Рабоҳ ибн Убайда Боҳилий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: «Умар ибн Абдулазизнинг олдида ўтирган эдим, бир аъробий келиб, «Эй мўминларнинг амири, бир ҳожат билан келдим.
Жуда ночор аҳволдаман. Қиёмат куни Аллоҳ сендан мен ҳақимда сўрайди», деди. Умар ибн Абдулазиз: «Гапларингни яна бир қайтар-чи», деди. У айтганларини яна қайтарди. Умар ибн Абдулазиз бошини қуйи солди, кўз ёшлари оқиб, ерни ҳўл қилиб юборди. Кейин бошини кўтариб, «Неча кишисизлар?» деди. «Саккиз нафар қизим бор», деди ночор киши. Халифа уларга уч юз дирҳам беришни буюрди. Қизлари учун яна юз дирҳам ажратди. Кейин қўлига яна юз дирҳам бериб, «Бу юз дирҳамни мен ўз ёнимдан беряпман. Мусулмонларнинг молидан бераётганим йўқ. Бориб шуни ишлатиб тур. Мусулмонларга ажратилган пул чиқса, ундан яна оласан», дедилар.
«Солиҳлар гулшани» китобидан
Бир таксичи юртидаги бир бой одамни манзилига етказди. Бой одам таблода кўрсатилган маблағни тўлади. У таксидан тушаётганида таксичи унга: “Биласизми, кеча ўғлингизни бир манзилга олиб бориб қўйгандим. У менга таблода кўрсатилганидан анча кўпроқ пул берди. Нега сиз ундан ҳам бой бўлатуриб бундай қилмадингиз?” деди.
Бой одам таксичига кулимсираб қаради: “Сиз нимани кутган эдингиз? Ўғлим отаси бой бўлгани учун шундай қилгандир, мен эса етим ўсганман”, деб тушиб кетди.
Ҳа, кимки ўз меҳнати билан даромад топса, уни қадрлайди. Кимгаки катта маблағ қийинчиликсиз келса, уни кераксиз ўринларга ҳам сарфлайди. Шундай экан, болаларимизга меҳнат билан эришишни ўргатсак, улар тўғри тасарруфни ўзлари ўрганиб олади.
Акбаршоҳ Расулов