МАҚОЛА

Сохта салафийлик ва уларнинг иддаолари

XX – XXI асрларга келиб турли хил диний оқимлар сони кўпайиб кетдики, бизнинг тинч ва осуда диёримизда ҳам унинг салбий таъсири бироз кучайди. Бунинг олди олинмаса, ёшларимизнинг онгини заҳарлашни мақсад қилган ғанимларимиз уларнинг тарбиясида ушбу оқимлар таъсирини кучайтириш, маънавий ва маърифий, ғоявий курашни амалга оширишга тинмай уринмоқдалар. Биз бугун ана шундай диний оқимлардан бири бўлган сохта салафийлик ҳақида тўхталиб, бу оқимнинг мақсад, ғоя ва иддаоларини, бошқача қилиб айтганда, асл башарасини очиб ўрганишга харакат  қиламиз.

Сохта салафийлик – Исломдаги аҳком ва фатволарни ҳар бир замон тақозосига қараб эмас, ҳижрий сананинг дастлабки уч даврига мувофиқ равишда ҳаётга тадбиқ этишни тарғиб қилувчи оқимдир.

Исломда “салаф” деганда, ҳадисларга кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида ва ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонлар тушунилади. Луғавий маъноси ҳам “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар” деган маънони беради.

Охирги йилларда аксар бемазҳаблар тарафдан саҳоба ва тобеинлар манҳажи ниқоби остида “салафийлик” байроғини баланд ҳилпиратиш ҳолатлари кўпайди. Наждлик Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг издошлари ҳам бугун “ваҳҳобий” деган атамадан воз кечишиб ўзларини солиҳ салафлар йўлидамиз деб иддао қилишмоқда. Носируддин Албоний шахсияти худди ўша “салафийлик” тарғиботчилари орасида доҳийлик касб қилган шахслардан биридир. Салафийлар Носир Албоний шахсиятига баҳо беришда жуда ҳаддан ошишган. Уни “Аср муҳаддиси”, “Суннат билимдони”, “Суннат ҳомийси” ва ҳоказо баландпарвоз илмий унвонлар билан лақаблаб олишган.

Шунингдек, салафийлар орасида охирги йилларда фиқҳий ва ҳатто ақидавий аҳкомларда ҳам Албоний фикрларига мурожаат қилиш ҳолатлари бирламчи одатга айланди.

“Салафийлик” оқими раҳнамоларидан бири Носир Албонийнинг тўрт мазҳаб ақидаси ва фиқҳига хилоф равишда чиқарган бемаза фатволари қатор териб чиқилган. Аҳли сунна эътиқодли ҳар бир аҳли илм бу фатволар билан танишиб чиқар экан айрим ўринларда беихтиёр “астағфируллоҳ” деб ёқа ушлайди. Баъзи ўринларда эса Носир Албонийнинг мантиқсиз фатволаридан кулгиси келса, айрим жойларда динимиз номидан гапирган бу одамга ачиниб йиғлагиси ҳам келади.

Модомики Ислом дини фиқҳи ва ақидаси билан қизиқар экансиз, диний маълумотларни интернет орқали тарқатиш сув ичишдан ҳам осон бўлган бугунги теҳника даврида сизнинг ҳам Носир Албоний номига кўзингиз тушган бўлса керак. Зотан салафийлар томондан тарқатилган кўплаб рисола ва мақолаларда бу одамнинг номи албатта бир неча бор зикр қилиб ўтилади.

Шу нуқтаи назардан токи сизнинг эътиқодингизда Носир Албоний шахсияти буюк ислом олими сифатида шаклланиб қолмаслиги, ўзингиз билмаган ҳолда унга тобе бўлиб қолмаслигингиз учун унинг асли салафи солиҳларга қарши чиқарган фатволарини ошкор қилишга жазм этдик. Токи унинг асли ким эканини сиз аниқ ва равшан билиб олинг! Носир Албонийга туҳмат, деган фикр пайдо бўлмаслиги учун ҳар бир фатвонинг аниқ манбаси унинг тагида алоҳида изоҳ сифатида ёзиб кўрсатилди.

Иддао:  “Иймон, намоз, рўза, закот, ҳаж каби 5 та фарздан ташқари жиҳод – олтинчи фарз ва ҳар бир мусулмон учун фарзи айн”дир.

Раддия: Иймон, намоз, рўза, закот, ҳаж исломнинг 5 та аркони ҳисобланади. Ундан бирор нарса олиш ёки қўшишга фақат Аллоҳ ва унинг Расули ҳақлидир. Шулардан закот ва ҳаж қодир бўлганларга фарзи айн ёки қодир бўлмаганларнинг зиммасидан соқит бўлади.

Хўш, ақидапарастларга кимлар эргашади?! Албатта, билимсиз, онгида бўшлиқ пайдо бўлган одамлар, айниқса, ёшлар эргашади. Кўп миллатли юртимизда ақидапарастликка қарши кескин ва оммавий мафкуравий кураш олиб борилмоқда. Шундай экан, биз ёшларимизни ҳар томонлама баркамол, эл-юрт иши учун фидойи, чин ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг онгида ёт ва заҳарли ғояларга жой қолдирмаслик, уларни фойдали ишларга жалб этиш каби хайрли ишларни, тадбирларни амалга оширсак, юртимиз келажаги бўлган фарзандларимиз бизлардан кўра ҳам бахтли бўлади деган умиддаман.

Рашидов Аброрхўжа

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ходими

Read 2085 times

Мақолалар

Top