Ассалому алайкум!
Қадрли юртдошлар!
Сўнгги йилларда, барча соҳалар қатори, диний-маърифий жабҳада, хусусан, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, фуқароларимизнинг муқаддас зиёратга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондириш мақсадида Раҳбарият кўрсатмаси ва жамоатчилик кенгаши қарори асосида Ҳаж ва Умра сафарларини ташкил этиш янги босқичга кўтарилди.
Хусусан, Умра сафарига борувчи зиёратчиларнинг сонини белгилаш бўйича квота олиб ташланди, натижада республикамизнинг айрим ҳудудларида навбатлар тугатилди, баъзиларида эса навбатларининг сезиларли даражада камайишига эришилди.
“COVID-19” пандемияси сабабли тўхтатилган узоқ муддатли танаффусдан кейин, шу йилнинг 22 январь куни зиёратчиларимизнинг дастлабки гуруҳлари Саудия Арабистонига Умра сафарига жўнатилган эди.
Жорий йилнинг 26 май ҳолатига кўра, 37 мингга яқин зиёратчи умра амалини тўлиқ адо этиб, юртимизга қайтиб келди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда Ҳаж сафари билан боғлиқ ташкилий ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги ишлар ҳам тубдан яхшиланди ва такомиллаштирилди.
Шу йилнинг 3-7 май кунлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳи “Ҳаж-2022” тадбирини ташкил этиш механизми ва бозорларни ўрганиш мақсадида Саудия Арабистони қироллигига хизмат сафарини амалга оширди.
Сафар давомида Ишчи гуруҳ аъзолари “Ҳаж-2022” мавсумида Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчиларимиз учун хизмат кўрсатишга мўлжалланган меҳмонхоналарни кўздан кечирдилар. Шунингдек, Мино, Арафот, Муздалифа манзилларида бўлиб, у ерлардаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Энди эса, “Ҳаж-2022” масуми билан боғлиқ муҳим янгилик ва маълумотларга тўхталамиз.
Саудия Арабистони томони билан олиб борилган музокаралардан сўнг жорий йил Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 10 865 нафар этиб белгиланди. Маълумот учун, 2019 йилда бу кўрсаткич 7 200 нафарни ташкил этган эди.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жорий ҳаж мавсуми учун ҳаж квотасининг оширилгани, шубҳасиз, юртимиз зиёратчилари учун жуда катта хушхабар бўлди.
Қадрли юртдошлар!
Ўрганишлар Саудия ҳукумати томонидан ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилинганини кўрсатмоқда. Жумладан, коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар (30-40 фоиз) ошган. Шунингдек, ҳаж амалларини ташкил этувчи муассасаларнинг хизматларига 2022 йилда янги мажбурий тўловлар жорий этилган.
Қайд этилган ўзгаришлар натижасида дунё мамлакатлари
учун ҳаж хизматлари нархи ўртача 40-45 фоизга кўтарилгани
маълум бўлди.
Шуларни инобатга олиб, “Ҳаж-2022” мавсуми учун 1 нафар зиёратчига тўлов миқдори, Жамоатчилик кенгашининг қарорига асосан, 62 миллион 900 минг сўм сўм этиб белгиланди.
Яна бир муҳим эслатма – ҳаж тадбири шартномалари Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлигининг “Ҳаж электрон портали” орқали белгиланган тартибда амалга оширилди.
Азиз юртдошлар!
Саудия ҳукумати томонидан бу йилги ҳаж ибодатини адо этиш учун хорижий ва маҳаллий фуқароларга қуйидаги талаблар эълон қилинганини маълум қиламиз:
Биринчидан, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги томонидан қўйилган қатъий карантин талабга кўра, “Ҳаж-2022” мавсумида иштирок этиш ёш чегараси 65 ёшгача этиб белгиланди. Ушбу ёш чегарасига 1957 йил 30 июнь кунигача туғилган инсонлар киради.
Кези келганда, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ёш чегараси билан боғлиқ мазкур тартиб – Ўзбекистон томонининг эмас, балки Саудия Арабистонининг қатъий талаби ҳисобланади.
Иккинчидан, бўлажак ҳожилар Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабига кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланган Pfizer/BioNTech (АҚШ-Хитой), Oxford-AstraZeneca (Буюк Британия-Швеция), Moderna (АҚШ) ва Johnson & Johnson (АҚШ) вакциналарининг тўлиқ дозасини қабул қилган бўлишлари шарт;
Учинчидан, барча зиёратчилар Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабига кўра, менингитга қарши 4 валентли вакцинани қабул қилган бўлиши зарур;
Тўртинчидан, барча фуқаролар Саудия Арабистонига киришдан
72 соат олдин коронавирус диагностикаси ҳақида салбий натижали ПЗР маълумотномани тақдим этишлари лозим.
Эслатиб ўтамиз!
Юртимиз зиёратчилари шу йилнинг 18-30 июнь кунлари Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Урганч-Мадина, Нукус-Мадина йўналишлари бўйича ҳаж сафарига кузатилади ва худди шу йўналишлар бўйича 14-31 июль кунлари юртимизга қайтиб келадилар.
Маълумот учун, зиёратчиларимиз Мадина шаҳрида “Масжиди Набавий”дан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Зам-зам Пуллман” ва “Краун Плаза” меҳмонхоналарида, Макка шаҳрида эса “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида истиқомат қиладилар.
Ҳаж мавсумида ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатиш ҳамда ибодатларни эмин-эркин ва тўла-тўкис амалга оширишлари учун соҳа мутахассисларидан иборат Ишчи гуруҳи, шифокорлар ва гуруҳ раҳбарлари жалб этилади.
Зиёратчиларимизга нафақат меҳмонхона балки, Мино-Муздалифа-Арафот манзилларида ҳам уч маҳал иссиқ овқат тортиқ этилади ҳамда бепул тиббий хизмат кўрсатиш таъминланади.
Қадрли юртдошлар, азиз зиёратчилар!
“Ҳаж-2022” мавсуми нумунали ва тартибли, чиройли ва кўнгилдагидек ўтишини, Ҳаж сафарига отланаётган юртдошларимизнинг сафарлари бехатар, ибодат ва дуолари мукаммал, дуолари мустажоб бўлишини тилаб қоламиз.
Эътиборингиз учун раҳмат!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.