Рамазон ойини ажр ва фойдаларга эришадиган мавсум қилган Зот Аллоҳ таолога ҳамдлар, нажот ва ҳидоят элчиси бўлган пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин.
Бу ойни ғанимат билиб, солиҳ амаллар билан кечиришга ёрдам берадиган бир неча ишларни маслаҳат берамиз:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Рамазон рўзасини (унинг фарзлигига) иймон билан, унга бериладиган савобни умид қилиб тутса, ўтган гуноҳлари кечирилади» деганлар (Имом Буҳорий, Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадисдаги «Савобни умид қилган ҳолида»нинг маъноси - «Аллоҳдангина савоб умид қилиб, риё ва сумъадан ҳоли, мол-дунё мақсадида бўлмаган ҳолда» демакдир.
Рамазон қелишидан илгари вафот этган инсонлар ҳақида ўйлаб кўринг. Уларнинг амаллари тўхтади, саҳифалари ёпилди. Энди улар оз бўлсада ҳасанот ёки хайрли иш қила олмайдилар. Сиз эса, Аллоҳ умрингизни узайтириб, бу улуғ ойга етиб келдингизми, энди савоб ва ажрларни жамлашга ҳаракат қилинг. Бу Аллоҳ бизларга бергани учун ҳамду сано айтиш керак бўлган ва шукр қилишлик вожиб бўлган улкан неъматдир.
Агар сиз Рамазон кундузларини уйқу, кечаларини бедорлик ва ўйин-кулгу билан ўтказадиган бўлсангиз у ҳолда, рўзадорлик ва ибодатларда қоим бўлганлик савобидан маҳрум бўласиз ва бу ойдан қўлларингиз бўш ҳолда чиқасиз. Бу ой саноқли кунлар ва фазилатли кечалардир. Эртага лаззат ва неъматларга элтувчи бўлган тоат-ибодатлар сари интилинг. Бу ой кириб келса, ғафлатда юришдан сақланинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазонга кириб, ундан гуноҳлари мағфират қилинмасдан чиққан қишининг бурни ерга ишқалансин» деганлар (Термизий ва Ҳокимлар ривояти).
Рамазон-Қуръон ойи. Салафлар Рамазон кириши билан Қуръон тиловатига қаттиқ берилишар, уни бошқа барча ибодатлардан кўра биринчи ўринга қўяр эдилар. Ривоят қилинишича, уларнинг баъзилари бу ойда ҳар куни Қуръонни ҳатм қилиб, ўқиб чиқар эдилар. Сиз ҳам бу ойда тиловат қоидаларига имкон қадар риоя қилиб, тадаббур, тартил ва ҳушуъ билан Қуръон тиловатига бел боғланг.
Рамазонда садақа қилиш бошқа ойлардан кўра фазилати ва савоби кўпроқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кирса жуда ҳам кўп садақалар қилар, янада сахий, мурувватли бўлиб кетар эдилар. Бу ойда садақалар қилишга, ўзингизда бор нарсалардан бошқаларга инфоқ-эҳсон қилишга қаттиқ интилинг.
Охирги ўн кунликда ибодатлардаги тиришқоқлигингиз ўтган кунлардан кўра кучлироқ бўлишига ҳаракат қилинг. "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги ўн қунлик бошланса, ўзлари кечалари ибодатлар билан бедор бўлар ва аҳли-оилаларини ҳам шунга тарғиб қилиб уйғотар эдилар" (Муттафақун алайҳи).
Қадр кечасини Рамазоннинг охирги тоқ кунлардан қидиринг. У тунларни намозда қоимлик, Қуръон тиловати, зикр, дуо каби ибодатлар ила ўтказинг. Чунки у кечада қилинган ибодатнинг савоби, қадр қечаси бўлмаган минг ойда қилинган ибодатнинг савобидан кўпроқдир.
Аллоҳ таоло харом қилган нарсаларга қарашдан кўзни сақлаш - кўпчилик амал қилмайдиган ибодатдир. Нима учун бу улқан ибодатни тирилтириб, амалга оширишга ҳаракат қилмайсиз?
Барча ҳолатларингизда Аллоҳни эсловчи зокир бўлинг. Аллоҳни зикр этувчилар шак-шубҳасиз дунёю охиратда нажот топадилар.
Дуо ибодатдир. Бу банданинг Роббисига барча ҳолатларида доимо муҳтожлиги ва фақирлигига далилдир. Аллоҳ таоло ушбу оятда дуони ибодат деб номлаган: «(Эй инсонлар), Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар! Мен сизларга (қилган дуо-илтижоларингизни) мустажоб қилурман. Албатта менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳанннамга кирурлар», деди» (Ғофир, 60) Сиз ҳам дуо ибодатидан ғофил қолманг.
Кўп ейиш ва ичишдан ўзингизни тийинг. Чунки у дангасалик, эринчоқлик ва бўшашишга олиб келади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни бундай улуғ кунларни ғанимат билиб, ҳар бир лаҳзасини беҳуда нарсалар билан ўтказмасликни насиб қилсин!
Ҳайтмурат ЕРЕЖЕПОВ,
Имом Бухорий номидаги
Тошкент ислом институти 2-босқич талабаси.
Ҳозирги кунда “бидъат” сўзини кўпчилигимиз тез-тез эшитамиз. Таъбир жоиз бўлса, бу сўзни билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам ишлатмоқда.
Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатҳул Мубийн” асарида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирган:
“Бидъат сўзи луғатда – ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш”, деган маънони беради.
“Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъатнинг луғавий маъносини: “Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш” деб келтирган.
Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда, хоҳ одатларда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин, Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар.
Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.
Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади.
Демак, Қуръон ва суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.
Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.
Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш, Қуръон қироатини эшитиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.
Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга зийнат бериш.
Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгчиликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзилини чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан холи бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.
Бидъатнинг шаръий-истилоҳий маънолари
Бидъатнинг шаръий – истилоҳий маъноларини “Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” асарининг соҳиби қуйида уч қисм қилиб келтирганлар:
الزِّيَادَةُ وَالنُّقْصَانُ فِي الدِّينِ مِنْ غَيْرِ إِذْنِ الشَّارِعِ
1. “Шореънинг изнисиз динда зиёда ва нуқсонга йўл очиш”.
جَعْلُ غَيْرِ الدِّينِ دِينًا أَوْ مَا يَكُونُ مُشَابِهًا بِالدِّينِ وَلَيْسَ مِنَ الدِّينِ
2. “Диндан бўлмаган нарсани дин деб билиш ёки динга ўхшаш мартабага кўтариш”.
عَمَلٌ مُحْدَثٌ عَلَي نِيَّةِ الْعِبَادَةِ
3. “Динда асли йўқ бўлиб, янги пайдо бўлган нарсани ибодат ниятида бажариш”.
Мазкур таърифларга асосланиб фуқаҳолар икита фиқҳий қоидани жорий қилганлар.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْإِبَاحَةُ
1. “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”. Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْحُرْمَةُ
2. “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”.
Зоҳиран қараганда бир-бирига зид бўлган бу икки қоидани татбиқи шундайки, агар бир киши дунё ишларини осонлаштириш, одамларнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилиш мақсадида бирор нарса масалан машина, телефон ёки турли фойдали мосламалар ўйлаб топиб ихтиро қилса, “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”, қоидасига биноан бу яхши ва мақталган иш ҳисобланади.
Аммо, ибодат ниятида динда бирор нарсани жорий қилиш, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш, “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”, қоидасига биноан бидъат ва ҳаром иш ҳисобланади.
Бидъатнинг турлари.
“Саҳиҳи Бухорий” китобини шарҳлаган Имом Қасталоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Байҳақий Имом Шофеъийдан нақл қилиб: “Китобу суннатга ва ижмога хилоф бўлган ишлар залолатга чорловчи бидъатдир. Аммо, китобу суннатга хилоф бўлмаган яхши ишлар бидъат эмас, балки “Муҳдасоту маҳмуда” яъни кейин пайдо бўлган мақталган ишлардир”, деганлар (Қасталоний. Ж. 1. Б. 302).
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ سَنَّ فِي الإسلام سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا یُنْقَصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَیِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَایُنْقَصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).
Мана шу ва бошқа далилларга таяниб, уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Шариатнинг аслига хилоф бўлмай, шу билан бирга фойдали ва хайрли амаллар бидъати ҳасанадир. Шаръий асосга эга бўлмаган амал ёки эътиқодни жорий қилиш бидъати саййиа дейилади”, деганлар. (“Фатҳул Борий” китоби, Ж. 4. Б. 253).
Бидъати ҳасана – бунга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровиҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилди ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, деди.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.
Бидъати саййиа эса, шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, у шариатимизда рад этилган. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ
“Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ҳадисда кўзланган мақсад диннинг асосий манбалари бўлмиш Китоб, суннат ва ижмога хилоф бўлган ишларни пайдо қилиш бўлса, бас, у рад қилингандир. Аммо дунёвий ҳаётнинг равнақига хизмат қиладиган, инсонларга манфаат берадиган ишларни пайдо қилиш, гарчи Китобу суннатда асоси мавжуд бўлмаса-да, зинҳор бидъат дейилмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси