Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Март, 2026   |   6 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:58
Қуёш
06:17
Пешин
12:34
Аср
16:51
Шом
18:45
Хуфтон
19:58
Bismillah
26 Март, 2026, 6 Шаввол, 1447

Фосиқ омонатдор бўлолмайди

01.07.2022   1774   2 min.
Фосиқ омонатдор бўлолмайди

«Эй имон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кў­ринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар» (Ҳужурот сураси, 6-оят).

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ва­лид ибн Уқбани Бани Мусталиқ қаби­ласига закотларни йиғиш учун юбор­дилар. Қабила одамлари узоқдан кў­ринган Валид ибн Уқбага пешвоз чиқишди. Валиднинг Бани Мусталиқ қа­биласи билан эски адовати бор эди. Уларни кўриб, қаттиқ қўрққанидан ортига қайтди ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб: “Ба­ни Мусталиқ қабиласи муртад бўлибди, за­котларини беришмади”, дея хабар берди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ха­­бар ишончли эканини текшириш учун Холид ибн Валидни Бани Мусталиққа юбор­дилар. Холид ибн Валид Бани Мусталиқ қабиласи ҳудудига тунда етиб борди. Ҳолат­ни аниқлаштириш учун қабила чегарасига аскарларидан бирини киритди. Аскар қабила Ислом динини маҳкам тутгани, муртад бўлмаганини айтди. Гапларининг исботи ўлароқ, азон овози ва намоздаги жаҳрий қироат ҳам эшитилиб турарди.

Тонг ёришгач, Холид ибн Валид розий­­аллоҳу анҳу маълумотлар тўғри эканига яна бир бор иқрор бўлди ва Набий соллал­лоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига қайтиб келиб, воқеани баён қилди. Ўша вақтда юқоридаги оят нозил бўлди».

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Хо­тиржамлик Аллоҳдан, шошилиш шай­тондандир”, деб таълим бердилар.

“Бир қавмга билмасдан мусибат ет­казиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”. Яъни: “Шошилиб, ҳушёрликни қўлдан бой берманг”, де­ганидир. .

Оят адолатли кишининг хабари қабул қилинишига далил. Кимнинг фосиқлиги ошкор ва аниқ бўлса, у етказган хабар ижмога асосан қабул қи­линмайди. Зеро, хабар омонатдир. Фосиқ эса омонатдор бўла олмайди.

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Фосиқ ни­коҳда валий бўла олмайди”, деган. Абу Ҳанифа ва Имом Молик раҳимаҳу­маллоҳ наздида эса, валий бўлса, жоиз. Чунки у аҳли аёлини рашк қилиш, улар учун мол-мулкини сарфлаш, оиласини ҳи­моя қилиш борасида ишончли бўлиши мумкин.

Фосиқ бошқалар номидан бирор гап ё бирор нарсани етказиши ёки элчи бўли­ши жоиз. Шунингдек, адолат талаб қилин­майдиган ўринларда фосиқ тасарруф қи­лиши жоиз саналади.

«Надомат чекувчи бўлманглар». На­домат пушаймонликдир. Инсон содир қилиб қўйган иши ҳақида: “Шу иш содир бўлмаганида эди”, деб орзу қилиши аф­сусланишидир. .

“Тафсири Қуртубий” асари асосида

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом

билим юрти ўқитувчиси

Охунжон АҲМЕДОВ тайёрлади.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Шавволнинг олти кунлик рўзаси

15.04.2024   745   2 min.
Шавволнинг олти кунлик рўзаси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Рамазон ойидан кейин тутиладиган олти кунлик рўза ҳақида батафсил маълумот берcангиз. Олдиндан раҳмат.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рамазон ойидан кейин ҳижрий-қамарий тақвимнинг ўнинчи ойи ҳисобланадиган Шаввол келади. Ушбу ой ҳам фазилатли ва баракотли ойлардандир. Айниқса бу ойда соғлиғи ва имкони бор кишилар нафл рўза тутсалар, кўплаб ажру-савобга эга бўлишлари ваъда қилинган. Жумладан Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Демак, ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, шавволнинг олти кунида рўза тутган киши умр давомида рўза тутганлик савобини қозонар экан. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” (Анъом сураси, 160-оят).

Бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитининг эртасидан бошлаб тутиш мумкин. Шунингдек шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Бу ҳақда “Зоҳирийя” ва “Хулоса” номли фатво китобларимизда Шаввол ойидаги олти кунлик рўзани кетма-кет тутилиши шарт эмаслиги, балки ой давомида тутиб ҳам адо этиш мумкинлиги айтиб ўтилган.

Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, у Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган камчилик-нуқсонларга каффорат бўлади. Зеро беайб – Парвардигори олам! Банда камчилик ва хатолардан холи эмас. Бу – худди фарз намозлар ортидан ўқилган суннат намози кабидир. Ушбу суннатлар фарзда билиб-билмай йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилади. Қиёмат куни банданинг нафл ибодатлари унинг фарз-вожиб амалларда йўл қўйган нуқсонларини тўлдиради.

Қолаверса, шавволнинг олти кунида рўза тутиш ўз моҳияти билан мусулмон кишининг рўзадан зерикмаганига, балки унга рағбати кучли эканига далолат қилади. Зеро, бу ойдаги рўзанинг ҳикмати ҳақида Аллома Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш – Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлгани белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирор амалини қабул қилса, ундан кейин уни (бошқа) солиҳ, хайрли ишларга бошлайди, давомли қилади”. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

 
 
Мақолалар