Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
У дунёга келганида миттигина вужудни ҳаширалар чақалоқлар тортиб кўриладиган тарозига солишган эди. Бундан 44 йил олдин 1 кг 300 гр бўлиб туғилган Бахтиёр бугун 70 кг бўлиб, қизил мато ёпилган тобутда ётибди.
Одамларнинг айтишича, унинг иккита хотинидан беш нафар фарзанди бор экан. Бирорта фарзанди отамлаб дарвозадан кириб келмади. Икки қават қилиб кўтарилган данғиллама ҳовлининг ўн бештача хонаси унинг 19 ёшли учинчи хотинига, учта машинаси қарзи бор, деб ғингшейверган ошналарига қолди. Маҳаллада уч мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилса-да, жанозага ўттиз-қирқ нафар яқинлар ва қўшнилардан бошқа ҳеч ким иштирок этмади. Яқин ошналар ҳам қарзини ундириб бўлишгач, иш кўплигини баҳона қилиб жўнаб қолишди. Тобут ердан кўтарилмасдан туриб имом секингина: «Бахтиёр қандай одам эди?» – деб сўради. Барча бирдек: «Яхши», деб жавоб берди. Лекин одамлар орасида ўтирган унинг ён қўшниси Абдужалил ака ўтган йили қизининг шартнома пули учун қарз сўраб чиққани ва бир ботмон камситишлар эвазига қуруқ қўл билан қайтганини, чорсиси билан оғзини бекитиб унсиз йиғлаётган Қумри ая ўғлининг тўйида укаси чет эл машинасида дарвозагача келиб, пастга тушмасдан одамларга кўз- кўз қилиб қўлига 50 доллар бериб кетганини, унинг уйида боғбонлик қилиб юрадиган Фарҳод эса хотинини тўлғоқ тутганда машинани сўроқсиз олиб кетгани учун аёвсиз калтакланганлигини ва беш ой маошсиз ишлаб берганини, ҳовоза кўтараман , деб томига билмасдан болға уриб олган Дониёр уста икки йил қамоқда ноҳақ азоб чекканлигини кўз олдига келтиришди. Лекин яхши одам, деб қўйишди.
Қуръон ўқиётган имом бундан бир йилча олдин ёшгина жувоннинг: «Эркаксизку, нега тушунмайсиз?» – деган зор қақшашларини эслади. Ўшанда Бахтиёр бойвачча бўлса-да, иккинчи хотинини иккита фарзанди билан ҳеч вақосиз, ҳақоратлаганча кўчага ҳайдаётган эди. Маҳаллага юмуш билан чиққан имом индамай ўтиб кетолмади:
— Бахтиёржон исломда ажрашкан хотинини боқиши шарт, бу эркакликнинг олий белгиси, кейин унинг орқасидан ёмон гап айтиш, уни ёмон отлиқ қилиш кечирилмас гуноҳ бўлади,-деди. Бахтиёр эса иккита гумаштасига айтиб маҳалла-кўйнинг ҳай-ҳайлашига қарамасдан имомни калтаклаттирди. Касалхонада минг бир азоб билан тузалиб чиққан имом ўғлининг оёғи майиб бўлганлигини кўриб ҳаммасини тушунди, аммо ҳеч нарса демади. Ҳозир эса оғзидан оят чиқаяпти-ю, маҳаллада нечта одам фарзандини ишга киритаман, деб қарз-ҳавола қилиб шу одамга тутқазгани,нечта ёш яланг ўзга юртларда сарсон саргардон бўлиб юргани кўз олдидан ўтаверди. Одамларга зарар бўлган йўллар билан пул топиш ҳеч тортинмасдан инсонларга озор бериш унинг касби эди. Имом жаноза сўнгида, шу касб эгасига Худо шундай қисқа умр берганлигини тушунди ва юзига фотиҳа тортди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
У Кунда тиллари, қўллари ва оёқлари қилиб юрган амаллари ҳақида уларга қарши гувоҳлик берур. (Нур сураси 24-оят)
Улар бу дунёда покиза, ғофила, мўминаларга ёлғондан гувоҳлик берган бўлсалар, қиёмат куни уларга ўз тиллари, қўллари ва оёқлари рост гувоҳлик беради. Нима гапирганларини, нима иш қилганларини очиқ-ойдин, ҳеч рад этиб бўлмайдиган даражада айтиб беради.
Кейинги оятда:
Ўша Кунда Аллоҳ уларнинг ҳақ жазоларини тўлиқ берур ва улар Аллоҳнинг Ўзи очиқ-ойдин ҳақ эканини билурлар. (Нур сураси, 25-оят)
Қиёмат куни Аллоҳ таоло уларга тегишли жазони ҳақ – адолат ила тўла беради.
Болалигимда санашка қизиқар эдим. Ёшим улғайган сари рақамлар катталашиб бораверди. Аввал 10 гача санашни билсам, кейин 20,30,40, ва ҳакозо. Ҳозир миллионни, трилионни биламан. Гоҳида инсон кашф қилган минг ва ундан катта рақамлар олдига ўзимнинг умримни кўйиб кўраман. 70-80, ошиб борса 100 га боради. Қизиқ инсон кашф қилган катта-катта сонларнинг олдида ўзининг умри жуда кичик ва майда. Аслида дунёни рақамлар бошқаради, ҳамма нарса рақамлар билан ўлчанади. Шунча ёшга кирибди, шунча фарзанди бор, ва ҳокозо. Лекин дунёда 1000 деган рақам бор-у,1000 деган ёш йўқ, НЕГА? Умримиз жуда қисқа деб нолиймиз,аммо ўйлаб кўринг. Агар минг ёшга кирсангиз мингта яхшилик қила оласизми? Ёхуд минг нафар солиҳ фарзанд тарбиялай оласизми? Тобут ердан кўтарилмасдан туриб одамлар ортингиздан мингта яхши иш, эзгу амал санай оладими? Йўқ албатта, кичкинагина умримизда кичкинагина яхшиликлар қилишга улгурмаяпмиз-ку, узун умримизда қандай узун яхшиликларимизни эслашади? Балки ўша инсон 44 йиллик умри давомида тўртта яхшилик қилгандир, балки кўп. Аммо қирқта ёмонлиги орқасидан қанча-канча одамлар кўнглига озор берган.
Дарҳақиқат, бугун «одам савдоси» деган ибора кўп тилга олинаяпти, кўраяпмиз, эшитаяпмиз, қанча оила шу сўз орқасидан пароканда, не-не мардлар ярим жон, не-не қизларнинг номи бадном. Юқоридаги Бахтиёр ҳам мана шундай ишлар ортидан мол-дунё орттирган эди.
Қандай қилиб ўз миллатдошини, маҳалладошини сотяпти?, деб ўйлайсан киши. Ахир кўз-кўзга тушади, яхши куни ҳам ёмони ҳам шу юртда бўлади-ку, кейин нима қилади? Шу пул билан оиласини, фарзандларини боқаётганлар камми? Наҳотки, рақамларнинг, қоғозларнинг қулига айланиб қолаяпмиз? Пул топиш учун ўзлигидан кечаётган,сочини қирққан, этагини кесганларни кўриб қўрқасан киши! Наҳотки қорин тўйғизиш учун яхши яшаш учун инсон шунчалар тубанлик, ориятсизлик қилиши мумкин?
Яқинда бир йиғинда эшитиб қолдим. Бир аёл ўз уйида беш нафар қизни асрар ва қўшмачилик билан шуғулланар экан. Яна ҳар замонда гуноҳларини ювиш учун топган маблағидан етим-есирларга садақа ҳам қилиб турар экан. Гуноҳни ювиш учун ҳатто тавбани пул билан сотиб олишга уринаётган ўша аёл (агар уни аёл деб аташ мумкин бўлса) пул санаётганида қўллари қалтирамасмикан, ҳар кун луқма ютаётганида томоғига ҳаром деган тош ботмасмикан? Ёки инсонлар шахсий манфаат олдида ҳалол билан ҳаромни фарқлай олмай қолишдими? Наҳот виждон, деган сўзни қандайдир рақамлар, қоғоз пуллар босиб кетмоқда. Иймон ўрнига, қоғоз пуллар, рақамлар гапирмоқда.
Аслини олганда дунёни эмас, инсонларни рақамлар бошқармоқда. Қандайдир рақамлар эвазига ҳамма нарсадан кечишга тайёр турганларни кўриб, яхшиямки Яратган инсонларнинг умрини қисқа қилиб белгилаб қўйган экан, деймиз. Ахир ўйланг, агар минг йил умр кўрганимизда, пул топиш учун, яхши яшаш учун яна қанча жирканчликларни ўйлаб топган бўлар эдик. Минг йил яшашнинг ўзиёқ инсонни даҳшатга солади. Сўзим мухтасарида айтмоқчи бўлганим, чиндан ҳам инсон умри қисқа ҳеч ким минг йил умр кўрмайди, аммо юз йилми, ундан камми, юқоридаги ҳолат сингари эртага ортимиздан ҳеч ким яшаган йилларимизнинг бир кунига ҳам афсус айтмасин.
Юлдуз Қурбонова
Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу ёшлари ўтиб, кексайиб қолган чоғларида Мусҳафи шарифни олиб, йиғлаб туриб шундай дер эдилар: “Жиҳодлар билан овора бўлиб сени ўқий олмай қолдик”.
Бу қандайин гўзал узр! Хўш, биз ўзимизни нима деб оқлаймиз?! Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу шундайин гап айтдилар, аммо биз нима деймиз?! Қиёмат кунида “Қуръони карим ўқишдан сени нима чалғитди?!” – деб сўралсак, нима деб жавоб берамиз?! Токи у бизни зараримизга эмас, фойдамизга ҳужжат бўлиши учун кўксимизга босиб, кечаю кундуз тиловат қилиб бормаймизми?! Ахир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолонинг зикрини лозим тут, Қуръони карим тиловатида маҳкам бўл. Чунки бу сенинг осмондаги руҳинг, ердаги зикрингдир” [1], деганлар.
Қурони карим оятларини тадаббур қилмасдан, маънолари ҳақида фикр юритмаган ҳолда, ҳеч қандай тушунчасиз кўп тиловат қилиш асосий мақсад эмас. Агар инсон бир неча оятни тадаббур қилса, тафсир китобларига мурожаат этса ёки тафсир дарсларига қатнашса, маъноларни ўзлаштирса ва уларга амал қилса, бу иши ўша инсон учун улкан яхшилик, хайр-барака бўлади.
Имом Ғаззолий ҳазратлари бундай дейдилар: “Қуръон сиз сўрашингиз мумкин бўлган ва у сизнинг сўровларингизга жавоб бера оладиган тирик Расулдир. Сиз унга қулоқ солсангиз, у сизни қондиради”.
Қалблари иймон нури ила қоришиб кетган зотлар учун, албатта, Қуръонда шифо бордир. Яна Қуръони каримда саросима, шайтоний васвасалар, нафсу ҳавога эргашишдан сақловчи шифо бор. Қуръон ўқиган пайтимизда бизни фаришталар қуршаб олади ва улар ҳам бизга қўшилиб Раҳмон бўлган Зотнинг оятларига қулоқ тутади. Само фаришталари туни билан Қуръонга қоим бўладиган ер фаришталарига яқинлашадилар. Энди айтинг-чи, одамлар ухлаётган пайтда, тун қоронғусида биз Қуръон тиловат қиляпмизми?! Еру осмонлар Робби бизга қулоқ соладиган даражада оятларини тиловат қиляпмизми?!
Аллоҳ таолонинг шифо оятлари қуйидагилардир:
«...Ва мўмин қавмларнинг кўнгилларига шифо берадир» (Тавба сураси, 14-оят).
«Эй одамлар! Сизга ўз Раббингиздан мавъиза, кўксингиздаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди» (Юнус сураси, 57-оят).
«Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз...» (Исро сураси, 82-оят).
«...У иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир...» (Фуссилат сураси, 44-оят).
«...Унда (асалда) одамлар учун шифо бордир...» (Наҳл сураси, 69-оят).
«Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи» (Шуаро сураси, 80-оят).
Қуръони каримни тиловат қилиш, эшитиш, амал қилиш ва ҳар бир ишда ундаги ҳукмларга таяниб иш кўришдан четлашманг!
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Аҳмад ривояти.