Мақолалар

Динда саволим бор: Аёл киши қачон ва қандай ҳолатда эридан талоқ сўраши мумкин?

Эрим 10 йил олдин хорижга ишлашга кетган, аммо шунча вақтдан бери унинг тирик, ё ўлик эканлиги номаълум. Рўзғорда қийинчиликлар кўраётганим, фарзандларим билан муҳтожликда яшаётганим учун қариндошларим мени бир эркакка турмушга беришмоқчи. Лекин эрим талоғимни бермаган, у билан ажрашмаганман. Бундай ҳолатда нима қилишим керак?

— Бедарак йўқолган кишининг аёли ҳақида Ҳанафий мазҳаби уламолари қаттиқ шартлар айтишган. Ҳозирги кунда айрим уламолар агар эр мутлақо бедарак йўқолса ва барча излаш воситалари билан ҳам аниқлаш имкони бўлмаса, орада тўрт йил ўтган бўлса, икки тараф қариндошлари, маҳалла вакиллари ва имом иштирокида аёлнинг аризаси кўрилиб, никоҳ бузилгани эълон қилинади. Сўнг аёл идда ўтириб, иддаси чиққандан кейин янги эрга никоҳланса бўлади, дейишган.

 

Аёл киши қачон ва қандай ҳолатда эридан талоқ сўраши мумкин? Ўзини ўзи ҳам талоқ қилса бўлади, деб эшитдим. Шунга аниқлик киритиб берсангиз.

— Хотин киши эрини ёқтирмаса ёки эри унга ёмон муносабатда бўлса, эридан талоқ қилишини сўраши мумкин. Бу динимизда хулуъ дейилади. Хулуъ – хотиннинг эрига пул таклиф қилиш ёки маҳрдан бир қисмини қайтариб бериш эвазига талоқ сўрашидир.

Аллоҳ таолонинг: “Агар уларнинг Аллоҳ буйруқларини бажара олмасликларидан қўрқсангиз (эридан талоқ олиш ниятида) эваз беришида (ва эрнинг шу эвазни олишида) эр-хотин учун гуноҳ йўқ” (Бақара сураси, 229-оят), деган сўзи хулуъ мумкин эканига далилдир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Айтди: “Собит ибн Қайс ибн Шамоснинг хотини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келди ва: “Ё Расулуллоҳ, мен унинг хулқи ва динидан нолимайман. Лекин Исломдаги ношукрлигини ёмон кўраман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унга боғини қайтариб берасанми?” дедилар. У аёл: “Ҳа”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Собитга: “Боғни қабул эт ва уни бир талоқ қил”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Бундай ҳолатларда хотин эридан талоқ талаб қилиши мумкин. Бу Ислом динининг адолатини, аёл ва эркакка ўз ҳақ-ҳуқуқларини беришдаги қийматини кўрсатади.

Шариат ўлчовида ақлга сиғадиган сабаб бўлмаса, хотиннинг эридан талоқ сўрашига рухсат берилмайди. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бирон сабабсиз эридан талоғини сўраган аёлга жаннатнинг ҳиди (ҳам) ҳаром”, деган сўзлари келтирилган (Имом Абу Довуд ривояти).

Агар эр аёлига “ихтиёринг ўзингда” ёки “талоғинг қўлингда”, деса, аёл киши ўзини талоқ қилиши мумкин. Бунинг тафсилотини бу соҳада мутахассис бўлган аҳли илмдан билиб олиш керак бўлади.

 

 

Read 730 times

Мақолалар

Top