Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Ноябр, 2024   |   29 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:35
Қуёш
06:55
Пешин
12:12
Аср
15:36
Шом
17:21
Хуфтон
18:36
Bismillah
01 Ноябр, 2024, 29 Рабиъус сони, 1446

Қарзнинг ҳам чиройлиси бўладими?

5.11.2020   2124   4 min.
Қарзнинг ҳам чиройлиси бўладими?

Пешона теримиз билан топган ҳалол пулдан Аллоҳ йўлида сарф қилсак, шу дунёнинг ўзида ўша озгина пулимизни Аллоҳ таоло катта маблағ қилиб қайтарса, ҳар бир хайрли амалга муҳтож бўладиган Қиёмат кунида эса катта ажр қилиб беради.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Аллоҳга яхши қарз берадиган ким борки, У унга бир неча мартага кўпайтириб берса. Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) тор қилур ва кенг қилур. Ва Унгагина қайтариласизлар” (Бақара, 245).

Аллоҳ таоло бизларнинг пулларимизга муҳтож эмас, балки синов учун қарз сўрамоқда. Қарзни нима учун сўраяпти? Балки бандани имтиҳон қилиш учун, молини кўпайтириб бериш учун. Оятнинг давомида яна Аллоҳ таоло бизларни огоҳлантириб, эслатмоқдаки, қўлингдаги молу дунёни танг қилиб қўювчи ҳам ёки унинг баракасини берувчи ҳам Парвардигордир. Оятнинг охирида ҳамманинг хотимасини зикр қилмоқда, яъни қанча молу дунё тўпласангиз ҳам, бу дунё бевафолик қилиб уни ўзида олиб қолади ва ҳар биримиз Парвардигоримиз олдига қуруқ қўл билан борамиз.

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:

“Кимики ҳалол касб қилиб, бир дона хурмочалик садақа қилса, Аллоҳ таоло уни бажонидил қабул қилади. Сўнгра сизлар тойчоқни қандай боқиб улғайтирсангиз, Аллоҳ таоло ҳам берган садақангизни тоғ баробарида қилиб, ўзингизга қайтаради”.

Ул Зоти бобаракот яна дейдиларки:

“Ҳар тонг бандалар уйғонганда, икки фаришта нозил бўлади. улардан бири: “Эй бор Худоё, хайру эҳсон қилувчининг берган молининг ўрнига бергин”, дейди. Иккинчиси эса: “Эй бор Худоё, мумсик (бахил)нинг молига талофот бергин”, дейди”.

Аллоҳ таоло бандасига молу дунёни шунчаки осмондан бериб қўймайди, чунки унда садақа қилиш жуда осон бўларди. Аммо Парвардигор бандасига синов бўлиши учун шу тарзда бериб қўйди. Балки бир сўмни топиш учун кеча-ю кундуз ўйлайди, жуда кўп дунёнинг лаззатларидан кечади, шу йўлда саломатлигини йўқотади, ҳар бир сўми учун қанча-қанча тер тўкади, пул топиш йўлида қанча асабийлашади, хуллас боласи каби асраб авайлайди. Мана шунда банданинг топган бир сўм пули юрагининг бир парчасига айланади. Шунда Аллоҳ “топган пулингдан бер” деганда у машаққат билан топган пулини агар бермоқчи бўлса, юрагидан бир парчасини узгудек бўлгани учун бермасликка ҳар қандай баҳоналар ахтаради.

Хабарларда келишича: Ким беш нарсани қилмаса, Аллоҳ таоло ҳам уни беш нарсадан маҳрум қилади:

Ким фарз бўлган закотини бермаса, Аллоҳ таоло ҳам уни молини талофатдан қутқармайди ва муҳофаза қилмайди.

Ким хайру эҳсон қилиб турмаса, Аллоҳ таоло хотиржамлигини олиб қўяди.

Ким ерининг ҳосилидан ушр бермаса, Аллоҳ таоло ёмғир ёғдирмай, ерининг баракасини олиб қўяди.

Ким Аллоҳга дуо қилмай қўйса, Аллоҳ таоло уни ижобатдан маҳрум қилади.

Ким агар намозга дангасалик қилса, Аллоҳ ўлаётган вақтида уни калимаи шаҳодатни айтишдан маҳрум қилади.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг бизларга юлдуздек йўл кўрсатувчи саҳобалари Расулуллоҳдан эшитган ҳар бир сўзга ўша заҳоти амал қилар эдилар. Ибн Аби Ҳотим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, «Аллоҳга яхши қарз берадиган ким бор» ояти нозил бўлганида, Абу Даҳдаҳ Ансорий:

– Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ азза ва жалла биздан қарз сўраяптими? – деди. Набий алайҳиссалом:

– Ҳа, эй Абу Даҳдаҳ, – дедилар. Абу Даҳдаҳ:

– Қўлингизни беринг, эй Аллоҳнинг Расули, – деди. У зоти бобаракот қўлларини бердилар. Абу Даҳдаҳ:

– Мен Роббимга қўрғонимни қарз бердим, – деди. Унинг қўрғонида олти юз туп хурмоси ва хотин, бола-чақаси бор эди. У келиб:

– Ҳой, Умму Даҳдаҳ! – деб хотинини чақирди.

– Лаббай, – деган жавобни эшитганда:

– Қўрғондан чиқ, мен уни Роббимга қарз бердим, – деди. У:

– Хўп, – деб болаларини олиб чиқди.

Хуршид АСЛАНБАЕВ,
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Диндан узоқлашишнинг оқибати

31.10.2024   9791   1 min.
Диндан узоқлашишнинг оқибати

Диндан узоқлашар эканмиз, асл мақсаддан, рисолатдан ва инсоний қадриятлардан йироқлашган бўламиз. Натижада жамиятда ёмонлик, зулм ҳукм суради, ёвузликка, маст қилувчи ичкиликларга қизиқиш ортади, оилага, соғлом турмуш тарзига рағбат йўқолади, ота-она билан фарзанд ўртасидаги муносабатларга ҳам футур етади, иқтисодий ҳаёт эса рибо ва қимор билан тўлиб-тошади. Оқибатда гуноҳлар кескин кўпайиб кетади.

Шу боис инсон доимо динга эҳтиёж сезади ва ундан ҳеч қачон беҳожат бўлмайди! 

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан