Мақолалар

ОЛИМ БЎЛДИ

Ривоят қилинишича бир бадавий араб Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб, “Ё Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам), менга бир нарсани ўргатиб қўйинг-ки, ундан менга кўплаб фойдалар етсин”, деди.

Шунда Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалардан бирини чақириб, “бунга Қуръони карим ўқишни ўргатиб қўйнглар”, дедилар.

Саҳоба Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек Қуръондан таълим бера бошлади. Илк сабоқни Қуръони каримнинг “Залзала” сурасидан ўргатиб, суранинг охирги «Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар» (Залзала, 7-8) оятларига етганда бадавий араб “менга шу етарли”, деди. Саҳобий унинг бу сўзларидан ҳайратланиб, “қандай қилиб бу сенга кифоя қилади”, деб сўради. “Ҳа, чиндан ҳам бу илм менга етарли”, деди.

Саҳобий Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига бориб, бўлиб ўтган воқеани баён қилди. Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам): “Тўғри айтибди, уни тинч қўйинг, биргина оят сабабли у олимлардан бўлди”, дедилар (Абу Довуд ривояти).

 

 

Read 4875 times

Мақолалар

Top