Мақолалар

Умр сафарига йўллар очилди

 

Умри давомида бир марта умрага, бир марта ҳажга бориб, муқаддас маконларда бўлиб, Мадинаи мунавварада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Равзаи шарифларини зиёрат қилиш, Масжидун Набавийда бошини саждага қўйиш, Маккаи мукаррамани зиёрат қилиб, Раббимиз фарз қилган ҳаж амалларини бажариб, Исломнинг бешинчи арконини адо этиш ҳар бир мусулмоннинг орзуси.

Ҳажга бориш шароитлари турли сабабларга кўра ўзгариб туришини “COVID 19” туфайли амалда кўрдик. Орада уч йил ҳажга боролмадик. Аллоҳга шукрки, яна юртдошларимиз муқадас заминга боришиб, ҳаж арконларини адо этиш шарафига муяссар бўлиб турибди.

Юртимиздан 2019 йилгача 7200 киши ҳажни адо этиб келаётган эди. Коронавирус офати туфайли орада уч йил муқаддас заминни зиёрат қила олмадик, Исломнинг бешинчи рукнини бажара олмадик.

Кеча, 2022 йил 3 июнь куни юртимиз бўйлаб қувончли хабар тарқалди. Жорий йил юртимиздан 10865 киши ҳажга бориши эълон қилинди. Бу юртимизда тарихида бўлмаган ноёб ҳодиса. Бунинг учун Яратганга қанча шукрлар қилсак кам.

Лекин, афсуски, бугун ҳажнинг нархи эълон 62 миллион 900 минг сўм қилиб белгиланишини нотўғри талқин қилувчилар бўлиши мумкин. Аввало, ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ, мажбурий тўловлар ва айрим сарф-харажатлар ошганини унутмаслик зарур.

Шу билан бирга, ҳожиларга қўйиладиган талаблар ичида юқори ёш сифатида 65 ёшнинг белгиланиши Саудия Арабистонининг талаби эканини унутмаслик керак.

Ҳажга боришни орзу қилиш мўмин банданинг энг гўзал туйғуларидан бири. Раббимиз қайсики мўмин юртдошимизнинг қалбига ана шу орзуни солган экан, уни қутлаш керак. Бироқ ҳажга бориш фақат орзу-ҳаваснинг ўзи билан битадиган иш эмас. Ҳатто бир одам туғилганидан умрининг сўнгига қадар ҳажга боришни орзу қилса ҳам унга ҳаж фарз бўлмаслиги мумкин.

Қайта-қайта ҳажга бориб келган. Яна бормоқчи бўлиб турган юртдошларимизга тавсиямиз шуки, ҳажга бир марта бориш фарз, қолганлари нафл ибодат ҳисобланади. Бир марта ҳажга бориб, фарз ибодатини бажариб келган ҳожилар навбатини ўзидан кейинги кишиларга бергани маъқул. Негаки, бу ерда икки мўмин фарз ва нафл ибодатини қаршилашяпти. Агар ҳаж нафл бўлиб турган киши ҳаж фарз бўлиб турган кишига ўз навбатини берса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Чунки аввал ҳаж қилган биродарларимиз Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилганидек: “Ҳажжи мабрурнинг мукофоти фақатгина жаннатдир” (Имом Аҳмад ривояти), деган улуғ мақомни қўлга киритдилар. Бу улуғ мақомни бошқаларга ҳам улашиш зарур.

Бошқа бир ҳадисда эса: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек қайтади”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Дарҳақиқат ҳаж инсон ҳаётида яхшилик сари тубдан бурилиш ясайдиган жараён. Аминмизки, бу жараённи бошидан кечириб, Исломнинг сўнгги – бешинчи рукнини адо этмоқчи бўилб турган юртдошларимиз умр сафари асносида ва муқаддас заминга борганларида ўзларининг юксак одоб-ахлоқлари билан буюк мутафаккирларнинг, Имом Бухорий, Имом Термизийларнинг, Замахшарийларнинг авлоди эканини амалда исботлайди.

Аллоҳ таоло барчамизга Ўз байтини заёрат қилишни, ҳаж арконларини бекаму кўст бажаришни насиб айласин!

 

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Read 1794 times

Мақолалар

Top