раҳматини намойиш қилади. Жаннат ҳаридорлари осмонлар-у ерни яратаёттганда ҳисобни билишимиз учун ойларни ўн иккита қилган Зотга ибодат қилиш ила ўз хазиналарини бойитишади. Олдин кўрган зарарлари ўрнини қоплайдилар. Бу муқаддас кунларда Парвардигорнинг мағфирати бошқа вақтлардагига қараганда янада мавж уради, ижобат эшикларининг икки тавақаси ҳам кенг очилади.

Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Сизларга барака ойи бўлмиш Рамазон келди. Унда Аллоҳ сизларни (раҳмати ила) қамраб олиб, раҳмат нозил қилади, хатоларни ўчиради, дуоларни ижобат қилади. Аллоҳ сизлар у ойда (ибодат қилишда) мусобақа қилишингизга назар солади. Сизлар билан Ўз фаришталарига мақтанади. Бас, Аллоҳга ўзингиздан яхшиликни кўрсатинг. Таъкидки, (ҳақиқий) бадбахт унда Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлган (кимса)дир”[2].

Шайх Мустафо Сибоъий рўзанинг мақсадлари ҳақида сўз юритиб, жумладан, шундай дейди: “Бу муборак ойда баъзи одамлар тонггача суҳбатлашиб чиқишга одатланиб қолишди, ифторлик дастурхонларини тайёрлашда муболаға қилишади, у ойни ҳашамат ва фаровонлик билан тўлдирадилар. Бу кўринишлар баъзи тақводор инсоларни ҳурсанд ҳам қилади. Бу ишларни мусулмонларнинг қалбларида ислом мустаҳкам ўрнашганига далил сифатида ҳам келтиришади. Рўзанинг ҳақиқати кундузи оч юриш, тақвонинг ҳақиқати масжидлар намозхонлар билан тўлиши деб билишади. Рўза, булар билан биргаликда, умматнинг иродасини мустаҳкамлаш учун йўлдир. Рўзадор мубоҳ лаззатга қарши курашиш орқали ҳаром лаззатлардан тийилишга қодир бўлади. У ихтиёрий равишда таом ва ичимликдан ўзини маън қилиш орқали мажбурий ҳолатда сабр қилишга ўрганади.

Қадрли ёш рўзадор дўстларим, сизлар очлик азоби, ташналик шиддатини елкангизга олдингиз. Ота-онангиз билан рўза тутиш орқали ўзингизнинг эркаклигингизни эълон қилиб, иродангизни мустаҳкамлаб олдингиз. Эй рўзадор авлод, сизларга барвақт эркаклик ва метин ирода муборак бўлсин! Аллоҳга қасамки, сизлар эртанинг эркакларисиз. Бошқа диёрлар кураш майдонидан олдин ўз нафси олдида мағлуб бўлганлар қўлида зарар кўрган пайтда, ватанингиз сизнинг қўлингизда устун бўлади.

Эй рўзадорлар, сизлар нафснинг жанг майдонларидан биридасиз. Унда моддият ва руҳ ўртасида жанг авжига чиқади. Мағлуб бўлишдан ҳазир бўлинг! Тунда қоринни тўлдириш учун кундузи оч юришдан эҳтиёт бўлинг!”[3]

Рамазон ойидаги иймоний туҳфалар бизга саноқли кунларда берилувчи жуда ноёб фурсатдир. Ақлли инсон бундай мавсумларини ғанимат билади. Ахир, Аллоҳ таоло: Уларга Аллоҳнинг кунларини эслат! Албатта, бунда ҳар бир ўта сабрли ва ўта шукрли киши учун оят-ибратлар бордир[4], дея марҳамат қилган. Солиҳлардан бирига вафот яқинлашганида қаттиқ йиғлаган экан. Ундан сабаби сўралганида “Мен фақатгина рўзадорлар Аллоҳ учун рўза тутганларида уларнинг орасида бўлмаганим, намозхонлар Аллоҳ учун намоз ўқиганларида улар билан тура олмаганим, зокирлар зикр қилганда улар билан зикр қила олмай қолганим учун йиғлаяпман”, деган[5].

Шу ўринда рўзанинг мақсад ва моҳиятига муносиб бўлмаган бир ишга эътибор қаратишимиз лозим. Рўза инсон жисмида фаолликни, зеҳнида мусаффоликни пайдо қилади. Натижада инсонга солиҳ амални бажариш учун имкон бўлади. Шунга қарамай биз рўзанинг аксар соатларини уйқуда ўтказамиз. Ҳатто одамлар орасида “Рўзадорнинг уйқуси ҳам ибодатдир” деган ҳадис ҳам тарқаган. Ҳолбуки, ҳофиз Ироқий “Иҳё ҳадислари тахрижи”да бу ҳадиснинг санадида каззоб ровийлар борлигини таъкидлаган. Биз бошқа ойларданда кўпроқ Рамазон ойида дангасалик қиламиз. Натижада, Рамазонимиз амалимиз энг кам ойга айланиб қолмоқда. Рамазонда кўп таом еймиз. Кўп таом ошқозон ва ичакларга қоннинг кўп боришига сабаб бўлади. Бу эса қоннинг ақлий қувват маркази бўлмиш ақлга кам келишига олиб боради ва амалларда сустлик келиб чиқади. Умар розияллоҳу анҳу: “Тўйиб ейишдан сақланинг! У намоз учун дангасалик, жисмни бузувчи, касалликни олиб келувчидир”, деганлар[6].

Мўмин банда Рамазонни фақатгина очлик ва ташналик ила ўтказишга рози бўлмайди. Уни оддий бир мавсумдек, таъбир жоиз бўлса, таътил мавсумидек уни уйқу билан ўтказиб юбормайди. Аксинча, унда Раббисига муножот ила юзланади, гуноҳларига тавба қилиб, кечиришини сўрайди, эҳтиёжларини талаб қилади, зикр ва Қуръон қироати ила лаззатланади. Роббисиннинг буйруқ ва таъқиқларига амал қилиб, ўзининг қуллиги, Холиқига муҳтожлиги, унинг раҳматидан ва фазлидан умидворлигини изҳор қилади.

Рўзадор бошқаларга таом, ичимлик, жинсий эҳтиёжларда ўзгага тобеъ бўлишдан озоддир. У рўзада инсонга хос ҳақиқий ҳурлик ҳиссини туяди. Ахир Рамазонни мана шундай қабул қилиш ва ундаги ҳурлик орқали, унинг одоблари ила зийнатланиш билан бу ойда мусулмонлар катта муваффақиятга эришди. Бадр кунидаги саҳобаларнинг ҳолига бир қаранг! Ислом тарихининг ана шу шонли куни Рамазони шарифнинг 17 санаси эди. Унда мусулмонлар кам сон ва етарлича бўлмаган қурол-аслаҳа билан жангга киришди ва Аллоҳ уларга нусрат берди. Ўшанда мусулмонлар иффат, олийлик, қурбон ва фидолик, қийинчиликларга бардош бериш, Аллоҳга бўйин эгиб, Уни барча нарсадан олий қўйиш, ботилнинг қувватини паст билиш каби рўзанинг хулқлари билан хулқланмаганларида бундай мўжизавий ғалаба бўлармиди?[7]

Шунингдек, рўза исломий ҳамжиҳатлик учун амалий намунадир. Одамлар унда бир пайтда очлик ва чанқоқни ҳис қилишади, бир пайтда тўқ бўлиб, сувга қонишади. Бирон оғиз бошқасидан, бирон қорин бошқа қориндан фарқ қилмайди. Дунёда рўзадан бошқа одамлар маҳрумликда ва унинг кетидан таомланишда бир бўладиган яна қандай амалий муштараклик бор? [8]

Рамазоннинг қувончли дамларидан бири унинг кечаларида жамланишимиз. Оила бир вақтда бир таом устида, кўпинча Рамазондагина уюшади. Эй рўзадорлар, сизлар бу оқшомларда қалбларни сурур ва бахтга тўлдирадиган саодатни ҳис қиласиз. Бунда фақатгина Аллоҳ таолога шукр қилиб, неъматлари давомий бўлишини сўрашимиз, устимизга ёғилаётган беҳисоб неъматларга шукр қилишимиз даркор. Бу неъматларга шукр қилиш тилнинг ўзи билан амалга оширилмайди. Балки ҳаёт синовлари сабаб бу неъматлардан баҳраманд бўла олмаётганларни ҳам насибадор қилиш билан унинг шукрини том маънода ўтаган бўламиз.

Ҳаётда бойларданда ҳимматли, фаросатли ва илмли қанча фақирлар бўлиб, жамиятнинг уларга нисбатан шафқатсизлиги, давлати борларнинг бепарволиги туфайли қийинчилик тепкиси остида қолганлар. Уларга бошқа пайтларда қандай меҳр кўрсатиш зарур бўлса, Рамазонда бу иш унданда кўпроқ аҳамият касб этади.

Агар ҳар бир қудрати бор рўзадор бир муҳтожни кўнглини олса, бир бой оила ночор оилага ёрдам берса, орамизда ҳеч қандай фақир ва муҳтож қолмайди. Рўза баракоти ва савоблари узилмайдиган хайрият ойига айланади[9].

Ҳозирги карантин даври ҳам ибодатларни кўпроқ қилиб олиш учун қулай имконият. Чунки бу узлатнинг бир кўриниши бўлиб, ундан унумли фойдаланиш, Раббимизга муқарраб бўлишга итнтилишимиз даркор. Эҳтимол карантиннинг ҳикматларидан бири ҳикмат ҳам шудир. Уламолардан бири: “Агар Аллоҳ сени ўз махлуқотларидан ажратиб қўйган бўлса, билки, у Ўзи билан сенга унс (дўст) бўлишни ирода қилаяпти”, деган эди[10]. Демак, Аллоҳ биз Унга яқин бўлишимизни ирода қилар экан, биз ҳам бунга муносиб жавоб қайтарайлик. Тунлари намозларни тўкис адо этайлик. Аллоҳ таоло тунда ибодат қиладиган обидларни мақтаб: “Улар тунларни Роббиларига сажда қилиб, қиёмда ўтказадилар, дейди.

Уйда аҳли оиламиз билан таровеҳ намозларини ўқийлик. Кўпчилик инсонлар уйда бўлган пайти бу намозлардан ғафлатда қолишмоқда. Ахир, Аллоҳ таолога ўзимиз оила бағрида дуолар қилишимиз, фарзандларни намоз-ниёзга ўргатиш учун бунданда қулай фурсат борми?! Оилада эр киши бир ишга қатъий туриб бардавом бўлса, аҳлини намозга буюрса улар шунга одатланишади. Зеро Аллоҳ таоло қиёматгача тиловати ибодат бўлган Каломи шарифида Исмоил алайҳис саломни мақтаб: (Эй Муҳаммад,) Китобда Исмоил (қиссасини) ёд этинг! Дарҳақиқат, у ваъдасида содиқ турувчи ва элчи - пайғамбар эди. У ўз аҳлини намоз ва закотга буюрар эди. У Парвадигори наздида рози бўлинган киши эди”[11], деган. Фарзандлар ҳам ота оналарига эргашишади, намозга муҳаббат қўйишади. Доно халқимиз бежизга “Қуш уясида кўрганини қилади”, демаган. Ана шундай кунларда яқинларимизга, оила аъзоларимиз ичидаги ёши кичикларга ўрнак бўлишимиз айни фурсатдир.

Тунлари оилавий жамоа бўлиб Аллоҳ таолодан юртимизнинг тинчлигини сўраб дуо қилайлик. Аллоҳ халқимизга бундай кетма-кет мусибатлардан омонлик берсин, Ўзи муҳофаза қилсин. Ватан ва халқ бошида раҳбар бўлиб турган юртбошимизга хайрли ишларида сабр, манотан ва қувват берсин!

Ҳадис илми мактаби 1-босқич талабаси

Узоқов Абдулбосит Абдувоҳид ўғли

 

 

 

[1] Байҳақий ривояти. Ҳофиз Мунзирий ҳасан ҳадис деган.

[2] Табароний ривояти. Ровийлари ишончли кишилар.

[3] Мустафо Сибоъий. Аҳкомус сиём ва фалсафатуҳу. 64. Мактабатул исломий нашри. Байрут. 1977й.

[4] Иброҳим сураси, 5 оят.

[5] Абдулҳамид Ҳамиса. Софақат ва фуросур рамазония. 30.

[6] Ат-тадаавий биссиям. Муҳаммад Иброҳим Салим. Қоҳира:  Мактабату Ибн Сино, 18 бет.

[7] Мустафо Сибоъий. Аҳкомус сиём ва фалсафатуҳу. 34-64. Мактабатул исломий нашри. Байрут. 1977 й.

[8] Юқоридаги манбаа.

[9] Юқоридаги манбаа.

[10] Ибн Абу Дунё. Ал-Узлату вал инфирод. 100. Дорул Ватан нашри. Риёз. 1997 й.

[11] Марям сураси, 54-55-оятлар.

1378 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « Рўзанинг мукофоти Фитр садақаси »

Мақолалар

Top