Мақолалар

Бош мезон макон эмас, маърифат бўлади

Ўзбекистон халқаро ислом академияси очилиши нафақат бизнинг юртимиздаги илм аҳлларини, халқимизни қувонтирди, балки хориждаги тараққийпарвар инсонларни ҳам мамнун этди. Чунки хорижий мамлакатлардаги муқаддас динимиз тарихидан озгина бўлса-да, хабари бор одам борки, Ислом равнақида юртимиздан чиққан алломаларнинг хизмати катта бўлганидан хабардордир.

Наинки, бутун дунё мусулмонлари пешволари, балки Ислом тарихини ўрганган бошқа илоҳиётшунос ва тарихчи олимлар ҳам бизнинг уламо аждодларимиз динда мўътадилликни, васатияни одат қилгани ва шунга ҳеч қайси замонда оғишмасдан амал қилиб келганларини эътироф этади.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ташкил этилиши дунё мусулмонлари, хусусан, яқин қўшниларимиз – Катта Марказий Осиё халқлари қалбида яна ўша анъаналар давом этиб, устоз-шогирдлик муносабатлари янгича босқичда давом этишади деган умидни уйғотди.

Академия – ўз оти билан халқаро академия. Бу даргоҳда таълим берувчилар ва таълим олувчилар учун макон унчалик аҳамият касб этмайди. Бунда муҳими, толиби илмнинг қалбида чўғ бўлсин!

Халқаро ислом академиясининг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида ташкил этилиб, диний ва дунёвий билим беришга ихтисослашган етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси мақомига эга бўлгани айни муддао бўлди.

Бинобарин, диний илмни пухта билиб, дунёвий илмида кемтиклик бўлган ёки дунёвий илмни яхши ўзлаштириб, диний илми саёзроқ бўлган олимлар ҳеч қайси замонда жамиятни илгари бошловчи, халқнинг онгу шуурида катта ўзгаришлар ясовчи авангардга айлана олмаган. Аксинча, айнан ўшалар жамиятнинг турғун, мутаассиб бир жамиятга айланиб қолишига сабабчи бўлган.

Кейинги вақтларда илмни дунёвий ва динийга ажратиш урфга айланиб кетди-да, аслида дунёвий илм моҳиятан диний илмнинг бир йўналиши саналади. Чунки дунёвий илмни билмаган – табиат қонунлари, моддаларнинг хоссаларини... ўрганмаган одам ояти каримада нима ҳақида гап бораётганини қаёқдан билсин!

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарорида  Халқаро ислом академияси Тошкент ислом университети ва Ўзбекистон ислом академияси негизида ташкил этилгани муносабати билан ушбу даргоҳларнинг профессор-ўқитувчилари ва ходимларини аттестациядан ўтказиш; Тошкент ислом университетида тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича таълим олаётган талабалар 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб академияда ташкил этилаётган таълим йўналишлари (зиёрат туризми, халқаро муносабатлар, мумтоз шарқ филологияси, ислом тарихи ва манбашунослиги)нинг тегишли равишда 2, 3 ва 4-курсларида ўқишни давом эттиришларини таъминлаши масаласи назарда тутилгани; Ташқи ишлар вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида дунёнинг донгдор олимларини академияда маъруза ўқишга, илмий-тадқиқот ишларини ўтказишга жалб қилиши; Академия профессор-ўқитувчиларининг хорижий давлатларнинг таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларига илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш, малака ошириш ҳамда тажриба орттириш учун юбориш чораларини кўриши масалалари кўрсатилгани катта ҳодиса бўлди. Чунки илм чинакам маънода камол топиши учун ҳамкорлик алоқалари бағоят муҳим. Шунинг баробарида илм аҳлларининг вақти-вақти билан манзилларини ўзгартириб туриши ҳам илмнинг равнақига хизмат қилади.

Ҳосили калом, Ўзбекистон халқаро академияси  бутун дунё мусулмонлари олимлар йиғиладиган, илм мажлислари ташкил этиладиган устоз-шогирдлик анъаналари янгича босқичда давом этадиган гўшага айланади, халқларни, инсонларни  яқинлаштиради, уларни Ислом – тинчлик ва маърифат дини ғояси атрофида жипслаштиради.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ,

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2712 times

Мақолалар

Top