frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Суннат намозларининг фазилати

02.03.2017   22127   3 min.
Суннат намозларининг фазилати

Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким ўн икки ракат суннат номозларни бардавом ўқиб юрса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади. Пешиндан олдин тўрт ракат, пешиндан кейин икки ракат, шомдан кейин икки ракат, ҳуфтондан кейин икки ракат, бомдоддан олдин икки ракат”. Имом Термизий ривоят килиб, бу бобда Умму Ҳабиба, Абу Ҳурайра, Абу Мусо ва ибн Умар розияллоҳу анҳумлардан ҳам ҳадис ривоят қилинган деганлар. Сўнгра Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг ҳам ҳадисларини келтириб, уни саҳиҳ деганлар. Имом Муслим ҳам Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ушбу ҳадисни ривоят қилган ва ҳадиснинг охирида Умму Ҳабиба онамизнинг: “Шундан буён уларни доим ўқийман” деганларини ривоят қилган. Кўриниб турибдики, нафл ибодатларни, хусусан фарзлардан олдинга ва кейинги суннат намозларнинг фазилати жуда улуғ.  Шунинг учун имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабларида нафл намозларига алоҳада аҳамият қаратилган. Чунки намоз банданинг қиёматда нажот топишга асосий омили. Шундай экан уни ўз вақтида ва мукаммал адо этиш фарздир. Мободо вақтида ўқий олмаса қазосини ўқиш лозим бўлади. Аммо бир инсон қазосини ҳам ўқий олмай вафот этса, Аллоҳ таолонинг фазли ила адо қилинмаган фарзларнинг ўрнини нафллар билан тўлдирилади. Имом Насоий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банданинг қиёматда биринчи ҳисоб қилинадиган амали намозидир. Агар тўла бўлса, тўлиқ деб ёзилади. Агар унда камчилиги бўлса: Қарангларчи, зоя қилган(ўтказиб юборган) фарзларини тўлдирадиган нафлларини топасизми дейди. Сўнгра бошқа амаллар ҳам шунга кўра бўлади”. Деганлар. Мазҳаббошимиз тутган, аждодларимиз асрлар давомида унга оғишмай амал қилиб келаётган йўл нақадар гўзал! Тасаввур қилиб кўринг, эллик йилдан буён намоз ўқиётган инсоннинг уни тўлдирадиган яна эллик йиллик нафл ибодати бор. Аммо афсуски бугун баъзи ёшларимизни суннат намозларига бепарво қарашаётганини кўрамиз. Бунга гўёки ишлари кўплигини баҳона қиладилар. Аммо кўчада дўсти билан соатлаб гаплашишга вақти бор. Ваҳолангки тўрт ракатли намозга бор-йўғи беш дақиқа кифоя. Ушбу мақолани ёзиш асносида бир йигит келиб интернетдан Оиша онамиздан ривоят қилинган юқоридаги ҳадисни ўқиганини айтиб, ҳақиқатдан ҳам шундай ҳадис бор-йўқлигини, агар бор бўлса, мазкур ўн икки ракат намозни ўқилиш тартиби ҳақида сўради.

Бугун биз учун одатга айланган суннат намозлари, айни ўша ҳадисда фазилати зикр қилинган нафл ибодатлардир. Уларни бардавом ўқиб юрган инсонга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатда уй ваъда қилмоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини яхши билган, суннатга мувофиқ ҳаётлари билан бутун дунёга устоз бўлган аждодларимиз бунга аввало ўзлари қаттиқ амал қилишган, қолаверса бизга ҳам буни таълим бериб кетишган. Балки фазилатларини билмагандирмиз, аммо намоз ўқишни ўрганган илк чоғларимизданоқ фарз намозлари билан бирга мазкур суннатларни ҳам қўшиб ўқишни устозларимиздан таълим олганганмиз. Ёшларимиз ҳам илмда, тақвода дунёга устоз бўлган аждодларимизнинг йўлларидан юриб, уларга муносиб фарзанд бўлишга интилсалар, албатта икки дунё саодатига етишамиз. 

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,

“Новза” жомеъ масжиди ноиби имоми А. Собиров.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Эътиқодий масалаларда оҳод хабарларнинг тутган ўрни

03.10.2026   8555   19 min.
Эътиқодий масалаларда оҳод хабарларнинг тутган ўрни

Эътиқод инсон ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб, барча инсонлар эътиқодларига кўра мақсад қўядилар ва ўшанга кўра ҳаёт кечиришга интиладилар. Тўғри эътиқод билан қилинган амал дуруст ва қийматли бўлади. Бу ҳақиқатни Сўфи Оллоёр бобомиз қуйидагича баён қилган:


Ақида билмаган шайтона элдир,

Агар минг йил амал деб қилса елдир.


Яъни эътиқод хато бўлар экан у билан ҳар қанча амал қилинмасин фойдасини бермайди. Қуръони каримда қуйидаги оят шунга далолат қилади:


“Роббларига куфр келтирганларнинг амалларининг мисоли, худди бўронли кунда шамол учириб кетган кулга ўхшайдир. Улар ўз касбларидан бирор нарсага эга бўлмаслар. Ана ўша узоқ адашувнинг ўзидир”[1]. (Иброҳим сураси,  18-оят)


Тўғри эътиқодга тегишли барча маълумотларни топишга фақатгина ақлнинг ўзи кифоя қилмайди. Шунинг учун ҳам  ҳар бир замонда инсонларни огоҳлантирувчи, уларга таълим берувчи пайғамбарлар юборилган.


Тўғри эътиқодни нотўғрисидан ажратувчи ва уларнинг тафсилотларини баён қилувчи илм ақида ёки калом илми дейилади.  Бу илмда Яратувчининг борлиги, сифатлари, исмлари, нубувват, борлиқ ва самъиёт (ғайбиёт) мавзулари ҳақида баҳс юритилади. Бу илм оқил инсонларни мазкур нарсалар тўғрисида иккиланиш ёки тақлид қилишдан қатъий равишда аниқ ишончли бўлишларига хизмат қилади. Аҳли сунна олимлари бошқа фирқалардан фарқли ўлароқ ақидавий ҳукмларда ақл ва нақл ўртасидаги мувозанатни сақлаганлар. Бошқалар эса ё ақлий далилни ҳужжат қилишда ёки нақлий далилни ҳужжат қилишда ғулувга кетганлар ва натижада хатога йўл қўйганлар. Чунки уларнинг баҳслари соф илмий манҳаж устига қурилмаган.


Имом Абу Мансур Мотуридий илмни қуйидагича таърифлаган: 

 العلم صفة يتجلى بها المذكور لمن قامت هي به

«Илм бир сифат бўлиб, бу сифат кимда бўлса, эътибор қилиш мумкин бўлган нарсалар унга аниқ-равшан бўлади»[2].


Демак, илм бўлиши учун эътибор қаратиш, зикр қилиш мумкин бўлган нарсаларнинг аниқ равшан бўлишига сабаб бўладиган сифат бўлиши лозим экан. Агар бундай даражада бўлмаса у илм эмас, балки тахмин ёки катта эҳтимол даржасидаги тушунча ҳисобланар экан.


«Ҳужжат» сўзи далил, исбот маъноларини англатади. «Ҳужжат қилиш» ибораси араб тилида الاحتجاج  дейилиб  «ниманидир далил қилиб олиш» маъносида қўлланади[3]. Шу маънода ҳужжат сўзи ҳар қандай турдаги далил қилиб келтиришга нисбатан умумий маънода ишлатилади.


Ислом шариатида далиллар «қатъий» (шак-шубҳасиз аниқ) ва «зонний» (катта эҳтимол билан аниқ) даражаларига бўлинади. Қатъий ва зонний далилларни уламолар қуйидаги турларга ажратганлар: 

 

  1. Субути қатъий далиллар. Бундай далиллар мужтаҳид олимларга етиб келишгача бўлган йўлда ҳеч қандай бир нуқсон ёки зиёдаликка учрамай аниқ етиб келган далиллар бўлади. Шунинг учун ҳам бундай далилларнинг мавжудлиги қатъий равишда аниқ ҳисобланади ва улар мутавотир дейилади. «Мутавотир» деганда, соф  ақлга эмас балки, ҳис қилувчи сезгиларга суянган ҳолда ривоят қилинган хабарни одатда ақл ёлғонга келишиб олишларини тасаввур қилолмайдиган даражадаги адад ривоят қилиши тушунилади. Ёхуд шунча адад ривоят табақасининг аввалидан охиригача ривоят қилган хабар тушунилади[4]. Бундай хабарга Қуръони карим ва баъзи суннатларнинг етиб келиши мисол бўлади. 
     
  2. Далолати қатъий далиллар. Бундай далилни бир маънодан бошқа маънода бўлишининг ҳеч бир эҳтимоли бўлмайди. Бундай далилларга муфассар ва муҳкам оятлар, қатъий тушунилган мутавотир ва оҳод ҳадислар киради. 
     
  3. Субути зонний далиллар. Бундай далиллар мужтаҳид олимларга қатъий бўлмаган йўл билан етиб келган далиллардир. Ровийнинг ёлғон гапириши, зобтининг яхши эмаслиги каби омиллар бунинг сабабларидан ҳисобланади. Оҳод ҳадислар субути зонний далиллар сирасига киради. “Оҳод” деб луғатда бир шахс томонидан ривоят қилинган хабарга айтилади. Истилоҳда эса, мутавотирнинг шартларини ўзида жамламаган хабар турига айтилади[5].
     
  4. Далолати зонний бўлган далиллар. Бундай далиллар кўзланган маънога катта эҳтимол тақозоси билан далолат қилади. Яъни бундан бошқа  маънода бўлишининг эҳтимоли бор бўлган далиллар бўлади. Бунга таъвил қилинадиган оятлар, зонний йўл билан тушунилган ҳадислар киради.[6]
     

Мазкур тақсимотдан келиб чиқиб шуни тушуниш мумкинки, далилларнинг ичида далолати ва субути қатъий бўлганлари ҳам, далолати ва субути зонний бўлганлари ҳам бор. Яна далолати ва субутида қатъийликни ифодалашда камчилик билан қабул қилинадиган далил тури ҳам мавжуд. Талаб қилинган нарсани собит қилишда мустақил қабул қилинмайдиган лекин, ундан иккиламчи далил сифатида, қувватлаш учун қабул қилинадиган далил тури ҳам бор. «Ҳужжат қилиш» ибораси юқоридаги барча даражаларга бирдек қўлланилади.


Шунга кўра баъзи далиллар тафсир ва сийрат каби илмларда қўлланиши мумкин бўлса ҳам, аммо шаръий ҳукмларни собит қилишда қўлланиши мумкин бўлмайди. Яна шундай ўринлар бўладики унда талаб қилинган нарсани исбот қилишда далил мустақил ҳужжат бўла олади. Бошқа бир ўринда эса, қувватловчи бўлиб келтирилган далилга ҳам “ҳужжат қилиш” ибораси қўлланади.


Биз мутавотир ва оҳод лафзларини у билан қайдлаётган «хабар» сўзи луғатда “сўзлаш ёки ёзиш тариқасида айтиб бериладиган нарса”га ишлатилади[7]. Истилоҳда «хабар» сўзи илмнинг турига қараб қўлланилади. Мантиқ ва грамматика илмида «хабар» деб рост ва ёлғон эҳтимолини кўтарадиган гапга айтилади. Ҳадис илмида ҳадиснинг синоними сифатида Набий (а.с.) нинг сўзи, саҳобаларнинг гаплари ва тобеинларнинг фатволарига нисбатан «хабар» сўзи қўлланилади. Ақоид илмида эса, «рост хабар» деб қайдланиб, илмни ҳосил қилувчи сабаблардан бирига айтилади.


Ақоид илмида қатъийликка далолат қилгани учун асосан мутавотир хабарлар ҳужжат қилинади ва у илмни ифодалайди. Нажмиддин Умар Насафий мутавотир хабар зарурий илмни ҳосил қилади[8], деган. Яъни бундай хабар билан ҳосил бўлган илм ишонмасликнинг имкони йўқ даражадаги аниқ маълумот бўлади. Шунга кўра, бундай хабар келганда бошқа бирор далилга эҳтиёж қолмайди.


Қатъий далиллар билан собит бўлган ҳукмлар қатъий тасдиқланиши лозим. Ақидада зонний далиллар билан собит бўлган зонний ҳукмлар ҳам мавжуд бўлиб, уни инкор қилган киши куфр ва бидъатда айбланмайди. Динга тегишли экани инкор қилиб бўлмайдиган даражада маълум нарсаларни инкор қилган киши куфрда айбланилади[9], чунки улар мутавотир йўл билан билинган бўлади.


Мутаахир уламолардан Камол ибн Ҳумом калом илмини таърифида ақида илмидаги далиллар қатъий ва зонний бўлишини очиқ баён қилган:

الكلام معرفة النفس ما عليها من العقائد المنسوبة إلى دين الإسلام عن الألة، علما، وظنا في البعض منها


“Калом илми  кишини ўзининг зиммасига лозим бўлган Ислом динига мансуб бўлган ақидаларни далиллардан аниқ билиши ва баъзиларини зонний[10] билишидир”[11].


Оҳод хабарлар зонний далиллар турига киради. Ушбу хабар қатъий яъни кучли ишончга эга бўлган йўл билан етиб келмаган. Оҳод хабарнинг даражаси мутавотирникидан паст эканининг сабаби оҳод хабарда келган лафз ва маъно Расул алайҳиссалом айтган гаплари эканлигида оз бўлса-да шубҳа бор. Шунинг учун бундай далиллар ҳужжат бўлган ҳукмларни зонний даражасида тасдиқлаш вожиб бўлади. 


Ақидадаги илоҳиёт бобининг исм ва сифатлар мавзусида, нубувват бобининг мўъжиза ва унинг турлари баҳсида ҳамда самъийёт бобларида оҳод хабарлар ҳужжат қилинганига гувоҳ бўламиз. Шунингдек баъзи масалаларда тафсилотларни баён қилувчи далил бошқаларида эса, иккиламчи далил бўлиб келган.   


Росулуллоҳнинг кўплаб мўъжизалари оҳод йўл билан ривоят қилинган. Бу ривоятларнинг далолати қатъий, бироқ субути зонний бўлган. Мўъжизага замондош бўлиб яшаган кишиларга нисбатан мўъжизанинг далолати ҳам, субути ҳам қатъий бўлади. Сабаби улар ўзлари мўъжизага гувоҳ бўлишган. Зеро бирор бир хабар Росулуллоҳ билан замондош бўлиб яшаган кишига мутавотир йўл билан етиб борган бўлса  далолати ҳам, субути ҳам қатъий бўлади. Лекин саҳобалардан кейингиларнинг даврига келиб далилнинг собит бўлишида камчилик пайдо бўлгани учун[12] уларнинг субути қатъий бўлмай қолган. Аммо турли ривоят йўллари билан ривоят қилинган оҳод хабарлар йиғиндиси мутавотир бўлади. Буни Росулуллоҳнинг бир қанча мўъжизаларида кўриш мумкин. Тошларнинг Пайғамбар (а.с.)га салом бергани ҳақидаги хабар, Набий (а.с.)нинг бармоқлари орасидан сув чиққани ҳақидаги хабар, Набий (а.с.)га қўлларидаги майда тошларнинг тасбеҳ айтганлиги ҳақидаги хабар, туянинг Росулуллоҳ (а.с.)га гапирганлиги ҳақидаги хабар, Яҳудийлар тарафидан заҳарланганлиги ҳақида хабар берган қўй гўштининг хабари буларнинг барчаси оҳод хабарлардир. Ушбу оҳод хабарларнинг жамланмаси Набий (а.с.)да умумий «ҳиссий мўъжизалар» бўлгани ҳақидаги маънони мутавотир даражада собит қилади. Бу тарзда оҳод хабарлар жамланмаси билан собит бўлган маънавий мутавотир хабар устига Муҳаммад алайҳиссаломда нубувват мавжуд эканлигини бино қилса бўлади. Яъни нубувват мўъжиза билан қувватланган экан бу турдаги мўъжизани кўрсатган кишида нубувватни собит қилиш мумкин ҳисобланади.


Лекин оҳодлар жамланмаси билан собит бўлган хабарларни чуқур ўрганиш, фикр юритиш лозим. Ривоят йўллари, ривоят турлари, шарҳларда келган ривоят йўллари изланилиши керак. Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар эканликларини Қуръондаги далиллардан тушунмаётган кишига оҳод ҳадислар йиғиндиси билан маънавий мутавотирликка етган мўъжизаларни баён қилиб бериш билан нубувватларини исбот қилиш мумкин бўлади. Исломнинг ҳужжати лақаби билан танилган Абу Ҳомид  Ғаззолий "الإقتصاد في الإعتقاد"  китобини ғайб масалалари-самъиёт бобини баён қилиш билан бошлаган. Асарда имом шундай деган:

ثم كلما ورد السمع به ينظر، فإن كان العقل مجوزا له وجب التصديق به قطعا إن كانت الأدلة السمعية قاطعة في متنها ومستندها لا يتطرق إليها احتمال، وجب التصديق بها ظنا إن كانت ظنية


"Эшитиш йўлига кўра ворид бўлган (яъни ақл билан топиб бўлмайдиган) ҳар бир хабар ҳақида тафаккур қилиб кўрилади[13]. Агар ақл у (хабар)ни жоиз деб билса ва самъий далилларнинг матни ва санади шубҳага ўрин қолдирмайдиган даражада қатъий[14] бўлса, уни қатъий тасдиқлаш вожиб бўлади. Агар (самъий далиллар)зонний[15] йўл билан ворид бўлган бўлса, уни зонний тасдиқлаш вожиб бўлади”[16].


Имомнинг ушбу гапи юқоридаги Камол ибни Ҳумомнинг ақидага берган таърифини қувватлайди.


   Ақоидда жазм ва қатъийлик талаб қилинадиган ўринларда оҳод хабарлар олинмайди. Чунки, бу хабарнинг даражаси жазм ва қатъиятга салоҳиятли эмас. Бундай ўринларда оҳод хабарнинг далил бўлолмаслиги у хабарни Росулуллоҳга мансуб эмаслигини келтириб чиқармайди балки, унинг  Росулуллоҳга нисбат берилиши қатъий йўл билан собит бўлмаганини билдиради холос. Шунга кўра агар оҳод хабар ўрганилиб Росулуллоҳга нисбати ҳақиқий эканига ишонч ҳосил қилинса, у ҳужжатликка ярайди. Олимлар «оҳод хабар ҳужжат бўлишга ярамайди» дейишган бўлса, қатъий ва зоннийнинг мартабаларига риоя қилган ҳолда шундай дейишган бўлади. Масала қатъий бўлиб, далилнинг даражаси ундан пастроқ яъни, зонний бўлса, қатъийни зонний билан собит қилиб бўлмайди. Бу илм фалсафасига тўғри келмайди. Ақидавий ҳукмлардан келиб чиққан зонний масалаларда оҳод хабарлардан ҳужжат сифатида фойдаланилган. Сирот, мезон, жаннат ва дўзахнинг васфлари, жаннатдаги дарахтнинг васфлари шулар жумласига киради.


Оҳод хабар инкор қилинмайди ҳам, ёлғонга ҳам чиқарилмайди. Муҳаддислар оҳод ҳадисни саҳиҳ деб топишган. Имом Бухорий, Имом Муслим «Саҳиҳ»ларида оҳод хабарларни кўплаб учратишимиз мумкин. Ҳадисни ривоят қилувчининг сони оз бўлса ҳам, ровийси ишончли бўлса хабар ёлғонга чиқарилмайди.


«Оҳод ҳадис саҳиҳ бўлишининг маъноси нима?» дейилса, хабарни ишончли ровийлар ривоят қилишган бўлиши уни саҳиҳ эканлигини билдиради. Энди буни инкор қилиш ёки, ёлғонга чиқариш ўша ишончли ровийни инкор қилиш ёки ёлғонга чиқариш бўлади ва бунинг учун ҳам далил талаб қилинади.


Ҳадислар Ислом динининг асосий масдарларидан бири ва у илоҳий китоб Қуръонни баён қилувчидир. Саҳобалар Росул (а.с.)дан эшитган, кўрган, билган ҳар бир нарсаларига омонат сифатида қараб кейингиларга етказишга қаттиқ интилишган. Ҳадисларнинг шарҳида зоҳиран бир-бирига зид келиб қолганларини мувофиқлашитириш асносида саҳобийнинг Набий алайҳиссаломнинг қайсидир гапларини узоқда турганлиги ёки кеч келганлиги ва бошқа сабабларга кўра тўлиқ ҳолда хабардор бўлмай қоган бўлиш эҳтимолини баён қилишади. Ёки мавжуд ҳолатга биргина саҳобий гувоҳ бўлган бўлиши мумкин. Бу каби қатъиятга нуқсон етқизадиган омиллар бўлишига қарамай ўзларидан кейингиларга етказишга ҳарис бўлишган. Тобеинлар ва уларга эргашганлар ҳам шундай бўлганлар. Яъни оҳод ҳадис ҳадис ўлароқ Росул алайҳис солату вассаламга нисбат берилади ва нисбати ўлароқ унга амал қилинади. Шаръий ҳукмлар борасида оҳод ҳадисга амал қилишда кенгчилик бор. Ақидавий ҳукмларда ҳужжат қилинишида ихтилофлар кўплаб учаган. Бироқ бу фикрлар яхшилаб ўрганилишга муҳтождир. Оҳод хабарнинг ҳужжат бўлишини бутунлай инкор қилишганми ёки аслий ҳукмларда ҳужжат бўлишини инкор қилишганми ёки қатъий ва зонний масалаларнинг даражаси ўлароқ оҳод хабарнинг ҳужжат бўлишини инкор қилишганми? 


«Оҳод хабар илмни ифодалайди» деганлар зоннийнинг юқори даражасини назарда тутишган. Эҳтимол улар бу гаплари билан мутлақ оҳод хабарни қасд қилишмаган балки, бошқа ишора ва далилар билан қувватланган оҳод хабарни назарда тутган бўлишлари ҳам мумкин. Зеро, агар оҳод хабар “қариналар” (бошқа ишора ва далилар) билан қувватланса, қатъий ишонч даражасига кўтарилади ва илмни ифодалайди. Юқоридаги гапни айтганлар катта эҳтимол билан шу маънони назарда тутган бўлишлари мумкин.  Олимларнинг бу борадаги ихтилофлари сабабларини ўрганмай туриб юзаки баҳо беришга асло шошилмаслик керак. Ақидада оҳод хабарлар билан ҳужжатланган зонний масалаларни инкор қилган кишини куфрда айблаш тўғри бўлмайди. Бу борада ақидадаги қатъий масалалар ва зонний масалалар ўртасидаги фарқларни ажрата билиш албатта, зарурдир.  Буларни фарқлаш жуда кўплаб тушунмовчиликларга барҳам беради. 


Мухлиса НАРЗУЛЛАЕВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мутахассиси

 

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Қуръони Карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси. –Т.: Шарқ, 2011.- Б. 257.

[2] Абдулқодир Абдур Раҳим. Эътиқод дурдоналари. –Т.: Ҳилол нашр, 2014. - Б. 10.

[3] Ибн Манзур. Лисон ул араб. – Қоҳира: Дар ал маъариф, 2016. - Б. 779.

[4] Зафар Аҳмад ал Усмоний ал Таҳонавий. Қоваъид фи улумил ҳадис./ Муҳаққиқ: Абдулфаттоҳ Абу Ғудда. – Қоҳира: Дар ал салом, 1972.  - Б. 31.

[5] Доктор Килоний Муҳаммад Халифа. Манҳаж ал ҳанафийя фи нақдил ҳадис. – Қоҳира: Дар ал салом, 2010. – Б. 96.

[6] Доктор Салоҳ Абул Ҳож. Таҳзибу масарил вусул ила илмил усул. – Уммон: Марказ анвар ал улама лил диросат, 2020. - Б. 66.

[7] Мўъжам ал васит. Мўъжам ал луғотул арабийя. -Мактабат ал шуруқ ал давлийя, 2008. -  Б. 215.

[8] Муҳаммад Ёсир ибн Азизурроҳман ал-Ҳанафий. Таҳзибул арвоҳ ан-нафсийя фи тайсири шарҳул ақоидин Насафийя. –Британия: (нашриёт кўрсатилмаган),  2010.  - Б. 31.

[9] Изоҳ: бу ерда Исломнинг рукнлари ва шиорлари кўзда тутилган.

[10] Катта эҳтимол билан билиши

[11] Камолиддин Муҳаммад Абу Шариф Мақдисий. Ал мусамароту би шарҳ ал мусаяро. -  Дамашқ: Дар ал Байрутий, 2024. - Б.54.

[12] Ровийдаги шубҳа, таъна-камчилик ва хотиранинг ёмонлиги ва ривоят қилувчисининг камлиги сабаб хабарда пайдо бўлган камчилик

 

[14] Кучли ишончга эга

[15] Кучли эҳтимолга эга

[16] Муҳаммад Абу Ҳомид ал Ғаззолий. Китаб ал иқтисод фил эътиқод. – Байрут: Дар ал кутуб ал илмийя, 2021. - Б. 115.

 

Ҳадиси шариф