Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
611. Молик ибн Назла Жашмий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига хароб кийимда келдим. У зот: «Молу мулкинг борми?» дедилар. «Ҳа», дедим. «Қайси молу мулкдан бор?» дедилар. «Туядан, қўйдан, отдан ва қулдан», дедим. «Агар Аллоҳ сенга молу дунё берар экан, Аллоҳнинг сенга берган неъматининг ва икромининг асари кўринсин!» дедилар».
Абу Довуд, Насоий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.
612. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ Ўз неъматининг асарини бандасида кўришни севади», дедилар».
Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.
613. Мисвар ибн Махрама розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яктак чопонлар тақсимладилар. Махрамага улардан ҳеч нарса бермадилар. Махрама (менга): «Эй ўғлим, мен билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юр», деди. У билан бордим. «Кириб, уни менга чақир», деди. Мен у зотни унга чақирдим. У зот устларида яктак чопон билан чиқдилар ва: «Мана буни сен учун олиб қўйган эдик», дедилар». Унга қараб, Махрама рози бўлди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Болани икки йил эмизмасдан сутдан чиқариб юборса болани ҳаққи ота-онада қолиб кетмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шариатимизда она боласини икки йил тўлиқ эмизсин деган талаб йўқ. Агар сутдан чиқариш болага зарар қилмаса, икки йил бўлмасдан туриб ҳам чиқариш жоиз. Икки йилга етмасдан чиқарса, боланинг ҳаққи ота-онада қолиб кетди дейилмайди. Аллоҳ таоло Бақара сурасида бундай марҳамат қилади:
Мазкур ояти карима тафсирида муфассир уламолар: “Эмизиш муддатини икки йил деб белгиланиши вожиб маъносида эмас. Бунга “Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса” сўзи далолат қилади. Аллоҳ таоло эмизиш муддатини охирига етказишни банданинг хоҳишига боғлаб қўйганидан муддатни охирига етказиш вожиб эмаслиги англашилади”, дейишган.
Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳ болани икки йилдан аввал сутдан чиқаришда эр ва хотиннинг ўзаро розилиги лозим, икки йилдан кейин эса эр ё хотиндан бирининг розилиги билан чиқариш мумкин, деганлар.
Аммо болага эмиш зарур бўла туриб, сутдан чиқариб юбориш мумкин эмас. Чунки бу унга очиқ-ойдин зарар бериш бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.