Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдулла АБДУЛЛАЕВ билан суҳбат
– Ассалому алайкум, муҳтарам домла. Аксарият одамлар тушунчаси, тасаввурида диний соҳа ходими, умуман, мусулмон киши ўртаҳол ёки фақирроқ кўринишда жонланса керак. Чунки жамиятдаги айрим нопок йўл билан бойлик орттирувчи жоҳиллар бой бўлиш учун албатта қайсидир ҳаром ишга қўл уриш керак, ҳалол йўл билан бойиб бўлмайди, деб ўйлашади. Хўш, аслида динимизда бойлик ва фақирликка муносабат қандай? Шу ҳақда суҳбатлашсак.
– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Айтиш керак, мавзу анча баҳсли, бу борада турли қарашлар бор. Баъзилар мусулмон одам фақирона ҳаёт кечириши, бой бўлишга интилмаслиги лозим. Чунки бойлик кишини ибодат ва яхши фазилатлардан тўсишга сабаб бўлади деса, бошқалар мусулмон киши бой бўлгани яхши, пайғамбарлардан ҳам, саҳобалар ҳамда бошқа салафи солиҳлардан ҳам кўплаб бой зотлар ўтган, дейишади. Яна бошқалари бойлик жаннатдан узоқлаштиради, фақирлик эса жаннатга яқинлаштиради, дейди.
Инсон ҳаёти машаққат, роҳат, бойлик ва фақирлик каби тўлқинлардан иборат. Бойлик ҳам Аллоҳ таолонинг бандасига берган инъомидир. Унинг шукрини ҳар бир инсон адо этиши керак. Бу эса берилган неъматни ҳалол ва пок ўринларга сарфлаш, закотини бериш, исрофга йўл қўймай, тежаб фойдаланиш билан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дуо қилар эдилар: “Эй Аллоҳим, мен Сендан манфаат берадиган илм, кенг ризқ ва қабул бўладиган амални сўрайман!” (Имом Аҳмад ривояти).
Ҳофиз ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳақида бундай ривоят қилади: «Абдуллоҳ ибн Масъуд вафот этиши арафасида бетоб бўлиб қолди. Усмон ибн Аффон унинг зиёратига келиб: “Нимадан шикоятинг бор?” деб сўради. Ибн Масъуд: “Гуноҳларимдан”, деди. Усмон ибн Аффон: “Нимани хоҳлайсан?” деб сўради. Ибн Масъуд: “Раббимнинг раҳматини”, деди. Усмон ибн Аффон: “Сенга табиб буюрайми?” деди. Ибн Масъуд: “Табиб (яъни, Аллоҳ) мени бетоб қилди”, деб жавоб берди. Усмон ибн Аффон: “У ҳолда сенга ҳадя буюртирайми?” деб сўради. “Унга ҳожатим йўқ”, деди Ибн Масъуд. Усмон ибн Аффон: “Сенда ҳожат бўлмаса, сендан кейин қизларингга қолади”, деди. Ибн Масъуд бунга жавобан: “Қизларимнинг камбағал бўлиб қолишларидан қўрқяпсанми? Мен уларга ҳар кеча Воқеа сурасини ўқишни буюрганман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким ҳар кечада Воқеа сурасини ўқиса, зинҳор қашшоқликка учрамайди”, деганларини эшитганман”, деб жавоб берди».
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Воқеа сураси бойлик (келтирувчи) сурадир. У (сура)ни ўқинглар ва фарзандларингизга ўргатинглар” (Ибн Мардавайҳ ривояти).
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 274-оятида бундай марҳамат қилади: «Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар».
– Демак, динимиз кишини бой бўлишдан, балки қўлида давлати бор мўмин-мусулмон уни ғанимат билиб, ўткинчи лаззатлар учун эмас, балки дунё ва охиратига манфаатли ўринга сарфлашга чақириб, мол-мулк қадрига етмасликдан қайтарган...
– Шундай. Инсон қиёмат куни бошқа амалларидан сўралгани каби бойлигидан қандай фойдалангани ҳақида ҳисоб-китоб қилиниши огоҳлантирилган. Бундан шуни англаш мумкинки, бойликнинг энг асосий жиҳати эҳсон, садақа ва закот деган масалаларга ҳам бевосита боғлиқлиги кўринади. Ҳазрат Али розийаллоҳу анҳу: “Бирон-бир кимса оч қолса, қайсидир бойнинг хасислиги туфайли оч қолибди!” деганлар.
Аллоҳ таоло инсониятнинг ризқини ҳаммага ҳар хил қилиб берган-у, бандалар эҳсон, садақа ва закот орқали бир-бирларининг ҳолидан хабар олиб туришини шарт қилиб қўйган. Бу Аллоҳнинг ҳикматидир!
Парвардигор инсонларнинг баъзиларига бойлик ато этади, баъзиларига фақирликни юборади. Аллоҳ бир бойга кўп мулк берган бўлса, уни яхши кўрганидан эмас, балки унинг имонини синаш учун беради. Бир кимса камбағал бўлишини ирода этган бўлса, уни ёмон кўрганидан эмас, балки мана шу ҳолида ҳам шукрда давомли бўладими, деган буюк имтиҳон учун шуни хоҳлаган бўлади. Унутмаслик керак, бойлик ва фақирлик инсониятнинг ўлчови бўлмаган, балки бу ҳоллар синовнинг икки қутбидир. Кимдир бойлик билан синалади, кимдир фақирлик билан.
Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг наздида дунёнинг қадри пашшанинг қанотича ҳам эмаслигини айтиб: “Дунёнинг қадри Аллоҳнинг наздида пашшанинг қанотичалик қадрли бўлганида, кофирга бир томчи сув ҳам бермай қўярди!” деганлар (Имом Бухорий ривояти).
– Баъзан, ўқувчига бадиий йўсиндаги мисоллар ҳам яхши таъсир қилиб, тафаккури кенгайишига, мавзуга доир илмни эслаб қолишига сабаб бўлади...
– Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан келган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: “Кимнинг ташвиши охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбида бойлик пайдо қилади ва хотирини жам этади. (Мол) дунё унга судралиб келади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг икки кўзи олдига фақирлигини келтиради, хаёлини паришон қилади ва унга (мол) дунёдан фақат ўзига тақдир қилинганигина келади” (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ривояти).
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, бойлик ё фақирлик кишининг Аллоҳга яқинлиги ё узоқлигига далолат қилмайди. Балки ҳар икки ҳолат ҳам Унинг имтиҳони. Асосий масала имон ва қаноатда. Имон қанча бақувват бўлса, киши қанчалик қаноат соҳиби бўлса, шунчалик буюк мақомларга эришади. Аллоҳ барчамизга кенг ва баракотли ризқ ато айлаб, унинг шукрини адо қилувчи солиҳ бандаларидан қилсин!
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ
суҳбатлашди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир ҳадис шарҳи
Инсон бу дунёда меҳмон, ҳар бир жон эгаси бир кун келиб бу дунёдан ўтади. Аммо, ислом таълимоти инсонни фақат дунё билан чеклаб қўймайди, балки унинг бу дунёда қилган айрим амаллари савоби вафотидан сўнг ҳам давом этиши ҳақида таълим беради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон вафотидан кейин ҳам айрим амалларнинг савоби тўхтамаслигини маълум қилиб, ушбу ҳадисни (юқоридаги ҳадисни) айтганлар:
عن أبي هريرة رضي الله عنه أن رسول اللهﷺقال: «إذا ماتَ الإنسانُ انقَطَعَ عنه عَمَلُه إلَّا مِن ثَلاثةٍ: مِن صَدَقةٍ جاريةٍ، أو عِلمٍ يُنتَفَعُ به، أو ولَدٍ صالِحٍ يَدعو له».
“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон вафот этганда, уч нарсадан бошқа барча амаллари савоби ундан узилади: жорий садақа, (одамларга) фойдаси тегадиган илм ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд”, дедилар[1].
Ушбу ҳадис бизга жуда муҳим ҳақиқатни ўргатади: инсон учун бир кун келиб унинг ҳаёти тугайди, у хайрли ишлар қилишдан тўхтайди, аммо у вафот этиб кетган бўлса ҳам бу дунёда қилган айрим амаллари орқали ўзига етадиган савоблар тўхтамайди. Бу Аллоҳ таолонинг раҳмати ва фазлидандир. У Зот бандаларининг гуноҳларини мағфират қилиб, охиратда даражаларини кўтариш учун ва савобларини вафотидан кейин ҳам давом эттириш учун кўплаб сабабларни яратиб қўйган.
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қиладиларки, инсон вафот этгач, дунёдаги амаллари ундан узилади, яъни у энди у солиҳ амаллар қилишни қанчалар истаса ҳам буни амалга ошира олмайди. Савобларига савоб қўша олмайди. Агар у яхшилик қилган бўлса, шу яхшилиги ўзига, агар ёмонлик қилган бўлса, у ҳам ўзига. Энди амал қилиш ёки тавба қилиш имкони йўқ. Қилган яхши амалларига савоб ёзилиб бўлган, номаи аъмоли – амаллар дафтари ёпилган бўлади. Аммо, ўзидан сўнг бу дунёда уч нарсани қолдирган бўлса, у бундан мустаснодир. Бу амалларнинг савоби ва фойдаси инсон вафоти сабабли тўхтаб қолмайди, узилмайди:
Улардан биринчиси садақаи жория – савоби бардавом бўлган садақадир. Садақа моддий ва маънавий кўринишга эга бўлиб, яхши сўз ҳам садақадир. Садақа – Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, қурбат ҳосил қилиш нияти билан бериладиган нарсадир. Бу маъно закот ва ихтиёрий садақани ўзи ичига олади, яъни ихтиёрий мол чиқариш садақа дейилади, фарз мол чиқариш эса закот дейилади. Гоҳида қилинган ҳар бир яхшилик иш ҳам садақа дейилади. Садақа икки турли бўлиб, улардан бири садақа қилиш билан кўзланган савоб ниятига яраша берилади ва шу садақа тўхташи билан унга бериладиган савоб ҳам ёпилади. Садақаи жория эса узоқ муддатли савоб манбаи бўлиб, жамиятга фойдаси қанча муддат тегиб турса, савоби ҳам шунча вақт давом этадиган хайрли ишлардир. Яъни, жамиятга фойдаси давомий бўлган ишлар садақаи жория саналади ва савоби ҳам доимий бўлади. Масалан:
Бундай нарсалар инсон вафот этганидан кейин ҳам одамларга хизмат қилаверади. Шу сабабли савоби ҳам доимий бўлади.
Иккинчиси жамиятга фойдаси тегадиган илмдир. Яъни инсон вафотидан кейин ҳам одамлар ундан фойдаланадиган илм. Илмнинг “фойда берадиган” дея таъкидланиши сабаби фойда бермайдиган илм ўз эгасига савоб келтирмайди.
Агар инсон бирор илм ўргатса, китоб ёзса, одамларни яхшиликка йўналтирса, унинг вафотидан кейин ҳам ўша илмдан фойдаланган ҳар бир инсон сабабли унга савоб ёзилиб туради.
Илм – инсон қолдириши мумкин бўлган энг қимматли мерослардан биридир.
Учинчиси солиҳ фарзанд қолдиришидир. Ҳадис матнида фарзанд “солиҳ” деб таъкидланди, чунки ота-онага ноқобил фарзанддан савоб етмайди.
Ота-она ҳаққига дуо қилувчи солиҳ фарзанд – ота-она учун энг катта бахт ва буюк неъматдир. Агар фарзанд яхши амаллар қилса, ибодатларида ота-она ҳаққига дуо қилса, бунинг савоби ота-онасига ҳам етиб туради. Ҳатто бошқа ҳадисларда ота-онанинг фарзандига берган энг катта ҳадяси яхши тарбия экани айтилган.
Ҳадисда фарзанднинг ота-онаси ҳаққига мағфират сўраб дуо қилиши зикр қилингани замирида фарзандни бу ишга рағбатлантириш маъноси ҳам бор. Аслида эса, солиҳ фарзанднинг амалларидан – у дуо қилса ҳам, қилмаса ҳам – ота-онага савоб етиб тураверади. Бу худди бир киши дарахт экиб қўйса, унинг мевасидан еган инсонлар сабабли улар дуо қилса ҳам, қилмаса ҳам унга савоб ёзилишига ўхшайди.
Ибн Можа ривоятида келган: “Албатта, инсоннинг жаннатдаги даражаси кўтарилади ва у: «“Бу қаердан келди?” деб сўрайди. Унга: “Фарзандинг сен учун истиғфор айтгани сабабли”, деб жавоб берилади».
Яна Ибн Можа ривоятида: “Мўминга унинг вафотидан кейин ҳам амаллари ва яхшиликларидан етиб турадиган нарсалардан бири – у ўргатган ва тарқатган илм, қолдирган солиҳ фарзанд, мерос қилиб қолдирган мусҳаф, қурган масжид, йўловчилар учун қурган уй (работ, карвонсарой), оқизган ариқ ёки ҳаётлигида молидан чиқарган садақадир. Бу ишлар унга вафотидан кейин ҳам етиб туради”.
Савоби янгиланиб турадиган бу каби амалларнинг савоби инсонга вафотидан кейин ҳам етиб боради. Шунингдек, инсон йўлга қўйган ҳар қандай яхшилик ва унинг асари қолса ҳам, у шу ҳадис замиридаги ҳукм остига киради. Чунки Имом Муслим ривоятида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким Исломда яхши бир суннат (йўл)ни жорий қилса, ўша амалнинг савоби ва ундан кейин амал қилганларнинг савоби – уларнинг савобидан ҳеч нарса камайтирилмаган ҳолда – ёзилади”.
Бунга жамиятда жорий қилинган яхши урф-одатлар, тартиб-интизом ва йўл қоидаларини мисол қилиб келтириш мумкин.
Демак, ушбу ҳадисга кўра инсон фақат бугун учун эмас, вафотидан кейин учун ҳам яшаши керак, мол-дунё – абадий савоб қолдириш учун берилган имкониятдир. Садақаи жория, фойдали илмни тарқатиш ва фарзандга берилган гўзал тарбия – инсоннинг ҳаётидан кейинги ҳаётига сармоясидир.
Ушбу ҳадисда:
Фикримиз хулосасида айтар сўзимиз шуки, ҳар биримиз ўзимизга “Мен вафот этсам, ортимдан нима қолади? Қандай эзгу ишлар қолади?” деб савол берайлик! Агар ортимизда бир инсонга бўлса ҳам фойдамиз тегадиган нарса қолдирган бўлсак, жамиятга фойдаси тегадиган бирор илм ўргатган бўлсак, бир яхши фарзанд тарбиялаган бўлсак, демак, умримизни беҳуда ўтказмаган, бу ҳаётда яшашдан ҳақиқий манфаатга эришган бўламиз.
1] Ровий: Абу Ҳурайра. Муҳаддис: Имом Муслим. Манба: Саҳиҳу Муслим. Ҳадис рақами: 1631. Ҳукми: саҳиҳ. Тахриж: Имом Муслим ривоят қилган, “Саҳиҳул Бухорий”да ривоят қилинмаган ҳадислардандир.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими