Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Феврал, 2026   |   2 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:54
Қуёш
07:13
Пешин
12:42
Аср
16:19
Шом
18:05
Хуфтон
19:18
Bismillah
19 Феврал, 2026, 2 Рамазон, 1447

Динда саволим бор: “Гуноҳим нима?”, деб йиғлашлик нотўғрими?

01.12.2021   2093   1 min.
Динда саволим бор: “Гуноҳим нима?”, деб йиғлашлик нотўғрими?

— Баъзан бирор қийинчиликларга дуч келсак, тақдирдан нолиб қоламиз: “Нега бундай бўлди?”, “Гуноҳим нима?”, деб йиғлаймиз. Бир киши бундай гапларни айтиб йиғласа, гуноҳ бўлади, иймонидан айрилади, деб айтди. Шу гап тўғри-ми?

— Аслида, қадар, яъни Аллоҳ томонидан тайин қилинган яхшилик ва ёмонлик, мусибат ва раҳмат, хурсандчилик ва хафалик, ўлим ва ҳаёт, куфр ва иймон, бойлик ва камбағаллик, ҳидоят ва залолат ҳамда бошқа ҳамма нарсалар Аллоҳ таолонинг махлуқотлардаги сиридир. Халойиқнинг тақдирлари Аллоҳ томонидан белгиланади. Бу тақдирнинг ҳикматини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди.

Қадарга иймон келтириш — инсонга келадиган ёки охиратда бўладиган ҳар бир нарса Аллоҳнинг тақдири, илми, иродаси ва белгилаши билан бўлишига иймон келтиришдан иборатдир. У нарсадан муқарраб (Аллоҳга яқин киши) фаришта ҳам, юборилган набий ҳам хабардор эмас. У нарсага назар солишдан, фикр қилишдан ва васвасадан ниҳоятда эҳтиёт бўлинг. Чунки Аллоҳ таоло қадар илмини Ўз бандаларидан ўраб қўйгандир.

Ҳар бир мўминга бу масалада қалбига тушган васвасани даф қилиш лозим бўлади.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Рамазон - ахлоқий тарбия ва нафсни поклаш ойи

20.03.2025   5555   3 min.
Рамазон - ахлоқий тарбия ва нафсни поклаш ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Гўзал ахлоқ биз мўмин-мусулмонлар учун энг муҳим одоблардан биридир. Чунки у таянч нуқтаси, доиранинг маркази ва унинг ҳаётидаги фаол ўрнидир. Шунинг учун ислом ахлоқий тарбияга катта эътибор берган, ҳатто умматнинг муаллими бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳ таоло: Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз! (Қалам сураси, 4-оят) дея мадҳ этган.

Рамазон ойи – мусулмонлар учун нафақат рўза тутиш, балки ахлоқий тарбия ва нафсни поклаш ойидир. Бу муборак ойда гўзал ахлоқни ривожлантириш, сабр-тоқатли бўлиш, ҳалимлик, ирода кучи, кечиримлилик, тенглик, эҳсон қилиш, садақа бериш, яхши муомала, раҳм-шафқат, меҳрибонлик, бошқаларни севиш ва ишончлилик каби фазилатларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. Бу фазилатлар нафақат шахсий ривожланишимизга, балки жамиятимизда ҳам яхшилик ва тинчликнинг қарор топишига хизмат қилади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мусулмон бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир” (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадис мусулмон кишининг бошқаларга нисбатан мулойим ва зарарсиз бўлиши кераклигини таъкидлайди. Рамазон ойида биз нафақат ўзимизнинг ибодатларимизга, балки бошқалар билан бўлган муносабатларимизга ҳам эътибор қаратишимиз лозим.

Рўза тутиш нафақат очлик ва чанқоқликни ҳис қилиш, балки нафсни тарбиялаш, сабр-тоқатни ошириш, нафс истакларини назорат қилиш ва ҳис-туйғуларни бошқаришга қаратилган ибодатдир.

Рамазон ойида нафсимизни юқорида зикр қилинган яхши хислатлар билан тарбиялаб борсак, улар доимий одатга айланиб, қолган ойларга ҳам ўз таъсирини ўтказади ва комил инсон бўлишимизга ёрдам беради.

Рамазон ойида баъзи рўзадорлар ўзларининг тез асабийлашиши ва сабрсизлигини рўза тутиш билан оқлашга ҳаракат қиладилар. Аммо бу ҳолат рўзанинг асл мақсадига зиддир. Рўза тутиш нафақат очлик ва чанқоқликни ҳис қилиш, балки нафсни тарбиялаш, сабр-тоқатни ошириш, нафс истакларини назорат қилиш ва ҳис-туйғуларни бошқаришга қаратилган ибодатдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Рўза қалқондир; агар сиздан бирортангиз рўза тутган куни бўлса, у фаҳш сўзларни айтмасин ва ғазабли бўлмасин, агар кимдир уни сўкса ёки у билан урушса, у: “Мен рўзадорман”, десин (Имом Бухорий, имом Муслим ривояти).

Бу ҳадис рўзадор кишининг ўзини тутиши ва бошқалар билан муомалада қандай бўлиши кераклигини кўрсатади.

Шунинг учун Рамазон ойида ўз ахлоқимизни яхшилашга, гўзал хулқ-атворни сўз ва амалларимизда намоён этишга ҳаракат қилайлик. Бу нафақат рўзамизнинг қабул бўлишига, балки жамиятда ҳам эзгулик хотиржамликнинг тарқалишига ҳисса қўшади.

Аллоҳ таоло барчамизни гўзал ахлоқли, сабр-тоқатли ва бир-биримизга меҳрибон бўлишимизни насиб этсин.

 

Доктор Солиҳ бин Али Абу Аърроднинг
“Рамазон мактублари” китобидан
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.

 

Мақолалар