Мақолалар

Никоҳда муносиб вақт ва соғлом фарзанд

Фарзанд туғилганида нафақат ота-она, балки яқинлар ҳам хурсанд бўлади. Жамиятда ҳар бир инсон фарзанд кўрган кунни энг қувончли кун деб билади. Фарзанд туққан аёл қадр топади. Оналик шарафига муяссар бўлади. Ўзини бахтиёр ҳис қилади. Ота, айниқса, биринчи фарзанди туғилганида еру кўкка сиғмайди. Фарзанд неъмати ота қалбини фахр туйғусига тўлдиради. Қасрининг бўғиқ ҳавоси жаннат райҳонининг иси билан тўлади. Хонадондан гўдак йиғиси ва яқинларининг кулгиси эшитилади.

Динимиз насл ва насабни сақлаш учун никоҳ ва унинг аҳкомларини баён қилиб берди. Никоҳ барча пайғамбарларнинг ҳалол билан ҳаромни ажратувчи суннат амалидир. Никоҳ билан ота-она келгуси авлодларининг асосий тамал тошини қўяди. Қиз ўзи учун муносиб жуфт танласа, келажакда фарзандларига рисоладагидек ота танлаган бўлади. Йигит ҳам ўзи учун яхши жуфт танласа, келажакда фарзандларига муносиб онани раво кўрган бўлади.

Бир улуғ зот фарзандларига: “Сизларга туғилмасинглардан олдин ҳам, кейин ҳам кўп яхшиликлар қилганман”, деди. Фарзандлар: “Отажон, туғилганимизда катта қилдингиз, таълим-тарбия бердингиз, уйлантириб, эл-юртга қўшдингиз. Аммо туғилмасимиздан олдин қандай яхшилик қилдингиз?” дедилар. Ота шундай жавоб берди: “Ўғилларим, туғилмасинглардан аввал сизларга муносиб она танладим”. Отанинг муносиб танлови фарзандлар салоҳиятининг гарови бўлди.

Минг афсуски, кейинги вақтларда қизларни эрта турмушга узатиш энг долзарб ва ҳаммани ўйлантирадиган муаммоли масалалардан бўлиб қолмоқда. Ота-оналар орзу-ҳавасга тезроқ етишиш мақсадида, ҳатто, ёшларнинг фикри билан қизиқмасдан тўй қилиш тараддудига тушиб кетмоқдалар. Йигит-қизлар турмушга тайёрми, йўқми, буни ҳисобга олмаяптилар. Айрим инсонлар балоғат ёшини камолот ёши, деб тушунишади. Аслида эса балоғат ёши никоҳ ёши эмас, балки никоҳ қуриш учун вояга етган бўлиш шарт. Шунинг учун ҳам шариатимизда қиз болани турмушга беришда унинг розилиги сўралади.

Оилавий ҳаётнинг остонаси бўлмиш никоҳ доимо кенг мушоҳада ва тажрибали инсонлар билан кенгашиб амалга оширилишининг фазилатлари кўп. Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турмушга чиқаётган хотин-қизларнинг ўзлари билан маслаҳатлашиш кераклигини айтганлар. Маслаҳатлашиш қиздан куёвликка танланаётган йигит ҳақидаги фикрларини билишдангина иборат бўлиб қолмай, унинг келинлик масъулияти вазифаларини қандай тушуниши, уларни адо этишга уқуви, малакаси, соғлиги, хоҳиш-иродаси қай даражада эканини ҳисобга олиб, йўл тутишни ҳам тақозо этади.

Аввало бир ҳақиқатни унутмаслигимиз керак. Қизларнинг балоғат ёшига етгани турмуш куришга тайёр дегани эмас. Бу ёшдаги қизлар ҳали жисмонан ўсмирлик даврини бошидан кечираётган, руҳий ҳолати барқарорлашмаган, атрофдаги воқеликларга таъсирчан ва енгил баҳо берадиган бўлиши аллақачон тиббиётда ўз тасдиғини топган. Бугунги кунда турли текширув натижалари шуни кўрсатмоқдаки, болалардаги турли ҳил аномалиялар, айникса, асаб тизими ва генетик нуқсонлар айнан  эрта турмуш асоратлари туфайли юзага келаётир. Бунинг олдини олиш учун, аввало, ота-оналар етарли тиббий билим ва тушунчага эга бўлиши лозим. Аммо айримлар эрта турмушнинг салбий оқибатларини кўра-била туриб, шошма- шошарлик ва ўзбошимчалик билан қарор қабул қилишади. Натижада носоғлом фарзандлар дунёга келади, оилалар ўртасида совуқчилик пайдо бўлади, ёш келин-куёв руҳий тушкунликка тушиб қолади. Кимнингдир ўйламай қилган хатоси туфайли ёш оилалар бузилиб кетади, ёшларнинг ҳаёти издан чиқади.

Илмий тадқиқотлар натижаларига кўра, эрта турмуш қурган қизларнинг организми соғлом фарзандни дунёга келтиришга тўла тайёр бўлмайди. Эрта фарзанд кўриш ёш она саломатлигига ҳам, ундан туғилажак бола соғлигига ҳам маълум даражада хавф туғдиради. Бундан ташқари, эр-хотиннинг бола парвариши, оилавий муаммоларни ҳал қилишдаги тажрибасизлиги оилаларни кўпинча барбод этмоқда. Бундай оилаларда тарбияланаётган болалар ўртасида касалланиш ва ўлим ҳолатлари кўп экани айтилади. Аниқланишича, 16 - 17 ёшларда она бўлиш бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Уларда ҳомиладорлик ва туғруқлар жисмонан оғирроқ кечади, бундан ташқари маънан, жисмонан тез чарчаб қолиш, кечалари болага туриб қарашга куч-қувват етишмаслиги, чақалоққа психологик жиҳатдан мослаша олмаслик кузатилади.

Бугун эрта турмуш қурганларнинг аксарияти турли хил қийинчилик ва муаммоларни енгиб ўтишда қийналишяпти. Оқибатда айнан шундай оилалар ўртасида ажралишлар содир бўлмоқда. Кейинги пайтларда ажримлар, асосан, ёш оилалар орасида кузатилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Йигит-қизларнинг эрта турмуш қуриши, катта ҳаётга тайёр эмаслиги, ўзаро келиша олмаслик, муомала маданиятининг шаклланмагани, рўзғор ишларида уқувсизлик каби жиҳатлар оқибатида айрим оилалар бузилиб кетяпти.

“Ҳар нарсанинг табиий бир ўлчови бордир. Ўлчовсиз иш ҳеч вақтда фойда бермайди. Никоҳнинг ҳам маълум вақти бўлиб, ундан олдин ёки кеч қолиш ё тиб, ё ахлоқ жиҳатига кўра зарар келтиради. Никоҳ вақтида эр билан хотун орасида ёш эътиборига қараб мувофиқ бўлиши табиий бир ишдир. Никоҳ учун табиий бўлган ёш эрларда йигирма билан қирқ орасида, қизларда ўн саккиз билан ўттиз орасидадир. Бундан сўнг ёки илк бўлган никоҳлар фойдасиз бўлади”. Икки аср илгари маърифатпарвар олим Ризоуддин ибн Фахруддиннинг “Оила” номли асарида илгари сурилган ушбу фикрлар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Анас р.а. дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Эрларига меҳрибон, фарзанд кўра оладиган аёлларга уйланинглар. Чунки мен қиёмат куни сизларнинг кўплигингиз билан бошқа умматлар олдида мақтанаман” . Эрта турмушга чиққан қизларда бундай ибратли фазилатларнинг бўлиши нодир ишлардан эканлиги ҳеч кимга сир эмас.

Никоҳ ва оила масаласига ота - оналар ҳам доимо катта аҳамият беришлари лозим. Улар ўз фарзандларини ёш жиҳатидан оила қуришга тайёр эканлигига тўла қаноат ҳосил қилиб, сўнгра никоҳдан ўтказишлари шарт.

Киши ҳаётида бир марта бўладиган умр савдоси бўлмиш никоҳ масаласи доимо кенг мушоҳада ва кенгаш билан амалга оширилгани маъқулдир. Шу ўринда Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларини эсга олиш жоиздир: "Қизларни турмушга чиқариш тўғрисида оналари билан маслаҳатлашинглар".

Бир нарсага аҳамият беришимиз лозим, қизларнинг балоғат ёши билан турмуш қуриш ёши бошқа - бошқа нарса экани ҳаётда ўз исботини топмоқда. Балоғат ёши ҳақидаги мунозараларга бир оз ойдинлик киритиб, қуйидаги мулоҳазаларни баён қиламиз: Ўғил болалар учун балоғат ёши шариатда 12 - 15 ёш ўртасида эҳтилом билан, қиз болалар учун 9 - 12 ёш ўртасида ҳайз кўриш билан белгиланади. Лекин балоғат ёши турмуш қуриш ёши деб, қаралмаслиги керак. Турмуш қуриш ва фарзанд тарбияси учун балоғат ёшининг ўзи кифоя қилмайди. Балки, унинг учун маънавий ва жисмоний жиҳатдан етуклик ҳамда алоҳида шарт-шароитлар мавжуд бўлиши талаб этилади.

 Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Вояга етиш ўн саккиздан ўттиз ёшгача, камол топиш ўттиздан қирқгача” – деганлар.

 Динимиз таълимотларига кўра илм олиш, маърифатли бўлиш, ҳаёт учун зарур бўлган барча кўникмаларни ўрганиш ҳар бир қиз бола учун зарур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш барча мусулмон эркак ва аёлга фарз”, деганлар.

Бордию шундан олдин турмуш қурсалар, ўқиш ҳам чала, оила юмушлари ҳам, уй бекалиги ва бошқа барча ишлар ҳам чала бажарилишига йўл очилган бўлади. Илмли ва касб - ҳунарли аёлгина комил инсонни тарбиялай олади.

Эрта, вояга етмасдан турмуш қурганларнинг аксарияти ота - онасининг қарамоғида яшайди ёки турмушига дарз кетади. Бу борада ёш қизларнинг турмушдан кейинги ҳаёти нисбатан оғир кечади.

Қизларнинг жуда ёш турмушга чиқишлари ҳақида ҳанафий мазҳаби фақиҳларидан Ибн Шубурма ва Баттийлар мутлақо салбий фикр билдиришган.

Баъзи инсонлар Ислом дини қизларни барвақт узатишга чақиради, деган нотўғри тушунчада юрадилар. Бу – асоссиз гап. Исломда ҳали балоғатга етмаган, турмушга тайёр бўлмаган ўсмир қизларни узатиш ёки никоҳлаш лозим, деган гап йўқ. Ҳатто балоғатга етган, жисмоний тарафдан турмушга тайёр йигит, агар оилани боқа олмаса, унинг уйланиши шарт эмаслиги айтилади.

Аксарият давлатларда никоҳ ёши йигит ва қиз учун бир хил этиб белгиланган. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида таъкидланганидек, 18 ёшга тўлгунга қадар бўлган шахсларнинг барчаси бола ҳисобланади. Аммо ҳали 18 ёшга кириб улгурмаган қизларни у ёки бу сабаб билан турмушга бериб, келиб чиқадиган муаммога ота-оналарнинг ўзи айбдор бўлиб қолмаяптими?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлар тарбияси, уларнинг саодатли бўлишлари борасида ота-оналарнинг вазифалари қандай бўлиши ҳақида шундай марҳамат қилганлар: Жобир ибн Абдуллоҳ р.а. дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кимнинг уч қизи бўлиб, уларга яхши одоб-ахлоқ ўргатса, раҳм-шафқат кўрсатиб барча таъминотларини кафолатласа, албатта, унга жаннат вожиб бўлади”. Ё, Расулаллоҳ! Агар иккита бўлсачи? – деб сўрашди. “Агар иккита бўлса ҳам”, – дедилар. Қавм орасидан бирлари агар битта бўлсачи, деб сўраганида, “битта бўлса ҳам”, деб жавоб берган бўлар эдилар”. 

Келажак авлодларимиз соғломлиги учун қизларимизни  ҳадисда айтилганига мувофиқ равишда тарбиялаб, дунёвий ва ухровий мукофотларга сазовор бўлиш барчаларимизга насиб этсин!

 

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Қарши шаҳар  “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби

Read 1267 times

Мақолалар

Top