Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Сентябр, 2025   |   21 Рабиъул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:41
Қуёш
06:01
Пешин
12:24
Аср
16:45
Шом
18:40
Хуфтон
19:53
Bismillah
13 Сентябр, 2025, 21 Рабиъул аввал, 1447

Динда саволим бор: Ҳажда тош нима учун отилади?

13.06.2022   4278   1 min.
Динда саволим бор: Ҳажда тош нима учун отилади?

— Ҳаж вақтида зиёратчиларимиз шайтонга тош отишади. Тош нима учун отилади?

— Дарҳақиқат, ҳаж вақтида қилинадиган амаллардан бири бу – Минода шайтонга тош отишдир. Шайтон ҳамма ерда ҳам бўлиши мумкин. Айнан ҳажда ва маълум жойларда шайтонга тош отиш, шайтон ўша вақт ва жойларда Иброҳим алайҳиссаломга қутқу солганда у зот уни тош отиб қувганлари учундир. Бунда шайтонга қарши курашнинг рамзи бордир.

Шайтонга тош отиш, аввало ичдаги шайтонни тошбўрон қилиш ила бошланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Шайтонга тош отиш ва Сафо билан Марва орасида сайъ қилмоқ, фақат Аллоҳнинг зикрини қоим қилмоқ учун амр қилингандир”.

Яна тош отишдан мақсад, шайтонни ёмон кўришдир. Тош отилар экан, шайтон қалбга васваса солганида “Аъузубиллаҳи минашшайтонир рожим” (тошбўрон қилинган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман) ифодаси билан бартараф этиш лозим.

Мўминлар шайтоннинг ҳар турли фасодларига қарши ўйғоқ бўлишга ҳаракат қилиши зарур. Ҳаж сафари асносида эса васвасаларга енгилмаслик, сабр қилиш ва имтиҳон эканини тушуниб, ҳаж ибодатини мукаммал адо этишдир.

 Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Такфирчиликнинг 8 сабаби

12.09.2025   3870   4 min.
Такфирчиликнинг 8 сабаби

Ислом динининг энг олий мақсади инсониятни ҳидоят йўлига бошлаш, одамлар ўртасида меҳр-оқибат, бағрикенглик ва бирдамликни мустаҳкамлашдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

“Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз.” (Ҳужурот сураси, 10-оят).

Мазкур оят мусулмонларнинг ўзаро биродар ва дўст эканлигига урғу беради. Бироқ тарих давомида айрим тоифалар ислом таълимотини нотўғри талқин қилиб, мусулмонларнинг ўзига қарши турли фитналар чиқаришга ҳаракат қилдилар. Шулардан энг хатарлиси такфирчилик, яъни мусулмонни куфрда айблаш масаласидир.

Такфирчилик бир мусулмонни бошқа бир мусулмонга нисбатан “диндан чиққан”, “кофир” деб ҳукм чиқаришидир. Қаршисидаги одамни кофир дейишнинг оқибатини Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом қуйидагича тушунтирганлар:

“Бир киши биродарига “эй кофир!” деса, бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса гапирувчининг ўзига қайтади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Ушбу ҳадисдан англашилганидек, “такфир қилиш” жиддий масала бўлиб, унинг ҳукми айтовчининг ўзига қайтиши мумкин.

Инсонларни куфрда айблашнинг бир нечта асосий сабаблари бор:

  1. Илмсизлик – Қуръон ва суннатни чуқур ўрганмаган, уламолар китоблари ва сўзларидан хабарсиз бўлган одамлар дин масалаларида шошилинч хулоса чиқаради.
  2. Мутаассиблик – ўз қарашларинигина ҳақ деб билиш ва бошқача фикрни қабул қилмаслик.
  3. Мазҳабсизлик – асрлар давомида амал қилиб келинган мазҳабларни инкор қилиш ва “фақат биз тўғри йўлдамиз” деган даъво.
  4. Замонавий хаворижлик ғоясининг таъсири – илк даврларда чиққан хаворижлар ғоясидан илҳомланиш ва уларнинг йўлини давом эттириш.
  5. Сиёсий ёки мафкуравий мақсадлар – баъзи гуруҳлар ислом ниқоби остида сиёсий кураш олиб бориш учун такфир қилиш ғоясидан фойдаланадилар.
  6. Ёшларнинг тажрибасизлиги – динни янги ўрганаётган айрим ёшлар мураккаб масалаларда мустақил ҳукм чиқаришга уриниб, нотўғри йўлга кириб қоладилар.
  7. Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали нотўғри маълумотлар тарқалиши – текширилмаган “фатво”лар ва радикал даъватчилар таъсири.
  8. Шайтоннинг васвасаси – инсонни худбинликка, ўзини “ҳақиқий олим”, бошқаларни эса “адашган” деб баҳолаш.

Мусулмон уламолари такфирчиликка қарши қатъий фикр билдиришган. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: “Ҳеч бир киши ягона гуноҳ сабабли куфрга тушган деб ҳисобланмайди. Модомики, у Ислом динининг асосий ва зарурий қоидаларини қасддан инкор қилмаётган бўлса, у такфир қилинмайди. Бир инсон Ислом асосларини инкор қилганида, аввал унинг буни билиб-билмасдан қилгани аниқланиши керак. Агар у жаҳолат сабабли ёки маълумотсизлик туфайли хатога йўл қўйган бўлса, такфир қилинмайди.

 Шунингдек, Имом Тоҳавий раҳматуллоҳи алайҳ ўз машҳур ақида рисоласида: “Қибла аҳлидан бўлган бирор-бир мусулмонни гуноҳи кабира туфайли кофир санамаймиз”, деб таъкидлайдилар.

Бу сўзлардан маълумки, бир инсон шаҳодат калимасини айтган ва исломнинг асосларига ишонган бўлса, уни куфрда айблашга йўл йўқ.

Такфирчилик фақат диний жиҳатдан эмас, балки ижтимоий барқарорлик учун ҳам хавфлидир:

  1. Уммат ичида бўлиниш ва тафриқа келтириб чиқаради.
  2. Биродарлик ва ишончни йўқотади.
  3. Қон тўкиш ва ислом номидан зўравонликка йўл очади.
  4. Исламнинг асл таълимотини бузиб кўрсатади, ғараз ниятдаги кимсаларга эса, фитна учун имконият яратади.

Такфирчилик ислом таълимотига зид бўлган хатарли ғоядир. У инсонларни Аллоҳнинг раҳматидан узоқлаштиради, мусулмонлар ўртасида биродарлик ришталарини узади ва фитна-фасодга сабаб бўлади. Ҳар бир мусулмоннинг вазифаси — биродарини куфрда айблаш эмас, балки уни ҳидоят ва хайрли амалларга чорлашдир.

Шу боисдан, барча ҳолатларда бўлгани каби бу масалада ҳам уламоларнинг йўлига эргашиш лозим. Мусулмонлар орасида бирлик, бағрикенглик ва иноқликни мустаҳкамлаш бугунги кун мусулмонларининг энг муҳим вазифаси бўлиб қолмоқда.

Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо жоме масжиди

имом-хатиби Шермуҳаммад Болтаев