Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Декабр, 2025   |   17 Жумадул сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:11
Қуёш
07:36
Пешин
12:20
Аср
15:13
Шом
16:58
Хуфтон
18:16
Bismillah
08 Декабр, 2025, 17 Жумадул сони, 1447

Саҳобалар ҳаёти: Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳу

25.06.2022   1848   6 min.
Саҳобалар ҳаёти: Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳу

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ибн Воил Саҳмий Қураший. Маккада, ҳижратдан етти йил олдин туғилди. Отаси Амр ибн Осдан аввал Исломни қабул қилди. Мадинага ҳижрат қилди. Набий алайҳиссаломдан таълим олди. Ибодат ва илмга ружу қўйди. Олдинига араб, кейин сурёний ёзувини ўрганди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ваҳий котибларидан. Миср фатҳида иштирок этди. Кейинчалик Мисрда яшаб, ўша ерда оламдан ўтди.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ибодатларга берилар, уларни адо этишда жидду жаҳд қилар, ҳатто нафсини қийнарди. Кундуз­лари рўза тутар, кечалари намоз ўқирди. Ҳар тунда Қуръони каримни хатм қиларди. Барча вақтини Аллоҳ таолонинг зикри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш, Қуръон тиловати ва таълимига сарфларди. Бу ишлари билан у одамлар орасида зарбулмасал бўлди.

Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу фақат ибодат билан чекланиб қолмади. У Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хатти-ҳаракатларини кузатди, сўзларини эшитди ва феълларини ўрганди. Суннатларини қалбига жо қилди. Кейин у зот алайҳиссаломдан рухсат олиб, ҳадисларини саҳифаларга битди. Ёзганларини жамлаб ”Ишончли саҳифалар” деб атади. Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу бу ташаббуси туфайли ҳадисларни саҳи­фаларда жамлаган биринчи шахсга айланди. Ушбу саҳифалар ҳижрий биринчи ва иккинчи асрларда яшаган уламо, ҳофиз ва муҳаддисларга набавий суннатларга элтувчи ишончли эшикни очиб берди.

Саҳобаи киромнинг саъй-ҳаракати ва уринишлари ҳижрий учинчи асрда ўз натижасини кўрсатди. Имом Бухорий ва Имом Муслим раҳимаҳумаллоҳ сингари буюк муҳаддислар етишиб чиқди.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳу мўминларнинг истиқболига Аллоҳ­нинг каломини тақдим этди. Бунинг учун у Қуръонни ёд олди. Сир-асрорлари ва баё­нотларини ўрганди. Унда зикр этилган денгизларни тадқиқ этди. Мўъжизаларни кашф этди. Мусҳафни кечаю кундуз тиловат қилди.

ДОВУД АЛАЙҲИССАЛОМ РЎЗАСИ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳунинг узлуксиз рўза тутишидан хабар топдилар. Кейин унга: “Ҳар ойда уч кун рўза тутишинг етарли бўлади”, дедилар. Абдуллоҳ эса: “Бундан кўпига ҳам тоқатим етади”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳаф­тада икки кун рўзадор бўлишинг етар­лидир”, дедилар. Абдуллоҳ яна: “Мен бундан кўпига қодирман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ундай бўл­са, сен учун энг яхши рўза Довуд алай­ҳис­саломнинг рўзасидир. У зот алайҳис­салом бир кун рўза тутиб, бир кун тутмасдилар”, дедилар. Сўнг: “Ҳар кечада Қуръони каримни хатм қилишингдан хабар топдим. Мен умринг узун бўлиб, Қуръон қироатидан малолланиб қоли­шингдан хавотирдаман. Қуръонни ой­да бир маротаба ёки ўн кунда бир бор, ёхуд уч кунда бир бор хатм қилгин”, дедилар. Яна насиҳатларида давом этиб: “Мен рўза тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга никоҳланаман. Ким суннатимдан бош тортса, мендан эмас”, дедилар.

Амр ибн Ос Набий алайҳиссалом ҳузур­ларига ибодатларида муболаға қилаётгани учун ўғли Абдуллоҳдан яна шикоят қилиб келди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аб­дуллоҳга: “Сенга буюрган нарсамни қил ва отангга бўйсун. Албатта, аёлингнинг сенда ҳаққи бор. Кўзингнинг сенда ҳаққи бор. Баданингнинг сенда ҳаққи бор. Ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини бер”, дедилар.

Абдуллоҳ Пайғамбаримиз алайҳисса­ломдан таълим олишни давом эттирди. Мажлисларини қолдирмади. У зот алай­ҳиссаломдан ота-онага итоат – Аллоҳга ­тоат; Холиққа маъсият бўлганида мах­луққа итоат йўқ; дин енгиллик, қийинчи­лик эмас; ибодатларда ўрталикни тутиш Ис­ломнинг асоси; амалларнинг энг яхши­си ўртача ва давомийлиги; илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарз экани кабиларни ўрганди.

ИМОМ ҲУСАЙН

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу ан­ҳу Масжиди Набавийда ҳамроҳлари билан бирга ўтираркан, олдиларидан Ҳусайн ибн Али розийаллоҳу анҳумо ўтди. Абдуллоҳ ибн Амр: “Само аҳли учун ер аҳлидан энг суюкли кишининг хабарини беришимни истайсизми? Бу инсон ҳозиргина олдимиздан ўтган Ҳусайн ибн Али розийаллоҳу анҳумодир. Сиффин кунидан бери менга бирор нарса демади. Мендан рози бўлиши, мен учун қизил неъматдан яхшироқ эди”, деди. Абдуллоҳ ибн Амр дўсти Абу Саид Худрий билан Ҳасан ибн Али розийаллоҳу анҳумони зиёрат қилишга келишиб олди. Икки биродар учрашди. Имом Ҳусайн:

– (Сиффин куни) Муовия билан чиқи­шингга нима мажбур қилди?

– Ўшанда отам Амр ибн Ос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилиб: “Абдуллоҳ кундузлари рўза тутиб, тун бўйи намоз ўқийди”, деди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Эй Абдуллоҳ, намоз ўқи ва ором ол, рўза тут ва оғзинг ҳам очиқ бўлсин. Отангга итоат қил”, дедилар. Сиффин куни отам менга улар билан чиқишимни ёлвориб сўради. Сўзларини қай­таролмадим. Лекин ҳеч кимга қарши қилич кўтармадим, найза отмадим, ўқ узмадим.

* *

Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу умрининг сўнгги кунларида: “Қани энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рухсат­ларини қабул қилганимда эди”, деб кўп бора орзулади.

Мўмин, обид, мард, қасами ва ваъ­дасига содиқ Абдуллоҳ ибн Амр розий­аллоҳу анҳунинг тили доимо Аллоҳнинг зикри билан намланарди. Рўза тутиб намоз ўқирди. Шундай бўлса ҳам доимо: “Қанийди Сиффинда иштирок этмаган бўлсам...” дер эди. Аллоҳ ундан рози бўлсин.

Манбалар асосида

Юлдуз АСҚАР қизи тайёрлади.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Шавкат Мирзиёев Конституция байрами арафасида 615 кишини афв этди

07.12.2025   3398   1 min.
Шавкат Мирзиёев Конституция байрами арафасида 615 кишини афв этди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига шарҳ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан давлатимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 615 нафар шахс афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 220 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 123 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 97 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 175 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 9 нафарини чет эл фуқаролари, 29 нафарини аёл, 23 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 264 нафарини ёшлар (шулардан, 2 нафари вояга етмаганлар) ҳамда 9 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Манба

МАҚОЛА