Мақолалар

Ортиқча сўзни тарк қилганга жаннат бўлсин!

Ортиқча сўздан на дунёвий ва на ухровий фойда йўқ. Инсон мақсадини бир сўз билан ифодаласа, унинг ортидан яна бошқа иккинчи гап ортиқча бўлиб, унинг зарарига ҳужжат бўлиш эҳтимоли кўп.

Муҳаммад ибн Язид ибн Хонис Маккийдан ривоят қилинади: Суфён Саврий бетоб бўлганида кўргани бордик, унинг ҳузурига Саъид ибн Ҳассон Махзумий ҳам кирди. Шунда Суфён Саврий унга: “Кеча менга Умму Солиҳдан ривоят қилиб айтган ҳадисингни яна қайтариб айтиб бер”, деди. У: “Умму Солиҳ  бинту Солиҳ Софиййа бинту Шайбадан у Умму Ҳабибадан ривоят қилади: Росулуллоҳ соллоҳу аълайҳи васаллам: “Яхшиликка буюргани ёки ёмонликдан қайтаргани ёки Аллоҳ Азза ва Жаллани зикр қилганидан бошқа Одам боласининг барча айтган сўзи унинг зараригадир, фойдасига эмасдир” дедилар. Шунда Муҳаммад ибн Язид: Бу ҳадис нақадар ҳам оғир-а! деди.

Шунда Суфён Саврий унга: бу ҳадиснинг оғирлиги нима? Уни бир аёл иккинчисидан ривоят қиляпти, бу Пайғамбарингиз соллоллоҳу аълайҳи васалламни у билан юборган Аллоҳ Азза ва Жалланинг каломида ҳам бор.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “ Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз[1](Нисо сураси 114-оят). Ушбу оят ҳам ҳадиснинг айни ўзидир.

Аллоҳ азза ва жалла: “Руҳ (Жаброил) ва (барча) фаришталар саф тортиб турадиган кунда (одамлар) гапирмаслар, фақат Раҳмон (меҳрибон зот) изн берган кишигина (сўзлар) ва (фақат) рост сўзлар”[2]деган (Наба сураси 38-оят). Ушбу оят ҳам ҳадиснинг айни ўзидир.

Яна бир ояти каримада: “Аср билан қасамёд этурманки, (ҳар бир) инсон зиёнда (бахтсизликда)дир! Фақат имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига ҳақиқатпарвар бўлишни тавсия этган ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган зотларгина бундан мустаснодирлар”[3] деган (Аср сураси 1-3-оятлар). Ушбу оятнинг ҳам ҳадиснинг айни ўзидир, деди[4].

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ Азза ва Жалланинг зикридан бошқа сўзни кўпайтирманг. Чунки Аллоҳ Азза ва Жалланинг зикридан бошқа гапни кўпайтириш, қалбнинг қаттиқлигидир. Албатта, инсонларнинг энг Аллоҳдан узоқроғи қалби қаттиқлардир”[5] дедилар (Имом Байҳақий ривояти).  

Шу боис Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Сизларни ортиқча сўзларингиздан огоҳлантираман, у билан эҳтиёжига етадиган сўз кишига кифоя, деганлар. Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳи эса: “Ҳар бир сўз, албатта, котиб фаришталар тамонидан ёзиб борилади, Ҳаттоки киши боласини тинчлантириш учун ёлғондан сенга фалон, фалон нарсаларни олиб бераман дейди ва у ёлғончи деб ёзиб қўйилади[6], деганлар. Шундай экан тилимизни доимо ортиқча сўздан тийишимиз лозим, зеро Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ортиқча молини нафақа қилиб, ортиқча сўзини ушлаб қолган кишига жаннат бўлсин[7] деб дуо қилганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Абдулаҳад  Собиров,

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти

“Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчиси

 

[1] Нисо сураси 114-оят.Шайх Абдулазиз Мансур.  Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти.

[2] Наба сураси 38-оят.Шайх Абдулазиз Мансур.  Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти.

[3] Аср сураси 1-3-оятлар.Шайх Абдулазиз Мансур.  Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти.

[4] Имом Байҳақий. Шуъабул-иймон, 4- жуз, тилни сақлаш боби 4954- ҳадис. 1990-йил  Байрут. Дарул кутубил иълмийя.  

[5] Имом Байҳақий. Шуъабул-иймон, 4- жуз, тилни сақлаш боби 4951- ҳадис. 1990-йил  Байрут. Дарул кутубил иълмийя.  

[6] Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳифзуллисан 8-бет. 1990-йил Макка-и мукаррама. Матобиъуссофа.

[7] Имом Байҳақий. Шуъабул-иймон, 4- жуз, тилни сақлаш боби 4944- ҳадис. 1990-йил  Байрут. Дарул кутубил иълмийя.  

Read 3230 times

Мақолалар

Top