Фиқҳ

Қози Иёс ва бир хоин воқеаси

Умавий халифаларнинг саккизинчиси Умар ибн Абдул Азиз раҳматуллоҳи алайҳ Иёс ибн Муовия раҳматуллоҳи алайҳни Басрага қози этиб таъйинламоқчи бўлганида, дастлаб у киши хоҳламаган.

Қози бўлмаслик учун турли баҳоналарни қилиб кўрган. Халифа ҳам ўта фаросатли зот бўлгани учун юртимга адолатли, ҳақдан тоймайдиган кишини қози қилмасам, кўнглим хотиржам бўлмайди деб, сўзида қаттиқ туриб олиб, охири уни қози этиб таъйинлаган. Ҳа, ҳақиқатда Халифа ҳазратлари адашмаган экан. Халқ у киши танлаган қозидан мамнун эди. У бу соҳада етук ақл-заковат ва ноёб иқтидор эгаси экан, ўта чигал масалаларни ақл бовар қилмас услублар билан еча бошлади. Улардан бири қуйидагича бўлган:
Икки киши унинг олдига бир ишнинг ҳукмини чиқариб беринг, деб келишди. Бири: “Мен бунга омонат қўйгандим. Энди қайтаришини сўрасам, тан олмаяпти”, деди. Шунда қози айбланувчидан бу ҳақда сўради. Айбланувчи ҳеч нарсани тан олмасдан: “Агар даъвогарнинг ҳужжати бўлса, олиб келсин. Бўлмаса, мана мен қасам ичаман”, деди.
(Шариат бўйича бундай ҳолларда даъвогар даъвоси ҳақ эканига ҳужжат – хат ёки тирик гувоҳлар – келтириши керак. Келтира олмаса, қози айбланувчидан Аллоҳ номи билан қасам ичишини талаб қилади. Қасам ичса, унинг сўзи тўғри экани тасдиқланиб, даъвогар ёлғончи экани маълум бўлади. Агар қасам ичишдан бош тортса, аксинча, даъвогар ҳақ экани ва айбланувчи ёлғон инкор этаётгани аниқ бўлади).
Қози бу маккор айбланувчига қасам ичказса, ёлғондан қасам ичиб, даъвогарнинг мулкини еб кетишидан қўрқди-да, даъвогарга қараб: “Бу кишига омонатни қаерда берган эдинг?”, деб сўради. Даъвогар: “Фалон ерда”, деди. Қози: “У ерда бирор нарса бормиди?”, деб сўради. Даъвогар: “Бир катта дарахт бор эди. Унинг остида ўтириб, соясида бирга овқатланганмиз. Қайтиш олдидан унга ўша нарсамни бергандим”, деди. Қози: “Сен ҳозир ўша дарахтнинг ёнига бор. Ўша дарахт ўша нарсангни қаерга қўйганингни ва нима қилганингни ёдинга солса, ажабмас. Кейин ёнимга қайтиб келиб, менга айтасан”, деди.
Даъвогар ўша жойга жўнаб кетгач, қози айбланувчига: “Сен шеригинг келгунича шу ерда ўтириб тур”, деди.
Сўнг қози ҳузурига мурожаат қилиб келган бошқаларга юзланди ва ҳалиги кишини кўз қири билан кузатиб, наригиларни ишларини кўриб чиқа бошлади. Ҳалиги одам анча босилиб, хотиржам бўлиб, ўтган ишларни бироз унутгандай бўлиб турганда, қози дабдурустдан: “Нима дейсан, шеригинг ўша жойга етиб бордими-кан?”, деб савол берди. У ўйламай: “Йўғ-э, нима деяпсиз, у ер бу жойдан анча узоқ”, деб юборди. Шунда қози: “Ҳой бадбахт, ҳали сен молни олган жойингни билиб туриб, омонатни инкор қиляпсанми?! Худо ҳаққи, сен хоин экансан”, деди. Сўнг ҳалиги одам даҳшатга тушиб, қўлтиғидан тарвузи тушиб, қотиб қолди ва хиёнатига иқрор бўлди. Қози уни шериги келгунича қамаб қўйди. Шериги келгач, унга омонатини қайтариб беришга буюрди...


Баҳодир Баҳромжон ўғли

Read 8662 times
Top