Рамазон-2020

Минг ойдан ҳам яхшироқ кеча!

Қадр кечаси  энг улуғ кечадир.   Чунки бу кечада Қуръони карим нозил бўлган.

Аллоҳ таоло : “Албатта, биз у (Қуръон)ни қадр кечасида туширдик”, деб марҳамат қилади. (Қадр сураси, 1-оят).

Яна Аллоҳ таоло  ушбу сурани давомида: “Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир”, деб айтган.  

Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечасида эканлиги сир тутилган. Дастлаб Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида, кейинроқ эса тоқ кечаларидан излаш кераклиги ҳақида айтилган. Охири у кечанинг аломатлари айтилганидан сўнг Қадр кечаси рамазоннинг 27 кечаси эканлигига ишонч ҳосил қилинган.

"Тафсири Қуртубий" да айтилади.

Аллоҳ таоло бу кечани “қадр кечаси” деб номлашининг сабаби шуки, бу кечада Аллоҳ таоло келаси йил учун ўлим, ажал, ризқ ва шу каби ишлардан хоҳлаганини тақдир қилиб, ўлчаб қўяди. Бу ишларни мудаббир фаришталарга топширади.   Улар: Исрофил, Мийкоил, Азроил, Жаброил алайҳимуссаломлардир.

Зуҳрий ва бошқалар: “ бу кечани  “қадр кечаси” деб номланишининг сабаби Қадр кечасининг улуғлиги, қадирлилиги, шарафлилигидандир. Одамлар орасида  “фалончининг қадри бор” дейилганда мартабаси улуғлиги тушунилгани каби”, деганлар.

Бу кечада тоат-ибодат қилишнинг қадри жуда ҳам улуғ ва савоби жуда ҳам кўп бўлгани учун бу кечани, “қадр кечаси” деб номланган, дейилган.

Абу Бакр ал-Варроқ айтадилар: “ бу кечани  “қадр кечаси” деб номланишининг сабаби шуки, кимнинг қадр-қиммати, обрў-эътибори бўлмаса ва бу кечни ибодат билан бедор ўтказиб чиқса, у киши бу кечада қадри баланд кишига  айланади”, дедилар.

Бу кечани “қадр кечаси” деб номланиши, Аллоҳ таоло бу кечада қадри улуғ  Китоб (Қуръони карийм)ни қадри буюк бўлган Росули (Муҳаммад алайҳиссалом)га, қадр эгалари бўлган  умматларига етказишлари учун нозил қилгани сабабидандир, дейилган.

Бу кечани “қадр кечаси” деб номланиши, бу кечада Аллоҳ таолонинг қадрли ва эътиборли фаришталари ерга тушганлиги сабаблидир, дейилган

Ва  яна: бу кечада Аллоҳ таоло ер юзига ўзининг хайр-барака ва мағфиратни туширади, дейилган.

Саҳл роҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ таоло бу кечада мўминларга ўз раҳматни тақдир қилиб ёзгани  сабабли,  бу кечани “қадр кечаси” деб номланади”, деганлар.

 Ушбу маънолардан ҳам бу кеча ниҳоятда улуғ кеча эканлигини билишимиз мумкин.

Аллоҳ таолога  шукрлар бўлсинки  Муборак Рамазон ойининг Қадр кечаларига ҳам етиб келмоқдамиз. Бу кечани қадрига етиб, ибодат ва дуолар билан ўтказишимиз,  ҳамда  аҳлимиз  ва ёру дўстларимизни ҳам бу кечадан огоҳлантиришимиз мақсадга мувофиқдир.

Алоҳида такидлашимиз керакки, кадр кечаси дегани бу  зиёфат кечаси, меҳмондорчилик кечаси, улфатчилик кечаси дегани эмасдир. Ошна оғайнилар бир бўлиб, турли таомлани таёрлаб, вақтларини беҳуда сарфлаб, бир йилда бир маротаба  келадиган, дуолар ижобат бўладиган, энг улуғ кеча, қадр кечаларини фазилатини қўлдан бой бермасинлар. Балки бу кечани ихлос ва муҳаббат ила ибодат ва дуолар билан бедор ўтказишга ҳаракат қилсинлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллалоҳу алайҳи васаллам:

Кимики Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан қоим бўлиб бедор ўтказса, унинг ўтган  гуноҳлари мағфират қилинур”, - дедилар.

Ҳадиси шарийфда кечани ихлос ва муҳаббат ила  қоим бўлиб бедор ўтказган кишига гуноҳлари кечирилишини ваъдаси бериляпти. Кечани бедор ўтказиш  намозлар ўқиш, Қуръон тиловатини қилиш, тасбиҳ ва такбирлар айтиш, тавбалар қилиб истиғфор айтиш каби амаллар билан бўлади. Хусусан намозининг қазоси борлар, албатта қазо намозларини ўқишни кўпайтиришлари мақсадга мувофиқ бўлади. Кечани қоим бўлиб бедор ўтказишнинг энг асосий шарти  хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқишдадир. Чунки ҳадиси шарийфларда, ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса кечани ярмини бедор ўтказган бўлади, дейилган. Яна бошқа бир ҳадиси шарийфларда, ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса кечани ярмини бедор ўтказган бўлади, дейилган.

Ушбу кечада  ибодатлар билан бирга дуоларни ҳам кўп қилишлигимиз керак. Нималарни сўраб  дуо қилишимиз ҳақида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули агар мен қайси кечанинг Қадр кечаси эканини билсам у кечада нима деб дуо қилай”, дедим. У зот: “Аллоҳумма иннака афуввун туҳиббул афва фаъфу анний” (Эй Аллоҳ, албатта сен ўта афв қилгувчисан, афв қилишни яхши кўрасан, мени афв қилгин), деб дуо қилинг”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Шундай экан, бу муборак минг ойдан ҳам яхшироқ бўлган қадр кечасини  ғанимат билиб кўпроқ ибодат ва дуолар, тавба ва истиғфорлар айтишга ҳаракат қилайлик. Аллоҳ таолодан амалларимизни қабул қилишини, дуоларимизни ижобат этишини,  ҳаммамизни тақдиримизни олий мақом этиб таъйин қилишни сўраб илтижо қилайлик.         

Барчаларимизга ушбу кеча муборак бўлсин!

 

Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги
“Бўта бува” жоме масжиди имом хатиби

1603 марта ўқилди

Мақолалар

Top