Умайя ибн Халаф қули Билолнинг Исломни қабул қилганидан хабар топгач, ўзини қўярга жой тополмади. Босим ўтказиш мақсадида: “Менга итоатсизлик қилиб, Муҳаммадга имон келтирдингми? Қачондан бери қуллар хожасининг рухсатисиз илоҳ танлашни бошлади? Шундай экан, Раббингга дуо қил, сенга берадиган азобимдан халос этсин. Мисли кўрилмаган даражада азоблайман”, деди. Билол розийаллоҳу анҳу унга жавобан: “Агар Раббим имонимни сиз берадиган азоб билан синаса, мисли кўрилмаган даражада сабр қиламан. Сиз берадиган азоб Аллоҳнинг азоби олдида ҳеч нарса эмас”, деди.
Умайя қулини мисли кўрилмаган азоб ила жазолашга қасам ичди. Қўл-оёқларини боғлаб, саҳрода қайноқ қумларга ётқизди. Устига харсангтош бостирди. Бу ҳол анча давом этди. Баъзи-баъзида Билолнинг ширк динига қайтишини умид қилган ҳолда: “Энди фикринг қандай?” деб сўрарди. Билол розийаллоҳу анҳу “Аҳад, Аҳад” дейишдан бўлак бирор сўз айтмасди.
Аллоҳ таоло мўмин бандаларини ёрдамсиз қолдирмайди. Парвардигорнинг инояти билан Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу Билолни сотиб олди ва қулликдан озод этди.
* * *
Умайя нафақат заиф ёки фақирларга, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам озор беришга журъат этарди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўриши билан масхара қиларди. Шу боис Аллоҳ таоло Ҳумаза сурасини нозил қилди: “(Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой!” Яъни, инсонларни ғийбат қилувчи ва масхараловчи (Умайя ибн Халаф)га хорлик ва шиддатли азоб бўлсин. “Қайсики, у мол-дунёни йиғиб, уни санагани-санаган”. Ғийбатчи ва масхараловчи киши тўплаган ва доим санаб турадиган мол-дунёсига алданиб, ўзини бошқалардан афзал деб билди. Шу боис инсонларни таҳқирлади ва менсимади. “Ва моли (бойлиги) уни абадий қолдиради деб ўйлайдиган кимсадир”. Яъни, “Мол-дунёим менга абадийликни таъминлайди. Доим тирик бўламан. Ҳеч қачон ўлмайман”, деб ўлимдан кейинги ҳаёт ҳақида ўйламади. «Йўқ! Қасамки, албатта, у “Ҳутама”га ташланур!» Асло ундай эмас. Иш у ғийбатчи, айбловчи ва мол-дунё йиғувчи инсон ўйлаганидек эмас. Аксинча, яқинда у йиққан-терган моли билан биргаликда оловга улоқтирилади. Унинг жудаям чуқур қаъри бор. Ҳутаманинг эшиклари унинг аҳли ноумид бўлишлари учун ҳеч очилмайди. Шу даражада қаттиқ ёпиладики, ундан чиқиб кетишга заррача умид қолмайди. Узун-узун устунлардан оловнинг ўчиб қолишини тасаввур этиб бўлмайди. «(Эй инсон!) “Ҳутама” нима эканини сенга не ҳам англатур?! (У) Аллоҳнинг ёқиб қўйилган бир оловидир». Жаҳаннамга “Ҳутама”, яъни “Парчаловчи” ном берилишининг ҳикматларидан бири – моли билан кибрланиб, бошқалардан ўзини устун қўйган, бурнини баланд кўтарган мутакаббир кишини танасига азият беради. Бунинг устига, у Аллоҳнинг оловидирки, бошқа оловлар каби эмас. Раббисига бўйсуниб, ҳеч қачон ўчиб қолмайди. “(У баданларни тешиб ўтиб) юракларга қадар етур. Албатта, у (олов) уларни қамраб олувчидир. (Ўзлари) узун устунларда (занжирбанд) бўлурлар”. Яъни, олов қалбларгача кўтарилиб, ёмон ахлоқли кишини иссиғи билан ўраб олади ва тириклайин ёндириб юборади (“Тафсири Қуртубий”).
* * *
Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо: «...“Шунингдек, қалбини Биз зикримиздан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!” (Каҳф сураси, 28) ояти Умайя ибн Халаф Жумаҳий ҳақида нозил бўлган», дейди. Бунга сабаб, у Набий алайҳиссаломни ўзлари ёқтирмаган ишларига, фақирларни атрофларидан йироқлаштириб, Макка баҳодирларини яқинлаштиришга чақирди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло: “Биз зикримиздан ғофил қилган (қалбини тавҳиддан муҳрлаган) ҳавойи нафсига (яъни, ширкка) эргашган кимсага итоат этманг” оятини нозил қилди.
Шунингдек, Аллоҳ таолонинг: “У кунда тақводорлардан ўзга дўстлар бир-бирларига душмандирлар” (Зухруф сураси, 67) ояти ҳам Умайя ибн Халаф ҳақида нозил бўлган. Боиси, у Уқба ибн Абу Муит билан дўст эди. Уқба Набий алайҳиссалом билан бирга ўтирарди. Қурайш: “Уқба ибн Муит ота-боболари динидан чиқди”, деди. Шунда Умайя ибн Халаф: “Муҳаммаднинг юзига тупурмасанг, сендан воз кечаман”, деди. Уқба Умайя айтганидек қилди. Шундан сўнг иккиси ҳақида ушбу оят нозил бўлди.
Ҳадислардан бирида банда гуноҳ қилса, қалбига битта доғ тушишини, тавба қилса, ўша доғ ўчирилиши айтилган. Дунёда гуноҳ қилмайдиган одам йўқ, тавба қилмайдиганлар бор. Банда тавба қилмасдан қайта-қайта гуноҳ қилаверса, қалбига доғ тушавериб, қорайиб боради. Кейин бундай қалбга панду насиҳат таъсир қилмайдиган бўлиб қолади. Қалби қорайиб кетган кишига Аллоҳнинг каломини гапирсангиз ҳам, жаннат-дўзахни гапирсангиз ҳам, охират азобидан огоҳлантирсангиз ҳам, асло таъсир қилмайди. Гуноҳ қилишда бардавом бўлган киши Аллоҳга яқинлаша олмайди.
Умайя ибн Халаф Аллоҳ таолонинг ҳеч бир танбеҳидан огоҳланмади. Ўзини ўнглаб олишга уринмади. Қилғиликлари сабаб қалбини моғор босди.
“Бас, ўша кунда Аллоҳнинг азобига ўхшаш азоб-ла ҳеч ким азобламайди. Ва Унинг боғлашига ўхшаш ҳеч ким боғламайди” (Фажр сураси, 25–26-оятлар). Уламолар ушбу оятни: “Умайя куфри ва қайсарлиги сабаб (дўзахда) азобланганчалик ҳеч ким азобланмайди. Унинг занжирларга боғланишига ўхшаш ҳеч ким занжирга боғланмайди”, деб тафсир қилганлар (“Тафсири Қуртубий”).
Ҳар бир мусулмон бу одамнинг оқибатини ёдда тутиши, огоҳ бўлиши, шу билан бирга, Аллоҳ таоло уни Исломга мушарраф этгани учун ҳамд айтиши лозим.
Манбалар асосида
Жалолиддин ҲАЙДАРАЛИ ўғли
тайёрлади.
Отанинг овози онанинг овозидан кучли. Лекин гап унинг баландлигида эмас... Оилада онанинг овози баланд чиқса, у билан фарзанднинг муомиласи тез орада тикланади. Чунки онанинг ҳиссиётларини бола онанинг қорнидаёқ ҳис қила бошлаган, онанинг кечинмалари қамровини билади. Аммо отанинг овози баланд чиқса, энди бу бошқа ҳиссиёт бўлади...
Болалар учун ота ҳаётдаги тиргак, ҳимоя воситаси дунёдаги барқарор ҳаёт тимсолидир. Ана шу мақом эгасининг овози баланд кўтарилса, ғазаби келса, бу фарзанд учун жуда жиддий масаладир.
Айни пайтда, масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Бунда оталарга ҳам катта масъулият тушадики, улар оилада овозларини имкон қадар баланд кўтармасликлари лозим. Чунки бу билан фарзанд нафақат ғамгин бўлади, балки бунда қўрқув пайдо бўлиши, у ўз фикр ва ҳиссиётларини айтишга чўчиб қолиши мумкин.
Оталар фарзандларининг тушкунликка тушиб, сиқилиб қолишларига сабабчи бўлиб қолмаслиги лозим. Қолаверса, ота оиладаги муаммони овозни баланд кўтариш билан ҳал қиламан, деб ўйласа, бу ҳол фарзанд учун бора-бора оддий ҳолга айланиб қолади. Келажакда у ҳам шу йўлни тутади. Ҳатто, кун келиб, ота-онаси билан ҳам баланд овозда гаплашиши эҳтимоли бор. Демак, ҳақиқий оталик овознинг баландлигида эмас, балки меҳрибонлик ила ҳайбат ҳосил қилишда.
Баъзида ишдан уйга чарчаб келганимизда фарзандларимизнинг шўхлиги малол келиб қолса, сабрли бўлайлик. Уларга биз оталарнинг меҳри ва эътибори жуда кераклигини унутмайлик.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ