Ҳаж ва умра

Аёлларнинг умра қилиши

Умра ибодатини мукаммал адо қилиш аввало учун ниятни тўғри қилиб олиш лозим. Барча амаллар ниятга боғлиқ бўлгани учун, ибодатда ягона мақсад Аллоҳ таолонинг розилигини исташ бўлиши керак. Агар дунё ноз – неъматларига эришмоқчи, “ҳожи ая” ёки “умрага борган” номларини қозонмоқчи, “хўжакўрсин” ёки асосий мақсади ўзга юртларни сайр қилиб, бир йўла умрани адо этиб келмоқчи бўлса, умра ибодати қабул бўлмайди.  Аллоҳ таоло буюради:

وَأَتِمُّوا الْحَجَّ وَالْعُمْرَةَ لِلَّه

     “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг!”.  Бақара сураси, 196.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан нақл қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Умра кейинги умрагача қилган гуноҳларига каффоратдир...” (Саҳиҳи Бухорий, 1773).

Ато розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ансорий аёлга: “....Рамазон ойи келса у ойда умра қилгин, чунки рамазон ойидаги умра ҳаж қилган билан баробар савобга эгадир”-дедилар (Имом Термизий  ривояти).  
     Мазҳабимиз хулосасига кўра умра суннати муаккададир. У буюк зиёратдир! Зеро, мусулмон киши бунда бутун қалби, руҳи ва бадани ила Аллоҳ таоло учун энг суюкли бўлган жойни зиёрат қилади. Бу омонлик диёрида кўнгиллар хотиржам бўлади, кўзлар эса уни кўришликка ошиқ бўлади. Бу диёр мусулмонлар қалбидан улкан ўрин эгаллаган Макка ва Мадинадир.
        Ҳаммамизга маълумки, умра қилишни қасд қилган ҳар бир мусулмон  улуғ ибодатни тўла-тўкис адо этишни истайди. Ўз-ўзидан биз учун бу нафақат ибодат, балки узоқ масофали сафар ҳамдир. Шу сабабли, умра қилишни қасд қилган ҳар бир аёл киши умра қонун – қоидалари билан бир қаторда сафар қоидалари ва одобларини яхшилаб ўрганиши лозимдир. Улар қуйидагилардир:

  • Умра ибодатини аввало холис Аллоҳ таоло учун ният қилиб, риёдан сақланиш
  • Бу улуғ ибодат сафарига отланишдан олдин бўйнидаги бошқаларнинг ҳақларини ўз эгаларига қайтариши;
  • Мол-мулк сифатида қийматга эга бўлган нарса қўлида мавжуд бўлса сафардан олдин уни васият қилиб қўйиши;
  • Бу ибодат сафари учун мўлжалланган маблағ ҳалол йўл билан топилган бўлиши;
  • Йўлга чиқишдан аввал оиласига ҳадисда айтилганидек қуйидаги дуони айтади:

أسْتَوْدِعُكُمُ اللهَ الّذِي لَا تَضِيعُ وَدَائِعُهُ

 “Аставдиъукумулллоҳал-лазий ла тазиъу вадаъиуҳу (маъноси: “Сизларни Унга топширилган омонатлар зое бўлмайдиган Зот Аллоҳга омонат топширдим”)” (Ибни Можа ривояти);

  • Сафарлари давомида баландликка кўтарилсалар “Аллоҳу акбар”, пастликка тушсалар “Субҳаналлоҳ” дейишлари.
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардан қайтганларида эса: “Айибуна таибуна абидуна лироббина ҳамидуна” (маъноси: “Ё, Аллоҳ! Қайтишимизни тавба қилувчи, ибодат қилувчи ва ҳамд айтувчи ҳолда қилгин”), жумласини қўшиб қўярдилар. (Имом Муслим ривояти). 
    Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон уловга минмоқчи бўлсалар оёқларини узангига қўйишлари билан: “Бисмиллоҳ”, – дер эканлар. Эгарга ўрнашиб олганларидан кейин: “Алҳамду лиллаҳи ала кулли ҳал. Субҳаналлазий саххоро лана ҳаза, вама кунна лаҳу муқринийн. Ва инна ила Роббина ламунқолибун”, – деб қўяр эканлар. Уловга миниладиган ҳайвонлардан ташқари замонавий йўл воситалари ҳам киради.
  • Автомашина, тайёра ёки шунга ўхшаш сафар уловларига минганида ушбу ҳадисга амал қилади: “Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарга чиқиб туяларига ўрнашсалар Аллоҳга ҳамд (Алҳамдулиллаҳ), тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) ва уч маротаба такбир (Аллоҳу акбар)ни айтиб шундай дердилар: “Субҳаналлазий саххоро ланаа ҳаза ва маа куннаа  лаҳу муқринийн. Ва иннаа ила Роббина ламунқолибун. Аллоҳумма иннаа насъалука фий сафарина ҳаза ал-бирро ват-тақва ва минал амали ма тарзо. Аллоҳумма ҳаввин сафарона ҳаза ватви анна буъдаҳу. Аллоҳумма антас-соҳибу фис-сафари вал холифату фил аҳли. Аллоҳумма инний аъузу бика мин ваъсаис-сафар ва каабатил манзор ва суил мунқолаб фил аҳли вал мали вал валад” (маъноси: “Бизларга бу (улов)ни бўйсундириб қўйган зотга тасбеҳ айтамиз. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик. Албатта, бизлар (барчамиз) Раббимиз (ҳузури)га қайтувчидирмиз. Ё, Аллоҳ! Биз Сендан ушбу сафаримизда яхшилик, тақво ва Ўзинг рози бўладиган амални сўраймиз. Ё, Аллоҳ! Ушбу сафаримизни енгиллаштир ва узоғини яқин қил. Ё, Аллоҳ! Сен сафарда ҳамроҳ ва аҳли-оилага кафилдирсан. Ё, Аллоҳ! Мен Сендан сафар қийинчиликлари, ғамга солувчи манзара ҳамда аҳли-оила, мол ва фарзандга ёмон ҳолда қайтишдан паноҳ тилайман”).
  • Дуо қилишни кўпайтириш яхшидир:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Учта дуо борки, шаксиз мустажобдир. Мазлумнинг, мусофирнинг ва ота-онанинг фарзандига қилган дуоси” (Имом Термизий ривояти).

  • Аллоҳни зикр қилиш, қироат қилиш ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловатни кўпайтириш умра одобларидандир. Хусусан, Масжидул ҳаромда ибодатни кўпайтиришга тарғиб қилинган:
    Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Менинг ушбу масжидимда ўқилган намоз ундан бошқа масжидларда ўқилган мингта намоздан афзалдир. Фақатгина масжидул ҳаром бундан мустаснодир. Масжидул ҳаромда ўқилган намоз менинг масжидимда ўқилган юзта намоздан афзалдир”. (Имом Аҳмад ривояти).
  • Ушбу улуғ умра зиёратидан олдин умра зиёратига оид барча қонун-қоидаларни яхшилаб, хусусан илм эгаларидан ўрганиши умрани тўла-тўкис бўлишидаги асосий омиллардан биридир. Хусусан, бизнинг диёримизда бошқа жойлардан фарқли ўлароқ ҳаж ёки умра ибодатини ватандошларимиз тўлиқ адо қилишлари учун аҳли илмлардан иборат ҳар эллик кишилик гуруҳларга элликбошилар бириктирилади.
  • Ҳамроҳларидан ажралмасликка ҳаракат қилади. Чунки баъзи саҳобалар бир ерга тушиб, сўнг ҳар хил қишлоқ ва водийларга тарқалиб кетишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бундай тарқалиб кетишингиз шайтондандир” деб танбеҳ берганлар. (Имом Абу Довуд ривояти).
  • Шариатимиз буйруғига кўра ишбошиларга бўйсуниш шарт бўлганидек, ҳар бир умра қилувчи ўз гуруҳи раҳбари элликбошига бўйсуниши лозим. Чунки елликбоши айнан диний илмалар, хусусан, ҳаж ва умра илмларини яхши билганлари сабабли ватандошларимизнинг ҳаж ва умраларини тўлиқ ва мукаммал бўлишини таъминлаш учун шу хизматга бўладилар;
  • Умра давомида ҳамроҳлари билан уришмайди. Тиқилинч ҳосил қилмайди. Гуноҳ ишлардан четлашади. Тоқати ва илми даражасида яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаради. Ҳеч кимга қўли ва тили билан озор бермайди. Чақимқилик, ғийбат ва ёлғон гапларни айтмайди. Унга одамларнинг ҳожати тушса ёрдамлашади;
  • Умрадан қайтгандан кейин уни кутиб олишга чиққанлар билан қучоқлашиб кўришади. Уйга келганларни меҳмон қилиши ва ҳадялар улашиши мустаҳабдир.
  • Аёллар эҳром ҳолатида бошларини ёпадилар, юзлари эса очиқ ҳолда бўлади. Кўйлаклар гулсиз, сидирға, ичи кўринмайдиган даражада бўлиши, тор ва қора рангда бўлмаслиги  талаб этилади. Меҳмонхоналарда ҳам сатри аврат қоидаларига амал қилиш лозим.
  • Сочлар доимо рўмол тагида бўлиши керак. Сочлар ибодат чоғида ҳалақит қилмаслиги учун турмакланади ёки бирор нарса билан боғлаб олинади.
  • Аёллар талбияни махфий, яъни паст овозда айтадилар.“Лаббайкаллоҳумма лабайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда вал-неъмата лака вал мулк, лаа шарийка лак”
  • Шахсини тасдиқловчи ҳужжат (кўкрак нишони) ва меҳмонхона ташриф қоғози (визитка)си доим ёнида олиб юриш керак.
  • Ибодат ёки бошқа ҳолатларда меҳмонхонадан ташқарига чиқиладиган бўлса, калитни топшириб кетиш зарур.
  • Ибодатлар учун масжидда қолинадиган бўлса ёки бошқа ишлар юзасидан элликбошини огоҳлантириб қўйиш лозим.
  • Аёлларнинг ҳайз кунлари бошланиб қолса, дуо ва талбия ўқиб эҳромга кирадилар. Лекин Каъба тавоф қилинмайди, намоз, Қуръон ўқилмайди. Сафо ва Марва саъйини адо этаверади. Саловат, дуо ва тасбеҳлар айтиш мумкин. 

    Ҳайз кўрган аёлнинг масжидга кириши жоиз эмас.  Агар бир аёл ҳайз ёки нифос кўрган ҳолатида илмсизлик қилиб ёки қасддан етти марта тавоф ёки тавофнинг тўрт ёки ундан кўпроқ қисмини адо қилса, зиммасига учта иш вожиб бўлади:

а) ҳаром амал ҳисобланган – нопок ҳолатда масжидга кириш ва тавоф қилиш гуноҳидан тавба қилиш;

б) пок бўлгач, тавофини қайтадан қилиш;

в) агар қайтадан қилмаса, битта мол ёки битта туя сўйиш.

 

Эслатма: агар ҳайз ҳолатида адо қилган тавофини пок бўлгач, қайта адо қилмаса ва ватанига кетиб қолса, мийқотдан ўтиб кетмаган бўлса, эҳромсиз қайтиб келиб, зиёрат тавофини адо қилади. Агар мийқотдан ўтиб кетиб бўлган бўлса, қайтиб, мийқотдан умрага эҳромга кириб, умранинг амалларини тугатгач, зиёрат тавофини адо қилади. Агар ватанидан ортига қайтмаса, ватанидан туриб, Ҳарамда бир мол ёки туяни қурбонлик қилдиртиради. Шундан сўнггина эҳромдан чиқади.

  • Умра зиёрати ҳайз кунларига тўғри келиб қолса аёл шифокорлар билан маслаҳатлашиб  иш кўрилади. Яъни наслни чекламайдиган ва соғлиқ учун жиддий таъсир қилмайдиган дори воситаларини ишончли доктор билан маслаҳатлашиб, ҳайз кунларини кечиктириб туради.
  • Аёллар камида уч киши бўлиб юриши, кечаси ёлғиз юрмасликлари лозим. Масжид узоқда бўлса, шахсий автомобилларга ўтирмаслик, фақат таксилардан фойдаланиш тавсия этилади.
  • Сафо ва Марва саъйи асносида (икки яшил устун орасида) югуриш аёллар учун суннат эмас.
  • Бегоналардан аудио, видео тасмалар, турли китоблар олмаслик талаб этилади.
  • Ҳанафий мазҳабида бўлганимиз учун ибодатларни шу йўналишда олиб бориб, бошқа мазҳаб соҳибларига эътироз ёки тақлид қилинмайди.
  • Умра охирида аёлларнинг сочларидан, соч учидан бир бармоқ айлантирарлик узунлигида соч кесилади. Соч узун бўлса, сочнинг учидан, соч калта бўлса ўнг томонда қайчи билан кесилади. Эҳромга киришдан олдин шуларни ҳисобга олиш керак.
  • Ҳозирги вақтда тасбеҳлар, жойнамозлар ўзимизнинг юртда ҳам сероб бўлгани боис аэропорт маъмурияти томонидан талаб этилган меъёрдан ортиқ юк олмаслик талаб этилади.
  • Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида ёки Каъбага матоларни турли ниятларда суртиш,  Уҳуд тоғи тупроғидан олиб кетиш, Уҳуд тоғига қараб намоз ўқишнинг бидъат амаллардан эканини аниқ билиш зарур.
  • Ибодатларни тугатиб меҳмонхонага қайтиш йўли ёддан кўтарилган вақтда саросимага тушмаслик, яқин атрофдаги полиция ёки бирон кишига бейжик ва меҳмонхона ташриф қоғози (визитка)ни кўрсатиш мақсадга мувофиқдир.       

Хадича Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

 ислом билим юрти мударрисаси

Нилуфар Саидакбарова

Read 41854 times
Tagged under

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top