МАҚОЛА

Тўрт мазҳабга эргашишга сабаблар

Бу тўрт мазҳабнинг боқий қолишига қуйидаги омиллар сабаб бўлган:


1. Уларнинг тўғри ақийда усулларидаги мукаммал иттифоқлари. Улар Аҳли суннанинг ҳақиқий имомларидир.


2. Уларнинг ҳаёт тарзлари бир-бирларига яқинлиги ва бошқаларининг мазҳабидан истифода олишга ҳамда кўплаб масалаларда ўзгаларнинг фикри билан ўртоқлашишга бўлган эҳтиёж сабабли бир-бирлари билан учрашишлари.


3. Уларнинг аксарият шариат масалаларида бино бўлган усулга иттифоқ қилишлари. Шариат усуллари: Қуръони Карим, Суннат, ижмоъ ва қиёсдир. Уларнинг ўртасида кейинчалик содир бўлган ихтилофларга сабаб, баъзиларининг наздида масолиҳи мурсала бўлган
нарса бошқалариниг наздида истисҳоб, яна бошқаларининг наздида эса истиҳсон" бўлганидир. Бу ҳақиқий ихтилоф дейишга арзимайдиган нарсалардир.


4. Мазҳаб имомларининг ўрталарида ўзаро келиш. мовчилик ҳамда ҳасадга йўл қўймайдиган нарсалардан яна бири, бир-бирларига нисбатан яхши гумонда бўлганликларидир. Ҳасад ҳам бир дард бўлиб, замондош ёки бир-бирига яқин бўлган камдан-кам инсонлар ундан саломат бўладилар.


5. Уларнинг илмни етказиш ва тарқатишга, инсонларга Аллоҳ таоло учун насиҳат қилишга ва уларнинг ўзлари Аллоҳ таолога ибодатлар билан ва сулук билан жуда гўзал ҳолда ҳамда дунё ва унинг фитналарига тақво билан юзланишга бўлган ажойиб қизиқишлари. Мана шу хислатлар уларнинг қалбидан дунё талабини ва уни талаб қилувчиларга ҳавас қилиш ҳиссини кетказди. Бу эса ўз навбатида уларга замондош бўлган уламолар ва омманинг қалбида ўзига хос ўрин эгаллади. Бу нарсани фарзандлар оталаридан мерос қилиб олдилар ва бизларгача етиб келди.


6. Аллоҳ таоло мазкур имомларнинг пешонасига улуғ шогирдларни битиб қўйди. Улар сидиқ ва ихлосни, илмга муҳаббатни, уни устозларидан олиб, бошқаларга тарқатишга бўлган қизиқишни мерос қилиб олдилар. Натижада устозларининг сўзларини ёд олдилар, илмларини ёзиб қўйиб, сўнгра уларни инсонларга тарқатдилар.


7. Тўрт мазҳаб имомларининг сўзлари ишончли йўллар ва илмий омонатга риоя қилинган ҳолда накл қилиниши.
Бу борада Аллоҳ таоло сақлаб қўйган яна бошқа бир қанча ҳикматлар борки, У Зот уларни Ўзи хоҳлаган бандаларигагина билдиради.

Толибжон Шарипов

Read 824 times

Мақолалар

Top