РАМАЗОН-2021

Қуръон тиловатлари кишиларни масжидларга чорламоқда

Иккинчи йилдирки, каронавирус хасталиги бутун дунёга ташвиш солиб турибди. Айни кунларда ҳам бу касаллик янада авж олган. Жаҳоннинг аксарият давлатлари қаттиқ карантин ҳолатига қайтмоқда. Жумладан, қўшни мамлакатларда ҳам ушбу ҳолат кузатиляпти.

Юртимизда эса ҳукуматимиз томонидан халқимиз соғлиғини асраш йўлида жиддий саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Аҳоли навбати билан каронавирусга қарши эмланяпти. Лекин касалланиш ҳолатлари тўхтагани йўқ. Шундай бўлишига қарамай, масжидларимизда муборак рамазон ойининг таровеҳ намозлари ўқилмоқда, хатми Қуръон ўтказилмоқда. Албатта, бу юртдошларимиз учун катта имконият ва бахтдир. Биз ҳам таровеҳ намозларида тиббий ниқоб тақиб, оралиқ масофани сақлашимиз, қўл бериб кўришмаслигимиз керак.

Бугун карантин ҳолатига кирган давлатларда одамлар кўчага ҳам чиқолмай қийналишмоқда. Таълим муассасалари, турли ташкилот ва идоралар фаолияти онлайн режимига ўтган. Шу давлатларда яшаётган мусулмонлар эса таровеҳ намозлари, хатми Қуръонларни соғинишмоқда. Шу маънода, биз шундай бахтга мушарраф қилгани учун Аллоҳ таолога шукурлар айтишимиз керак. Намозларимизда эса юртимиз тинчлиги, каронавирус касаллиги тезроқ халқимиз бошидан аришини Яратгандан сўраб дуои илтижолар қилсак, ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлади.

Масжидларимиз намозхонларга тўлиб, ўзгача тароват касб этмоқда. Муаззину қориларнинг дилтортар тиловатлари эса, мўмин-мусулмонларнинг қалбига иниб, тавба-тазарру ҳамда шукроналик ҳисларини уйғотмоқда. Бир сўз билан айтганда, муаззам Рамазон ойи кишиларни сомъе ва хушу билан ибодат қилишга ундамоқда. Зотан, Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам: “Ким рамазон кечаларида туриб, ибодат қилиш суннатлигига ишониб, савоб умид этиб ибодат қилса, олдинги гуноҳлари кечирилади” (Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган), деганлар. Аллоҳ таоло ҳаммамизни ана шундай саодатга мушарраф этсин.

 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

1577 марта ўқилди
Top