Кексалар уйқуга ётадилар, аммо ухлолмайдилар. Овқатланадилар, бироқ ҳазм қила олмайдилар. Куладилар, лекин хурсанд бўла олмайдилар. Табассумлари ортида кўз ёшларини яшираётган бўладилар.
Кексалар шундай инсонларки, улардан узоқ бўлишингиз, ёнларида тескарига қараб ўтиришингиз, ҳузурларида телефон билан оввора бўлишингиз уларга азият беради.
Кексалар шундай инсонларки, уйнинг марказий кишиси, оиланинг файзи, дуогўйларидир. Агар уларнинг қадрини жойига қўя олмасангиз, дунё ва охиратда бахтсиз бўлишингиз мумкин.
Кексалар шундай инсонларки, уларнинг эҳтиёжлари таом, ичимлик, кийим-кечак, дори-дармонга бўлган эҳтиёждан кўра юксакроқдир. Бу ҳам бўлса меҳр, эътибордир.
Кексалар шундай инсонларки, улар Аллоҳга яқин зотлардир. Уларнинг дуолари қабул бўлишга яқиндир. Шундай экан, уларни борида ғанимат билайлик!
Кексалар шундай инсонларки, улар ота-оналарини йўқотган, кўплаб дўстларидан айрилган, қалблари жароҳатланган, кўнгиллари кўп маҳзунликни кўтариб юрган зотлардир.
Кексалар шундай инсонларки, сизнинг аввал айтган гапларингизни шунчаки ёқтирмаган бўлсалар, ёшлари улғайгач ўша гапингиз уларнинг қалбларини жароҳатлаган. Ҳозир эса уларни пичоқсиз сўяди.
Кексалар шундай инсонларки, бугун уларда бўш вақт бор. Улар бу вақтларини оқиллар ва меҳрибонларнинг суҳбати билан тўлдиришни истайдилар.
Кексалар шундай инсонларки, сўзларини тинглайдиган, гапларини маъқуллайдиган, уларни ёнида ўзини бахтиёр ҳис қиладиган кишига эҳтиёж сезадилар.
Кексалар шундай инсонларки, ҳаёт паровозлари уларни лаззат бекатидан аллақачон олиб ўтган бўлиб, улар ҳаёт билан видолашиш бекати сари бораётган зотлардир.
Кексалар шундай инсонларки, улар оталар, оналар, боболар, бувилардир ва улардан бошқа кекса қариндошлардир. Уларнинг сезгилари кексайган, ҳис-туйғулари қуруқшаб бораётгандир.
Ҳой фарзандлар, ҳой набиралар, ота-боболаримиз, она ва момоларимизга бахтиёр ҳаётда яшашлари, порлоқ кечаларда ором олишлари, ҳаёт дафтарларини гўзал қиссалар билан якунлашлари учун қулай шароит қилиб берайлик. Акс ҳолда уларни йўқотиб афсус надомат қилиб қолмайлик.
Ҳой фарзандлар, ҳой набиралар, ота-онангиз, бобо-бувингиз йўқотган нарсаларнинг ўрнини тўлдирувчи бўлинглар. Улар учун умрларининг куз фаслида сизлар баҳор бўлиб хизмат қилинглар. Уларнинг ёнларида самимий дўст бўлиб яшанглар.
Кексаларга саломлар бўлсин!
Кексаларнинг кексалигига риоя қилиб хизмат қилаётганларга ҳам саломлар бўлсин!
Уйингиздаги кексалар бугун хонадонингизнинг файзи, дуогўйи бўлиб ўтирибдилар. Кўп ўтмай улар бу дунёни тарк этганларидан сўнг сиз уларнинг мақомларига кўтариласиз. Шундай экан, бугун улар учун нима қиляпсиз, эртага ўриб олиш учун бугун қандай уруғ экяпсиз?
Аллоҳ таоло кексаларимизни паноҳида асрасин! Тоат ибодатда бизларга ибрат ва намуна қилиб қўйсин. Вафот этганларини эса раҳмат ва мағфиратига буркаб, олий жаннатлардан манзил-макон ато этсин!
Биз ёшларга эса, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат муносабатида бўлишимизни насиб айласин!
Фойдаланилган манба:
Фейсбукдаги «Биласизми?» саҳифаси
Нозимжон Ҳошимжон таржимаси
Хуршид Маъруф тайёрлади
Диндан узоқлашар эканмиз, асл мақсаддан, рисолатдан ва инсоний қадриятлардан йироқлашган бўламиз. Натижада жамиятда ёмонлик, зулм ҳукм суради, ёвузликка, маст қилувчи ичкиликларга қизиқиш ортади, оилага, соғлом турмуш тарзига рағбат йўқолади, ота-она билан фарзанд ўртасидаги муносабатларга ҳам футур етади, иқтисодий ҳаёт эса рибо ва қимор билан тўлиб-тошади. Оқибатда гуноҳлар кескин кўпайиб кетади.
Шу боис инсон доимо динга эҳтиёж сезади ва ундан ҳеч қачон беҳожат бўлмайди!
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан