— Вафот этганларнинг ортидан бақириб йиғласа, вафот этган балчиққа ботади, дейишади. Шу рост-ми?
— Абу Молик Ашъарийрозияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимда тўрт тоифа нарса борки, у жоҳилият ишларидандир. У ишларини тарк қилмайдилар. 1. Ҳасаб-Насабда фахрланиш. 2. Бошқанинг насабини камситиш. 3. Юлдузлардан сув талаб қилиш. 4. Маййитга бақир-чақир қилиб йиғлаш. Ўликка бақириб йиғловчи агар ўлимидан олдин тавба қилмаса, қиёмат куни тик турғазиб қўйилади. Устида қатирон (суюқ смола)дан кўйлаги ва қичитқичдан совути бўлади”, дедилар.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Шайх Абдураҳмон Сумайтнинг машинаси шаҳардан узоқроқ жойда бузилиб қолади. Унинг олдидан италиялик пастор бир нечта ҳамроҳлари билан ўтиб қолади. Шайх улардан ёрдам сўрайди. Улар шайхга масхараомуз қилиб: “Муҳаммадга айт, ёрдам берсин!” деб ўтиб кетишади.
Шайх машинасини тузатиб йўлда давом этади. Тасодифни қарангки, йўлда ўша пасторнинг машинаси бузилиб қолади. Шайх ёнидаги ёш ҳамроҳлари билан биргаликда унинг машинасини тузатишга ёрдамлашиб юборади. Пастор хижолатдан тернинг остида қолади. Шайх Сумайт унга: “Бу яхшиликни биз ўзимизча қилмаяпмиз, уни бизга Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўргатганлар”, дейди.
Кейинчалик шайх Сумайтга ўша машинадаги барча насронийларнинг мусулмон бўлгани хабари етиб келади. Шайх: “Биз уларга Ислом ҳақида ҳеч нарса демаган эдик”, дея хотирлайди, Аллоҳ уни раҳмат қилсин!
Аллоҳга бўлган даъватда биз нақадар бу каби ишларга муҳтожмиз!
Абдулазим АКРОМ,
Тошкент Ислом институти талабаси.