Ғусл сўзи фуқаҳолар тилида баданни ювиш маъносидадир. Агар бутун баданга сув оқизилмаса, бадан ювилган ҳисобланмайди. Намлаш ёки ҳўллаш ювиш дегани эмас, ювишда сув бутун бадан бўйлаб оқиши керак. Ғуслнинг рукни сувни баданнинг ҳамма тарафига оқизиб етказишдир. Сувнинг бир марта етиши фарздир. Агар баданнинг озгина жойига, масалан, бирор тук тагига сув етмай қолса ҳам, ғусл қилинмаган бўлади. Демак, бутун баданга сув етказиб ювиш ғуслдир. Аллоҳ таоло: “Агар жунуб бўлсаларингиз, покланингиз – чўмилингиз!” яъни, баданларингизни поклангиз, деган (Моида сураси, 6). “Баданларингизни поклангиз” буйруғи зоҳиру ботинни қамраб олади. Яъни, “бадан”нинг устини ҳам, ичини ҳам, хуллас, “қийналмай тозалаш мумкин бўлган ҳамма жойини тозалаш керак”, деганидир.
ҒУСЛ ҲУКМЛАРИ ҲАҚИДА
Ғуслда баданнинг ичкарисидан ҳисобланган оғиз‑бурунни чайқаш фарз. Демак, бутун баданга сув етказиш ва оғизни чайиш, бурунни ачиштириб чайқаш фарз бўлди. Агар оғиз ва бурун чайқалмаса, бутун бадан неча марта ювилса ҳам, ғусл адо бўлмайди. Оғиз ва бурунни чайқаш таҳоратда фарз эмас, суннат эди. Бунинг сабаби, оғиз ва бурунга сув етказиш қийинлигидан эмас, балки таҳоратда юзни ювиш фарз бўлгани учундир. Оғиз ва буруннинг кўз тушадиган ташқи томони юз ҳисобланса ҳам, ичи юз ҳисобланмайди. Аллоҳ таоло “ғусл қилишда бутун баданларингизни тозаланглар” деб буюрган, баданнинг ичию ташқарисини – қийналмай ювиш мумкин бўлган ҳамма жойини ювиш ғусл ҳисобланади.
Ғуслда соқолнинг тагига сув етказиш шарт бўлгани каби унинг ораларига ҳам сув етказиш шарт. Демак, соқолни ҳам тўлиқ ювиш керак. Шунингдек, сочи ўрилмаган, балки ёйилган аёл ҳам ғуслда сочини тўлиқ ювиши ва ораларига тўлиқ сув етказиши шарт. Фақиҳ Абу Жоҳир Бандовий ҳам шундай деганлар. Чунки соч-соқолга шу ҳолатда қийналмасдан сув етказиш мумкин. Аммо аёл кишининг сочи ўрилган бўлса, уни ёйиб ювиш керакми? Бу тўғрида уламоларда икки хил ҳукм бўлди. Баъзилари агар сочи ўрилган бўлса ҳам, сочини ёйиб унинг ораларига сув етказиш керак, дедилар. Пайғамбаримиздан : “Ҳар бир тук остида жунублик бордир. Огоҳ бўлинглар, сочнинг ҳар бир тукини ҳўлланглар ва туксиз баданни покланглар” мазмунли ҳадис ҳам ривоят қилинган. Яъни, тук бўлмаган жойларини тўлиқ ювганингиз каби бадандаги тукларни ҳам ювинглар, соч-соқол каби тукларга ҳам сув етсин, деб буюрдилар. Демак, агар аёл кишининг сочи ўрилган бўлса, уни ёзиб, ораларига сув етказиб ювиши шарт, дейдилар айрим уламолар. Баъзи уламолар, соч ўрилган бўлса, уни ёйиб, ҳар бир соч орасига сув етказиш вожиб эмас, дейишади. Мазҳабимизнинг улуғларидан шайх имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Бухорий ҳам шу ҳукмни ихтиёр қилганлар. Шу ҳукм тўғридир. Бунга далил шуки, Умму Салама онамиз: “Мен бошимдаги кокилимни қаттиқ боғлаб ўраман, ғусл қилганимда шуни ечиб ғусл қилишим керакми?” деб сўраганларида Расулуллоҳ : “Бошингдан ва бутун баданингдан сув қуйгин ва ўша қуйган сувинг сочинг тагига етиб борса, кифоя қилади”, дейиш билан мана шу енгилликни берганлар. Чунки шариат аёл кишига ўриб боғланган сочини ечишга буюрса, унга танглик-қийинчилик бўларди. Аммо ўрилмаган сочга нисбатан айтиладиган “ҳар бир соч орасига сув етсин” деган гапда ҳеч қандай қийинчилик йўқ. Ҳадисдан шу маъно чиқади.
Юқорида келтирилган “ҳар бир тук тагида жунублик бор, ҳар бир тукни ювинглар, ҳар бир тукка сув етсин” ҳадисидан: агар соч ёйилган бўлса, шундай қилинглар, деган маъно келиб чиқади. Умму Салама онамиздан ривоят қилинган кейинги ҳадис эса ўрилган сочни ғуслда ёйиш шарт эмаслигига далил бўляпти. Демак, ғусл вақтида сочни ёйиш шарт эмас, лекин ҳар бир тола соч тагига сув етмаса, ғусл бўлмайди.
Киндикнинг ичига ҳам сув етказиш вожибдир. Киндикнинг ичи ҳам баданнинг ташқариси ҳисобланади ва ғусл вақтида у ҳам ювилган бўлиши керак. Чунки киндикка қийналмай сув етказиш имкони бор. Демак, киндик ичига намланган ҳўл бармоқ киритилса, тоза бўлади ва ундаги бир дона тук тагига ҳам сув етмай қолмайди. Аёл киши ғусл қилганда ташқи жинсий аъзосини ювиши лозим. Чунки уни ҳам қийналмай ювиш мумкин.
Динимиз ғусл вожиб бўлмаган баъзи ҳолларда ҳам ювинишга буюради. Масалан, жума намозига чиқишдан олдин ғусл қилинади. Зеро, жамоат жойида, хусусан, руҳий поклик маскани – масжидда кишидан бадбўй ҳид келиб туриши суннатга хилофдир. Айниқса, бу ҳолат ёз ойларида жуда сезилади. Динимиз барча соҳада покликка буюриб турсаю, мусулмон одам қандай унга зид иш қилиши мумкин? Ислом уммати ўзининг сўзи билан ҳам, амали билан ҳам, ҳатто баданидан чиқадиган ҳид билан ҳам бировга озор етказмаслиги керак. Бировга озор тегишини истамаган киши ўзига қараши, сўнгра буни бошқаларга ҳам насиҳат қилиб, тушунтириши лозим. Чунки поклик дини бўлган бизнинг динимизда бутун вужуд ва қалб поклиги ҳар бир киши учун катта аҳамият касб этади.
Ювиниб олиш жуда осон бўлиб қолган ҳозирги замонда пок ва тоза юриш ҳамма учун, айниқса, мусулмон учун оддий ҳол бўлиши керак. Ҳолбуки, бизга покликни ўргатаётган бу дин бир минг тўрт юз йил аввал жазирама араб саҳросида ҳар томчи сув олтиндан юксак қадрланадиган, ҳеч қандай қулайликлар бўлмаган шароитда ҳам бутун баданни уч мартадан ювишга буюрган. Пайғамбаримизнинг таҳорат ва ғусл бобида ўзлари бажариб кўрсатган амалларини покликнинг умматга ибрат бўлиб қолган андозаси деса бўлади. Шунингдек, Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам) масжидга кириш одоблари бобида кўплаб ўгитлар берарканлар, айниқса, хом саримсоқ ё пиёз еган одамларнинг у ерга йўламаслигини буюрганлар. Бунга сабаб шуки, ўша ҳид билан ёнидагига озор беради. Терлаб ювинмаган одамнинг ҳиди эса саримсоқ еган одам ҳидидан ёмонроқ бўлади. Динимиз мана шунга ҳам қарши бўлиб, тоза бўлиш кераклигини уқтиради.
Ислом поклик дини экан, энг кичик нарсада ҳам поклик бўлиши керак. Масалан, ўнг қўлда овқат ейиш суннат. Таом учун қўл ювилдими, энди уни фақат таомни ушлашга ишлатиш керак. Бирор нарсага ҳожат бўлса, иккинчи – чап қўлни ишлатса бўлади. Тозалик талабларига чинакам риоя қилиб яшайдиган мусулмон кишининг бутун вужудидан эса поклик балқиб туради. Шунинг учун мусулмон одам тозаликнинг энг юқори мақомида бўлиши керак. Кўзимизга жуда арзимас бўлиб кўринган ишда ҳам пок бўлиш лозим.
Бу ҳолатларда ғусл қилиш фарздир: жунуб[1], ҳайз ва нифосдан сўнг. Аллоҳ таоло жунуб ҳолатда ғусл қилиш фарзлигини ояти каримада билдирган: ,,Агар жунуб бўлсаларингиз, покланингиз, чўмилингиз” (Моида сураси, 6). Яна бир ояти каримада: “Эй мўминлар то гапираётган гапингизни билмагунингизча маст ҳолингизда намозга яқин келманглар ва яна сафарда бўлмасангиз то чўмилмагунингизча жунуб ҳолингизда (намозга яқин келманглар)” (Нисо сураси, 43) дейилган. Демак, жунуб киши ғусл қилмасдан пок ҳисобланмайди ва масжидга кирмайди, қилган ибодати ҳам мақбул бўлмайди.
Шайх Алоуддин МАНСУР
таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
[1] Бу ўринда эҳтилом ва жинсий яқинлик назарда тутилган.
1. Ибодатларни бажариш
1.1. Намозларни ўз вақтида ўқиш. Ибодатлар ичида энг афзали – вақтида ўқилган фарз намози саналади.
1.2. Рўза тутиш. Қазо ва нафл рўзаларни тутиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиш кунидаги рўза қийинчиликсиз топиладиган ғанимат (ўлжа)дир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
1.3. Қуръон ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг афзал ибодати Қуръонга қараб тиловат қилишдир”, деганлар. Қуръонни ёддан ўқишдан кўра, унга қараб ўқиш афзалдир. Чунки Қуръонга қараш ҳам ибодатдир.
1.4. Таҳажжуд намозларини ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
1.5. Дуо ва зикрни кўпайтириш. “...Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз” (Жума сураси, 10-оят).
2. Оилага яхшилик қилиш
2.1. Ота-онага яхшилик қилиш. Ўз вақтида ўқилган фарз намоздан кейин энг афзал амал бу – ота-она хизматида бўлиш саналади. Зеро, “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди” (Исро сураси, 23‑оят).
2.2. Фарзанд ва аҳли аёлга хурсандчилик улашиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муомала қилганингиздир. Мен ўз аҳлига яхши муомала қилувчироғингизман”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
3. Илм олиш, китоб ўқиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир”, деганлар.
4. Тафаккурга вақт ажратиш
Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бир соат тафаккур қилиш бир кечани бедор ўтказишдан яхшидир”.
5. Муҳтожларга ёрдам бериш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради” (Имом Муслим ривояти).
6. Силаи раҳм қилиш
Дам олиш кунлари қавм-қариндошлар ҳолидан ҳеч бўлмаса телефон орқали бўлсада хабар олиш учун қулай фурсат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни ризқи кенг, умри узоқ бўлиш хурсанд этса, силаи раҳм қилсин (қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин)” (Имом Бухорий, имом Термизий ривояти).
7. Спорт билан шуғулланиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кучли мўмин Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”, деганлар.
8. Дўст ва яқинлар ҳолидан хабар олиш
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: “Қайсики мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб зиёрат қилса, то кеч киргунича унга етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кеч кирганида зиёрат қилса, то тонг отгунича етмиш минг фаришта унга салавот айтади. Унга жаннатда бир боғ бўлади”, деб айтганларини эшитдим (Имом Термизий ривояти).
Дам олиш кунларингиз хайрли ва баракали ўтсин!
Даврон НУРМУҲАММАД