Рамазон-2020

Рамазондан сўнг...

Рамазон ойида ўзининг вақтини ва молини Аллоҳнинг тоатига сарфлаган ақлли мусулмон ўзига энг муҳим саволни бериши керак, бу ҳам бўлса “Рамазондан кейин нима қиламан?” деган саволдир.

Эй биродар билингки албатта Аллоҳ таоло яхшилик эшикларини йил давомида осон ва енгил ҳолда очиб қўяди. Бахтли инсон бу яхшиликлардан ўз насибасини олишга шошилган инсондир. Шунинг учун Аллоҳдан муваффақият сўраган ҳолда қуйида ўзимга ва биродарларимга Рамазондан кейинги баъзи яхшилик эшикларини эслатиб ўтишни хуш кўрдим:

Фарз намозларни масжидда жамоат билан адо этишни давом эттириш

Албатта Рамазон ойида намозни масжидда адо этишга одатланган мусулмон бу муборак фарз амални давом эттириши лозим. Шунингдек  бу амал яхшиликларнинг энг буюк эшиги эканлигини англаши ва масжидда жамоат билан намоз адо этишлик ҳар-бир эркак, болиғ, оқил ва ўзи ёки ўзгалар ёрдамида масжидга бора оладиган мусулмон учун вожиб эканлигини англаши керак. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: албатта Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Жамоат намози ёлғиз киши намозидан йигирма етти баробар афзалдир” (имом Бухорий ривоят қилган). Эй биродар ёдда тутинг фарз намозни адо этиш учун масжидга қараб босаётган ҳар-бир қадамингиз қиёмат куни сизга хасанотлар қилиб ёзилади. Абу Ҳуройра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинад: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ким ўз уйида таҳорат қилиб, Аллоҳнинг уйларидан бир уйга Аллоҳнинг фарзларидан бир фарзни адо этиш учун юриб борса, унинг икки қадамидан бири ила хатоси ўчади, бошқаси ила даражаси кўтарилади» (имом Муслим ривоят қилган).

Кечалари қоим бўлишни давом эттириш

Намоз бу банда ва унинг Роббиси ўртасидаги риштадир. Агар мусулмон таровеҳ намози ва Рамазоннинг охирги ўн кунлигидаги ибодатларга одатланган бўлса Рамазондан кейин ҳам кечалари намоз ўқишлик унга осон бўлади. Кечаси банда ўз Роббиси билан ёлғиз қолади. Бундан фойдаланиб унга истиғфор айтади ва Аллоҳдан дунё ва охират ҳожатларини сўрайди. Эй биродар агар кечаси тура олмасангиз уйқудан аввал бир неча ракат намоз ўқинг ва билингки кечаси ибодат қилиш солиҳлар ва Аллоҳга мухлис бўлган зотлар одатидур. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни, тунларни ибодат билан ўтказишиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар”. (Сажда сураси 16 оят). Ва яна бир оятда: “Албатта тақводор зотлар (у Кунда) Парвардигор ўзларига ато этган нарсаларни (ажр-мукофотларни) қабул қилган ҳолларида жаннатлар ва чашмалар устида (бўлурлар). Зеро, улар бундан илгари (яъни, ҳаёти дунёдалик чоғларида) чиройли амаллар қилгувчи эдилар. Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар.  Ва саҳарларда улар (қилган саҳву-хатолари учун Парвардигордан) мағфират сўрар эдилар. (Ваз-Зориёт сураси 15-19 оятлар). Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Албатта Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам оёқлари қаваргунча кечаси қоим бўлардилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: Эй Расулуллоҳ нега ундай қиласиз ахир Аллоҳ сизнинг олдингию кейинги гуноҳларингизни мағфират қилганку – деди. у зот, шукр қилувчи банда бўлмишни яхши кўрмайманми» дердилар. Ёшлари улғайганда ўтириб ўқирдилар, рукуъ қилишни ҳоласалар ўрниларидан туриб рукуъ қилардилар. (Бухорий ва Муслим ривоят қилган). Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Саломни таратинг, таомни тарқатинг, инсонлар ухлаб ётганда кечаси намоз ўқинг, саломатлик-ла жаннатга кирурсиз”. (Термизий ривоят қилган).

Яхши-ёмон кунларда кўп дуо қилиш.

Рамазон ойида ифтор вақтида дуо қилишга ўрганган мусулмон Рамазондан кейин ҳам йил давомида дуони канда қилмаслиги керак. Шунингдек ҳар-бир мусулмон банда Аллоҳ таолога холисона яхши-ёмон кунларда қилинган дуоларни қайтармаслигини билиши керак. Бу нарсани Аллоҳ таоло қуйидаги сураларда баён қилди: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бандаларим сендан мен ҳақимда сўрасалар, мен (уларга) яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, улар ҳам менинг даъватимга жавоб қилсинлар ва менга иймон келтирсинлра. (Шунда) шояд тўғри йўлни топсалар”. (Бақара сураси 186 – оят). “Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган ҳамда сизларни ернинг халифа-эгалари қиладиган Зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Камдан-кам эслатма-ибрат олурсизлар!” (Намл сураси 62 – оят). “(Эй инсонлар), Парвардигорларингиз: "Менга дуо-илтижо қилинглар! Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-хаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирурлар", деди.” (Ғофир сураси 62 – оят).

Нуъмон ибн Башийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Дуо бу ибодатдур”- дедилар. (саҳиҳ аби Довуд).

Абу Ҳуройра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Банда Аллоҳга сажда ҳолаида энг яқин бўлади, (шу ҳолатда) дуони кўпайтиринглар”- дедилар. (Муслим ривоят қилган).

Қуръон тиловати ва уни ёд олиш.

Рамазонда Қуръонни тиловат қилиб унинг баъзи қисмларини ёд олишни одат қилган биродарим, бу ишингизга йилнинг бошқа даврида ҳам амал қилинг. Ўзингизга Қуръонни маълум қисмини тиловат қилиб унинг баъзи қисмини имконингиз қадар ёд олишни белгилаб олинг. Аллоҳ таоло бу амалнинг фазилати ҳақида Қуръони каримда шундай дейди:

“Албатта Аллоҳнинг Китобини (Қуръонни) тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан (яъни, улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон, Аллоҳдан ижру-мукофот бўлишидан) умидвордирлар, зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлу-карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта У Мағфиратли ва ўта Шукр қилгувчидир (яъни, озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир)”. (Фотир сураси 29-30 оятлар).

Абу Умома Ал-Боҳилийдан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни - “Қуръонни ўқинглар, чунки у қиёмат куни эгасига шафоатчи бўлиб келади” деганларини эшитдим. (Муслим ривоят қилган).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Кимда ким Аллоҳ таоло китобидан бир харф ўқиса битта яхшилик ёзилади ва бу яхшилик ўн мислига кўпайтирилади, Алиф Лом Мийм харф демайман, лекин Алиф харф, Лом харф, Мийм харф” дедилар. (Термизий ривоят қилган).

Тавба, истиҳфор ва Аллоҳни зикр қилишлик.

Албатта Рамазон ойида тавба қилган, истиғфор айтган ва Аллоҳни зикр қилган мусулмон банда йилнинг қолган вақтида ҳам шундай давом эттириши керак. Чунки Аллоҳ таолони зикр қилишлик тилга енгил ва банданинг қиёмат кунидаги яхшиликлар мезонида оғирдир. Шунингдек бу нарса банданинг ризқи кенглиги, қалб хотиржамлиги ва кулфатлардан озод бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун банда Аллоҳ таоло зикридан ғофил қолмаслиги керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўз китобида шундай дейди: 

“Парвардигорингизни ичингизда ёлвориб, қўрқиб, ошкор бўлмаган сўзлар билан (яъни дилдан) эрта-ю кеч ёд қилинг ва ғофил кимсалардан бўлманг!” (Аъроф сураси 205 оят).

“Эй мўъминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар! Ва эрта-ю кеч У Зотни поклаб  тасбеҳ айтинглар!” (Аҳзоб сураси 41-42 оятлар).

“Улар иймон келтирган ва қалблари Аллоҳни зикр қилиш-эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур”. (Раъд сураси 28 оят).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Эй инсонлар Аллоҳга тавба қилинглар албатта мен ҳар куни юз марта тавба қиламан” (Муслим ривоят қилган).

Абу Ҳуройра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ таоло айтади : Мен бандам ўйлагани кабиман ва у мени эсласа у билан биргаман, агар мени ичида эсласа мен ҳам уни ичимда эслайман, агар мени ўзгалар ичида (ошкора) эсласа уни ҳам улардан яхшилар ичида эслайман, Менга бир қарич яқинлашса унга бир аршин яқинлашаман, Менга бир аршин яқинлашса унга бир қулоч яқинлашаман, Менга юриб келадиган бўлса унга югуриб бораман”. (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Саъд ибн Аби Ваққосдан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ олдиларида эдик шунда улар “Бирортангиз мингта ҳасанотни олишни ҳойламайсизми?”- дедилар. Ўтирганлар орасидан бири “бирортамиз қандай қилиб мингта ҳасанот олади?”- деди. (Расулуллоҳ) дедилар – “Юз марта тасбеҳ айтади шунда унга мингда ҳасанот ёзилади ёки мингта гуноҳи учирилида”.

Аллоҳ таоло хукмига ва Расулуллоҳга бўйсиниш.

Рамазон ойида Аллоҳ таолонинг шариатига эргашиб қуёш чиқишидан ботгунига қадар таом шароб ва шаҳватлардан ўзини ман қилишни одат қилган мусулмон бошқа вақт ҳам ўзининг бошқа ишларида Аллоҳнинг амрига эргашишлиги осон бўлади. Бу банданинг дунёю охиратдаги саодати бўлади. Шунингдек ҳар бир банда Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатига қарши бўлишидан огоҳ бўлиши керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўъмин ва мўъмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ўзлари хоҳлаган ишларини ихтиёр қилишлари жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига осий бўлса, бас, у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди”. (Аҳзоб сураси 36-оят).

“Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир”. (Ҳашр сураси 7-оят).

Абу Ҳуройра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, лекин бош тортганларгина кирмас”- дедилар.

“Эй Аллоҳнинг Расули, ким бош тортади?» дейишди. “Ким менга итоат қилса, жаннатга киради, ким менга осий бўлса, бош тортган бўлади”- дедилар». (Бухорий ривоят қилган).    

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у рад қилингандир”- дедилар». (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Азиз биродарим эсингизда тутинг солиҳ амаллар Аллоҳ олдида қабул бўлиши учун икки шарт бор:

Биринчиси: Амални ёлғиз Аллоҳ учун холис қилиш. 

Иккинчиси: Бу амални бажаришда Расулуллоҳга эргашиш. 

Бу икки шартнинг бирортаси бўлмаса Аллоҳ бундай амални қабул қилмайди. 

Нафл рўза

Азиз биродарим билингки Аллоҳ таолога доимий итоатли бўлишлик ва нафсингизни доимо тарбиялаб боришлик сиздан ҳар доим талаб қилинган амалдир. Мана шу нафс тарбияси учун Аллоҳ таоло ибодатларни йўлга қўйган. Бу ибодатларга қанчалик берилган бўлсангиз нафсингиз тарбияси шунчалик юксалади, қанчалик эътиборсиз бўлсангиз бу тарбиядан узоқ бўласиз. Шунинг учун Аллоҳ таоло учун холис тоат ибодатда бўлганлар энг қалби юмшоқ, солиҳ инсонлар бўлади. Аммо гуноҳлар ва маъсиятлар аҳллари эса қалблари қаттиқ инсонлар бўлишади.

Рўза эса қалбни ҳар-хил касалликлардан тозаловчи амалдир. Шу сабабли Рамазон ойи қалбларни тозаловчи ойдир. Бу рўзадор учун иймонга тўла қалб билан чиқиши учун оладиган улкан фойдасидур. Бу қалб уни бошқа амалларни бажаришга ундайди. Бу амаллардан бири шаввол ойининг олти кунида рўза тутишдир.

Шаввол ойининг олти кунида рўза тутиш фазилатлари:

Абу Айюб Ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”- дедилар». (Муслим ривоят қилган). Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ дедилар “Уламолар дедилар: Бу нарса худди бир йил рўза тутганга ўхшатилди, чунки битта яхшилик ўн баробарига кўпайтирилади. Рамазон ун ой савобига тенг ва олти кун эса икки ойга”. (Бу Насаий китобида марфуъ ҳадисда ва Муслимнинг Нававий шарҳида келган). 

Олти кун рўзасининг сифати

Имом Нававий дедилар: “Устозларимиз айтдиларки: энг афзали Ийд Фитр кунидан кейин кетма-кет тутишликдир, агар бўлиб тутса ёки шаввол бошидан охирига кечиктирса унга кетма-кетлик савоби бўлади, чунки у рамазонга шавволни олти кунини улаган бўлади. (Муслим ривояти, Нававий шарҳи).

Рамазондан сўнг рўза тутиш фойдалари

Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ айтадилар:

Рамазондан сўнг рўзани давом эттиришда жуд кўп фойдалар бор, булардан:

-    Рамазондан сўнг шаввол ойининг олти кунинида рўза тутишлик бир йил рўза тутган савобини беради.

-    Шаъбон ва шаввол ойлари рўзалари фарз намозлардан аввал ва кейин ўқиладиган суннат намозлари кабидир, бу билан фарз амалда бўлган нуқсонлар ўрнини тўлдиради. Албатта қиёмат куни фарз амаллар нафл амаллар билан тўлдирилади. Кўпчилик инсонларнинг фарз рўзаларида нуқсонлик бор шунинг учун бу нарсани ўрнини тўлдирувчи амалга муҳтож бўлади.

-    Рамазон рўзасидан сўнг рўза туишни одат қилиш рамазон рўзасини қабул бўлганлиги аломатидандир, чунки Аллоҳ бир бандани амалини қабул қилса у амал кетидан яна бир солиҳ амалга муваффақ қилади.

-    Албатта Рамазон рўзаси ўтган гуноҳларни мағфиратига сабаб бўлади ва Рамазонда рўза тутганлар ўз амаллари учун Ийд Фитр куни савобларини олишади. Ийд фитрдан кейин рўзани давом эттириш бу неъмат учун шукурона бўлади, чунки гуноҳларни мағфират бўлишидан улуғ неъмат йўқ.

-    Албатта банда ўз Роббига қилаётган амаллари Рамазон тугаши билан тўхтаб қолмайди, балки у банда ҳаёт экан бу амаллар ҳам давом этади. Кўп инсонлар Рамазон тугашига хурсанд бўлишади, бу рўзанинг уларга малол келганлиги ва оғирлик қилганидандир. Кимики шундай бўлса у рўзага тезда қайта олмайди. Ийд Фитрдан сўнг рўзага тезда қайта олган инсон рўза тутишда рағбати борлигини ва рўза унга оғирлик қилмагани ва малол келмаганини билдиради. (Ибн Ражабнинг “Латоифул Маъориф” китобидан).

Албатта рўза ҳасанотларнинг энг афзал йўлидир ва унинг жуда кўп фойдалари бордир. Шунинг учун мусулмон банда рамазондан сўнг маълум бир кунларни рўза тутиш учун белгилаб кўйиши керак. Шавволнинг олти куни, ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари, ҳар ойнинг 13-14-15 кунлари, зул-ҳижжа ойининг 9 – куни, Арафа ва Ашуро кунлари ва Шаъбон ойи шулар жумласидандир.

Абу Ҳуройра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “«Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен - Ўзим берурман, деди. (Бухорий ва Муслим ривоят қилган). 

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, Райён, деб номланур. Қиёмат куни рўзадорлар ундан кирурлар, улардан бошқа бирортаси кирмас. 

«Рўзадор қаерда?» деюрлар. Улар ундан кирурлар. Қачон уларнинг охиргиси кирса, у бекитилур. Ундан бошқа ҳеч ким кирмас», дедилар». (Бухорий ва Муслим ривоят қилган). 

Абу Қатода ал-Ансорийдан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафа куни рўза тутиш ҳақида сўралганларида “Аллабатта у ўтган йилги ва бу йилгига каффорат бўлади” Ашуро куни рўза тутиш ҳақида сўралганларида: “у ўтган йилгига каффорат бўлади”- дедилар.

Хайрия амалларига нафақа қилиш ва фақирларга ёрдамлашиш

Рамазон ойида хайрия амалларини бажаришни одат қилган мусулмон бу хайрли ишларини Рамазондан сўнг ҳам давом эттириши лозим бўлади. Ўз молининг маълум қисмини имкон қадар муҳтож ва фақирларни қўллашга сарфлайди. Бу сабабли бойлар ва камбағаллар орасида улфатчилик ва меҳр-оқибат кенг тарқалади. Ҳар бир мусулмон билиши керакки албатта Аллоҳ таоло бу сарфланган маблағни унинг саломатлиги ва фарзандлари ва молларида ўрнини тўлдиради. Бу борада Аллоҳ таоло шундай дейди: 

“Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзта дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган битта донга ўхшайди (қилинган битта яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишорат қилинмоқда). Аллоҳ  истаган кишиларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, билгувчидир”. (Бақара сураси 261-оят). 

“Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У энг яхши Ризқ бергувчидир.” (Сабаъ сураси 39-оят). 

Абу Ҳуройра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ таоло деди: “Эй Одам боласи нафақа қилгин сенга нафақа қиламан”. (Бухорий ривоят қилган). 

Абу Ҳуройра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “«Бевалар ва мискинлар ёрдамига шошилган Аллоҳ йўлида жиҳод қилган каби ёки кечаси қоим бўлиб кундизи соим бўлгани кабидир”. (Бухорий ривоят қилган).

Абу Кабша ал-Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Уч нарсага қасам ичиб айтаман ёдлаб олинглар: “Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар”. (Термизий ривоят қилган).

Тўғри сўзлик ва Аллоҳ харом қилган ишлардан тийилиш

Рамазон ойида тўғри сўзликни одат қилган ва тилни ёлғон, ғийбат, чақимчиликдан эҳтиёт қилган мусулмон йилнинг бошқа даврида ҳам бу маъсиятли ишлардан эҳтиёт бўлиши керак ва бу ишларга қайтмаслиги керак. Аллоҳ таоло бу борада шундай дейди: 

“Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва (иймонларида) ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз!” (Тавба сураси 119-оят).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Албатта тўғри сўзлик яхшиликка етаклайди, ва албатта яхшилик жаннатга етаклайди. Бир инсон доимо тўғри сўзлайди натижада у содиқлардан бўлади. Ёлғон эса фожирликка етаклайди, фожирлик эса дўзахга етаклайди ва бир киши доимо ёлғон гапирса у Аллоҳ олдида ёлғончи деб ёзилади”. (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Аллоҳ таоло айтади: Эй мўъминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейпшни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни Қабул қилгувчи, Меҳрибондир. (Ҳужурот сураси 12-оят)

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Чақимчи жаннатга кирмайди”- деганларини эшитдим. (Муслим ривоят қилган).

Силаи раҳм қилиш

Рамазон ойида қариндошлик ришталари боғлиқ бўлиб турган бўлса мусулмон инсон бу ришталарни давом эттириши керак ва билиши керакки Аллоҳ таоло қариндошларга яхшилик қилишга амр қилган ва бу амал ризқнинг кенг бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бу борада шундай дейди: “Эй инсонлар, сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳавони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз. Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир.” (Нисо сураси 1- оят).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини эшитдим: “Кимки ризқи кенг бўлишини, ўзгаларга тасири узоқ бўлишини ҳоҳласа силаи раҳм қилсилсин”. (Бухорий ва Муслим ривоят қилган). 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:a

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Силаи раҳм аршга муаллақ туради ва дейди кимки мени боғласа Аллоҳ уни боғлайди, кимки мени узса Аллоҳ уни узади”. (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Фақат Рамазончи бўлишдан эҳтиёт бўлинг

Инсонларни ибодатдаги аҳволини кузатган инсон уларнинг кўпчилигини Рамазон вақтида ибодатга қаттиқ берилганини ва Рамазон ўтгач ўзларининг оддий ҳаётларида бекорчилик ва ибодатларни вақтида қилмасликларини кўриши мумкин. Гўёки Рамазон ойи Роббиси ўзга ойлар Роббиси эмасдек. Кўпчилик инсонларни масжидда намоз ўқишдан узоқлашганини, садақаларни қизғанишларини, нафл рўзаларни тутмасликларини, чиройли хулқдан узоқлашганини кузатиш мумкин. Бишрил Ҳофийга айтилди “Бир қавм борки улар рамазонда ибодатга қаттиқ киришадилар. “Қанадай ҳам ёмон қавм экан, Аллоҳнинг фақат Рамазондаги ҳаққини билишар экан. Йил давомида ибодатга қаттиқ киришган инсонгина солиҳ бўлади”- дедилар. (Ибн Ражабнинг “Латоифул Маъориф” китоби). Алоҳ таоло маълум бир вақтда ибодатга қаттиқ киришиб бошқа вақт ташлаб қўйишдан огоҳлантириб шундай деди: Ва сизлар бир жамоат бошқа бир жамоатдан (сон ё бойлик жиҳатидан) ортиқроқ бўлгани учун қасамларингизни (ўзларингиз аҳдлашган кишиларга нисбатан) алдов воситаси қилишингиз билан (яъни, бошқа бойроқ ва кучлироқ қавмни топсангиз, аввалги қавм билан қилган аҳд-паймонларингиздан кечиб кетаверишингиз билан) худди ўзи тўқиган нарсасини пишиқ-пухта бўлганидан сўнг парча-парча қилиб бузиб чуватиб ташлаган хотинга ўхшаб қолмангиз. Албатта, Аллоҳ бу (аҳдга вафо қилишга буюриш) билан сизларни имтиҳон қилур ва албатта қиёмат кунида сизларга ихтилоф қилиб ўтган нарсаларингизни баён қилиб берур. (Наҳл сураси 92-оят). Ибн Касийр деди: Мужоҳид ва Қатода ва ибн Зайд деди: “Бу аҳд тузиб сўнгра уни бузган инсон кабидир” (ибн Касийр тафсири).

Абдуллоҳ ибн Саржас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Аллоҳим зиёдадан сўнг нуқсондан ўзингдан паноҳ сўрайман”. (Саҳиҳ ибн Можаҳ). Ибн Ал-Асийр деди: бунинг маноси “ишимиз тўғри бўлгандан сўнг бузилишидан, бир жамоат билан бўлиб туриб улардан ажралиб қолишдан”. Бу сўзнинг асл маъноси салла ўралгандан сўнг ечилб кетишидир. (Ибн Асийрнинг Ан-Ниҳоя китоби).

Ҳақиқатдан инсонда заифлик борки уни енгиб ўта олмайди. Ундан ўзининг инсонийлик чегарасидан чиқиш талаб қилинмайди, балки ундан Рамазондан кейин ҳам ўзгармайдиган фарз намоз, закот, садақа каби собит ибодатларни маҳкам ушлашлик, шунингдек доимо талаб қилинадиган тавбани канда қилмаслик талаб қилинади.

Аллоҳ таолодан Ўзининг олдига боргунимизча тоат ибодатда собит қилишини сўраймиз ва қалблар ўзгаришидан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз, ва сўнгги дуоимизни оламлар Роббисига ҳамдлар айтиб якунлаймиз!

Манба: islom.uz 

3274 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Қадр кечасида уйингизда қолиб ибодат қилинг!

Мақолалар

Top