Мақолалар

Комиллик мақоми

Камол эт касбким, олам уйидин

Сенга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ.

Жаҳондин нотамом ўтмак биайниҳ

Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ.

Бир қарашда мазкур қитъанинг мазмун-моҳиятини тушунишда мураккаблик йўқдек. Зоҳиран олганда, Алишер Навоий панд-насиҳат сифатида бу дунёда яшашдан мақсад комилликка интилиш ва чин инсоний хулқ-атворни шакллантиришни вазифа қилиб қўяётгандек. Бу оламга келган инсон дастлаб ота-онаси парва­ришида бўлиб, меҳр-муҳаббати ва ардоғида вояга етади. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳеч бир ота фарзандига гўзал тарбиядан кўра қимматроқ мерос қолдира олмайди” (Имом Термизий ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади” деган мақол бежиз айтилмаган. Чунки ота-она қандай инсон бўлса, оилада ўсиб-улғайган бола ҳам улар тарбияси ва таълимини ўзлаштиради. Муайян маънода яхши ё ёмон томонга ўзгаради. Аммо бу инсон учун етарли эмас. Бора-бора бу оламни ўзи идрок этиб, ақл-фаросати билан таниш йўлини тутади. Энди у бир устоз ва мураббийга муҳтожлик сезади.

Устоз ва мураббий ўз билим даражаси, савиясига суянган ҳолда ақли тўлишган боланинг қизиқишига қараб, борлиқ, олам сирларидан воқиф этади. Аммо ай­тиб ўтилганлар камолот касб этишда даст­лабки мартаба ва даража, холос. Шуни аниқлаб олиш лозимки, мазкур қитъада Навоий назарда тутган комиллик мақоми нимаю унинг даражаси қандай? Мўътабар манбаларга мурожаат қилсак, инсонийлик мақоми пастки ва юқори мақомлар – ҳайвонийлик ва малакийлик мақоми ўр­тасида жойлашганини англаймиз. Агар инсон қалби ва руҳини поклаш йўлини тутса, малакийлик мақомига қараб юксалиб боради. Мабодо қалби ва руҳини покламаса, омонат умрини фақат айш-ишрат ва роҳат-фароғатда яшаб ўтишга сарфласа, ўз-ўзидан ҳайвонийлик мақомига тушади.

Ўз нафсини жиловлай олмай, ёмонлик­ларга қўл урган киши азизу мукаррамлик­дан мосуводир. Қуръони каримда бундай келади: «Батаҳқиқ, ким у (нафс)ни пок­ласа, ютуққа эришди. Ва батаҳқиқ, ким у (нафс)ни кирласа, ноумид бўлди» (Шамс сураси, 9–10-оятлар).

Нафсини жиловлаган киши эса жаннатий бўлади: «Аммо кимки Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва ҳисобот бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳаволанишдан қайтарган бўлса, бас, фақат жаннатгина (унга) макон бўлур» (Нозиот сураси, 40–41-оятлар).

Набиййи муҳтарам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳавойи нафси йўлдан урадиган, нафс қули бўлган банда нақадар ёмондир”, деганлар (Имом Термизий риовяти).

Иброҳим Ҳаққул «Камол эт касбким…» деб номланган мўъжаз рисоласида унга батафсил тўхталиб, бундай фикр билдиради: «Киши ўзини ҳирс, тама, нафс, ғафлат, нодонлик сингари майлларидан покламаса, у ҳеч пайт комил бўлолмайди. Комиллик учун улкан инсоний қалб, уни нурлантирувчи сўнмас ишқ ва кенг қамровли тафаккур зарур. Буларсиз маъ­навий-руҳий мукаммаллик ва ақлий бало­ғат хусусида сўз айтиш мумкин эмас».

Комиллик сари йўл динимиздаги фарз, вожиб ва суннат амалларни ихлос ила адо этишдан бошланади.

Чунончи, Сўфи Оллоёр ҳазратлари:

Шариатсиз киши учса ҳавога,

Кўнгил берма анингдек худнамога, деб бежиз айтмаган.

Комиллик инсон забт этиши мушкул ҳисобланган ёки хаёлий чўққи ҳам эмас. Аммо инсон зотига шу чўққини забт этиш ва бутун куч-қувватию салоҳиятини шун­га қаратиш амр қилинган. Оддийроқ ту­шунтирадиган бўлсак, одамзоднинг ко­милликка интилиши худди талаба топ­ширадиган синов-имтиҳонга ўхшайди. Кимдир бу имтиҳонни муваффақиятли топширса, кимдир яхши тайёргарлик кўр­маганидан синовдан йиқилади. Бунинг учун унга муайян вақт, имконият, куч-қувват ва қобилият ато этилган. Инсон ўзига ато этилган умр, ҳаёт ва бошқа улуғ неъматлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бироқ мазкур имкониятдан оқилона фойдаланмас экан, бу олам уйидан «ғамнок» ҳолда чиқиши тайин. Бу ақли расо инсон наздида катта ютқизиқ эмасми?

Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонида инсоний комиллик мақомига қай тарзда кўтарилиб бориш тасвирлари асосий ўрин тутади. Фарҳод муайян илм, касб-ҳунар эгаллаши ва бу йўлда анча машаққат чекиши самараси ўлароқ инсоний комиллик касб этганини Навоий шундай таърифлайди:

Қуёш янглиғ ёруғ раъйи мунири,

Вале андин ёруқ мофиззамири.

Ваҳоланки, бу илм, касб-ҳунар ва ма­шаққатлар комиллик мақомига кўтари­лиш учун бор-йўғи восита бўлиб хизмат қилганини унутмаслик керак. Фарҳод ўзи эгаллаган илм ва касб-ҳунарлар доирасида чекланиб қолган эмас. У муайян илм ва маҳорат ҳосил қилгандан кейин комиллик пиллапояларидан янада юксалишга қасд айлайди ҳамда ўзи етиб келган комиллик мартабасидан қониқиш ҳис этмайди. Усто­зи Суқрот таълимини олиб, Юнон сафари­га отланади, бу сафари чоғида тўсиқ ва ғов бўлиб турган аждаҳо, Аҳриман дев, те­мир пайкарларни маҳв этиб, комиллик чўққиси сари илгарилаш учун ўзига йўл очади. Натижада басират – қалб кўзи очилиб, бу олам ва борлиқни олдингига нисбатан бошқача идрок этади, унинг сир ва жумбоқлари моҳиятини англайди.

Мазкур қитъа мўъжаз ва оддийдек кў­ринса-да, аммо жуда катта салмоқ ва қам­ровга эга. Навоий одамзод ақли ва та­факкурига хитоб қилиб, қаршисида икки йўл, яъни покланиш ёки покланмаслик масаласига жиддий қараш лозимлигини уқтирмоқда. «Лайли ва Мажнун» дос­тонида Мажнуннинг изтироби ва дардчил нола­ларига аҳамият берилса, нафсини поклаш йўлида қийналиши, бунинг учун ҳаракати сустлигидан зорланишларига гувоҳ бўлади.

Агар теранроқ назар солинса, Мажнун­нинг хатти-ҳаракатлари, атрофидаги одам­ларга бепарво ва лоқайдлиги «пессимист­лик» боис юзага келмаган, балки одамзод эгаллаши лозим бўлган комиллик чўқ­қисини забт этишга қаратилган. Ҳатто саҳрога бориб, у ерда ёввойи ҳайвонлар билан улфат тутинади. Чунки ҳайвонлар Мажнун қалби ва дилига озор етказмайди, уни маломат қилмайди, янаям тўғрироғи, комиллик сари интилишига халақит бермайди. Чунки Мажнун бу оламдан «ғамнок» ҳолда чиқиш қай даражада оғир эканини теран англайди.

Фарҳод ва Мажнун умумлашма ҳамда тўқима образлардир. Бу олам яралганидан бери инсоният комиллик чўққисини забт этишга интилади, аммо қанчадан-қан­чалари бу йўлнинг дастлабки довонида, қанчалари ўртасида қолиб кетган. Шу маънода Фарҳод ва Мажнун инсонларга юксак намуна ва ибрат. Шу вақтга қадар ҳеч ким, ҳатто пай­ғамбар ва авлиё зотлар ҳам комиллик чўқ­қисини забт этганини даъво қилишмаган. Бу комиллик сари интилиб яшашдан фойда йўқ дегани эмас. Чунки ҳамма амалларнинг натижаси ва са­мара­си бу оламда кўринмай­ди. Шу боис бу оламда яшаган инсон худди ҳаммомга ки­риб ювиниб, покланмасдан чиққан ки­ши­дек комиллик сари интилмай, яъни ло­ақал ўзининг одам эканини англамай ҳаёт ке­чириб, бир куни афсус-надомат билан ке­тиши ақлга сиғадими?

Хулоса қилиб айтганда, ҳазрат Навоий ушбу қитъада одамзод мақсади ва диққат-эътиборини улуғ мақомга кўтарилишга қаратиб, ажали етмасдан олдин ўз табиати ва ахлоқини турли иллату ярамас феъл-атвордан поклаб олиш кераклиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

Бобомурод ЭРАЛИ,

Алишер Навоий номидаги

Давлат Адабиёт музейи тадқиқотчиси

Read 1539 times

Мақолалар

Top