Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Август, 2026   |   15 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:45
Пешин
12:24
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:26
Bismillah
28 Август, 2026, 15 Рабиъул аввал, 1448

Ўзбекистон халқига мурожаат

03.12.2021   3865   9 min.
Ўзбекистон халқига мурожаат

Қадрли ватандошлар!

Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги резолюциясига мувофиқ, ҳар йил 3 декабрь санаси бутун дунёда Халқаро ногиронлар куни сифатида нишонланиб келмоқда.

Бундан кўзланган асосий мақсад – ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этишдан иборат.

Эзгулик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик тимсоли бўлган ушбу айёмда мамлакатимиздаги бир миллионга яқин имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқароларимизга ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларимни билдираман.

Меҳр-мурувватли ва бағрикенг халқимиз азал-азалдан ёрдамга муҳтож, имконияти чекланган инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни жамиятда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган энг муҳим қадриятлардан бири сифатида эъзозлаб келади.

Ана шундай эзгу анъаналаримизни бугунги замон талаблари асосида ривожлантириш мақсадида сўнгги йилларда мамлакатимизда имконияти чекланган фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш, улар учун зарур барча шароитларни яратиш борасидаги давлат сиёсати янги босқичга кўтарилмоқда.

Бунинг тасдиғини “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилингани, мамлакатимиз Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияга қўшилгани, соҳада мустаҳкам қонуний база яратилгани мисолида кўриш мумкин.

Шу асосда имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятдаги мавжуд имкониятлардан фойдаланиш, ҳаракатланиш, соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, реабилитация, сиёсий-ижтимоий ҳаётда иштирок этиш билан боғлиқ ҳуқуқлари таъминланмоқда.

Бу борада  “Инсон қадри учун” тамойили асосида Янги Ўзбекистонда инклюзив ривожланиш, яъни аҳолининг барча қатламлари учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани муҳим роль ўйнамоқда.

Биз ушбу йўналишда ногиронлиги бўлган инсонлар – жамиятнинг тўлақонли аъзолари, деган тамойилга амал қилган ҳолда изчил иш олиб бормоқдамиз.

Чиндан ҳам, биз барпо этаётган янги, эркин ва демократик давлатда жамиятнинг ҳар бир аъзоси билим олиш, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаш, ўз истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, меҳнат билан банд бўлиш учун зарур имкониятларга эга бўлиши шарт.

Биз учун ногиронлиги бўлган инсонларни ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларига жалб этиш устувор йўналиш ҳисобланади. Яқинда бўлиб ўтган Президент сайловида шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, ногиронлиги бўлган шахслар сайлов участкаларига келиб-кетишлари учун транспорт билан таъминлангани, Брайл алифбосида сайлов бюллетенлари тайёрлангани ва сайлов участкалари пандуслар билан жиҳозлангани уларнинг сиёсий-ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этишларини таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлганини халқаро ва хорижий кузатувчилар ҳам эътироф этдилар.

Имконияти чекланган фуқаролар учун яратилаётган шароитлар ҳақида гапирганда, сўнгги икки йилда пенсия ва нафақа олувчи ногиронлиги бўлган шахслар сони 100 минг нафарга кўпайиб, уларнинг миқдори қарийб 2 баробарга оширилганини таъкидлаш лозим. Шунингдек, барча ҳудудларда “Саховат ва кўмак” умуммиллий ҳаракати доирасида ҳамда “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га киритилган имконияти чекланган юртдошларимизга манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилди.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳаётга мослаштириш ва ижтимоий реабилитация қилиш борасида ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, кейинги йилларда 27 та тиббий-ижтимоий муассасалар реконструкция қилиниб, замонавий талабларга мос бўлган 1,5 мингта даволаш-реабилитация ўринлари фойдаланишга топширилди.

Ана шундай фуқароларимизга бепул бериладиган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг рўйхати 22 турдан 27 тагача кўпайтирилди. Хусусан, жорий йилнинг ўзида ногиронлиги бўлган болаларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш мақсадида улар бюджет маблағлари ҳисобидан қарийб 40 миллиард сўмлик протез-ортопедия ва реабилитация мосламалари, кохлеар имплантлар ҳамда бошқа махсус буюмлар билан таъминланди.

Бундан ташқари, халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш дастурини амалга ошириш ишлари бошланди, 300 дан ортиқ мактабларда имконияти чекланган болаларнинг билим олиши учун зарур шароитлар яратилди.

Ҳақиқий матонат эгаси бўлган ногирон йигит-қизларимизнинг жаҳон майдонларида юқори натижаларни қўлга киритиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтариб келаётганлари барчамизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлайди. Жумладан, шу йил Токиода ўтказилган Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон вакиллари 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалларини қўлга киритгани ҳар қандай таҳсин ва тасанноларга муносибдир.

Таъкидлаш жоизки, 3 декабрь санаси бутун дунёда паралимпиячиларни шарафлайдиган айёмга айланиб бормоқда. Шунинг учун ҳам азму шижоатли паралимпиячи спортчиларимизни яна бир бор чин дилдан қутлаб, уларга халқаро майдонларда юксак чўққиларни забт этишда янги муваффақиятлар тилаб қоламан.

Ҳаётнинг бошқа соҳаларида ҳам юксак марраларни эгаллашга қодир бўлган ёшларимиз ўз қобилият ва имкониятларини тўлиқ намоён этиши, ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топишига кўмаклашиш – бундан буён ҳам биз учун устувор вазифа бўлиб қолади. Шу мақсадда ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ўзларини жамиятнинг ажралмас қисми сифатида ҳис этиб яшашлари учун уларга қўшимча шарт-шароитларни яратишга қаратилган алоҳида дастур қабул қилиб, уни албатта амалга оширамиз.

Ушбу дастурнинг мазмун-моҳияти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳамоҳанг бўлиб, унда ногиронликни белгилашда тиббий ёндашувдан ижтимоий ёндашувга ўтиш асосий вазифа сифатида белгиланади.

Энди ногиронлиги бўлган шахслар – “муаммоси бор инсонлар” деган қарашдан воз кечиб, уларнинг имкониятини кенгайтириш учун, аввало, ижтимоий-иқтисодий тизимни такомиллаштириш йўлидан боришимиз зарур.

Шунинг учун дастурда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади. 

Биринчидан, ногиронлиги бўлган ёшларга барча даражада сифатли таълим олиши учун тенг имкониятлар яратилади.

Жумладан, келгуси ўқув йилидан бошлаб алоҳида таълим олишга эҳтиёжи бор болаларнинг 24 фоизи, 2025 йилда эса 40 фоизи оддий мактабларда ўқиши учун барча шароитлар яратилади. Шунингдек, инклюзив таълимнинг ресурс марказлари сони  14 баробарга кўпайиб, 200 тадан ошади. 

Иккинчидан, ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш ва улар учун муносиб иш ўринларини яратиш орқали уларнинг даромадини кўпайтиришга қаратилган чора-тадбирлар янада кучайтирилади. Бу борада уларни замонавий касб-ҳунарга ўқитиш бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, ҳар бир инсон учун давлат ҳисобидан касб-ҳунар ўрганиш имконияти яратилади, шу мақсадда ажратиладиган маблағлар 2 баробарга оширилади.

Барча даражадаги давлат идораларига имконияти чекланган фуқароларни улар учун мос келадиган ишга қабул қилишда устунлик ва имтиёз берилади.

Бундан ташқари, тадбиркорларнинг ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилиш борасидаги ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, уларни рағбатлантириш чоралари кўрилади. Жумладан, бундай тадбиркорлар ва ишга қабул қилинган фуқароларга қўшимча солиқ имтиёзлари берилади ва давлат томонидан субсидиялар ажратилади.

Учинчидан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг саломатлигини асраш, уларга тиббий хизматлар кўрсатиш ишлари тизимли равишда давом эттирилади.   

Ногиронлиги бўлган болаларни соғломлаштириш учун Республика болалар тиббий реабилитация маркази ва унинг ҳудудий филиаллари ташкил этилади.

Шунингдек, ҳар йили 2 минг нафар болада туғма юрак нуқсони ва бош миядаги патологик ўзгаришлар бўйича жарроҳлик амалиётини ўтказиш белгиланмоқда.

Тўртинчидан, имконияти чекланган фуқаролар мамлакатимизнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётида фаол қатнашиши учун “тўсиқсиз муҳит”, яъни, қулай шароит яратилади.

Жумладан, янги барпо этиладиган давлат идоралари бинолари, ижтимоий объектлар, боғ ва парклар, жамоат транспортида махсус инфратузилма яратиш, давлат хизматлари кўрсатиш тизимини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш бўйича чоралар кўрилади, улар учун махсус ахборот порталлари, телекўрсатувлар, адабиётлар ва кутубхоналар сони кўпайтирилади.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивларида ногиронлиги бўлган шахсларга уй-жой шароитларини яхшилаш учун субсидия ва имтиёзли кредитлар берилади. 

Энг муҳими, барча даражадаги раҳбарлар ва давлат идоралари масъуллари томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш бўйича доимий мулоқот тизими йўлга қўйилади.

Бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: жамиятимизнинг энг эҳтиёжманд қатламларидан бири бўлган ногиронлар билан боғлиқ фаолиятимизни танқидий қайта кўриб чиқар эканмиз, бу инсонлар ҳам мамлакатимиз фуқаролари, бизнинг юртдошларимиз эканини, бинобарин, ҳеч қачон ўзларини ёлғиз ҳис этмасликлари, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётимизда фаол иштирок этишлари учун бундан буён ҳам барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди.

Ишончим комил, 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида мустаҳкам ўрин эгаллаб, жамиятимизда эзгулик, меҳр-оқибат, гуманизм ғояларини янада чуқур қарор топтиришга хизмат қиладиган муҳим саналардан бири бўлиб қолади.

Биз бу борада сиз, азизларга – кўпни кўрган отахон ва онахонларимизга, ҳурматли хотин-қизларимизга, ҳаётга дадил кириб келаётган навқирон ёшларимизга, доимо эзгу ва савоб ишлар қилиб яшашга интиладиган бутун халқимизга таянамиз.

Миллати, тили ва динидан қатъи назар, инсон қадр-қиммати ва шаънини улуғлаш, ҳар бир фуқаро ҳақида эътибор ва ғамхўрлик, меҳр-мурувват, саховат ва олижаноблик биз қураётган Янги Ўзбекистон жамиятининг ҳаёт қоидаси бўлиб қолади.

Барчангизни ана шундай олижаноб ишларда фаол иштирок этишга даъват этаман.

 

Чуқур ҳурмат-эҳтиром билан,

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Фидойи аждодларимиз жасорати – ҳамиша ибрат намунаси

28.08.2026   841   6 min.
Фидойи аждодларимиз жасорати – ҳамиша ибрат намунаси

Мустақиллик байрами арафасида Ватан озодлиги йўлида курашган қаҳрамон аждодларимизни миннатдорлик билан ёд этамиз, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, уларнинг жасорати бугунги эркин ҳаётимиз ва миллий истиқлолимизнинг қадрини янада теран англатади.

28 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар йиғилди.

Қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Элга ош тортилди.

Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда давлатимиз раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқоти бўлди.

– Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз.

Давлатимиз раҳбари фидойи аждодларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбаи бўлиб қолишини таъкидлади.

– Барча ислоҳотларимиз марказида турган “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя жасур ота-боболаримизнинг руҳларини шод этиш, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш бўйича ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Бу азиз инсонлар хотираси қанча эъзозланса, бугунги тинч ҳаётимиз, миллий истиқлолимиз қадри шунча ошади, – деди Президент.

Кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тўлиқ реконструкция қилиниб, экспозицияси бойитилди, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Рақамли тизимлар ва сунъий интеллект ёрдамида кўргазмаларнинг таъсирчанлиги оширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган қатағон қурбонлари музейлари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланди. Уларнинг фондлари дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ноёб ҳужжатлар ва фотосуратлар билан бойитилмоқда.

2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган 1 минг 200 дан зиёд юртдошимиз оқланди. Жорий йилда собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандошимизнинг номи оқланди.

Сўнгги беш йилда жадид боболаримиз меросини ўрганишга бағишланган илмий-амалий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мустабид тузумда ноҳақ қурбон бўлган ватандошларимизнинг номлари аниқланиб, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий мероси ўрганилмоқда. Юзлаб, минглаб фидойи юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар китоблар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга етказилмоқда.

Мулоқотда ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз “пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учрагани қайд этилди. 1983-1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилиниб, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Бугун бу борада ҳам тарихий адолат тикланмоқда. Бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб, улар бизга яқин минтақаларга ҳам кириб келаётгани ташвишли эканини таъкидлади. Бу юртимиздаги тинчликни қадрлаш, янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни талаб этади.

– Бизнинг йўлимиз – тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди, – деди Президент.

Бугун юртдошларимиз дунёнинг исталган мамлакатига эмин-эркин бориб келмоқда, Ўзбекистон барча давлатлар билан тенглик асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бу мустамлакачилик занжирлари ва “пахта қуллиги”дан бутунлай озод бўлганимизнинг амалий ифодасидир.

Ҳаёт ва келажакни билим ҳамда маърифат асосида қуриш, узоқ-яқин мамлакатлар билан дўстона ҳамкорлик қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти экани таъкидланди. Буюк жадид боболаримиз бежиз миллатни уйғоқликка, билим ва маърифатга чақирмаган. Уларнинг кураш ва маърифат мактаби бугун ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эга.

Шу боис, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етказилди, қабул квоталари мунтазам ошириб борилди. Жаҳондаги ТОП-100 таликка кирадиган олийгоҳларда 3 минг 500 дан зиёд фарзандимиз таълим олмоқда. Мактаб ва мактабгача таълим тизимларида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

– Ёшларни миллий ғурур асосида тарбиялашга алоҳида аҳамият беришимиз керак. Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч. Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси бутунлай қайтадан бунёд қилинди, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний номидаги марказ ишга туширилди. Булар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли – тинчлик, дўстлик ва бунёдкорлик, билим ҳамда маърифат йўли эканини тасдиқлайди.

Сўнгги ўн йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар туфайли 100 мингдан зиёд юртдошимиз ҳожилик мақомига эга бўлди. Давлатимиз раҳбари диний жамоатчилик жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларга тўғри тарбия бериш жараёнларида янада фаол иштирок этишига ишонч билдирди.

– Бугун мана шу табаррук масканда туриб, тинч-осойишта ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз. Мана шундай озод ва фаровон кунларни орзу қилиб, армон билан ўтган қаҳрамон ота-боболаримиз, жасур момоларимизнинг руҳлари шод бўлсин! Юртимиз тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик диёри сифатида янада гуллаб-яшнасин! Аллоҳ таолонинг ўзи Ватанимизни паноҳида асрасин! – деди Президент.

Уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодларимиз руҳига дуо қилиб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, файзу барака барқарор бўлишини тиладилар. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари