МАҚОЛА

Ёт ғоя – ёв ғоя

Бугун масофалар қисқараётган муносабатлар яқинлашаётган,  маданиятлар муштараклашаётган, замон тили билан айтганда, ҳамма нарса “глобаллашаётган” бир даврда яшаб турибмиз. Бугунги кунда турли хил ниқоблар остида мусулмон давлатлар ёшлари онгини заҳарлаш, минг йиллик синовларга дош берган Ҳақ йўлдан тойдириш, уларни жаҳолат, бузуқлик, нодонликка бошлаш билан глобал бошқарувига эришиш учун бор ҳунарини ишга солаётган кучлар мавжудлиги айни ҳақиқат. Бу йўлда миссионерлик ҳаракатларидан, ўз турмуш тарзини тарғибот — ташвиқот қилишдан, оммавий ахборот воситаларидан, хуллас, таъсир ўтказишнинг барча усуллларидан кенг фойдаланишмоқда.

Маълумки, дунё ҳаёти – ҳар бир инсонга берилган ўткинчи синов муддатидир. Ундаги ҳар бир кун, соат, дақиқа ва ҳатто сония инсон учун кўп фойда келтирадиган ғанимат бир фурсатдир, бунда инсон онадан туғилиб, вафот этгунча охират учун сай-ҳаракат қилади. Умр бўйи қилган яхши амаллари эвазига савоб, ёмон амаллари учун гуноҳ ёзилиб турадиган бир муддатдир. Ёшлик ва ўспиринлик даври эса ҳаётнинг энг жўшқин ва ғанимат даври ҳисобланиб, унда тана аъзолари куч — қувватга тўлган ва ҳаракатлар жўшқин бўлиб, киши кўп ютуқларни қўлга киритиши мумкин бўлади. Ёшлик даври ғаниматлиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилганлар: “Ёшлик, ўспиринлик даврини кексайиб, мункиллаб қолишдан аввал ғанимат билинг ва бўш вақни бирор иш билан машғул бўлиб қолишдан олдин ғанимат билинг!”

Демак, ёшликда қилинган ишлар пухта ва мустаҳкам бўлади. Шунинг учун ҳам юртнинг келажаги, унинг мустаҳкамлиги, куч-қудрати ва тараққиёти ўша юрт ёшларининг салоҳияти билан чамбарчас боғлиқдир.Улуғ ҳакимларнинг машҳур гаплари бор: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”.

Демак, ҳар бир ота — она фарзандларига ёшлик даврининг бўш кунларини ғанимат билишни ва ундан унумли фойдаланиш зарурлигини тушунтиришлари лозим. Уларни ёшлигидан бошлаб, одоб-ахлоқли қилиб тарбиялаш билан бирга, илму фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб, ҳалол меҳнатга ўргатиб, пешона тери билан топилган ризқ-рўзида барака бўлиши ҳақида панду насиҳатлар қилишлари айни муддаодир.

Ёшларимизнинг хеч бир фурсатлари беҳуда ва бекор ўтмаслиги лозим. Айниқса карантин муддатида уларни фойдали ишларга жалб этишимиз керак. Барчамиз гувоҳ бўлдик ҳукуматимиз улар учун карантин даврида ҳам таълим олишлари учун имконият яратиб берди. Айни дамда бу машғулотлар ҳам поёнига етди, аммо бу энди хоҳлаган ишларини қилишлари мумкин дегани эмас. Зеро фарзандларимизнинг бўш вақти душманимизнинг иш вақти эканини унутмайлик. Уларга дунёвий билим бериш асносида, инсонийлик фазилатлари, диний қадрятларимиз, миллий урф-одатларимиз каби биз учун азиз жонимиз каби муҳим ахлоқий сифатларни хам ўргатиб борайлик.

Онгли ёшларимиз дўст киму, душман ким эканини яхши ажратиб олишлари лозим. Маълумки ватанимиз жаҳон саҳнида ўзининг мустаҳккам ўрнини эгаллаб бормоқда. Бу давр мамлакатимиз учун осон кечмаслиги табиий. Бу борада келажак эгалари бўлган ёшларимизнинг ўрни беқиёс албатта. Улар маънан етук, жисмонан бақувват, илмий салоҳиятлик бўлсалар, ёт ғоялардан узоқ бўлиб, ўзлари танлаган тўғри йўлда собит турсалар, албатта улар учун заҳмат чеккан ота оналар, устозу мураббийлар, қўни қўшни ва қавму қариндошлар доимо хотиржам бўла оладилар.

Аллоҳ таоло кўзимимзни нури ва қалбимизни ҳузури бўлган жонажон фарзандларимизни доимо ўз ҳифзу ҳимоясида асрасин. Келажакда юртимиз номини дунёга таратишларини  насиб қилсин.

 

Авазхон ЖАЛОЛОВ
Гулистон шаҳар “Исо ўғли Мусо”
масжиди имом–хатиби.

Read 1480 times

Мақолалар

Top