Ислом фақат диний аҳкомлардангина иборат бўлган дин эмас, балки у жамият маънавияти ва маърифатини шакллантирувчи ҳамда камолга етказувчи, жумладан, унинг ижтимоий-сиёсий, руҳий-маънавий талабларини қондирувчи таълимотдир. Аммо исломий арконларнинг ижроси баробарида инсон диний илмсизлик сабабли, кўпгина муаммоларга дуч келиши табиий ҳолдир. Мана шу муаммолардан бири мутаассиблик ва динда чуқур кетишдир.
Шариатимиз диний мутаассибликка ва динга чуқур берилишга доимо қарши бўлган. Муқаддас динимизнинг асл манбалари ҳисобланган Қуръондаги ояти карималар ва Суннадаги ҳадиси шарифларда диндаги бу бидъатлар қаттиқ қораланган. Чунки бу икки иллат турли замонларда ҳар хил номлар остида динимизга тасвирлаб бўлмас даражада зарар етказган, бу ҳол ҳозир ҳам ҳар хил жарангдор номлар ва шиорлар остида давом этмокда.
Хўш, диний мутаассиблик, динда чуқур кетишнинг ўзи нима? Динимизнинг мазкур икки иллатга муносабати қандай?
Мутаассиблик — унинг луғавий маъноси бирон эътиқодга ёки дунёқарашга ўта берилганлик, ўз фикрида қатъий туриб олиб, бошқаларнинг фикрини инобатга олмаслик ҳамда инкор қилиш ва ҳамиша ўзини ҳақ деб билишдир. Ҳозирги вақтда бу "фанатизм" ҳам дейилади. Мутаассиб (фанат) киши кўр-кўрона хоҳ тўғри, хоҳ нотўғри бўлсин, ўзига маъқул бўлган бир фикрда маҳкам туриб, ўзининг фикрини ҳақ, бошқаларнинг фикрини эса ноҳақ деб эътиқод қилган ҳолда ўз фикрини амалда курсатишга ҳаракат қилади.
Динда ғулу (ғулув) кетиш — "динда чуқур кетиш, диний арконлар ва ибодатларни бажаришда ҳаддидан ошиш, тўғри йўлдан оғиб, нотўғри йўлга бурилиш" маъноларини англатади.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис бунинг далилидир: 'Бани Асад қабиласига мансуб бир аёл ҳузуримда ўтирган эди. Шу пайт Расулуллох саллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кириб келиб: "Бу аёл ким — деб сўрадилар. "Бу ўша, кечаси ухламай намоз ўкиб чиқадиган аёл", — дедим. Сўнг, мазкур аёлнинг кўп намоз ўқиши ҳакида сўзлашдик, Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам : "Бундай қилманглар, солиҳ амалларни курбингиз етганича aдo этинглар, қанча ибодат қилсангиз ҳам Аллоҳ таолога малол келмайди-ю, бироқ , ўзингизга малол келиб қолмасин! — дедилар. Ҳадисдан маълум бўладики, ҳар бир инсонга динда чуқур кетишдан ёхуд мутаассибона биронта фарз қилинмаган амални ўзига вожиб қилиб олиб, сўнг бажаролмайдиган ҳолатга тушиб қолгандан кўра, мўътадиллик, яъни васатийлик йўлини танлаб солиҳ амалларда мудом бўлиши аълороқ ва яхшироқ экан. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ҳадис орқали динда чуқур кетишнинг оқибати яхши бўлмаслигини маълум қилиб, ибодатга оид амаллардан тоқат етадиганини олишга буюрганлар. Жумладан, ибодатларнинг шартларини бажаришда ҳам ғулу кетиш динимизда қаттиқ қораланади. Масалан, таҳорат ва ғуслда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида кўрсатилган меъёрдан ортиқ сув ишлатишни уламоларимизнинг айримлари "исроф" деса, баъзилари "ғулу"нинг бир кўриниши деб ҳам айтганлар. Шунингдек, ғулу амали инсоннинг еб-ичиши, кийиниши ва ҳатто кафанланишида ҳам мавжуддир. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам : (Маййитни) кафанлашда ҳаддингиздан ошманглар , — деб буюрганлар.
Аслида, Аллоҳ таборака ва таоло томонидан нозил қилинган муқаддас динимиз — Исломнинг асосини ташкил қилган амаллар бандаларнинг тоқатидан келиб чиққан ҳолда фарз қилинган, яъни мўътадиллик ва бағрикенгликка асослангандир.
Учқўрғон тумани
“Абдулхамидҳожи Абдурахмон ўғли”
жоме масжиди имом-хатиби Улуғбек Рахматуллаев
Заифлигимизни тан олсак, шундан кейин Аллоҳ таоло куч-қудрати билан бизни қўллаб-қувватлайди, муҳтож ва қашшоқлигимизни англаб етсак, У ўз бойликлари билан бизга янада кўпроқ ёрдам беради. Ким Аллоҳга ўзининг доимий эҳтиёжи борлигини, фақирлигини, шикасталигини, ожизлигини мужассамлаштириб намоён эта олса, Аллоҳ уни улуғ давлатга, яъни ўзидан бошқа ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамаслик шарафига муяссар этади. Ахир чиндан ҳам қулнинг Аллоҳдан бошқа паноҳи ва нажоти бўлиши мумкин эмас-ку...
Кимда-ким Аллоҳ наздида ўзининг бандалик (убудийя) сифатини намоён этиб, давомли тарзда Унинг зикри билан машғул бўлса, Аллоҳ уни ўз рубубияти (ҳокимияти) билан қўллайди, зеро, зикр — бу бандаликнинг ҳақиқий сифатларини оҳанрабодай ўзига тортадиган бир амалдир.
Қачонки инсон чин дилдан ўзига Аллоҳнинг ҳақиқий бандаси бўлишликни тилаб қолса, Аллоҳ ҳам ўз навбатида уни яна-да қувватлаб, рағбатини зиёда эта бошлайди. Бандага етган ва у гувоҳ бўлган бундай қўллаб-қувватлашлик эса Аллоҳ таоло меҳрибончилигининг майдагина бир қисми, холос.
Агар банда мана шу тарзда ўзининг бандалик сифатларини, қашшоқлигини ва Аллоҳга бўлган муҳтожлигини кўпайтириб борса, Яратган ҳам ўзининг лутфу эҳсонларини тезда кўпайтира бошлайди. Модомики, шундай экан, Яратганнинг лутф-карамига талпинган ва зудлик билан унга эришмоқчи бўлган киши Унга муҳтож эканлигини самимий иқрор этсин.
Яратган Қуръони Мажидда марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, садақалар муҳтожлар учундир” (Тавба сураси, 60-оят).
Аллоҳ маънавий даражаларга эришганларга ўзининг эҳсонларини кўпайтиргани сари уларнинг бандалик сифатлари ҳам қувватланиб, иймонлари кучайиб боради. Бу эса, ўз навбатида, уларни Яратганга тақарруб ва яқинлик манзили томон элтади.
Шу билан бирга, бундай одамларнинг жамиятдаги обрў-эътиборлари кўтарилиб, уларнинг ҳилму камтарликлари камолга етади. Бу нарса уларни мўминлар олдида ўта бир камтарин суратда намоён этса, динсизлар олдида уларнинг виқору ҳайбатларини оширади.
Баъзан солиҳлар ҳам нафснинг истакларини вақти-вақти билан қондириб турадилар ва кези келганда бунинг учун чин кўнгилдан миннатдор ҳам бўладилар. Чунки бундай кишилар олдида нафс меҳрибончилик ва марҳамат кўрсатишликка муҳтож бир махлуққа айланиб қолган. Шу боис уни худди ёш бола каби гоҳи-гоҳида совға-саломлар билан юпатиб турмаса бўлмайди. Одатий ҳолатда эса бу зотлар пайғамбарлар даъватининг ижобати учун дунё лаззатларидан тамомила чекиниб, нафсларининг хоҳишларини ўта қаттиқ даражада чегаралайдилар.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.