Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Август, 2026   |   22 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:50
Қуёш
05:18
Пешин
12:34
Аср
17:29
Шом
19:40
Хуфтон
21:10
Bismillah
05 Август, 2026, 22 Сафар, 1448

Закот–мол-мулк покловчиси

04.04.2018   16705   7 min.
Закот–мол-мулк покловчиси

Закот – Ислом динининг беш асосий рукнидан бири (иймон ва намоздан кейинги учинчиси). Шу билан бирга у Исломнинг ижтимоий  рукнлари сирасига киради. Чунки  Аллоҳ Таоло Тавба сурасининг 11-оятида шундай марҳамат қилади:

فَإِنْ تَابُوا وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَآَتَوُا الزَّكَاةَ فَإِخْوَانُكُمْ فِي الدِّينِ

 Яъни, “Агар тавба қилсалар, намозни қоим қилсалар ва закот берсалар, бас улар диндаги биродарларингиздир”. Ушбу оятдан келиб чиқиб, илк Ислом даврида киши закот бериш билан жамият ҳаётига кириб келган. У орқали биродарлик ҳуқуқига, ана шу жамиятга тегишлилик ҳуқуқига ҳақли бўлган.

  Закот – Аллоҳдан бўлган фарз. Лекин у жамоаларга умумий тарзда фарз қилинмаган. Закотни ана шу жамоалардан Аллоҳ ва Охират кунидан умид қилувчиси адо этади. Охиратга ишончи заиф, қалбида молга бўлган муҳаббати Аллоҳга бўлган муҳаббатдан устун кимсалар уни ташлаб қўядилар, бефарқ муносабатда бўладилар. Шундай бўлсада, Араб халифалигида инсонлар молидан закот олишни давлат ўз  зиммасига олган.

 Давлат нега инсонларга фарз қилинган ибодатга масъул бўлиши керак, ахир мол уларники-ку, нима учун закотга ажратилган молларини ўзлари беришмаган? Сабаби Аллоҳ Таоло закот бериладиган тоифаларни зикр эта туриб, улар сафига “садақа ишида ишловчиларга” деб, закот йиғувчиларга  ҳам закотдан тайин қилди. Яъни Аллоҳ Таоло махсус шахсларни муайян вазифага – инсонлар молидан закот беришга тайинлади ва уларни “والعاملين عليها” (“унинг ишида ишловчилар”) деб атади.

  Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам даврида закот Қуръонда келтирилган кўрсатмаларга амал қилиниб олинган. У зот соллоллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётганларида: “Сен уларга Аллоҳ бойларининг молларидан олиниб, камбағалларига қайтадиган садақа фарз қилганини ўргат. Молларининг яхшисини олишдан ҳазир бўл. Мазлумнинг дуосидан қўрқ, чунки унинг ва Аллоҳнинг орасида ҳижоб – парда бўлмайди”, деб айтганлар. Шайхулислом Ҳофиз ибн Ҳижр ҳазратлари: “Бу ҳадис шунга далолат қиладики, имом, яъни бошлиқ – закотни  ё ўзи ё ноиби йиғувчи ва уни сарфловчи шахс. Улардан ким буни маън қилса, ундан қаҳр етади”, деганлар.

    Ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг закот йиғиш, уни ёзиб бориш, сарфлаш ишларига кўмаклашган саҳобаи киромлар зикр этилган:

– Саҳиҳайнда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ҳадисда Умар розияллоҳу анҳу;

– Абу Довуд ривоятида Абу Масъуд розияллоҳу анҳу элчи қилиб юборилганлиги келтирилган;

– Аҳмад ривоятида Ҳузайфа розияллоҳу анҳу;

– Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Бани Мусталақ қабиласига – Валид ибн Уқба юборилгани айтилган;

– Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу – Фазорага;

– Заҳҳок ибн Суфён Килоний – Бани Килобга;

   Бундан ташқари Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам араб оролларидан бошқа иқлимларга ҳам элчиларини жўнатганлар:

 – Муҳожир ибн Умайя – Санога;

– Зиёд ибн Лабид – Ҳазромавтга;

– Аъло ибн Ҳазрамий – Баҳрайнга;

– Али розияллоҳу анҳу – Нажронга боришган.

    Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг закотдаги котиблари – Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу эди. Агар у киши йўқ бўлсалар ёки узрли сабаблари бўлса, Жаҳм ибн Султ ва Ҳузайфа ибн Яман розияллоҳу анҳумалар  ёзишган.

  Келган мактубларни баъзи саҳобалар таржима қилишган. Бу вазифани  Ҳузайфа ибн Яман, Арқам ибн Абуларқам, Холид ибн Саъд розияллоҳу анҳумлар бажарганликлари ривоят қилинади. Табарий ривоятида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Икрима ибн Абу Жаҳл розияллоҳу анҳуни вафот этган йиллари Ҳавозин қабиласига жўнатиб, уларнинг мактубини таржима қилдирганликлари айтилган.

   Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам  закот йиғувчиларга молларнинг эгалари билан муомала қилишни, доимо уларга юмшоқ бўлишни, Аллоҳнинг ҳаққида эътиборсизлик қилмасдан уларга  енгиллик қилишни ўргатар эдилар.

   Жарир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: “Аъробийлардан бўлган кишилар гуруҳи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб: “Закот  йиғувчилар  бизларга келиб зулм қилишяпти,” дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уларга: “Закот йиғувчингиздан  рози  бўлинг”,  дедилар”.

  Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб: “Агар мен закотни сизнинг элчингизга берсам, Аллоҳ ва Унинг Расулига беришдан халос бўламанми?  (Яъни, шу кифоя қиладими?)”, деди. Улар: “Ҳа, Аллоҳ ва Унинг Расулига уни беришдан халос бўласан, сенга ажр бўлади, уни ўзгартирганга эса гуноҳ бўлади”, дедилар.

  Бу ҳолат  Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам даврларида ўзгармай келди. Ҳулофаи рошидинлар даврида ҳам бу анъана давом этди. Имом Байҳақий Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумалар закот йиғиш учун одам юборганликларини ривоят қилган. Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам юқоридаги ҳадисни ривоят қиларканлар, улар ҳеч қайси йили буни кечиктирмаганларини зиёда қилганлар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўз даврларида “Муҳаммад ўлди, энди закот бермаймиз!” деганларга қарши кураш очганлар.

 Умар розияллоҳу  даврига келиб Ислом сарҳадлари анча кенгайган, мусулмонлар ортган. Улар ҳам юқоридаги анъанани давом этганлар ҳамда закот ва ўлжалар йиғиш учун махсус давлат хазинасини – Байтул молни ташкил этганлар. У зот фақатгина Рамода йили (Мадинада қурғоқчилик ва очлик бўлган йил)  ҳолат тақозосига кўра закот олишни кечиктирганликлари ривоят қилинган.

   Аллоҳ ва Унинг Расули инсонларга закотларини уларга бошлиқ кишига топширишни буюрган. Ибн Умар розияллоҳу  анҳума: “Закотларингизни Аллоҳ сизга бошлиқ қилган кишига топширинг, гарчи у хамр ичса ҳам. Ким яхшилик қилса ўзига яхши, ким гуноҳ қилса, ўзига зарар”, деб айтганлар.

  Саҳл ибн Абу Солиҳ отасидан ривоят қилади: “Менинг молим закот нисобига етган эди. Саъд ибн Абу Ваққос, Ибн Умар, Абу Ҳурайра, Абу Саид Ҳудрий розияллоҳу анҳумлардан  уларни тақсимлайми ёки султонга берайми,  деб сўрадим. Уларнинг барчалари менга султона беришимни буюришди. Мен “Бу султоннинг нима қилаётганини кўряпсизку,” дедим. (У вақтда ҳокимият Умавийларда эди). Уларнинг барчалари: “Ҳа, уни султонга беравер”, дейишди ва ҳеч бирлари ихтилоф қилишмади”.

   Шундай қилиб, Аллоҳ Таолонинг бандаларига фарз этиб жорий этган закотни йиғишни Ислом дини қай даражада тартибга солгани ҳақида қисман маълумотга эга бўлдик. Қодир Аллоҳ барчамизни закот берувчи ва шу орқали нажот топувчи бандаларидан бўлишимизни муяссар айласин!

 

Юсуф Қарзовийнинг  “Закот фиқҳи” китоби асосида

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ислом билим юрти

 мударрисаси Кенжабой ГУЛРУХ

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Фиқҳ
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Натижани тадбирлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз”

05.08.2026   485   17 min.
“Натижани тадбирлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз”

#Вакилликлар фаолиятидан


Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 14 та ҳудудий вакиллиги фаолият юритади. Улар тасарруфида жами 2161 та масжид бўлиб, 3000 дан зиёд имом-хатиб ва имом ноиби хизмат қилади. Ушбу рукнимизда ҳудудий вакиллар билан туркум суҳбатларни режа қилганмиз. Шу мақсадда Қашқадарё вилоятида бўлдик.


Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби, “Имом Бухорий” ордени соҳиби, Уламолар кенгаши аъзоси Раҳматулло домла УСМОНОВ билан суҳбат


– Ассалому алайкум, домла. Суҳбатимизни Сиз вилоят бош имом-хатиби сифатида иш бошлаган даврлардан бошласак. Дастлаб вакиллик фаолиятини таҳлил қилиб, қандай оғриқли нуқталар, тезкорлик билан ҳал этилиши керак бўлган муаммоларни кўрган эдингиз ва бугунги кунда улар қанчалик ҳал этилган?..


– Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ. Бундан роса 14 йил олдин – 2012 йилнинг июль ойида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакили ҳамда вилоят бош имом-хатиби сифатида фаолият бошлаганман. Ўшанда вакилликнинг фаолиятини атрофлича таҳлил қилиб, тизимли ёндашувни талаб этадиган қатор вазифаларни белгилаб олганмиз.


Хусусан, масжидлар фаолиятини ягона тартиб ва талаблар асосида ташкил этиш, имом-хатиблар ва диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий салоҳиятини юксалтириш, ижро интизоми ва ҳисобдорликни кучайтириш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида соғлом диний-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш, жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини янада самарали йўлга қўйиш кабиларга алоҳида эътибор қаратдик.


Бугунга келиб вакилликда 22 нафар салоҳиятли, ўз ишининг мутахассиси бўлган ходим ишламоқда. Замонавий моддий-техник баъзамиз бор. Вилоятдаги 187 та масжид фаол ишлаб турибди. 


Масжидларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳужжатлар юритилишини такомиллаштириш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш сифатини ошириш, шунингдек, вакиллик тизимида мазкур йўналишлар бўйича ишларни самарали ташкил этиш, вазифалар ижросини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш мақсадида тегишли бўлимларни ташкил этиш зарурати ҳам бор эди.


Ўтган йиллар давомида мазкур йўналишлар бўйича аниқ режалар асосида тизимли ишлар амалга оширилди. Натижада вилоят вакиллиги ҳамда масжидлар фаолияти янада такомиллаштирилди. Вакиллик тузилмасида тегишли штат бирликлари жорий этилиб, соҳанинг устувор йўналишлари бўйича малакали мутахассислар ишга қабул қилинди. Бу эса фаолиятни самарали ташкил этиш, вазифалар ижросини мувофиқлаштириш, назорат механизмларини кучайтириш ҳамда жойлардаги ишларни сифатли йўлга қўйиш имконини берди.


Имом-хатиблар учун мунтазам малака ошириш ва ўқув-семинарлар йўлга қўйилди, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ва маънавий-маърифий тадбирлар кўлами сезиларли даражада кенгайди. Йилига «Жаҳолатга қарши маърифат» ғоясини кенг тарғиб этиш, экстремизм, терроризм, миссионерлик ва ёт ғояларга қарши курашиш, ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, гиёҳвандлик, ўз жонига қасд қилиш, эрта турмуш ва ажримларнинг олдини олиш, ёшлар, меҳнат мигрантлари ва ҳарбий хизматчилар билан манзилли ишлаш, соғлом турмуш тарзи, оила мустаҳкамлиги, маънавий қадриятлар, ижтимоий тармоқлардаги виртуал таҳдидлардан ҳимоя, атроф-муҳитни асраш ҳамда маҳаллада тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга қаратилган 35 мингдан ортиқ кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилади.


Ўша даврда имом-хатиб ва диний соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш зарурати бор эди. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҳамда муфтий ҳазратларининг ташаббуслари ва бевосита бошчиликлари билан масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиблар ва имом-ноиблари ойлик иш ҳақи билан таъминланди. Бу эса уларнинг ижтимоий барқарорлигини мустаҳкамлаш, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан ва масъулият билан адо этиши учун муҳим омил бўлмоқда.


Таъкидлаш жоизки, муҳтарам Юртбошимиз томонидан берилаётган имкониятлар натижасида вилоятимизда ҳаж зиёрати учун ажратиладиган квоталар йилдан-йилга ошиб, фуқароларнинг муқаддас зиёрат амалини адо этиш имкониятлари кенгайиб бормоқда. Хусусан, 2012 йилда вилоятдан бор-йўғи 150 нафар фуқаро ҳаж зиёратини амалга оширган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич йилига 800 нафардан ошди. Бу эса соҳада амалга оширилган ташкилий ишлар ва зиёратчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифати анчайин ошганини кўрсатади.


– Вилоятдаги 180 дан ортиқ жоме масжидларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, айниқса, тарихий ва меъморий аҳамиятга эга бўлган қадимий масжидларни асл қиёфасини сақлаган ҳолда таъмирлаш ишларида вакиллик маҳаллий аҳоли ва ҳомийлар билан алоқаларни қандай мувофиқлаштирмоқда?


– Вилоятдаги жоме масжидлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг ободлиги ва фаолияти учун муносиб шароит яратиш масаласи доимо эътибор марказимизда бўлиб келмоқда. Бу борада ишлар тизимли, шаффоф ва жамоатчилик билан ҳамкорлик асосида ташкил этилган. Айниқса, тарихий ва меъморий аҳамиятга эга бўлган қадимий масжидларни таъмирлашда уларнинг асл қиёфаси, миллий меъморий услуби ва тарихий қимматини сақлашга алоҳида аҳамият қаратилади. Бундай объектларда ҳар қандай иш тегишли мутахассислар тавсиялари ва белгиланган талаблар асосида амалга оширилади.


Масжидларни ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларида маҳаллий аҳоли, саховатпеша ҳомийлар ва жамоатчиликнинг иштироки муҳим ўрин тутади. Вакиллик томонидан ушбу жараёнлар мувофиқлаштирилиб, ҳомийлик ташаббусларининг мақсадли ва самарали йўналтирилиши таъминланмоқда.


Фаолиятимни бошлаган пайтимда вилоятимизда 182 та жоме масжид фаолият юритар эди. Айтиб ўтилганидек, бугунги кунда уларнинг сони 187 тага етди. Ўтган 14 йил давомида 58 та масжид замон талабларига мос равишда қайта бунёд этилди, 100 дан ортиқ масжидда эса кенг кўламли таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Мисол учун, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида 2 та – Чироқчи туманидаги "Абу Бакр Сиддиқ" ҳамда Китоб туманидаги "Шайх Собир" масжидлари қайта қурилиб, муборак Рамазон ойида масжиднинг янги биноси намозхонларга топширилди.


Шунингдек, намозхонлар учун муносиб ва қулай шароитлар яратиш мақсадида 70 дан ортиқ таҳоратхоналар тўлиқ қайта қурилиб, замонавий талаблар асосида фойдаланишга топширилди.

 

– Кейинги йилларда вакиллик томонидан имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари малакасини ошириш, уларнинг нафақат диний, балки дунёвий, сиёсий-ижтимоий билимларини замон талабларига мослаштириш бўйича қандай тизимли дастурлар ва ўқув семинарлари ташкил этилди?

 

– Имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари малакасини ошириш, уларнинг замон талабларига мос билим ва кўникмаларини шакллантириш Қашқадарё вакиллиги фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан ташкил этилаётган малака ошириш курслари, ўқув-семинарлар ва қайта тайёрлаш машғулотларида имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари мунтазам иштирок этиб келмоқда. Ҳозирги кунга қадар вилоятдаги 187 нафар имом-хатиб ҳамда 91 нафар имом ноиблар Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳузуридаги  Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институтида ҳамда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида малака ва кўникмаларини оширишди.


Айниқса, имом-хатибларнинг олий диний маълумотга эга бўлишини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2012 йилда вилоятдаги имом-хатибларнинг атиги 16 нафари  олий маълумотга эга бўлган бўлса, сўнгги 14 йил давомида бу кўрсаткич кескин ошиб, бугунги кунда имом-хатибларнинг олий маълумотлилари 90 нафардан ошди. Ҳозир ҳам олий маълумотга эга бўлмаган 20 нафар имом-хатиб Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида модул тизими асосида таҳсил олиб, ўз билим ва салоҳиятини оширмоқда. Бу ишлар изчил давом эттирилиб, яқин истиқболда 100 фоиз олий диний маълумотли мутахассислар сифатида шакллантириш мақсад қилинган. Зеро, бугунги кунда имом-хатиблар нафақат диний илм соҳиби, балки кенг дунёқарашга эга, жамият билан самарали мулоқот қила оладиган, замонавий жараёнларни тўғри англайдиган маънавий-маърифий етакчи бўлиши замон талабидир.


– Вилоятдаги Қуръони карим ва тажвид курслари фаолияти ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз...


– Қуръони карим ва тажвид курслари фаолияти аҳоли орасида диний билимларни фақат белгиланган тартиб ва малакали мутахассислар орқали олиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бу эса ўз навбатида норасмий диний таълим масканлари фаолиятининг олдини олиш, диний саводхонликни ошириш ва соғлом маърифий муҳитни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.


Вилоят вакиллиги ҳамда Китоб туманидаги "Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом таълим муассасаси қошида фаолият юритаётган Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари орқали ҳар йили жами 1560 нафар тингловчи Қуръон тиловати ва тажвид қоидалари бўйича зарур билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда. Бу эса аҳоли диний саводхонлигини ошириш, ёш авлодни илмий-маърифий руҳда тарбиялаш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.


– Аёл-қизлар орасида диний-маърифий ишларни юритадиган отинойилар фаолиятини тартибга солиш, уларнинг диний тушунчаларини ўстириш, хотин-қизлар орасида ёт ғоялар тарқалишининг олдини олиш борасида вакиллик қандай натижаларни кўрсата олди?


– Аёл-қизлар ўртасида диний-маърифий фаолият олиб бораётган отинойиларнинг ишини ягона тизим асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган. Илгари бу йўналишда муайян тажриба мавжуд бўлган бўлса-да, фаолиятни мувофиқлаштириш, илмий салоҳиятни мунтазам ошириш ва назорат қилиш механизмларини янада такомиллаштириш зарурати бор эди.


Шу мақсадда ҳар бир отинойининг билим даражаси, фаолият йўналиши ва масъулият доираси қайта кўриб чиқилди. Ҳозирги кунда воҳада фаолият юритаётган жами 284 нафар отинойининг малакасини ошириш мақсадида тизимли ўқув-семинарлар, суҳбатлар ва давра йиғинлари йўлга қўйилди. Таҗрибали уламолар ва мутахассислар иштирокида ақида, фиқҳ, тафсир, ҳадис, миллий қадриятлар, оила мустаҳкамлиги ҳамда замонавий ахборот маконида учраётган мафкуравий таҳдидларга қарши маърифий машғулотлар ташкил этилди. Улар фаолияти мониторинг қилиниб, аҳоли билан ишлаш самарадорлиги доимий таҳлил қилиб борилмоқда.


Бугунги кунда бу ишлар ўзининг амалий натижасини бермоқда. Отинойилар маҳаллаларда хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, уларнинг мурожаатларини ўрганиш, диний саводхонликни ошириш ва соғлом маънавий-маърифий муҳитни шакллантиришда фаол иштирок этмоқда. Айниқса, эрта никоҳ ва ажримларнинг ҳамда ёт ғоялар ва турли бузғунчи қарашлар улар муносиб ҳисса қўшмоқда.

 

– Дарвоқе, оилавий ажримлар, ўз жонига қасд қилиш ёки жиноятчилик каби оғир ижтимоий муаммолар энг кўп кузатиладиган маҳаллалар билан ишлашда имомларнинг масъулияти ва ҳисобдорлиги қандай бўлмоқда?

 

– Вакиллик томонидан имом-хатибларнинг маҳалла фаоллари, хотин-қизлар ва ёшлар билан манзилли ишлаш масъулияти янада кучайтирилган. Айниқса, оилавий ажримларнинг олдини олиш, нотинч оилалар билан ишлаш, ёшларни турли салбий таъсирлардан асраш ва жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар ой туманларда сайёр йиғилишлар ўтказилиб, жойлардаги мавжуд ҳолатлар, долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилиб борилмоқда. Мазкур йиғилишларда имом-хатибларнинг масъулияти, маҳаллалар билан ҳамкорлиги ва амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги таҳлил қилинади. Хусусан, ўтган йил якуни бўйича вилоят миқёсида имом-хатиблар томонидан маҳаллаларда мингдан ортиқ оила билан манзилли ишлар олиб борилди. Улар билан ўтказилган суҳбатлар, маънавий-маърифий тадбирлар ва тушунтириш ишлари натижасида бир қатор оилавий низоларнинг олди олиниб, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштиришга эришилди.


Муҳими, имом-хатиблар иши фақат ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, балки инсонлар тақдирига ижобий таъсир кўрсата олган амалий натижалари билан баҳоланмоқда. Шунинг учун имомларимиз маҳаллада халқ билан яқин мулоқот қиладиган, оила, жамият барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшадиган маънавий-маърифий раҳнамо сифатида ўз масъулиятини чуқур англаб, фаолият олиб бормоқда.


– Ижтимоий тармоқларда даъват ишларини олиб бориш, nasafziyo.uz сайти ва ижтимоий саҳифаларни юритишда вакиллик қошида махсус медиа гуруҳ ёки замонавий кадрлар жамоаси шакллантирилганми?


– Бугунги ахборот асрида интернет маконидаги диний-маърифий фаолият муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу боис, вакиллик томонидан замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, ижтимоий тармоқларда аҳоли, айниқса, ёшлар билан мулоқотни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


Бу борада вакилликда замонавий талабларга жавоб берадиган медиа хонаси ташкил этилиб, зарур замонавий техник жиҳозлар билан таъминланди. Шунингдек, диний-маърифий контентларни тайёрлаш, таҳрир қилиш ва кенг жамоатчиликка етказиш йўналишида фаолият олиб борувчи малакали кадрлар жалб қилинган.


Мазкур тизим орқали ўн бир йилдан буён фаолият юритиб келаётган nasafziyo.uz веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар мунтазам юритилмоқда. Шунингдек, 2017 йилда ташкил этилган Telegram канали бугунги кунда кенг аудиторияга эга бўлиб, аҳолига тезкор ва ишончли диний-маърифий ахборотларни етказишда муҳим ахборот майдонига айланган.


Шунингдек, бугунги кунда вилоятимиздаги ҳар бир масжиднинг Telegram, YouTube, Facebook ва Instagram саҳифалари ҳамда гуруҳлари фаолият юритиб, уларнинг умумий аъзолари сони 310 минг нафардан зиёдни ташкил этади. Жумладан, биргина nasafziyo телеграм каналининг 120 мингдан ортиқ аъзоси бор. Шунингдек, Улар орқали аҳолига долзарб маънавий-маърифий материаллар, диний-маърифий тавсиялар, масжид фаолиятига оид янгиликлар ҳамда эълонлар мунтазам етказиб борилмоқда.


Албатта, рақамли макон доимий равишда янгиланиб бораётгани сабабли бу йўналишдаги ишлар ҳам узлуксиз такомиллаштирилмоқда. Асосий мақсад — замонавий медиа имкониятларидан фойдаланган ҳолда халқимизга, айниқса, ёш авлодга сифатли, ишончли ва таъсирчан диний-маърифий ахборотларни етказиб беришда давомли изланишдамиз.


– Вакилликнинг «Вақф» хайрия жамоат фонди вилоят филиали билан биргаликда кам таъминланган оилалар, етимлар ва ногиронлиги бор шахсларга ёрдам бериш борасидаги фаолияти сўнгги йилларда қанчалик шаффофлашди ва хайрия тадбирлари кўлами воҳа миқёсида қанчалик кенгайди?


– «Вақф» хайрия жамоат фонди вилоят филиали билан ҳамкорликда аҳолига ижтимоий кўмак кўрсатиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва хайрли ташаббусларни амалга ошириш фаолиятимизнинг ажралмас қисми ҳисобланади.


Ёрдамга муҳтож оилалар, етимлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳолати ўрганилиб, уларга зарур кўмаклар ўз вақтида етказиб берилмоқда. Жумладан, Рамазон ойи ва Қурбон ҳайити арафасида давлатимиз раҳбари томонидан ажратилган маблағлар белгиланган тартиб асосида эҳтиёжманд оилалар, етимлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга етказиб берилди. Бу хайрли ишлар халқимизга бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.


Амалга оширилаётган ҳар бир хайрли ташаббус манзиллилик, очиқлик ва адолат тамойиллари асосида ташкил этилиб, воҳамизда хайрия ишларининг кўлами ва самарадорлиги йилдан-йилга ортиб бормоқда. Яқинда кўмакка муҳтож бир оилага уй қуриб беригани ҳам сўзимизнинг бир далилидир.


– Бу заминдан етишиб чиққан улуғ зотларнинг бой илмий мероси, қадамжолари тарихини халқаро ва республика миқёсида тарғиб қилиш борасидаги ишларга ҳам тўхталиб ўтсангиз...


– Бу воҳадан етишиб чиққан Абу Муин ан-Насафий, Абу Бакр ал-Косоний, Абу Ҳафс Насафий, Абу Ҳафс Кеший, Абу Шакур ас-Солимий, Паздавий каби кўплаб алломаларнинг илмий мероси нафақат юртимиз, балки бутун ислом олами маънавий хазинасининг ажралмас қисмидир.


Вакиллик фаолияти давомида ушбу бой илмий-маърифий меросни ўрганиш, тарғиб қилиш ва кенг жамоатчиликка етказишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, алломаларимиз ҳаёти ва илмий фаолияти, улар билан боғлиқ тарихий масканлар ва қадамжоларни ўрганиш, уларнинг маънавий аҳамиятини ёритиш борасида илмий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва тарғибот ишлари амалга ошириб келинмоқда.


Аллоҳ таоло дин равнақи, юрт тинчлиги йўлида хизмат қилаётган барча юртдошларимизни икки дунёда мукофотласин! 

 

ЎМИ Матбуот ва медиа бўлими мутахассиси

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.

“Натижани тадбирлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз” “Натижани тадбирлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз” “Натижани тадбирлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз” “Натижани тадбирлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз” “Натижани тадбирлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз” “Натижани тадбирлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз” “Натижани тадбирлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз” “Натижани тадбирлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз” “Натижани тадбирлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз” “Натижани тадбирлар сони биланмас, жамиятга қўшилган ижобий таъсир билан баҳолаймиз”
Ўзбекистон янгиликлари