Мақолалар

Исломда кийиниш одоби

Ислом инсонни мукаррам қилиш бўйича кўрган чоралар ичида либос масаласи ҳам бор. Бу масалада инсоннинг кийиниш маданиятига риоя қилиши ўзи учун обрў ва мартаба экани, гўзаллик ва зийнат экани бир нечта китобларимизда зикр қилинган.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади: «Эй Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар» (26-оят).

Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири либосдир. Одамнинг аврати – айбини беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарури авратни пинҳон тутадигани ҳисобланади. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Худди шунингдек, либосни ўз ўрнида, яъни шариатга мувофиқ кийган инсон зийнатли ҳисобланади.

Юқорида айтганимиздек, Аллоҳ таоло кийим-бошни инсонга авратини тўссин, ўзини тузатсин, деб берган. Аммо барча соҳада ҳаддида турмаган инсон бу ўринда ҳам турли бузуқликларга йўл қўйди. Баъзилари кийим-бошни фахр ва ғурур воситаси, иккинчилари уни ҳаётдаги асосий мақсад қилиб олди. Қадр-қийматни ҳам кийим-бош билан ўлчай бошлади. Учинчилари кийимни тор ва юпқа кийиб, ундан кўзланган асосий мақсадни суиистеъмол қилишга киришди. Хусусан, тарбиясиз аёллар либосни айнан авратни бўрттириб кўрсатиш учунгина кийдилар. Бу эса юксак инсоний шарафни ерга урадиган ҳолатдир. Шунинг учун ҳам Ислом бу ишларда ўз таълимотларини жорий қилди.

Бошқа динлар, тузумлар ва халқларнинг бу борадаги тасарруфларига қарайдиган бўлсак, Исломдаги каби мўътадилликни кўрмаймиз. Улар ёки у тарафга, ёки бу тарафга оғиб кетган бўладилар.

Уларнинг баъзилари еб-ичиш, кийиш ва садақа ишларида тарки дунё йўлини тутиб, имкони бор нарсани қилмасдан, ўзини ўзи қийнайди. Албатта, ҳозирда бу тоифадагилар оз.

Баъзилар эса ҳаётни еб-ичиш, кийинишу ўйин-кулгидан иборат, деб хаёл қилади. Бутун имкониятларини мазкур нарсаларга сарфлайди.

Еб-ичишда ҳам, кийинишда ҳам, садақа қилишда ҳам доимий ва чегарасиз равишда исрофга йўл қўядилар. Энг ёмони, бу масалада дунёқарашлари нотўғри бўлгани сабабли ейдиган таомлари, ичадиган ичимликлари, киядиган кийимлари ва қиладиган садақалари ила манманлик, мутакаббирлик қиладилар. Ҳозирда худди шу тоифа кўпчиликни ташкил этади.

Минг афсуслар бўлсинким, баъзи мусулмонлик даъвосини қилиб юрганлар ҳам Ислом таълимотларидан узоқлашиш, уларга амал қилмаслик оқибатида бу масалада хатога йўл қўядилар. Оқибатда турли-туман муаммолар келиб чиқади.

 

Манбалар асосида тайёрланди

 Сўфиев Абдулҳаким

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Поп тумани бош имом-хатиби

Read 1993 times

Мақолалар

Top