Вақтни ғанимат билишга ёрдам берадиган энг муҳим нарсалар сифатида қуйидагиларни айтиш мумкин:
1. ишларни тартиблаш;
2. бекорчилик ва беҳуда ўтиришлардан узоқлашиш;
3. барча ишларда ортиқчаларидан воз кечиш;
4. вақту дақиқаларни қадрлайдиган оқил, закий ва тиришқоқ кишилар билан дўст бўлиш;
5. таржимаи ҳоллари кишини рағбатлантирадиган буюк уламолар ҳақидаги хабарларни ўқиш;
6. илмий ютуқларга эришишда вақтга эътибор бериш лаззатини туйиш;
7. мутолаадан лаззатланиш;
8. маърифат ва хабардорлигини оширишда бардавом бўлиш;
9. маълумотларни таҳқиқ қилишда тўлиқ банд бўлиш ва ҳоказолардир.
Буларнинг бари сизга вақт қадрини ҳамда уни муҳофаза қилишни англатади. Сизни вақтни йўқ қилувчи эмас, уни касб қилувчи қилиб, вақтни зое қилувчи эмас, уни муҳофаза этувчи қилиб тарбиялайди.
"Уламолар наздида вақтнинг қадри" китобидан.
Шайх Абдураҳмон Сумайтнинг машинаси шаҳардан узоқроқ жойда бузилиб қолади. Унинг олдидан италиялик пастор бир нечта ҳамроҳлари билан ўтиб қолади. Шайх улардан ёрдам сўрайди. Улар шайхга масхараомуз қилиб: “Муҳаммадга айт, ёрдам берсин!” деб ўтиб кетишади.
Шайх машинасини тузатиб йўлда давом этади. Тасодифни қарангки, йўлда ўша пасторнинг машинаси бузилиб қолади. Шайх ёнидаги ёш ҳамроҳлари билан биргаликда унинг машинасини тузатишга ёрдамлашиб юборади. Пастор хижолатдан тернинг остида қолади. Шайх Сумайт унга: “Бу яхшиликни биз ўзимизча қилмаяпмиз, уни бизга Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўргатганлар”, дейди.
Кейинчалик шайх Сумайтга ўша машинадаги барча насронийларнинг мусулмон бўлгани хабари етиб келади. Шайх: “Биз уларга Ислом ҳақида ҳеч нарса демаган эдик”, дея хотирлайди, Аллоҳ уни раҳмат қилсин!
Аллоҳга бўлган даъватда биз нақадар бу каби ишларга муҳтожмиз!
Абдулазим АКРОМ,
Тошкент Ислом институти талабаси.