Бугун қайси шифокорга борманг, турнақатор навбатларга дуч келасиз. Ҳамма шу касалга йўлиққанми, деган фикр ўтади хаёлингиздан. Ён-атрофга назар ташласак, кейинги йилларда касалликлар тури ва унга чалинаётган инсонлар ҳам кўпайиб бораётганига гувоҳ бўламиз.
Ёши улуғлар билан суҳбатлашсангиз улар, олдин “давление”, “сахар”, “грижа”, “рак” каби хасталик бўлмаганини, фақат тиш, бош, қорин оғриғи енгил шамоллашлар бўлгани ва оддий дори ёки бирор табиий йўл билан тезда шифо топганини айтишади. Афсуски, бугун касалликлар ҳам унинг бедаволари ҳам бисёр. Уларга қўлланилувчи дори-дармонни-ку қўяверинг.
Кўпчилик олдинлари егуликлар табиий, экология ҳам тоза бўлган, дейишади. Бу гапларда жон бор. Лекин бу омилларнинг ўзи етарлимикин?! Инсонларнинг маънавий жиҳатига, яъни ботинига боғлиқ жиҳатлари ҳам бўлиши мумкинми?
Агар ота-боболаримиз яшаган даврларга назар ташласак, улар ҳозиргидек фаровон яшашмаган. Бироқ жамиятда бировнинг ҳақидан қўрқиш, ҳаром-ҳалол, инсонийлик, меҳр-оқибат устун бўлган. Фаҳш, ёлғон, иккиюзламачилик каби иллатлар бугунгидек кенг илдиз отмаган.
Бугун-чи? Дунёда хиёнат, судхўрлик, ҳаром ейиш, ичиш ва ҳаромдан ризқ топиш, қўшнига озор бериш, даюслик, ота-онага оқ бўлиш, қариндошлар билан алоқани узиш, одам ўлдириш, ўз жонига қасд қилиш, фолбин ва мунажжимни тасдиқлаш, зулм, баччабозлик, ўғрилик, ёлғон қасам ичиш, ноҳақ ҳукм қилиш, порахўрлик, ёлғон гапириш каби улкан гуноҳлар тобора кўпайиб бормаяптими? Шунча гуноҳу маъсиятларни кўриб, гоҳида ер кўтариб турганига шукр деб қўямиз.
Шу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари ёдга келади. Набиий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш иш беш ишга боғлиқдир”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, бири иккинчисига боғлиқ бўлган беш иш қайси?” деб сўрашди. “Қайси қавм аҳдини бузса, Аллоҳ уларга душманларини ҳукмрон қилиб қўяди. Аллоҳ нозил этган нарсадан бошқаси билан ҳукм қилса, уларда фақирлик ёйилади. Фаҳш ишлари авж олса, Аллоҳ уларга ўлат юборади, яъни ўлим кўпаяди. Ўлчов ва тарозидан уриб қолса, набототлар ўсмай, бир неча йил қурғоқчиликка дучор бўладилар. Закот бермасалар, ёмғир ёғмай қўяди”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Бу ҳадис касалликларнинг ҳам, пандемия сабаб нима учун ўлимларнинг ҳам кўпайиб бораётганини англатгандек, гўё.
Уламоларимиз инсоният бошига тушаётган бу балоларга уларнинг гуноҳу маъсияти сабабчидир, дейишади. Бунга Аллоҳ таолонинг: «Сизларга неки мусибат етган бўлса, у ҳам бўлса, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳларингиз) туфайлидир. Яна У кўп (гуноҳларингиз)ни кечиб юборади» (Шўро сураси, 30) оятини мисол келтирадилар.
Шуниси эътиборлики, инсон қилган гуноҳлари учун нафақат ўзига, балки яқинларига, яшаб турган жамиятига ҳам катта зарар бериши мумкин. Ҳаётда бунга кўп гувоҳ бўлганмиз. Бирор ножўя иш қилсак, бирор зарар етса “касри урди” деймиз. Ёки бошқаларнинг “гуноҳи боласига урди” деган сўзларини ҳам эшитиб қоламиз.
Лекин тарихда бутун бир жамиятлар катта гуноҳу маъсиятларда бардавом бўлганки, охир-оқибат Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлишган. Нуҳ алайҳиссалом қавмининг тўфонга йўлиқиши, Самуд қавмини даҳшатли қичқириқ тутиши, Лут алайҳиссалом қавмини ер ютиши, Фиръавн ва аҳлининг сувга ғарқ бўлиши, Шуайб алайҳиссалом қавмининг қаттиқ чинқириқдан тўкилиши, Асҳобул Айкатни қаттиқ шамол совуриб, титилиб кетиши каби ҳалокатли воқеалар Қуръони каримда зикр қилинган.
Эътибор берсак, киши кўпинча ўз нафсига эргашиб, гуноҳ ишларга қўл уради. Дастлаб, кичик гуноҳлардан бошлайди ва охири кўникмага айланиб, тубанликка олиб боради. Уламоларимиз эса ҳар қандай майда гуноҳлардан ҳам йироқ бўлишни тайинлаб, нафсни қаттиқ жиловлашга буюрадилар. Акс ҳолда, “Нафсим менинг балодур, ўққа – чўққа соладур” деганларидек, турли балолаларга йўлиқишимиз ҳеч гап эмас.
Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу бундай деганлар:“Иблис олдингда, нафс ўнг томонингда, ҳавойи нафс чап томонингда, дунё ортингда, аъзолар атрофингда, Аллоҳ устингда (қудрати билан, маконда эмас) туради. Бас, Аллоҳ лаънатлаган иблис динни тарк қилишга, нафс гуноҳ ҳавойи нафс шаҳватга, дунё охират ўрнига ўзини танлашга, аъзолар гуноҳларга чақиради, Жаббор сифатли Зот – Аллоҳ жаннатга ва мағфиратга чорлайди. Аллоҳ таоло: «Аллоҳ жаннатга ва мағфиратга чақиради», деди. Ким иблисга итоат қилса, ундан дин кетади, ким нафсга итоат қилса, ундан руҳоният кетади, ким ҳавойи нафсга итоат қилса, ундан ақл кетади, ким дунёга итоат қилса, ундан охират кетади, ким аъзоларга итоат қилса, ундан жаннат кетади, ким Аллоҳ таолога итоат қилса, ундан ёмонликлар кетади ва барча яхшиликларга эришади”.
Қисқаси, бизга бугун бирор зарар етиб қайғуга ботган бўлсак, ортимизга бир қарайлик. Нимани нотўғри қилдигу қаерларда адашдик. Ёки нафсимизга эргашиб, гуноҳу маъсиятларда давом этяпмизми?! Бунинг жавоби тез кунларда бўлишини унутмайлик. Ёхуд беморлик бўлган бўлса, Аллоҳ шифосидан умид қилиб, тавба эшикларини очиб, гуноҳларимиз ўчирилишидан умид қилайлик. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмонга бирор ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, қайғуми, озорми, ғамми етса, ҳатто тикан кирса ҳам, албатта Аллоҳ булар туфайли унинг хатоларини ўчиради», дедилар.
Бобур МУҲАММАД
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати