Рамазон-2020

Рамазоннинг охирги ўн кунлигига тайёрмисиз?

Яқиндагина рамазонни бошлаган эдик. Мана дарров йигирма кунни ҳам тамомладик. Энди бу ёғи охирги ўн кунлик. Янада огоҳ, янада савобли ишларга, ибодат қилишга қулай фурсат. Чунки рамазон ойи тугаб бормоқда. Қолаверса олдимизда ажри янада улуғ бўлган кунлар турибди. Охирги ўн кунликда минг ойга тенг бўлган қадр кечаси бор. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу кунларни ғанимат билар эдилар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (охирги) ўн кунлик кирса, белни маҳкам боғлаб, кечани тирилтирар ва аҳлларини уйғотар эдилар”. (Бешовлари ривоят қилишган).

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда эса: “Набий алайҳиссалом охирги ўн кунликда ундан бошқа кунларда қилмаган жидду-жаҳдни қилар эдилар”, дейилган. Бундан кўриниб турибдики бизлар шавқу-завқни яна ҳам ошириб, кўпроқ савобга эга болишимизга қулай фурсат. Зеро, Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда: “Набий алайҳиссалом Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигидан изланглар”, деб айтардилар (Икки шайх ва Термизий ривояти). Уламолар: “Набий алайҳиссаломнинг бундай дейишларига сабаб, инсонларни кўпроқ савобли, хайрли амалларни қилиб олишига тарғибдир”, дейдилар.

Мана шундай кунлар олдимизда. Рамазон фазилатини ҳам, қадр кечасини ҳам топишдек бахт остонамизда эшик қоқиб турибди. Айниқса, ҳозирги карантин даврида оила-аъзоларимиз билан бирга бу кеча-кундузларни ҳадисдагидек ўтказишга яхши имконият. Биз буни бажара оламизми? Албатта бажара оламиз. Кундузини рўза, кечасини яна ибодатда ўтказиш бизнинг қўлимиздан келади. Чунки, биз йигирма кундан бери танамизни бунга ўргатдик, тажриба ҳосил қилдик. Шундай экан энди алсо бўшашмайлик! Зеро, минг ойлик мукофот кимга керак эмас?!!

Юсуфхон ШОДИEВ,

“ҲИДОЯ" ўрта махсус ислом билим юрти

ўқитувчиси

1140 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top