#xabar #musobaqa #kubog
Пойтахтимиздаги Жар спорт мажмуасида спортнинг волейбол ва шахмат турлари бўйича “Ўзбекистон мусулмонлари идораси кубоги” мусобақаси Республика босқичининг финал ўйинлари бошланди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Республикаси спорт вазирлиги раҳбарияти, Ўзбекистон волейбол ва шахмат федерацияси масъул ходимлари, ҳакамлар, вилоят бош имом-хатиблари, ОАВ вакиллари, мухлислар иштирок этди.
Мусобақа аввалида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирокчиларни финал баҳсларига чиққанлари билан муборакбод этиб, давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан спортга берилаётган эътибор, эришилаётган натижалар, ўтказилаётган мана шундай мусобақалар диний соҳа ходимлари ўртасидаги ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаши, дўстлик ва меҳр-оқибат туйғуларини янада оширишга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.
Шундан сўнг Самарқанд ва Навоий жамоаларининг учинчи ўрин учун беллашувига старт берилди. Ундан кейин Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилояти жамоалари ўртасида финал баҳслари бошланади.
Бизни кузатишда давом этинг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати