Ўтаётган ҳар бир кун бизни энг улуғ, энг азиз байрам Ўзбекистон Республикаси давлат мустақилигининг 31 йиллик шодиёналарига тобора яқинлаштирмоқда. Мустақиллик – улуғ неъмат, барча орзу-ҳавасларимизнинг рўёбга чиқишида муҳим омил. Шу боис биз бу улуғ неъматни қадрлаймиз, эъзозлаймиз, кўзларимизга тўтиё айлаймиз.
Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилатлардан экани кўп зикр этилади. Бу ҳақда: "Ватанни севмоқ имондандир" дейилган ҳикматни эсга олиш кифоя. Ватанни севиш инсонга хос табиий туйғу бўлгани учун ислом уни имоннинг бир бўлаги деб қарайди. Машҳур саҳобалардан Билол розияллоҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилиб, ўзларининг азиз ва муқаддас диёрларини эслаб шеърлар ўқирди. Бу ҳам, албатта, ҳар бир инсоннинг қалбида Ватанига, туғилиб ўсган диёрига муҳаббатли бўлиши табиий эканини англатади.
Имом Бухорий “Саҳиҳи Бухорий” асарида келтирган бир ҳадисда бундай дейилади: «Ойша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида, Абу Бакр билан Билол розияллоҳу анҳумо иситмалаб қолишди. Мен уларнинг ҳузурига кириб: “Эй отажон, эй Билол, ўзингизни қандай ҳис қилмоқдасиз?" деб сўрадим.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу иситма кучайганда:
Уйимда бўлсайдим жон чиқар маҳал,
Пойабзал ипидин яқиндир ажал, - дер эди.
Билол розияллоҳу анҳу эса йиғлаб:
Тақдирим не эрур, билмасман, э воҳ,
Бошимга ажалдан келурму сипоҳ?
Бир кеча бўлса ҳам, она водийим,
Қўйнида ётсайдим, меҳрибон Аллоҳ!
Қониб ичсам эрдим, шаффоф сувларин,
Қанийди, ташласам, унга бир нигоҳ! – дер эди.
Мен бу ҳақда жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бориб айтганимда, У зот: “Ё Аллоҳ! Бизга Мадинани Макка сингари ёқимли, ундан ҳам ортиқроқ этгил! Ё Аллоҳ, унинг тошу тарозисига барака ато этгил, уни (аҳлини) ҳамиша бардаму соғлом қил, мана буларнинг безгагини эса Жуҳфага кўчиргил!” – дедилар».
Икки улуғ саҳоба – Абу Бакр Сиддиқ ва Билол розияллоҳу анҳумо ҳам Пайғамбаримиз билан бирга саодат асрида яшаб, кундалик нозил бўлаётган ваҳийдан баҳраманд бўлишдек бахтга муяссар бўлсалар-да, ўз туғилиб ўсган Ватан соғинчида яшаганлар.
Буюк шоир ва саркарда, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ҳам Ватанни қадрини англашга ёрқин мисол бўла олади. Ўз даврининг йирик ва қудратли давлатларидан бири Ҳиндистондек мамлакат ҳукмдори бўла туриб, бир умр Андижонни, сўлим Фарғонани, бобокалонларидан мерос Самарқандни қўмсаб ўтади, ижодининг салмоқли қисмида Ватан соғинчи уфуриб туради.
Алихонтўра Соғуний “Ватан ва илм ёки етти юлдуз” номли шеърида қуйидагиларни баён қилади:
Эшит энди Ватан ўғли, мендин насиҳат,
Қабул қилсанг келур бошинга давлат.
Ватан асли сенингдур Ўзбекистон,
Ўғиздин қолмиш эрди бу гулистон.
Ватан аҳли Ватан меросхўридир,
Отодин қолса мол фарзандникидир.
Онодур бу Ватан аҳлини сўрсанг,
Сени туғмуш будур яхши тушунсанг.
Чиқармиш сенучун турли емишлар,
Кўтармиш елкасида ёзу қишлар.
Тириклар бу Ватан бўйнига мингай.
Ўликлар ҳам онинг қўйнига киргай.
Ватанни дўст тутиш имондин эрмиш,
Онингчун Ҳақ расулидин нақл бўлмиш.
Ватанни севмаганлар биздан эрмас,
Буни ким билмаса, имонга кирмас.
Бизга ҳар жаюҳада ота-боболаримиз ибрат бўлишган. Мисол учун, Нажмиддин Кубро замонасининг йирик алломаларидан, минглаб муридларга эга бўлган тариқат пешвоси мўғуллар бостириб кирганидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул ҳукмдорлар Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишни таклиф қилади. Ватанни ўз жонидан устун билган шайх босқинчиларга қарши жангга киради ва туғ кўтариб, лашкарни олға чорлаб бораётган ҳолатда шаҳид бўлади. У зот туғни шунчалар жон-жаҳди билан ушлаган эдики, байроқни қўлларини кесибгина олишга муваффақ бўлишади.
Хулоса қилиб айтганда. Шу муқаддас Ватанда эл азиз, инсон азиз. Ватанимиз бизни, элимизга шарафлаяптими, демак, биз ҳам шунга муносиб бўлишимиз керак.
Жасурбек домла РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби
Хотира
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуръони Карим ходими, устоз Яҳё қори Турдиев 1930 йил 21 декабрда Шарқий Туркистоннинг Қашқар вилояти Янгисор шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. У 1943 йил Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди.
1962-1968 йиллар давомида Мир Араб мадрасасида таҳсил олди.
1978-1984 йилларда Ўртачирчиқ туманидаги Тўйтепа жомеъ масжидида имом-хатиблик қилди.
1988 йилдан Тошкент (ҳозирги Зангиота) туманидаги Кўктерак масжидига имомлик қилди.
1995-2011 йиллар шу тумандаги «Ҳасанбой ота» жомеъ масжидида имом хатиб, кейинчалик шу масжидда имом ноиби бўлиб эл хизматида фаолият юритди.
Қуръондан илк сабоқларни ота-онасидан олди. 13 ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди. Шунингдек, устозлари Абдуҳалил ва Абдунодир домлалардан ҳам таълим олган.
1954 йил Яҳё қорини олим бўлишини истаган отаси 1600 км узоқликда жойлашган Рўзиҳожи мадрасасига олиб борди. У ерда Ҳиндистонда таълим олган шайх Шоҳимардон исмли етук олимдан илм олди,
1960 йилда мадрасани тамомлаб, домла Шоҳимардоннинг ёнида мударрис бўлиб ишлади. Бироқ шу йилнинг ўзида устозининг маслаҳати билан собиқ Иттифоққа йўл олиб, Андижонда қўним топди.
1962 йилда Мир Араб мадрасасига ўқишга кирди.
1968 йил мадрасани тугаллагач, Тошкент вилоятидаги Бектемир қишлоғига кўчиб келди. Бу ерда ўн йилдан ортиқ комбинатда ишлади. Шу орада Қашқарда устозлик қилган минглаб қориларни чиқарган Абдулазиз қори Маҳмудов билан яна устоз-шогирдлик муносабатларини йўлга қўйди.
1976 йилда шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон билан танишди. У кишининг таклифи билан 1977 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига ишга кирди. Шу тариқа имомлик фаолияти бошланди.
Фарзандим қори бўлсин деган ота-оналар учун устоз Яҳё қоридан тавсия:
— Илм аҳлига ҳавас қилган, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналарга айтадиган биринчи тавсиям луқмасини ҳалол қилсин. Ҳаромга яқинлашмасин, ҳалол нарсани ҳам меъёрида истеъмол қилсин. Шунингдек, фарзандини ҳам ҳалол луқма билан вояга етказсин, тарбияласин. Домлаларимиз кўча-куйда таом истеъмол қилганимизни билиб қолсалар, қаттиқ ранжиб, бизни койиб: «Сен кеча Қуръондан бир бетни юз маротаба ўқиб ёдлаган бўлсанг, бугун икки юз маротаба ўқисанг ҳам ёдлай олмайсан. Шубҳали овқат емагин. Зеҳнинг заифлашиб қолади», дер эдилар.
Шунингдек, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналар тақволи, ўқимишли бўлсин. Ота-оналар олимларни ҳурмат қилсин, уларни яхши кўриб, олимларга мухлис бўлсин. Фарзандини ёшлигидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбияласин. Болам қори бўлсин деган ниятда бўлган ота-она ўзаро бир-бири билан жанжаллашмасин, уйда сокинлик ҳукм сурсин. Фарзанд келажакда етук олим бўлиши учун жуда кўп машаққат, саъй-ҳаракат талаб этилади. Аввало, ота-онанинг, сўнгра талаби илмнинг ҳамда устознинг биргаликдаги интилиш ва ҳаракати бўлиши лозим. Шуларнинг бари бириккандагина фарзанд олим, қори бўлади. Ота-она масъулиятсизлик қилса ёки талаба илм олишдан бошқа нарсаларга чалғиса оқсаш кузатилади, мақсадга эришилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсага ҳам бир монеълик бўладику, лекин илмнинг монеълари кўп бўлади», деган мазмундаги ҳадислари илм олишда собитқадам, бардавом бўлишга ундайди.