Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Сентябр, 2024   |   17 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:50
Қуёш
06:09
Пешин
12:21
Аср
16:35
Шом
18:26
Хуфтон
19:40
Bismillah
20 Сентябр, 2024, 17 Рабиъул аввал, 1446

Рамазон ҳайити намози қандай ўқилади?

1.05.2022   4940   1 min.
Рамазон ҳайити намози қандай ўқилади?
  1. Аввало "Икки ракат ийдул фитр намозини ушбу имомга иқтидо қилиб, Каъбага юзланиб, холис Аллоҳ таоло учун адо этишни ният қилдим" дейилади.
  2. Имом “Аллоҳу акбар” деб биринчи такбирни айтгач жамоат ҳам қўлларини қулоқ баробарида кўтариб, ичида такбир – “Аллоҳу акбар” деб айтади.
  3. Кейин қўллар боғланиб, ҳар ким ичида сано дуоси (Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва ла илаҳа ғойрук)ни ўқийди.
  4. Сўнгра имом уч марта такбир айтади. Жамоат ҳам унга эргашади. Биринчи ва иккинчи такбирда қўллар ён томонга туширилади. Учинчи такбирдан сўнг қўллар боғланади.
  5. Имом “Фотиҳа” сурасини ва зам сура ўқийди. Сўнг такбир айтиб руку ва сажда адо этилади.
  6. Шундан сўнг иккинчи ракатга турилади. Имом “Фотиҳа” сураси билан зам сура ўқигач, рукуга бормай туриб, худди биринчи ракатдаги каби уч марта такбир айтади.
  7. Тўртинчи такбирда қўл кўтармасдан имом орқасидан руку ва сажда адо қилинади.
  8. Сўнгра “Аттаҳийёт”, “Саловат” ва “Дуо” ўқилиб, салом берилиб, намоз тугатилади.

Аллоҳ ибодатларингизни Ўз даргоҳида қабул этсин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Аввал бурчингизни адо қилинг

19.09.2024   2704   2 min.
Аввал бурчингизни адо қилинг

Биз йўқлик даштида, жонимиз руҳият оламида эди. Отамиз ва онамиз сабабидан бизлар ёруғ оламни кўрдик. Бу дунёда неки мартабага эришсак, барчасида уларнинг ҳақлари бор. Ҳатто улар ўзларининг фарзанд олдидаги бурчларини адо қилмасалар ҳам, бизлар уларни фарзанд сифатида қадрлашга мажбурмиз.

Ҳаётда оталик бурчини адо қилмайдиган эркаклар, оналик меҳрини фидо қилмайдиган аёллар топилиб туради. Ҳатто сериаллар таъсирими, охирзамон аломатими, ҳар ҳолда “ўзим учун яшашим керак!” деган шиорлар аёлларда тобора кўпайиб бормоқда, буни тан оламиз. Бироқ улар нодон бўлса, фарзанд ҳам оқпадар бўлиш йўлини ихтиёр қилурми? Эртага нима бўлади, бу аҳволда?

Бугунги кунда барча соҳадаги асосий камчилик ҳар ким бировдан ўз ҳуқуқини талаб қилиб, унинг ҳақ ва ҳуқуқлари ҳақида деярли ўйлаб кўрмаслиги ва бошқалар ўз вазифаларини адо қилмаслиги ҳақида дунё айвонида (ижтимоий тармоқларда) бонг уриб, ўз вазифасини унутиб қўйишлиги бўлиб турибди.

Бу иллат оилада ҳам ўз ҳукмронлигини ўтказмоқда. Аёллар-ку, ожиза, уларни тушунса бўлади. Аммо эрлар ҳам уялмай-нетмай, заррача ор қилмай, бир хотинни йўлга сола олмай ҳокимиятгача боришмоқда.

Ўзим шахсан шундай тадбирларда қатнашганман. Юқори ташкилотларга бориб, “хотиним билан яраштириб қўйинглар” деганларни муҳокама қилганмиз. Уларнинг ишларини маҳалла фаоллари ҳам, масжид ходимлари ҳам ижобий ҳал қилишга ожиз. У тараф ҳам ўз ҳақини талаб қилади, бу тараф ҳам.

Шунингдек, ҳукуматдан ҳақ талаб қилиш ҳам бор. Ўзларини жабрдийда қилиб кўрсатади. Яхшилаб суриштирсангиз, ўзларининг фуқаролик бурчларини адо қилмайди.

Инсон аввало ўз нафси олдида адолатли бўлиши керак. Ана ундан кейин қайсидир сабаблар туфайли муаммоларга дуч келса, майли ҳаққини сўрасин. Аслида ҳамма ўз бурчи ва вазифасига содиқ бўлса, бунчалар муаммолар кўп бўлмас эди. Илло бўлса ҳам онда-сонда учрар эди.

Муқаддас Ислом дини таълимотларида ҳам жаннатдаги олий мартабаларга етишиш учун Аллоҳ таолога ибодат қилиш, бандаларнинг ҳаққига тажовуз қилмаслик шарти бор.

Агар сиз бурчингизни сидқидилдан адо қилсангиз, шунда барака топасиз, иншаАЛЛОҲ.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ